Борис ПАСТЕРНАК (1890–1960) ДОКТОР ЖИВАГО

Романдан парча

Рус тилидан
Санжар СОДИҚ
таржимаси

1957 йилда Америка Қўшма Штатлари Марказий разведка бошқармаси машҳур ёзувчи Борис Пастернакнинг “Доктор Живаго” романини Италияда рус тилида нашр эттиради. Роман қўлёзмаси океан ортига қандай етиб боргани ҳозиргача сир. Ҳар ҳолда бу ишда муаллифнинг қандайдир қўли ва хоҳиши бўлганига деярли ҳеч кимда шубҳа йўқ. Италияда нашр этилган китоб нусхалари эса, кўп ўтмай панжаралар орасидан йўл топиб, собиқ Шўро ҳудудига ҳам кириб келади. Ҳукумат танқидчиларни жалб қилиб, романни ўрганишга киришади. Роман октябрь инқилоби-ю социализм моҳиятини бузиб кўрсатган асар сифатида баҳоланади ва муаллифга қаттиқ ҳужум бошланади. Бу орада “Доктор Живаго” романи учун Борис Пастернакка Нобель мукофоти берилиши билан муносабат янада кескинлашади. Ўша пайтлар комсомоллар раҳбари бўлган Семичасний Москвадаги катта бир йиғинда шундай деган эди. “Майли, Борис Пастернак хоҳласа, Нобель мукофотини бориб олсин, лекин ватанимизга қайтишни ўйламасин”. Бундай даҳшатли ҳукмдан қўрқиб кетган Борис Пастернак: “Россиядан кетиш менинг учун ўлим билан баробар”, деб мукофотдан воз кечганини билдириб, ўша пайтдаги давлат раҳбари Н.С.Хрушчёвга хат ёзиб қутулади. Шундан кейингина ёзувчига қарши уюштириладиган мажлисбозликлар сусаяди, аммо “Доктор Живаго” собиқ Совет Иттифоқида “Қайта қуриш” деб аталган даврнинг охирига қадар нашр этилмайди.
Ўн етти қисмли бу катта роман ҳаётни акс эттириш хусусиятларига кўра Л.Н.Толстойнинг “Уруш ва тинчлик”, М.Шолоховнинг “Тинч Дон”, А.Солженициннинг “Саратонлар ётоғи”, “Биринчи доирада” сингари эпопеялари билан кўпгина муштарак фазилатларга эга. Аввало, романни ўқиган китобхон унинг қаҳрамони доктор Живаго ва муаллифи билан бирга бепоён Россиянинг ғарбий чегараларидаги ҳарбий жабҳалардан тортиб, пойтахтдаги талпинишларгача, Уралу Сибирдаги шаҳар-қишлоқлар ва ўрмонзорларгача – барча-барчасидаги турли табақа ҳамда синфларга мансуб аҳолининг Октябрь тўнтариши йилларидаги мураккаб ҳаёти манзаралари билан бир-бир танишиб чиқади. Қаҳрамонлардан бирининг: “Инқилоб инсониятнинг ярми устида ўтказилган ўйин бўлиб, у бойнинг ҳам, қашшоқнинг ҳам ҳаётини бўрондек супуриб кетди, деярли барча бахтсизликка маҳкум этилди”, деган сўзлари бевосита турмушнинг ўзидан кўчирилгандек таассурот уйғотади. Юрий Андреевич Живаго инсонни ўлимдан халос этувчи, фақат эзгулик учун курашувчи олийжаноб қалб эгаси сифатида намоён бўлади. Романда худди мана шу курашчан гуманизмнинг зўрликка, қирғинларга асосланувчи ҳар қандай инқилобдан устун эканлиги рўйи-рост кўрсатилади. Асарнинг ҳар бир бобидан тириклик, бахт-саодат учун курашга чақириқ руҳи уфуриб туради. Октябрь тўнтаришидан юз йил ўтди. Аммо ўша давр изтироблари ва инсон қисмати бизни ҳануз ҳаяжонга солади ҳамда тарих устидан хулоса чиқаришга ундайди. Шуни инобатга олиб, Борис Пастернакнинг “Доктор Живаго” романини ўзбек тилига таржима қилишга жазм этдик. Романнинг ўн еттинчи қисмидаги Юрий Живаго шеърлари шоир Муҳаммадали Қўшмоқов томонидан ўзбек тилига ўгирилди.
Таржимондан

ЎН УЧИНЧИ ҚИСМ

Нақшинкор уй қаршисида

Кичик Спасск ва Новосвалочное мавзеларига қийшиқ тепаликдан ва Катта савдогарлар кўчасидан кириб бориларди. Шаҳардаги баландроқ қурилган уйлару черковлар худди шу кўчада жойлашган эди.
Бурчакда қорамтир-кулранг тусдаги нақшинкор уй қад кўтарган. Уй пойдеворидаги улкан тўртбурчак тошларга ҳукумат газеталарининг янги сонлари, давлат қарорлари ва фармонлари ёпиштирилганди. Йўлакда узоқ туриб қолган йўловчилар уларни овозсиз ўқирдилар. Совуқ сезиларли даражада кучайиб борарди. Қоронғи тушган жойларни эса чироқ ёритарди. Чироқ одамларни хаёлан узоқларга олиб кетар, қўрқитар, ҳаяжон ва хавотирга солар эди.
Яқинда шаҳарни қизилларга топшириб, оқлар ғойиб бўлди. Отишмалар, қон тўкишлар, ҳарбий тўполонлар тўхтади. Кўчадагилар ғира-ширада мана бундай маълумотларни ўқирдилар: “Аҳоли диққатига! Ўзига тўқлар учун ишчи гувоҳномалари Юрятин совети озиқ-овқат бўлимида ҳар донаси 50 сўмдан сотилади. Октябрь, собиқ Генерал-губернатор кўчаси 5 уй 137-хона. Кимда-ким ишчи гувоҳномасига эга бўлмаса ёки дафтарчаси нотўғри тўлдирилган бўлса, ўша киши ҳарбий даврнинг энг кескин қоидалари асосида жазоланади. Ишчилар гувоҳномасидан фойдаланишнинг аниқ қоидалари шу йил ЮИҚИнинг №86 (1013) сонида босилиб чиққан ва Юрсоветнинг озиқ-овқат бўлимидаги 137-хонада осиб қўйилган”.
Бошқа эълонда шаҳарда озиқ-овқат захираси етарли эканлиги хабар қилинарди. Фақат бу захирани буржуазия озиқ-овқатни тақсимлаш баҳонасида жанжал чиқариш учун беркитар экан. Эълон мана бу сўзлар билан тугарди: “Озиқ-овқат захираларини сақлайдиганлар ёки яширадиганлар топилса, ўша жойнинг ўзида отилади”. Ҳарбийларга мана бундай огоҳлантириш бериларди: “Қуролини топширмаганлар ёки уни янги намунавий рухсатномасиз олиб юрганлар қонун бўйича таъқиб этилади. Рухсатномалар Юрятин инқилобий қўмитасида алмаштирилади. Октябрь кўчаси 6 уй 63-хона”.
…Қироатхонада ўқиб ўтирган бир гуруҳ китобхонлар сафига озиб-тўзиб кетган, яқин орада ювинмаган ва шунга кўра ёввойилашиб қолган бир одам қўшилди. Унинг елкасида юки, қўлида ҳассаси бор. Ўсиб кетган сочлари ҳали оқармаган. Қорамтир-кулранг соқоли орасида битта-яримта оқ кўрина бошлаган. Бу доктор Юрий Андреевич Живаго эди. Пўстинини йўлда олиб қўйишган бўлса керак ёки унинг ўзи пўстинни озиқ-овқатга алмашгандир. Устидаги юпун кийимлар иситмас, ўша кийимлар ҳам бировники эканлиги сезилиб турарди.
Қопида еб тугатилмаган парча нон, бир бўлак қоқланган чўчқа ёғи бор эди. Нонни шаҳарга туташ қишлоқда беришганди. Шаҳарга бир соатча аввал темирйўл тарафдан кириб келганди. Йўл заҳматида толиққан шифокор оёқда зўрға турар, йиқилиб тушай дерди. Йиқилса ҳам шаҳар тошларини ўпишдан уялмайди. Ахир, унда бу тошларни кўриш умиди тамом узилган пайтлар кўп бўлган. Энди эса тошларга тикиларкан, доктор худди тирик мавжудотларни кўраётгандек эди.
Жуда узоқ вақт темирйўл бўйлаб пиёда юриб келди. Темирйўл ташландиқ, қаровсиз, ҳаракатсиз ва қор босган ҳолда ётарди. Унинг йўли оқ гвардиячиларнинг қатор-қатор поездлари ёнидан ўтарди. Улар йўловчи ва юк поездлари бўлиб, ёнилғининг йўқлиги, Колчакнинг умумий мағлубияти сабабли тўхтаб қолганди. Қор босган бу поездлар бир неча чақиримда узун лентадек чўзилиб ётарди. Бу поездлар йўлда йўловчиларнинг бор-йўғини тортиб олаётган қароқчилар, турли жиноятчилар ва сиёсий қочқинлар, дайдилар, энг кўпи, совуқдан ёки сочма тифдан ҳалок бўлганлар мозорига айланган эди. Совуқ ва сочма тиф бутун-бутун қишлоқ аҳлининг қирилиб кетишига сабаб бўлмоқда эди.
Бу давр “одам одамга бўри” деган қадим иборанинг тўғри эканлигини тасдиқларди. Йўловчилар бир-бирини кўрганда бошқа тарафга юриб кетар ёки ўзини ҳалокатдан сақлаш учун дуч келган одамни ўлдираверарди. Унда-мунда одамхўрлик ҳоллари ҳам кузатилди. Тамаддуннинг инсоний қонунлари ўз кучини йўқотди. Уларнинг ўрнини ҳайвоний қонунлар эгаллади. Инсон уйқусида тарихдан аввалги ғор асри тушларини кўрадиган бўлди.
Атрофда бекиниб ётган яккам-дуккам соялар йўлларни кесиб ўтар, Юрий Андреевич тикилиб қараганда, уларни илгари кўргандек бўларди. Уларнинг ҳаммаси шифокор назарида партизанлар лагеридан чиққандек эди. Кўпинча бу хаёллар хато бўлиб чиқарди. Фақат бир мартагина шифокор кўзлари адашмади. Ётоқ вагон устини қоплаган қор тоғи ортидан чиққан ўспирин далада заруратини қондирди-да, яна уюм-уюм тепалик­лар орасида ғойиб бўлди. Бу бола чиндан ҳам “Ўрмон биродарлари”дан бири эди. У – ўлимга ҳукм қилинган, лекин ёлғондан отилган Терентий Галузин эди. Унга қарата ўқ узилган бўлса-да, ўлдирилмаган эди. Терентий ўшанда узоқ вақт беҳуш ҳолда ётди, ўзига келди, қатл жойидан эмаклаб йироқ кетди. Ўрмонларда яшириниб юрди, яралари битгунча чидади. Энди эса поездлардаги таниш-билишларига кўринишдан эҳтиёт бўлиб, бошқа исм ортига яширинганча, Крестовоздвиженскдаги қариндошлари ҳузурига келмоқда эди.
