Кузатишларга кўра, бу касаллик асосан уй шароитида тайёрланган сабзавот маринадларини (тузламаларни) истеъмол қилиш оқибатида келиб чиқади. Бунинг сабаби шундаки, сабзавотлар (масалан, бодринг, помидор, бақлажон сингарилар) нинг банд қисмига тупроқ орқали ботулизм споралари тушган бўлиши мумкин. Улар консерваланганда, идиш ичидаги ҳавосиз муҳитда ана шу споралар ўзидан ботулотоксин ажратиб чиқаради. Ботулизм касаллигини айнан шу токсинлар келтириб чиқаради.
Уй шароитида тайёрланган сабзавот маринадларини истеъмол қилиш оқибатида ботулизм токсини ажралиб, у ичакда тез сўрилади, қонга ўтади ва бутун организмга тарқалиб асосан, марказий ҳамда вегетатив нерв тизимини шикастлайди. Касаллик токсинли маринад (тузлама) истеъмол қилингандан 12-24 соат ўтгач одатда тўсатдан бошланади. Беморларда умумий дармонсизлик, ланжлик, кўнгил айнаши, қусиш ҳолатлари кузатилади. Кўпинча оғиз қурийди, ошқозонда оғриқ сезилиши мумкин. 6 ёки 24 соат ўтгандан кейин ботулизмга хос неврологик аломатлар пайдо бўлади. Кўз олди хиралашган бемор буюмларни аниқ кўролмайди, баъзан нарсалар кўзига иккита бўлиб кўринади (диплопия). Шунингдек, қовоқлари осилиб, кўзини очолмайди, кўз қорачиқларининг кенглиги ўзгаради ва соққаларининг ҳаракати бузилади, овқат ютиш қийинлашади, товуши пасаяди, у манқаланиши, димоғида гапириши ҳам мумкин. Ютиш фаолияти бузилганлиги сабабли аксарият ҳолларда бемор ичган суюқлик унинг бурнидан оқиб чиқа бошлайди.
Кўп ҳолларда ботулизм касаллигининг хилма-хил симптомлари (белгилари) беморни турли соҳа врачларига (масалан невропатолог, окулист, оториноларинголог, терапевт ва бошқаларга) мурожаат этишига сабаб бўлади. Бу ҳолат эса касалликни ўз вақтида аниқланмасдан қолишига олиб келади.
Юқорида айтиб ўтилган аломатлар сезилиши биланоқ шифокорни уйга чақириш зарур. “Тез ёрдам” келгунча, беморда ютиш фаолияти бузилмаган бўлса, унга қайнатилган сувни илиқ ҳолида ичириш ёки 2-3 литр илиқ сув билан ҳуқна (клизма) қилиш мумкин. Бу бемор аҳволини бироз енгиллаштиради. Ботулизмга чалинган киши имкон қадар тезроқ шифохонага етказилиши зарур. Чунки касаллик микробларининг заҳари дастлаб қонга ўтади, кейин улар тўқималар сари шиддат билан ҳаракатланади. Бордию даволаш кечиктирилса оғир асоратлар (масалан, қон-томир тизими фаолиятининг бузилиш ва нафас етишмовчилиги, зотилжам, миокардит сингарилар) рўй бериши, ҳатто бемор нобуд бўлиши ҳам мумкин.
Маслаҳатларимиз шуки, бодринг, помидор ва бошқа шу сингари сабзавотларни уй шароитида тузламанг. Яхшиси уларни савдо шаҳобчаларидан харид қилинг!
Соҳибжон АЛИМОВ,
Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар
илмий-текшириш институти клиникасининг реанимация ва
интенсив даволаш бўлими мудири, тиббиёт фанлари номзоди.