Бу манзаралар худди бошқа юртлардан келтирилгандек, бегоналарникидек таассурот қолдирарди. Улар қайсидир бўлак сайёралардан ерга адашиб тушиб қолган қандайдир номаълум мавжудотларнинг қисмларига ўхшар эди. Фақат табиатгина тарихга содиқ қолиб, энг янги давр санъаткорлари суратларида қандай чизилган бўлса, ўшандайлигича намоён бўларди.
Доктор расмий билдиргиларни ўқиш учун нақшинкор уй тошдеворидаги марказий матбуот тахтасига яқинлашди. Бироқ унинг кўзлари дақиқа сайин қарама-қарши томонга, ундан тепароққа, иккинчи қаватдаги деразаларга қарайверарди. Кўчага қараган бу деразаларга қачонлардир бўр билан белги қўйилган. Дераза ортидаги иккала хонада уй эгасининг мебеллари йиғиб қўйилган. Гарчанд совуқ деразалар остини юпқа муз қатлами қоплаган бўлса-да, ойналар ялтираб турар ва улардаги бўр излари ювиб ташланганлиги аниқ кўринарди. Бу ўзгариш нимани англатарди? Ёки Лара бу ердан кетиб қолганми? Бу ерга янги хўжайинлар келиб, ҳамма нарса ўзгариб кетганми?
Докторни мана шундай мавҳумликлар қийнарди. У ҳаяжонини яширолмасди. Живаго йўлни кесиб ўтди-да, уй даҳлизига кирди ва юрагига жуда яқин бўлиб қолган зиналардан кўтарила бошлади. У қуйма чўян зиналардаги нақшларни унутмаган эди. Зиналардан кўтарилишда қайсидир қайрилишга етганда, панжаралар орасидан оёқ остига қаралса, нарвон тагида тешик челаклар, тоғоралар ва синиқ стуллар ташлаб қўйилганини кўриш мумкин бўларди. Ҳозир ҳам ҳамма нарса худди ўшандай эди. Ҳеч нарса ўзгармабди, ҳаммаси илгари қандай бўлса, ўшандайлигича турибди. Доктор зинанинг ўтмишга садоқатига қойил қолди.
Қачонлардир бу эшикда қўнғироқча бўларди. Лекин аллақачонлар, яъни доктор ўрмон асирлигига тушишидан аввалроқ бузилган ва ишламас эди. У эшикни тақиллатиб кўрмоқчи бўлди, аммо унинг янгича беркитиб қўйилганини пайқаб қолди. Эмандан ясалган эски эшикка зулфин ўрнатилиб, оғир осма қулф илиб қўйилган эди. Илгарилари бундай ёввойиликка йўл қўймасдилар. Авваллари яхши ёпиладиган ички қулфлардан фойдаланишарди. Агар улар бузилгудек бўлса, тузатадиган чилангарлар бор эди. Мана шу кичкинагина тафсилотнинг ўзи ҳаёт сезиларли даражада ёмонлашганидан дарак берарди.
Доктор Лара ва Катеньканинг наинки уйда, наинки Юрятинда, балки бутун дунёда йўқлигига ишонарди. У энг даҳшатли оқибатларни кўришга ҳам тайёр эди. Фақат виждон софлиги учун ўзи ва Катенька жуда қўрқадиган тешикни бир сийпалаб кўрмоқчи бўлди. Қўли каламушга тегиб кетмаслиги учун аввал оёқлари билан деворни тепди. Келишилган жойда нимадир топилишига унда ишонч қолмади. Тешик ғишт билан ёпиб қўйилган эди. Юрий Андреевич ғиштни жойидан чиқариб, қўлини чуқурликка тиқди. Ана мўъжиза! Калит ва хат. Хат катта вараққа ёзилган бўлиб, анчагина узун эди. Доктор зина майдонидаги деразача ёнига келди. Мўъжизагина эмас, балки мўъжизалар мўъжизаси! Хат шифокорга ёзилган эди. У хатни тезда ўқиб чиқди:
“Худога шукур, бахтимиз бутун экан! Сени тирик ва топилган, де­йишарди. Сени кўрганлар югуриб келиб, менга хабар қилишди. Сенинг биринчи навбатда Варикинога шошилишингни тахмин қилиб, мен ҳам Катенька билан ўша ёққа кетаяпман. Ҳар эҳтимолга қарши билиб қўй, калит ҳар доимги жойида. Менинг қайтишимни кут, ҳеч қаерга кетиб қолма. Айтганча, ҳозир хонадоннинг олд томонида, деразалари кўчага қарайдиган тарафида яшаяпман. Уй бўшаб ётибди, мебелларнинг бир қисмини сотишга тўғри келди. Озгина овқат, энг муҳими, қайнатилган картошка қолдирдим. Каламушлардан сақлаш учун кастрюлканинг қопқоғи устига дазмолни ёки бошқа қандайдир оғир нарсани қўйиб қўй. Мен шундай қилардим. Қувончдан ақлимни йўқотаяпман”.
Хатнинг бир томони шу сўзлар билан тугарди. Доктор қоғознинг орқасида ҳам ёзув бор эканлигига эътибор бермади. У кафтидаги қоғозни лабларига босди, кейин буклаб калит билан бирга чўнтагига солиб қўйди. Унинг шодлигига оғриқли, даҳшатли бир алам қўшилгандай бўлди. Аёл тўғридан-тўғри Варикинога кетаётган экан, демак, унинг оиласи ҳақида ўша жойларда ҳеч қандай гап йўқ. Шифокор ўз оиласини ўйлаб, эзилиб кетди. Нима учун аёл унинг оиласи тўғрисида биронта ҳам сўз ёзмаган? Улар қаерда? Умуман, улар ўзи мавжудмикан?
Эшик очилишидаги тарақ-туруқ ичкарида тўполонни уйғотиб юборди. Одамлар йўқлиги учун бўшаб қолган уй уни жойидан думалаб тушаётган темир идиш-товоқларнинг шарақ-шуруғи билан кутиб олди. Каламушлар ерда бемалол ўйнаб юрарди. Беҳисоб даражада болалаб кетган бу малъунларни кўриб, ёрдамчиси йўқлигидан докторнинг юраги сирқиради ва ўзини йўқотишига озгина қолди.
Доктор қанчалик қийин бўлмасин, тунда бу малъунлардан қутулишга қарор қилди. У эшиги яхши беркиладиган хонага кириб олиб, барча тешикларни, тўғрироғи, каламуш йўлларини ойна бўлаклари ва темир парчалари билан ёпиб чиқишга киришди. Хонада ҳам, ташқарида ҳам битта ёруғлик, яъни яқинлашиб келаётган баҳорнинг кечки, синиққан ёғдулари ҳукмрон эди. Ёруғликнинг бир хиллигидан хонани кўчадан фарқлаш қийин эди. Фақат кичкинагина битта тафовут бор. Ҳозир Юрий Андреевич турган Ларанинг ётоқхонаси Савдогарлар кўчасига қараганда совуқроқ эди. Айни совуқ ҳавонинг уйда ҳам, ташқарида ҳам бир хилдаги ҳукмронлиги шифокорни кўчадаги йўловчилар, шаҳардаги кайфият ва ҳаёт билан яқинлаштираётгандек бўларди. У қўрқувни унутди, касал бўлиб қолиши мумкинлигини ўйламасди. Кечки баҳорий ёруғлик ўз софлиги билан унга узоқ келажакда юз очадиган саховатга тўлиқ умидлари учун берилган гаровдек туюлди. У ҳаммаси яхшиланишига, барча мақсадларига эришажагига, яқинларини топишига ишона бошлади. Лара билан учрашув қувончини энг яқин байрамдек орзиқиб кутарди.
Шифокордаги қувватсизлик ўрнини ҳаддан ортиқ ҳаяжон ва чексиз беҳаловатлик эгаллади. Яқин ўтмишдаги заифликка нисбатан янги жонланиш қандайдир касаллик бошланаётганидан дарак берарди. Юрий Андреевич жойида ўтиролмас эди.
Шифокор бу ерга келишидан аввалроқ соч-соқолини олдиришни мўлжаллаган эди. Агар Лараникида қайчи топилиб қолса, мушкули осон бўларди-қўярди. Аёлнинг пардоз столини палапартиш қидириб, шифокор қайчи топа олмади. Шу пайт унинг ёдига қачонлардир Кичик Спасск кўчасида тикувчилик устахонаси бўлгани тушди. У ўйлай бошлади: агар у ёпилиб кетмаган ва у ерда кимлардир тер тўкаётган бўлса, ўзи иш соати тугашидан аввалроқ етиб борса, тикувчиларнинг биронтасидан қайчи олиб туриш мумкин бўлади. Шифокор яна кўчага чиқди.
Шифокорнинг хотираси панд бермаган эди. Устахона ўз жойида бўлиб, у ҳали ҳам ишларди. Устахона савдо муассасаси ўрнида жойлашган бўлиб, йўлка кенглигидаги витринаси ва кираверишдаги эшиги кўча томонга қараган эди. Хона жуда тирбанд эди. Бу ерда ҳақиқий ишчилар билан бир қаторда ҳаваскор тикувчилар ҳам меҳнат қилардилар. Улар, асосан, Юрятин жамиятидан келган, кексариб бораётган хонимлар бўлиб, ишчи гувоҳномасини олиш учун бу ерга қатнардилар. Гувоҳнома хусусида эълонлар тахтасида айтилган эди. Уларнинг ҳаракатлари шошиб-пишиб ишлайдиган ҳақиқий тикувчиларникидан сезиларли даражада фарқланиб турарди. Устахонада фақат ҳарбий кийимлар, хусусан, пахталик шимлар, камзул ва курткалар тикиларди. Шунингдек, бу ерда ит терисидан пўстинлар ҳам тайёрланарди. Бунақа пўстинларни Юрий Андреевич партизанлар лагерида кўрган эди.
Юрий Андреевич деразани тақиллатди ва ўзини ичкарига киритишларини сўраб, қўли билан ишора берди. Худди шундай имо-ишоралар билан унга алоҳида шахслардан буюртма қабул қилмасликларини тушунтирдилар. Юрий Андреевич чекинмас ва аввалги ҳаракатларини такрорлаб, ичкарига киритишларини ҳамда гапини эшитишларини илтимос қиларди. Қўполроқ ҳаракатлар билан унга шошилинч ишлари борлигини тушунтиришиб, халақит бермасликни ҳамда нари кетишни сўрадилар. Шифокор ўрта ва кўрсаткич бармоқларини бир-бирига чалиштириб, қайчи ҳаракатини ифодалагандек бўлди. Унинг ҳаракатларини тушунишмади. Уни қандайдир номақбул шахс деб ўйлаб, масхарабозликда айблай бошладилар. Йиртиқ-ямоқ кийим-боши ва ғалати қилиқлари билан шифокор касал ёки жинни, деган таассуротни берарди. Устахонада шифокор устидан хохолаб кулишар, мазах қилишар, қўлларини силкитишар ва шу йўл билан деразадан узоқлаштирмоқчи бўлишарди. Ниҳоят, у устахонага ҳовли орқали кирмоқчи бўлди. Йўл топди. Шифокор устахонага орқа эшикдан бориб, уни тақиллатди.
Эшикни қаримсиқ, қорамтир юзли бир аёл очди. Аёлнинг кўйлаги ҳам қора эди. У ўзини ўта жиддий тутди. Бу аёл шу муассасадаги энг ёши улуғларидан бўлса ажаб эмас.
– Мана қанақа одам ёпишиб олди бизга! Бундан ортиқ жазо борми. Майли, тезроқ бўлинг, сизга нима керак? Биз шошиляпмиз.
– Ҳайрон бўлманг, менга фақат қайчи керак. Бир дақиқага қайчи беринг. Кўз ўнгингизда соқолимни олиб ташлайману қайчини миннатдорчилик билан қайтариб бераман.
Тикувчи кўзларида ишончсизликка тўла ҳайрат пайдо бўлди. Очиқ-ойдин кўриниб турибдики, аёл суҳбатдошининг ақлий имкониятларига шубҳа билан қарай бошлаган эди.
– Узоқдан келяпман. Ҳозиргина шаҳарга кирдим, соч-соқолим ўсиб кетди. Олдирмоқчи эдим. Биронта сартарошхона учрамади. Мен ўзим олардиму фақат қайчи йўқ-да. Марҳамат қилиб бериб туринглар.
– Яхши. Мен сизнинг соч-соқолингизни олиб қўяман. Фақат билиб қўйинг, агар хаёлингизда қандайдир ёмон ният туғилса, айёрлик қилишни хоҳлаб қолсангиз, кийимингизни ўзгартириб келган бўлсангиз, сиёсий мақсадлар ҳам қўшилган бўлса, биздан яхшилик кутманг, сизни деб ўз ҳаётимизни қурбон қилмаймиз, зарур жойга шикоят қиламан. Ҳозир замон бошқача.
– Кечирасизу, нимадан қўрқасизлар!
Тикувчи докторни ён тарафдаги кичкинагина хонага олиб кирди. Бир дақиқа ўтар-ўтмас у худди сартарошхонадагидек стулда ўтирар эди. Тақилган чойшаб бўйнидан пастга тортиб бораётганга ўхшарди.
Тикувчи асбобларни олиб чиққани кириб кетди ва бир муддат ўтиб, қўлида қайчи, тароқ, ҳар хил рақамли машинкалар, тасма ва устара кўтарганча қайтиб чиқди.
– Умримда ҳар қанақа ишни қилиб кўрдим, – деб тушунтирди тикувчи докторнинг ҳамма нарса тайёрлигидан ҳайрон бўлганлигини пайқаб. – Сартарош бўлиб ҳам ишлаганман. Аввалги урушда шафқат ҳамшираси бўлганман. Ўшанда соч-соқолни олишни ўрганганман. Соқолингизни аввал қайчида оламиз. Кейин устарада тозалаймиз.
– Сочимни олсангиз, илтимос, калтароқ қилиб қўйинг.
– Ҳаракат қиламиз. Тузуккина зиёли бўлатуриб, ўзингизни ҳеч нарсани билмасликка оласиз. Ҳозир ҳафталар эмас, ўн кунликлар ҳисобга олинади. Бугун бизда ўн еттинчи. Одатда, ойнинг еттинчи кунлари сартарошлар дам оладилар. Наҳотки шуни билмасангиз.
– Сўзларим рост, ўзимни бошқача қилиб кўрсатишдан нима наф? Айтдим-ку, узоқдан келдим. Бу ерлик эмасман.
– Тинч ўтиринг. Қимирламанг. Кесиб олишим ҳеч гап эмас. Демак, келгиндисиз? Нимада келдингиз?
– Икки оёғимда.
– Катта йўлданми?
– Катта йўлдан ўтдим, кейин темирйўл бўйлаб юрдим. Поездлар қор тагида! Ҳар қанақа поезд, люкс, экстрен ҳам қор остида.
– Мана энди бир қисми қолди. Шу ерни олсак, тайёр. Оилавий эҳтиёжлар билан юрибсизми?
– Қанақа оилавий эҳтиёж! Қарздор ўртоқлар иттифоқининг ишлари билан юрибман. Мен сайёр инспектор эдим. Текшириш учун сафарга жўнатган эдилар. Шарқий Сибирда ушланиб қолдим. Орқага қайтишнинг иложи бўлмади. Поездлар йўқ эди-да. Пиёда юришдан ўзга чорам қолмади. Бир ярим ой йўл юрдим. Шунчалар кўп нарса кўрдимки, бутун умр айтиб тугатиб бўлмайди.
– Ҳикоя қилиш керак эмас. Мен сизнинг ақлингизни киритиб қўяман. Ҳозир эса тўхтаб туринг. Мана сизга кўзгу. Чойшабнинг остидан қўлингизни чиқаринг-да, уни олинг. Ўзингизга бир қаранг-чи. Қалай, маъқулми?
– Менимча, камроқ олибсиз. Яна ҳам калтароқ қилиш мумкин эди.
– Соч турмаги чиқмай қолади. Мен сизга айтаяпман, ҳеч кимга ҳеч нарса ҳикоя қилишнинг ҳожати йўқ. Ҳозир ҳар қандай масалада жим юрган маъқул. Қарздор ўртоқлар, қор остидаги люкс поездлари, инспекторлар ва ревизорлар – бу сўзларнинг барини унутинг. Уларни айтаверсангиз, шундай тўсиқларга дуч келасизки! Кўрпангга қараб оёқ узат, дейишади. Яхшиси, ёлғон гапириб, ўзингизни доктор ёки ўқитувчи қилиб кўрсата қолинг. Мана соқолингизни бир марта олиб бўлдим. Энди топ-тоза қилиб қирамиз. Озгина совун сурамиз-да, ўн йилга ёшариб кетамиз. Мен сув қайнатиб келаман.
“Бу аёл ким ўзи? – ўйларди доктор соч олаётган хотин йўқлигида. – Бизнинг орамизда қандайдир туташ нуқталар борга ўхшайди. Уларни билиш лозим. Кўрилган ёки эшитилган нимадир бор бу ерда. Бу аёл кимнидир эсга солади. Жин урсин, кимни ахир?”
Тикувчи қайтиб келди.
– Демак, энди соқолни оламиз. Шундай қилиб, ҳеч қачон ортиқча сўзламаган маъқул. Бу абадий ҳақиқатдир. Агар сўз кумуш бўлса, сукунат олтиндир. У ерларда поездлар имтиёзли ва қарздор ўртоқларники. Яхшиси, бир нарса ўйлаб топинг, доктор ёки ўқитувчи бўлинг. Азоб-уқубат чекканингизни ҳеч кимга гапирмай қўя қолинг. Ундай гаплар билан ҳозир кимнинг кўнглини ҳам юмшата олардингиз? Устара безовта қилмаяптими?
– Бироз оғрияпти.
– Бироз оғритишини ўзим ҳам биламан. Азизим, жиндай чидаб туринг. Бусиз мумкин эмас. Сочларингиз ўсиб дағаллашиб кетган. Терингиз оғриққа чидай олмаяпти. Ҳа. Кўрган-кечирганларни гапириш билан ҳозир ҳеч кимни ҳайратга солиб бўлмайди. Одамлар бир-бирлари билан тиллашиб олишди. Бу ерда биз ҳам озмунча азоб-уқубатни бошимиздан кечирмадик. Атаманлар вақтида бу ерда шундай даҳшатлар рўй бердики! Ўғирликлар, ўлдиришлар, олиб қочишлар. Одамлар кетидан ов бошланган эди. Масалан, сапуновчи битта аҳмоқ поручикни ёмон кўриб қолибди. Крапульскийнинг уйи қаршисидаги ўтлоққа пистирма қўйибдилар. Қуролсизлантирилиб, соқчи кузатувида Развильега олиб кетибдилар. Ёмон жой эди. Нега бошингизни қимирлатасиз? Оғрияптими? Биламан, азизим, биламан. Ҳеч нарса қилиб бўлмайди. Сочингиз жуда ғайир. Шунақа жой. Хотини талвасага тушибди. Поручикнинг хотини. Коля. Менинг Колям! Тўғри бошлиқнинг олдига… Тўғри, деб фақат оғизда айтадилар. Ким ҳам ўша хотинни бошлиқнинг олдига қўярди. Таниш-билиш керак. Қўшни кўчада бошлиқнинг олдига кириш йўлларини биладиган ва ҳаммага ёрдами тегадиган бир аёл бор эди. Атрофда ўзбошимчалик билан суд қилишар, ҳайвоний ва рашк драмалари авж олган эди. Худди испан романларидагига ўхшарди.
“Бу хотин Лара тўғрисида гапиряпти”, ўйларди доктор. Фақат эҳтиёткорлик важидан у жим турар ва тафсилотларни сўрамас эди. Аёл “испан романларидаги каби”, деганда ҳам кимнидир эсга солди. Қишлоққа ҳам, шаҳарга ҳам хос бўлмаган бу сўзлар нимани англатади?..
– Ҳозир, албатта, аҳвол бутунлай бошқача. Текширишлар, чақимчилик, отув ҳали ҳам тугамаган. Лекин ғоялар бирмунча ўзгарган. Биринчидан, ҳукумат янги. Ўзи энди иш бошлади. Иккинчидан, нима бўлганда ҳам улар оддий халқ томонда. Уларнинг кучи шунда. Мени ҳам қўшиб ҳисоблаганда, биз тўртта опа-сингил эдик. Ҳаммамиз меҳнаткашлардан. Табиийки, биз большевиклар томонидамиз. Битта опамиз оламдан ўтган. У сиёсий ходимнинг хотини эди. Унинг эри шу ердаги заводларнинг бирида бошқарувчи бўлиб ишларди. Уларнинг ўғли, яъни менинг жияним қишлоғимиздаги исёнчиларга бош эди, таниқли киши бўлган.
“Мана гап қаерда экан! – деб ўйларди Юрий Андеевич. – Бу, демак, Ливерийнинг холаси, маҳаллий афсоналар қаҳрамони ва Микулициннинг қайнисинглиси, сартарош, тикувчи, стрелкачи, ҳаммага танилган уста, қўли гул аёл. Ўзимни танитиб қўймаслик учун жим туравераман”.
– Жияним болалигидан халққа танилиш истагида юрарди. Отасининг “Святогор баҳодир” деган жойдаги корхонасида ишчилар орасида катта бўлган. У ерда Варикино заводлари бор, балки эшитгандирсиз? Биз нима қиляпмиз ўзи! Оҳ, мен эси йўқ, жинни. Соқолингизнинг ярми сип-силлиқ, қолган қисми ҳали олинмаган. Мана гапга тушиб кетишнинг оқибати нималарга олиб келади. Сиз қараб турган эдингиз-ку, нега тўхтатмадингиз? Юзингизда совун қуриб қолибди. Сув қайнатиб келаман. Аввалгиси совиб қолди.
Тунцева қайтиб келганда, Юрий Андреевич сўради:
– Варикино – худонинг паноҳидаги овлоқ бир жой. У ерга ҳеч қанақа тўполончилар етиб боролмайди.
– Қандай қилиб худонинг паноҳида дейсиз-а? Ахир, у ердагиларга биздагидан ҳам кўра қийинроқ бўлди-ку. Варикинодан шундай тўдалар ўтдики, кимникилигини билиб бўлмас эди. Бизнинг тилда гапиришмасди. Уйма-уй юриб, барчани кўчага олиб чиқиб отиб ташлайверишди-ку. Қордаги жасадлар йиғиб олинмай қолаверди. Ҳамма иш қишда бўлган эди-да. Нега нуқул типирчилайверасиз? Сал қолди томоғингизни устара билан кесиб олишимга.
– Куёвингиз Варикинодан экан. Нима, у ҳам ўша азоб-уқубатлардан қутулиб қолмадими?
– Йўқ, нега энди. Худо раҳмдил. У хотини билан қишлоқдан чиқиб кетди. Иккинчи, янги хотини билан. Уларнинг ҳозир қаердалиги номаълум, лекин қутулганлари аниқ. У ерда сўнгги пайтларда янги кишилар пайдо бўлишган экан. Москваликлар оиласи, келгиндилар. Улар аввалроқ кетишган экан. Эркакларнинг кичиги, яъни оила бошлиғи, доктор бедарак йўқолибди. Бедарак деганда нимани тушуниш мумкин? Ҳақиқатда эса, ўлган, ўлдирилган, деб тушуниш лозим бўлади. Кишиларни хафа қилмаслик учун шунчаки бедарак йўқолган дейилади. Уни қидиришибди, қидиришибди, топишолмабди. Бу орада бошқасини – каттароғини ватанига чақириб олишибди. У профессор экан. Қишлоқ хўжалиги бўйича. Эшитишимча, ҳукуматнинг ўзидан чақирув олган эмиш. Улар аввалроқ Юрятиндан ўтиб кетишди. Ўртоқ доктор, яна қимирлаяпсиз. Бунақада мижозни сўйиб қўйиш ҳеч гап эмас. Сиз сартарошдан жуда кўп нарса талаб қиласиз.
“Демак, улар Москвада! Москвада!” – у чўян зиналардан учинчи бор кўтарилар экан, ҳар қадамида бу сўзлар такрорларди. Бўм-бўш хонадон уни бир тўда сакраётган, чопаётган каламушлар билан кутиб олди. Юрий Андреевич қанча ҳаракат қилмасин, бу газандалар билан бир дақиқа ҳам ухлай олмаслигига иқрор бўлди. Тунга тайёргарликни у каламушлар чиқадиган тешикларни беркитишдан бошлади. Бахтига ётоқхонада ундай тешиклар кўп эмас экан. Хонадоннинг бошқа хоналарида эса пол ҳам, деворлар ҳам яхши таъмирланмаган бўлиб, тешиклар тўлиб-тошиб ётарди. Фақат шошилиш керак. Тун яқинлашмоқда эди. Баъзи ўринларда девор тагига қоқилган ингичка тахталар полдан узоқлашиб қолган эди. Ўша жойларга Юрий Андреевич ойна синиқларини қўйиб чиқди. Ётоқхона эшиги ёпилганда, остона билан бирлашиб кетарди. Эшикни зичлаб ёпиб, ётоқхонани уйнинг бошқа қисмидан ажратиб олиш мумкин эди. Бир соатча вақт сарфлаб, Юрий Андреевич бу ишларнинг ҳаммасини битирди.
Ётоқхонанинг бир бурчагини кафелланган, бўйи шифтга етмайдиган чиройли печка безаб турарди. Ошхонада ўн боғламча ўтин ғамлаб қўйилган эди. Юрий Андреевич Ларанинг икки боғлам ўтинини ўғирлашга қарор қилди. У ўнг тиззаси билан полга чўккалаб, чап қўлига ўтин ола бошлади. Ўтинларни ётоқхонага олиб чиқиб, печка ёнига тахлади. У хонани калит билан ёпмоқчи эди, лекин қулф бузилган экан. Эшикни букланган қоғоз билан зичлаб ёпда-да, шошилмасдан печка ёқишга киришди.
“Демак, сизлар Москвадасиз, менинг қариндош-жондошларим, – деган хулосага келар экан, шифокор назарида Тунцева уларнинг пойтахтга эсон-омон етиб борганларига тўлиқ ишонтиргандек бўларди. – Демак, сизлар менсиз ўша оғир, узоқ йўлни такрор босиб ўтгансизлар. Яхши етиб олдингларми? Александр Александровичнинг бу галги сафари ва ортга чақириб олиниши қандай кечди? Агар таклиф академиядан бўлса, дадам у ерда дарс беришни давом эттирса керак. Уйдан нима топдинглар? Уйнинг ўзи қолганми? Эй Худо, қанчалик мушкул ва оғриқли! Фақат ўйламаслик, ўйламаслик керак! Фикрларим қанчалик чалкашиб кетяпти-я! Менга нима бўлаяпти, Тоня! Касал бўлиб қолаётганга ўхшайман. Менга ва сизларнинг барчангизга нима бўлади, Тоня, Тонечка, Тоня, Шурочка, Александр Александрович? Эй худо, сен нечун ўзингнинг қуёшдек чароғон юзингни мендан яширасан? Қариндошларим, нечун бутун ҳаётим давомида яратган эгам сизларни мендан узоқда тутди? Нима учун бизлар доим айрилиқда яшаймиз? Биз яқинда бирлашамиз, топишамиз, шундай эмасми? Агарда ҳеч йўл тополмасам, мен сизларга пиёда етиб бораман. Биз кўришамиз. Ҳамма ишлар жойига тушади, шундай эмасми? Тоня туғиши керак эди, туққандир ҳам. Тонянинг кўз ёриши қандай ўтган экан? Москвага кетишаётганларида улар Юрятинда бўлишган. Тўғри, Лара улар билан таниш эмас. Тикувчи-ю сартарош хотинга уларнинг тақдирлари номаълумлигича қолмабди-ку. Лара эса ўз хатида улар тўғрисида бир оғиз ҳам сўз айтмабди. Қандай ажойиб эътиборсизлик!”
Шу пайтда Юрий Андреевич ётоқхона деворига ҳар вақтдагидан эътиборлироқ кўз ташлади. Унга ётоқхонада турган ёки осиб қўйилган нарсалардан биронтаси ҳам Ларага тегишли эмаслиги аён эди. Ҳозир йўқолиб кетган ёки яшириниб юрган уй соҳибларининг жиҳозларига қараб, Ларанинг дид-фаросати тўғрисида хулоса чиқариб бўлмасди. Деворлардаги катталаштирилган суратлардан қараб турган эркак ва хотинлардан шифокорнинг кўнгли айниб кетди. Ҳашамдор мебеллар ҳам кўзига ёмон кўриниб қолди. Бу ётоқхонада у ўзининг бегона ва ортиқчалигини ҳис қилди.
У аҳмоқ бўлса, бу уйни неча марта эслади, уни қанчалик соғинди, бу хонага муассасага киргандек эмас, балки Ларага қалбида яширин ҳисларини аён қилиш учун қадам босганди. Четдан қаралганда, бундай ҳиссиёт кулгили туюлар! Самдевятовга ўхшаган кучли, чиройли, амалиётчи кишилар шундай яшайдиларми? Улар ҳам ўз ҳис-туйғуларини шу тарзда изҳор қиладиларми? Нима учун Лара Самдевятов жозибасини унинг тайинсизлигидан, ҳавойи ва тўмтоқ тилидан устун қўйиши керак? Ўша одамга Лара шу қадар муҳтожми? Лара Юрий Андреевичга қанчалик азиз бўлса, Самдевятовга ҳам шунчалик яқинлик истайдими? Аслида Лара шифокорга қанчалик яқин? Бу саволга унинг жавоби доим тайёр.
Мана, ҳовлида баҳор оқшоми. Ҳаво гўзал товушларга тўлиқ. Ўйнаётган болаларнинг товушлари шу қадар узоқ-узоқларга ёйилиб борадики, улардан бутун атроф-теварак жонланиб кетганга ўхшайди. Бу кенгликлар Россия деб аталади. Унинг денгизлар ортида тўполон кўтарувчи муқаддас онаси, ўжар, азоб берувчи, художўй, тенгсиз, кутилмаган ҳаракатлари билан ҳаммани ҳайратга солган улуғвор ватани! Оҳ, яшаш қанчалик ширин! Дунёда мавжудлик ва ҳаётни севиш нақадар гўзал! Ҳаётнинг ўзи, оламда борлиги учун инсоннинг миннатдорлик билдиргиси келади!
Мана сизга Лара. У билан гаплашиб бўлмайди. Ларанинг ўзи уларнинг вакиласи, овози, сўзи, қулоғи, гўёки номавжудлик ичидаги мавжудотга ўхшайди. Ундан шубҳаланган чоғларида шифокорнинг аёл тўғрисида ўйлаганлари ёлғон, минг марта ёлғон. Лара – ҳар томондан кам-кўстсиз ва мукаммал аёл!
Шифокор кўзларидан ҳайрат ва тавба-тазарру ёшлари қайнаб тошди. У печканинг қопқоғини очиб, куракча билан чўғни ковлаб қўйди. Ловуллаб ёнаётган оловни орқароққа, қолган ўтинларни олдинроққа тортди. Бир муддат қопқоқни ёпмай, қараб турди. Ўзининг юз-қўлларида ҳарорат ва ёруғлик ўйинини ҳис қилиш унга чексиз роҳат бахш этарди. Аланганинг сезиларли ҳаракати уни ўзига келтирди. Ҳозир унга ўша аёл қанчалар зарур. Айни дамда у ўша аёлдан бирор мужда кутарди! Ўшанга муҳтож эди!
Шифокор чўнтагидан унинг эзғиланган хатини олди. Бу гал хатни тескарисидан очди-ю, қоғознинг орқа томонида ҳам ёзув борлигини кўриб қолди. Қоғозни текислаб, печкадан чиқаётган ёруғлик ўйини остида у ўқишга киришди:
“Қариндошларинг ҳақида ўзинг биласан. Улар Москвага етиб боришган. Тоня қиз туғибди”.
Шундан сўнг бир неча чапланган қатор кетар эди. Кейин қуйидагилар ёзилган эди:
“Ўчириб ташладим, хатда бундай гапларни ёзиш аҳмоқлик. Учрашганда суҳбатлашармиз. Шошилаяпман, от олишга чопиб кетаяпман. Агар от ололмасам, нима қиламан, билмадим. Катенька билан анча қийин бўлади…”
Жумланинг охири ўчиб кетгани учун ўқиб бўлмас эди.
Унинг ўзи эмас, балки ундан ҳам бутунроқ кимдир ичида нафис, ёрқин, қоронғида фосфордек ёнувчи сўзларни айтиб йиғларди, дод соларди. Ўз қалби билан бирга у ҳам йиғларди. У ўзини ўзидан қизғанарди.
“Мен касал бўляпман, мен беморман, – деб ўйларди у дили ёришган чоғларда, уйқу орасида, иситма ортгандаги алаҳсирашларда ва ҳушидан кетган пайтларда. – Бу ҳар ҳолда қандайдир тиф. Фақат бундай тиф тиббиёт факультетида биз ўқиган қўлланмаларда тавсифланмаган эди. Нимадир тайёрлаш керак. Нимадир еб олиш лозим. Акс ҳолда мен очликдан ўлиб қолишим мумкин”.
Фақат тирсакка таяниб туриш учун қилган биринчи ҳаракатларидаёқ қаддини кўтаришга ҳоли йўқлигига иқрор бўлар, ҳушидан айрилар ёки ухлаб қолар эди.
“Қачондан бери бу ерда кийим-бошимда ётибман? – деб ўйлади у ўзига келган пайтлардан бирида. – Неча соатдан бери? Неча кундан бери? Мен ётиб қолганимда баҳор бошланаётган эди. Энди эса деразаларга қиров тушибди. Улар шу қадар эриган ва кирланиб кетганки, ҳатто хона ҳам қоронғилашиб кетаётгандек”.
Ошхонадан каламушлар ағдариб юборган ликопчаларнинг тарақлаган овози эшитиларди. Каламушлар нариги томонда девор бўйлаб тепага чиқар ва оғир жасадлари билан полга гурсиллаб қулаб тушарди.
У яна ухлаб қолар ва уйғонарди. Унга қиров тўридаги деразалар тонгдаги илиқликнинг пушти рангига чулғангандек туюларди. Ойналардаги ўша ранг эса худди биллур қадаҳларга қуйилган май каби товланиб турарди. Бунинг қандай ҳодиса эканлигини тушунмаган шифокор ўзига-ўзи: бу тонгги илиқликми ёки кечки, деб савол берарди.
Бир сафар унга қаердандир, жуда яқиндан одам овози эшитилгандек бўлди. У қўрқиб кетди, чунки худди шу ҳодисани ақлдан озишнинг бошланиши деб ўйларди. Ўзига ачиниш ҳиссидан кўзларига тўлиб кетган ёшларни арта-арта, шифокор осмонга қарата илтижо қиларди. Шифокор осмон нега уни ёлғизликда қолдириб, юзини бошқа бир томонга бурганини сўрарди. У яна илоҳий китоблардаги сўзларни такрорларди: “Эй худо, сен нечук ўзингнинг қуёшдек чароғон юзинг дийдорини мендан дариғ тутяпсан? Мен ғафлатда қолдим!”
Тўсатдан у тушуниб қолди, у алаҳсирамаётганди. Ечинтирилгани, ювинтирилгани, тоза кўйлакда диванга ётқизиб қўйилгани, тагида янги солинган тўшак борлиги ҳамда сочларини сочларига, кўз ёшларини кўз ёшларига улаб, ёнидаги каравотда Лара йиғлаб ўтиргани – барчаси ҳақиқат эди. У бахтдан ҳушини йўқотди.
Яқингинада у азоблар ичида осмонга таъна қилиб, шафқатсизликда айблаган эди. Осмон эса бутун саховати билан унинг тўшаги ёнида эди. Унга аёл қўллари узалиб турарди. Қувончдан кўз олди қоронғилашди. У ҳушидан айрилган одамлардек фароғат гулшанига ғарқ бўлди.
Шифокор бутун ҳаёти давомида доимо нима биландир шуғулланган, ҳамиша банд бўлган, ишлаган, даволаган, фикр юритган, ўрганган ва яратган эди. Ҳаракатдан, нимагадир эришмоқдан, ўйламоқдан тўхтаб қолса, қандай яхши бўларди? Қани энди ўша меҳнат табиатнинг ўзига буюрилса-да, унинг қўлидаги бирор буюмга, ниятга ёхуд асарга айланиб қолса? Бу ишни табиат ўзининг шафқатнок, гўзаллик тарқатувчи ва ажиб қўллари билан амалга оширса!
Юрий Андреевич тезда тузала бошлади. Уни соғайтираётган, оёққа турғизаётган куч – ёлғиз Лара бўлиб, аёл ўзининг ғамхўрлиги, оққушдек беғуборлиги, майинлиги, нафис овози ила бераётган саволлари-ю жавоблари билан даволарди. Улар орасида ярим овозда кечган суҳбатлар ниҳоятда мазмунсиз бўлса-да, худди Афлотун диалоглари каби қийматга эга эди.
Қалбларни муштараклик, шу билан бирга бир жарлик яқинлаштириб турарди. Бу жарлик гўё улар ва дунё ўрталиғида пайдо бўлганди. Замонавий одамдаги тақдир томонидан ато этилган барча типик хусусиятлар, жумладан, ундаги одатий ҳаяжонланиш, бақироқ кўтаринкилик ва парвозларсиз сўниқ ҳаёт уларнинг иккаласига ҳам бир хилда ёқмас эди. Уларнинг муҳаббатлари буюк эди. Ҳамма ҳам севади, аммо ҳиссиётнинг ноёблигини тушунмайди. Улар шундай дамларни бошдан кечирдиларки, ўша лаҳзаларда абадият эпкинига монанд инсоний мавжудликнинг эҳтирос шамоли эсганда, бир-бирлари ва ҳаёт тўғрисида янгидан-янги кашфиётлар очар ҳамда билиб олар эдилар. Уларнинг бошқалардан устунлик томонлари ҳам худди мана шунда эди.
– Сен, сўзсиз, ўзингникилар ёнига қайтишинг зарур. Сени ортиқ бир кун ҳам ушлаб туролмайман. Фақат бу ерда нималар бўлаётганини кўраяпсанми. Совет Россиясига қўшилганимиз заҳоти бизни унинг харобалари ютиб юборди. Унинг ёриқларини Сибирь ва Шарқ ҳисобига бутламоқчи бўладилар. Буларни сен билмайсан. Касал ётганингда шаҳарда шундай катта ўзгаришлар бўлдики! Бизнинг омборлардаги захираларни марказга – Москвага кўчиряптилар. Москва учун бу захиралар денгиздан томчидек гап. Булар таги тешик бочкага тушгандек йўқолиб кетади. Биз ўзимиз эса озиқ-овқатсиз қоламиз. Почта юрмаяпти, йўловчи ташиш тўхтаб қолди, фақат нон олиб кетиляпти. Шаҳарда Гайда қўзғолонидан олдин бўлгани каби тўполонлар бошланди. Норозиликларга қарши яна фавқулодда чоралар кўрилмоқда. Ахир, сен қаёққа ҳам борардинг? Танангда фақат тери билан суягу увоққина қалб қолибди-ку? Наҳотки яна пиёда кетилса? Ахир, сен етиб боролмайсан! Бироз ўзингга кел, куч тўпла, ўшанда бошқа гап. Сенга маслаҳат беролмайман. Бироқ ўрнингда бўлсам, қариндошларим олдига кетишдан аввал бироз хизмат қилардим, ўз қобилиятимни кўрсатардим. Буни қадрлайдилар. Масалан, мен ўзимизнинг губерния соғлиқни сақлаш бўлимига борган бўлардим. У ҳали ҳам ўзининг эски ўрнида – шифокорлар бошқармасида. Ўзинг ўйлаб кўр. Сен ўзини отган Сибирь миллионерининг ўғлисан, хотининг эса шу ерлик фабрика эгаси ва заминдорнинг қизи бўлса. Партизанлар сафида бўлгансан, аммо қочгансан. Қандай талқин қилмагин, бу қочишинг ҳарбий-инқилобий сафлардан кетиш, яъни дезертирлик ҳисобланади. Сен ишсиз ва ортиқча бўлиб қолишинг мумкин эмас. Мен ҳам ишга чиқаман. Губерния халқ маорифи бўлимига жойлашаман. Мен ҳам олов устида тургандекман.
– Қанақа олов? Стрельников-чи?
– Худди ўша Стрельников туфайли ёнаяпман-да. Сенга илгари ҳам айтгандим, унинг душманлари жуда кўп экан. Қизил армия ғалаба қилди. Энди партиясиз бўлган ва юқорига яқин турган ҳамда кўп нарса билганлар кунини кўради. Ишқилиб, из қолдирмасдан йўқотиб юбормасайди. Улар орасида бизнинг Паша ҳам биринчи қаторда турибди. Катта хавф остида қолган. У Узоқ Шарқда бўлган экан. Эшитишимча, қочган ва бекиниб юрибди. Айтишларича, уни қидиришаётган эмиш. Етар у ҳақида гапирганим. Йиғлашни ёмон кўраман, агар унинг тўғрисида яна бир сўз айтсам, додлаб юбораман.
– Сен уни севармидинг, ҳали ҳам уни қаттиқ севасанми?
– Ахир, мен унга эрга теккан эдим. У менинг эрим эди, Юрочка. У табиатан юксак ва ёрқин шахс. Мен унинг олдида айбдорман. Унга ҳеч бир ёмонлик қилмадим десам, тўғри бўлмас. У жуда катта салоҳият эгаси эди. Мен унинг ёнида зарра мисоли, аниқроғи, ҳеч нарса эдим. Мана менинг айбим нимада. Бўлди, бас, у ҳақда гаплашмайлик. Бу масалага бошқа сафар қайтамиз. Ваъда бераман. Сенинг Тонянг жуда ажойиб экан, Боттичеллиевская. У туғаётганда мен ёнида эдим. Жуда яқин бўлиб қолгандик. Аммо бу ҳақда ҳам кейинроқ гаплашсак, илтимос. Шундай қилиб, иккаламиз бирга хизмат қиламиз. Иккаламиз бирга хизматга борамиз. Ҳар ойда миллиардлаб маош оламиз. Тўнтаришгача бизда Сибирь кредиткалари юрарди. Яқиндагина уларни бекор қилишди. Анча вақт, тўғрироғи, сен касал бўлиб ётган пайтингда қоғоз пулларсиз яшадик. Ҳа. Тасаввур қилиб кўр. Бунга ишониш қийин. Бир амаллаб яшадик-да. Энди собиқ хазинага поезд-поезд қоғоз пул келтиришди. Қирқ вагондан кам эмас, дейишяпти. Бу пуллар икки хил рангли катта қоғозларга босилган: улар кўк ва қизил рангда бўлиб, худди почта маркаларига ўхшайди. Ҳар бир қоғоз майда графаларга бўлинган. Кўк катакларнинг ҳар бири беш миллион сўмликни, қизиллари эса ўн миллион сўмликни англатади. Бўялиши, босилиши, умуман, сифати жуда паст.
– Унақа пулларни кўрганман. Биз Москвадан кетаётганимизда улар муомалага киритилган эди.
– Шунча узоқ вақт Варикинода нима қилдинг? Менимча, у ерда ҳеч ким йўқ, ҳаммаёқ бўм-бўш эди. Сени у ерда нима ушлаб турди?
– Мен у ерда Катенька билан сизнинг уйингизни йиғиштирдим. Аввал ўша ерга бориб қоласан, деб қўрқдим. Уйингни ўшандай ҳолда кўришингни истамадим.
– Қандай ҳолда? У ерда нима бўлди, тартибсизликми, талон-торожми?
– Тартибсизлик. Чиқиндилар. Мен тозаладим.
– Тушунарсиз жавоб. Аниқ гапирмаяпсан. Майли, зўрлик билан ичингдагини тортиб олмайман. Менга Тоня ҳақида гапириб бер. Қизимга қандай исм қўйишди?
– Онангнинг шарафига қизингни Маша деб аташди.
– Улар тўғрисида айтиб бер.
– Рухсат берсанг, қачондир, яъни кейинроқ. Ахир, кўз ёшларимни зўрға тийиб турганимни айтдим-ку.
– Сенга от берган киши бор-ку – Самдевятов, ажабтовур одам-а?
– Жуда ҳам.
– Мен ахир Анфим Ефимовични жуда яхши биламан. Бизнинг бу ердаги дўстимиз эди, кўп ёрдами теккан.
– Буни биламан. У менга гапириб берганди.
– Сизлар, афтидан, дўст эмасмисизлар?
– У мени яхшиликларга кўмиб ташлайди. Билмадим, усиз нима қилардим.
– Тасаввур қилиш қийин эмас. Ўртангизда қисқача ўртоқлик муносабатлари ўрнатилгандир? У сенинг учун ҳамма нарсага тайёр бўлса керак.
– Албатта. Орқамдан қолмайди.
– Сен-чи? Айбдорман, чегарадан ўтиб кетяпман. Қандайдир ҳуқуқимга кўра сени сўроқ қила бошладим, кечирасан. Бу беадаблик.
– Вой, бемалол. Сени бошқа нарса, аниқроғи, бизнинг муносабатларимиз қизиқтираётгандир. Бизнинг танишувимизга қандайдир шахсий масалалар аралашдими-йўқми, шуни билмоқчимисан? Албатта, йўқ. Мен Анфим Ефимович олдида қарздорман. Бироқ у мени олтинга белаб ташлаганда ҳам, мен учун ҳаётини қурбон қилганда ҳам, буларнинг ҳеч бири мени унга яқинлаштирарди, дея олмайман. Туғилганимдан буён қариндош бўлмаган бундай саховатли одамларга душманлик кўзи билан қарайман. Мен ҳаёт билан яқинликни бутунлай бошқача тушунаман. Бу ҳам кам. Ахлоқий жиҳатдан Анфим менга бошқа одамни, ўзидан итарувчи кишини эслатади.
– Тушунмай қолдим. Сен қандай аёлсан? Ўзи нима деяпсан? Тушунтириб бер. Сен дунёдаги ҳамма одамлардан ҳам яхшироқсан.
– Оҳ, Юрочка, шундай қилиб ҳам бўладими? Мен жиддий гаплашаётгандим. Сен бўлсанг, меҳмонхона хушомадларига ўтиб кетдинг. Мендан қандай одамлигимни сўраяпсан. Мен синдирилган, бир умрга жароҳатланган одамман.
– Фаҳмлаяпман. Бир нарсани тахмин қилиб юрган эдим. Бироқ тўхтаб тур. Ўша пайтлар сен бошингдан кечирган, болалар бардош бера олмайдиган оғриқни, қўрқитилган ёш қалб талвасасини, ёш қизнинг илк хўрланишини тасаввур қилиш қийин эмас. Фақат бу ишлар ўтмишда бўлиб ўтган. Айтмоқчиманки, ўша хўрликларни деб ҳозир азоб чекиш керак эмас. Энди бу ташвиш сени севган кишилар, яъни менинг зиммамга ўтади. Ўшанда кеч қолганим, ёнингда бўлолмаганим, халос этолмаганим учун изтироб зўридан сочларимни юлишим керак. Агар сен нимадандир шикоят қилиб, ҳеч нарсага куюнмаганингда, бу қадар қаттиқ севолмасдим, деб ўйлайман. Мен гуноҳсизларни, йиқилмаганлару чекинмаганларни яхши кўрмайман. Уларнинг қиммати жуда пастдир. Ҳаёт гўзаллиги уларга бағир очмаган бўлади.
– Мен худди ўша гўзаллик ҳақида гапираяпман. Англашимча, ўша гўзалликни кўрмоқ учун мусаффо хаёл ва бокира идрок талаб қилинади. Буларнинг ҳаммаси мендан тортиб олинган. Агар мен бошиданоқ ҳаётни бу қадар жирканч қиёфада кўрмаганимда, турмушга нисбатан ўз қарашларим шаклланган бўларди. Бу ҳам кам. Менинг илк ҳаёт йўлимга битта ахлоқсиз, фақат ўзини ўйлайдиган ўртамиёна шахс аралашгани сабабли беназир ва кучли инсон билан ўқилган никоҳим заҳарга айланди. Ўша одам мени қаттиқ севарди. Мен ҳам унга шундай муҳаббат билан жавоб қайтарардим.
– Тўхтаб тур. Эринг ҳақида кейинроқ гапириб берарсан. Сенга айтганимдек, одатда, ўзимдан пастроқ одам менда рашк уйғотади. Ўзимга тенг одам рашк уйғотмайди. Мен сени эрингга рашк қилмайман. Анави?..
– Қайси “анави?”
– Ҳаётингни зимистонга айлантирган кимса бор-ку. Ўша ким?
– Москвалик анча машҳур адвокат. У отамнинг ўртоғи эди, отамнинг вафотидан сўнг қашшоқлашиб қолганимизда ойимга моддий жиҳатдан ёрдам бериб турган. Ёлғиз яшарди ва бойлиги катта эди. Бу қадар қаттиқ қоралаш билан унинг шахсиятига катта эътибор қаратаётганга ва қийматини ошираётганга ўхшайман. Аслида одатий ҳодиса. Хоҳласанг, фамилиясини ҳам айтаман.
– Керак эмас. Мен биламан. Мен уни бир марта кўрганман.
– Ростданми?
– Бир марта. Меҳмонхонада, ойинг заҳарланган пайтда. Ўшанда анча кеч тушиб қолганди. Биз у вақтда гимназия ўқувчилари эдик.
– Ҳа, мен бу воқеани эслайман. Сизлар қоронғида келгандингиз ва даҳлизда турган эдингиз. Бу воқеани бутунлай эсламаган ҳам бўлардиму, хотирамда тиклашга ёрдам бердинг. Сен ўша воқеани менга Мелюзеевода эслатган эдинг.
– Комаровский ўша ерда эди.
– Ростданми? Бўлиши мумкин. Мени у билан учратишингиз табиий. Биз кўп вақт бирга бўлардик.
– Нега қизариб кетдинг?
– Оғзингдан “Комаровский” деган сўз чиққани учун. Ғайриоддий ва кутилмаган ҳодиса.
– Ёнимда гимназиядаги синфдош ўртоғим бор эди. Ўшанда ўртоғим менга Комаровскийни кутилмаган вазиятларда кўрганини айтганди. Ўртоғим отамнинг ўзини отганини йўлда тасодифан кўриб қолган эмиш. Миша у билан битта поездда кетаётган экан. Саноатчи миллионер отам ўзини ўлдириш мақсадида поезддан сакраган ва ҳалок бўлган. Отамнинг ёнида кузатувчиси ёки ҳуқуқий маслаҳатчиси Комаровский ҳам бор экан. У отамни ичириб, ишларини чалкаштириб, банкротлик сари бошлаган ва ҳалокат йўлига итариб юборган. Комаровский отамнинг ўзини ўлдиришига, менинг етим қолишимга сабабчи бўлган.
– Бўлиши мумкин эмас! Қандай даҳшат! Наҳотки шу гап рост бўлса! Демак, у сенинг учун ҳам қабиҳ бир газанда экан-да! Бу ўтмиш бизни қанчалар яқинлаштиради! Тақдир тақозоси бу!
– Мана, мен сени кимдан тузатиб бўлмас телбалик билан рашк қиламан?
– Нималар деяпсан? Комаровскийга нисбатан севги у ёқда турсин, уни кўрарга кўзим йўқ.
– Сен ўзингни шу қадар яхши биласанми? Инсон, айниқса, аёл табиати шу қадар мавҳум ва зиддиятлики, буни ўйлаб ҳайратда қоласан. Балки қайсидир томондан унга итоатда бўлишга мажбурдирсан. Балки бу нафрат бошқа бир кишидан, яъни сен чиндан ҳам севишинг, ҳеч бир зўрликсиз муҳаббат қўйишинг мумкин бўлган кишидан ҳам кўра кўпроқ қарамликка солар.
– Қанчалар даҳшатли нарсани гапирдинг. Тўғрисини айтганда, бундай зид тушунча ҳар доимгидек, менга ҳақиқат бўлиб туюлади. Бу – қанчалар қўрқинчли!
– Тинчлан. Қулоқ солма. Мен бу сўзларим билан юзи қора, онгсиз, тушунтириб бўлмайдиган кимсадан сени рашк қилишимни билдирмоқчи эдим. Мен сени пардоз-андоз анжомларингдан, терингдаги бир томчи тердан, баданингга ёпишиб, қонингни заҳарловчи касалликларгача рашк қиламан. Шу касалликлардан қизғанганимдек, мен сени Комаровскийдан ҳам қизғанаман. Фақат ўлимгина бизни бир-биримиздан айира олади. Бу гапларим айқаш-уйқаш, тушуниксиз туюлар. Мен ўз фикрларимни бундан яхшироқ ёки тушунарлироқ қилиб айта олмайман. Мен ақлимни, ҳушимни йўқотаяпман. Мен сени чексиз севаман.
– Менга эринг ҳақида кўпроқ сўзлаб бергин. Шекспир айтганидек, “тақдир китобида биз бир қаторда турамиз”.
– Бу сўзлар қайси асаридан олинган?
– “Ромео ва Жульетта”дан.
– Мелюзеевда эримни қидираётган вақтларимда у ҳақида кўп гапирганман. Бу суҳбатни Юрятиндаги илк учрашувларимизда ҳам давом эттиргандим. Ўшанда сени эрим ўз вагонида қамоққа олмоқчи бўлганини эшитгандим. Сенга айтган бўлсам керак, балки гапирмагандирман. Уни бир марта машинага ўтираётган пайтида узоқдан кўрдим. Уни қандай қўриқлаётганликларини тасаввурингга сиғдира олмайсан! Менга у деярли ўзгармагандек кўринди. Ўша чиройли, ҳаққоний, қатъиятли юз. Бунчалик ҳаққоний қиёфани ҳеч кўрмаганман. Хўжакўрсинлик, манманликдан батамом холи. Тўлақонли эркак характери. Ўзи шундай эди ва айни ҳолича қолибди. Фақат битта ўзгаришни пайқадимки, у мени хавотирга солиб қўйди. Бу қиёфада қандайдир мавҳумлик пайдо бўлибди ва унинг қийматини туширибди. Жонли инсон сиймоси ғоянинг ифодасига, принципига, мужассамига айланибди. Бу кузатувдан юрагим сиқилиб кетди. Тушунишимча, бу ўзгариш кимга хизмат қилган бўлса, ўша кучларнинг таъсирида юзага келган ва бир кунмас-бир кун унинг ўзини ҳам аямаслиги сезилиб турарди. Ўйлашимча, тақдир тақозоси билан у қандайдир рағбатга сазовор бўлган. Балки мен янглишаётгандирман. Балки у билан учрашувингиз қандай ўтганлигини сўзлаганингда ишлатган ибораларинг менга ёқиб қолгандир. Ҳисларимиз муштараклигидан ташқари, мен сендан жуда кўп нарсаларни қабул қиляпман!
– Йўқ, яхшиси, инқилобгача ўтган ҳаётларинг ҳақида гапириб бер.
– Мен болалигимданоқ поклик ҳақида орзу қилар эдим. У эса орзуларим рўёби эди. Биз деярли битта ҳовлида турардик-ку. Мен, у, Ғаллиуллин. Мен унинг болаликдаги овунчоғи эдим. У мени кўрганда титроққа тушар, ўлиб қолай дерди. Менинг буларни билишим ва сўзлашим яхши эмасдир. Лекин ўзимни ҳеч нарса билмайдигандек тутсам, янада ёмонроқ бўлади. Мен унинг болаликдаги муҳаббати эдим. У шундай муҳаббат эдики, ўзининг бутун эҳтироси билан бола қалбини забт этганди. У шундай муҳаббат эдики, бола ўз ҳис-туйғулари тўғрисида бир оғиз сўз айтмаса-да, барча ҳаракатларидан, юз-кўзидан севги мубталосига айланганини англатиб турарди. Биз дўст бўлдик. Камина-ю сен қай даражада бир хил бўлсак, у билан мен ўшанчалик фарқли эдик. Мен ўшанда юрагим билан уни танлаган эдим. Ўз ҳаётимни шу ажойиб бола билан боғлашга қарор қилдим. Фақат бироз катта бўлгунимизча сабр қилишга келишиб олган эдик.
Ўзинг ўйлаб кўр, нақадар қобилиятли бола эди у! Беназир қобилият! Оддий темирйўл стрелкачиси ёки қоровулнинг ўғли фақат ўз ақл-заковати ва тинимсиз меҳнати билан ҳозирги замон университетларидаги билимларнинг иккала соҳасида, яъни математика ва гуманитар фанлар бўйича муайян ютуқларга эришди. Фан чўққиларига кўтарилди, дейишимизга оз қолганди. Бу – ҳазилакам гап эмас!
– Бир-бирингизни шу қадар севган бўлсангиз, оилавий турмушларингизни нима бузиб юборди?
– Бу саволга жавоб бериш қанчалар қийин! Ҳозир айтиб бераман. Қизиқ-да. Мендек заифа сен каби ақли расо одамга инсоният ҳаётининг моҳиятини, Россиядаги кишилар турмушини ва ниҳоят, бизнинг оиламиз бузилиши сабабларини ҳозирнинг ўзида қандай тушунтириб берсин? Гап одамларнинг ўзида, улар табиатининг мослиги ёки номувофиқлигида, севиш-севмасликларида бўлса керак. Турмушга алоқадор, инсониятнинг яшаш тартибига тааллуқли ҳамма нарса бутун жамиятнинг ағдар-тўнтар қилиниб, қайта қурилиши оқибатида осмонга учди. Маиший ҳаёт неъматлари улоқтирилиб, вайронага айлантирилди. Маишатга у қадар боғланмаган бир йўл, яъни яланғочланган руҳиятгина қолди. Руҳият учун ҳеч нарса ўзгармагандек, чунки у ҳамма вақт титраб-қақшаб ўзи каби ёлғизлик томон интиларди. Сен билан мен дунёдаги илк икки инсон – Одам Ато ва Момо Ҳавога ўхшаймиз. Улар ҳаётнинг бошланишида устларига нима ёпишни билмаган эдилар. Энди биз ҳам ҳаётнинг сўнгида уй-жойсиз ва кийим-бошсиз қолдик. Улар ва биз ўртамизда ўтган кўпмингйиллар давомида яратилган битмас-туганмас улуғвор қадриятлар бўлса, ёлғиз ёдгорликдан хотира бўлиб қолди. Ўша йўқ бўлиб кетган мўъжизалар олдида биз нафас оламиз ва севишамиз, кўз ёш тўкамиз ва бир-биримизга суянамиз, бир-биримизни қучамиз.
Қисқа танаффусдан сўнг у хийла сокин оҳангда давом этди:
– Қани эди, Стрельников қайтадан Пашенька Антипов бўлиб қолса. Қани эди, у ақлсизликлари ва исёнларини тарк этса. Қани эди, вақт ортга қайтса. Агар дунёнинг қай бир бурчагида чироқ ёниб, унинг нурлари хонамиз деразаларидан тушса, Пашеньканинг ёзув столида китоблар пайдо бўлса, мен ўша ергача тиззаларимда эмаклаб етиб борардим. Бутун вужудим билан ғалаёнга келардим. Ўтмиш ва садоқат чақириғига дош беролмас эдим. Унинг олдида ҳаммасини қурбон беришга тайёр эдим. Энг қадрлиларини ҳам қурбон қилардим. Сени ҳам қурбонликка келтирган бўлардим. Сен билан менинг орамиздаги енгил-елпи яқинликни ҳам қурбонлар қаторига қўшиб юборар эдим. Вой, кечир. Нотўғри гапириб қўйдим. Бу – ёлғон! – аёл ўзини шифокорнинг қучоғига ташлади, йиғлаб юборди. У тезда ўзига келди. Кўз ёшларини артатуриб, шундай деди: – Ахир, бу сени Тонянгнинг ёнига ҳайдаётган овознинг айни ўзи-ку. Бурч овози-ку. Эй худо, биз қанчалар қашшоқмиз! Бизга нима бўлади? Биз нима қилайлик? – Аёл ҳушини тўлиқ йиғиб олгач, яна давом этди: – Барибир, бахтимиз нега барбод бўлганлигини сенга айтмадим. Буни мен кейин тўла-тўкис тушундим. Сенга сўзлаб бераман. Фақат бу ҳикоя бизгагина тааллуқли бўлмайди. Бу – кўпларнинг тақдири ҳақидаги ҳикоядир.
– Сўзлайвер, ақллигим.
– Биз уруш арафасида, аниқроғи, ундан икки йил аввал турмуш қурган эдик. Эндигина рўзғоримизни тиклагандик, уруш эълон қилинди. Энди иқрор бўламанки, уруш ўзидан кейинги барча авлодларнинг, ҳатто ҳозирги наслларнинг бахтсизлигига сабаб бўлаётган экан. Болалигимни яхши хотирлайман. Бир замонлар жамиятда “тинчлик асри” деган тушунчалар ҳам ҳукмрон эди. Ақлнинг овозига қулоқ солишга ҳамма келишиб олгандек эди. Виждон тақозо этган ҳамма нарса табиий ва зарур деб ҳисобланарди. Бир одамнинг иккинчиси томонидан ўлдирилиши жуда кам учрайдиган, фавқулодда ҳодиса ҳисобланарди. Қотиллик жосуслар ҳаётидан олинган трагедия ва романлар, кундалик газеталарда учрар, турмушда деярли йўқ бўлаёзганди.
Тўсатдан осойишта, беташвиш, гуноҳлардан холи, бир маромдаги ҳаёт оқимидан қон ҳамда дод-войлар, кун сайин ёки ҳар соатда кузатиладиган ақлсизликлару ёввойилашув, қотилликдек жирканч ҳодисанинг қонунийлашуви ва буни мақтовга лойиқ кўриш томон юз бурилди. Афтидан, бундай ҳодисотлар ҳеч қачон изсиз ўтиб кетмайди. Ҳаммаёқ бирданига вайронага айланганини мендан кўра яхшироқ эсласанг керак. Поездларнинг ҳаракатдан тўхташи, шаҳарлар озиқ-овқат таъминотининг издан чиқиши, уй-рўзғор асослари ҳамда онгни суяб турган маънавий устунларнинг бир зарб билан синиши эсингда бордир, ахир!
– Гапиравер. Бундан кейинги айтадиганларинг менга таниш. Буларни жуда яхши билар экансан! Сени тинглашнинг ўзи қанчалар мароқли.
– Ўшанда рус заминига ҳақсизлик кириб келганди. Энг катта хато, келажакда юз берадиган қабоҳатларнинг илдизи хусусий фикрнинг қадр-қиймати тушиб кетгани билан боғлиқ. Ахлоқ даъватига бўйсуниб яшаш даври ўтди, энди ҳамма қатори битта қўшиқни жўровозликда куйлаш ҳамда зўрлик билан киритилган, мажбурий қонунлар асосида турмуш кечириш таклиф қилиняпти, деб ўйлаган эдилар. Аввалига монархия, кейин эса инқилобий сўзбозлик ҳукми ортиб борди. Бундай ижтимоий адашув барчага осонгина юқар ва тездан ёпишиб оларди. Ҳамма нарсада унинг таъсири сезила бошлади. Бизнинг уйимиз ҳам бундан мустасно эмасди. Уйимизда нимадир ларзага келгандек бўлди. Бизда доим ҳукмронлик қилиб келган ҳисоб-китобсиз жонсараклик ўрнини ва суҳбатларимизни аҳмоқона декломация эгаллади. Бу сўзбозлик мажбурий жаҳоний мавзулар юзасидан ўта ақллилардек фикр юритиш, юқоридан тақдим этилган тайёр гапларни етказиш шаклида намоён бўларди. Пашадек нозик фикрлайдиган ва ўзига талабчан ҳамда моҳиятни тасодифий нарсалардан фарқлайдиган одам бу бемаъниликни фаҳмламаслиги мумкин эмасди. Худди мана шу ерда у жуда катта, ҳаммасини йўққа чиқарувчи хатога йўл қўйди. У давр белгисини ва ижтимоий қабоҳатга айланаётган ҳодисаларни фақат ўз рўзғоригагина хос иллат дея тушунди. Суҳбатларимиздаги нотабиийлик, расмий зўракиликни у ўзига, тошюрак ва ниқоб бандаси эканлигига боғлади. Балки ҳозирги ҳаётимиздаги бу каби майда-чуйдалар сен учун у қадар муҳим эмасдир. Пашанинг мана шу болаларча тушунчадан қанчалар аҳмоқона номаъқулчиликларга қўл урганини тасаввур ҳам қилолмайсан.
Ундан ҳеч ким талаб қилмаган бир пайтда Паша урушга жўнади. Бу ишни у бизни гўёки ўзидан халос этиш, хаёлидаги зулмдан қутқариш учун қилди. Худди мана шундан унинг телбаликлари ривож олди. Йигитларга хос қандайдир ясама кибр билан турмушда бошқалар эътибор ҳам бермайдиган алланарсалардан хафа бўла бошлади. У воқеалар оқимидан ва тарихдан араз қиларди. Унинг тарих билан келишмовчиликлари авж олди. У ҳозирги қадар тарих билан ҳисоб-китоб қилади. Худди шундан унинг ақлга сиғмайдиган хулосалари келиб чиқади. Шу аҳмоқона ишлари учун у муқаррар ўлимга яқинлашиб боради. Қани эди уни қутқара олсам!
– Сен уни қанчалар соф ва улкан юрак билан севасан-а! Севавер, севавер уни. Мен сени ундан рашк қилмайман. Мен сенга халал бермайман.
Шу тахлитда икки ёки уч ой ўтди. Тахминан октябрь ойларида Юрий Андреевич Лариса Фёдоровнага шундай деди:
– Биласанми, мен хизматдан кетадиганга ўхшайман. Доимий такрорланадиган тарих. Бу гал ҳар доимгидан ҳам ошиб тушяпти. “Биз ҳалол меҳнатни доимо қувонч билан қарши оламиз. Янги фикрларни янада катта шодлик билан кутиб оламиз. Уларни қутламасликнинг ҳеч иложи йўқ. Марҳамат қилинг, ишлайверинг, курашинг, излаб топинг”. Аммо жиддий ўйлаб кўрилса, улар фикр ўрнида нуқул кўз-кўзлашни, Инқилобни улуғлаш ва ҳукумат тепасида турганларни мақташ учун ишлатиладиган сўзбозликни тушунишлари аён бўлмоқда. Бу жуда зерикарли иш бўлиб, тезда жонга тегади. Мен бу борада устаси фаранглардан эмасман. Балки улар ҳақдирлар. Лекин мен улар томонда эмасман. Аммо бир фикрга, яъни улар қаҳрамонлар ва ёрқин шахслар бўлгани ҳолда, ўзимни инсонни қулликка солувчи, қуюндек бир дарди бедаво санашларига рози бўлолмайман. Сен қачонлардир Николай Веденяпин деган исмни эшитганмидинг?
– Албатта. Сен билан танишувимиздан аввалроқ эшитгандим. Кейин у ҳақдаги ҳикояларингни тинглаганман. Симочка Тунцева уни тез-тез эслаб туради. Бу аёл унинг издоши. Аммо унинг китобларини ўқимаганман. Бутунича фалсафага бағишланган асарларни унча ёқтирмайман. Менимча, фалсафа санъат ва ҳаётга уйғун бир соҳадир. Қуруқ фалсафа билан шуғулланиш аччиқ гармдори чайнаш билан баробар бир иш. Ҳа-я, узр, ўзимнинг бемаъни мулоҳазаларим билан сени чалғитиб юбордим.
– Йўқ, йўқ, аксинча. Фикрларингга қўшиламан. Бундай фикрлаш тарзи менга жуда яқин. Ҳа, шундай қилиб, гап тоғам ҳақида кетаётган эди. Балки унинг таъсирида мен ёмон йўлга кириб кетгандирман. Бироқ уларнинг ўзи фавқулодда башорат, фавқулодда башорат деб қичқирадилар-ку. Рост, мен касалликларга ташхис қўйишда камдан-кам янглишаман. Уларнинг назарида бу тусмол. Аслида эса бу ҳамма тарафни қамраб олувчи билимларнинг умумий манзарасидир. Мен мимикрия масаласига ўралашиб қолганман. Мимикрия организмларнинг муҳитга ранг жиҳатдан ташқи мослашувидир. Бу ерда, яъни ранглар мослашувида ички ҳолат билан ташқи таъсир ўртасида яқинлашув кузатилади. Маърузаларимда худди шу масалани ўртага ташладим. Ҳамма тўполон шундан бошланди. “Идеализм, мистика. Гёте натурфалсафаси, неошеллингчилик” деган айблар қўйилди. Кетиш керак. Губерния соғлиқни сақлаш бўлимидан ҳам, институтдан ҳам ўз хоҳишим билан бўшайман. Касалхонада эса мени ҳайдаб юборгунларигача ишлаб тураман. Сени қўрқитмоқчи эмасман, лекин шуни очиқ айтиб қўйишим керакки, вақти билан – бугун ё эртага мени қамайдиганга ўхшайдилар.
– Худо сақласин, Юрочка. Ҳали қамалишгача бор. Аммо сен ҳақсан. Эҳтиёткор бўлиш зарур. Фаҳмлашимча, бу ёш ҳокимиятнинг ўрнашуви бир неча босқичдан иборат бўлади. Бошланишида ақл тантанаси, танқидий руҳ, ўтмиш сарқитларига қарши курашиш етакчилик қилади. Кейин иккинчи босқич бошланади. Энди йўлда қолган ёпишқоқлар, ўзини ҳайрихоҳ қилиб кўрсатувчи кучлар устунликка эришади. Шубҳалар, чақимчилик, чалкаштириш, кўролмасликлар авж олади. Сен ҳақсан, биз иккинчи босқичнинг бошида турибмиз. Мисол қидириб узоққа боришнинг ҳожати йўқ. Бу ерга, яъни инқилобий трибунал коллегиясига Ходатскдан иккита собиқ сиёсий маҳбусни, илгариги ишчилардан бўлган Тиверзин билан Антиповни ўтказишди. Уларнинг иккаласи ҳам мени яхши билишади. Биттаси эримнинг отаси, яъни қайнотам. Бироқ улар бизга ўтказилгач, Катенька иккаламизнинг ҳаётимиз борасида хавфсирай бошладим. Улардан ҳамма нарсани кутиш мумкин. Антипов мени ёмон кўради. Бир кунмас-бир кун улар мени, ҳатто Пашани олий инқилобий адолат йўлида йўқ қилиб юборишлари мумкин.
Орадан кўп ўтмай, ушбу суҳбат давом этди. Бу вақт ичида Кичик Буяновка кўчасидаги қирқ саккизинчи уйда, бева аёл Гореглядова хонадонида тунги тинтув ўтказилди. Бу уй амбулаториянинг ёнгинасида эди. Уйдан қурол-яроғ омбори топилиб, аксилинқилобий ташкилот борлиги аниқланди. Шаҳарда жуда кўп одам қамалди. Тинтув ва қама-қамалар узоқ вақтгача давом этди. Шивир-шиврлардан маълум бўлишича, шубҳадагиларнинг бир қисми дарёнинг нариги тарафига ўтиб кетган. Бўлаётган воқеалар тўғрисида шундай дейишарди: “Нима бўпти, шу уларга ёрдам берармикан? Гадонинг душмани гадо, дарёнинг душмани дарё бўлади. Жуда қизиқ дарёлар ҳам бор-да. Амурдаги Благовешенск деган жойда қизиқ бир мисолга дуч келамиз. Ўша ерда дарёнинг бир қирғоғида совет ҳокимияти, иккинчи тарафида – Хитой. Сувга сакрасанг, сузиб ўтсанг бўлди, исмингни ҳам ҳеч ким билмайди. Мана буни дарё деса бўлади. Бутунлай бошқа гап”.
– Ҳаво оғирлашяпти, – дерди Лара. – Бизнинг хавф-хатардан холи замонларимиз ўтиб кетди. Бизни, яъни сени ва мени албатта қамашади. Унда Катенькага нима бўлади? Мен ахир онасиман-ку. Мен қизимни яқинлашаётган бахтсизликдан огоҳлантиришим, нимадир ўйлаб топишим керак. Менда муаммони ҳал қиладиган тайёр ечим бўлиши керак. Шуларни ўйласам, ақлдан озай деяпман.
– Кел, ўйлаб кўрайлик. Бундай вазиятда қандай йўл тутиш мумкин? Бу зарбани қайтаришга қодирмизми? Бу ахир тақдир масаласи-ку.
– Қочиш мумкин эмас ва борадиган жойим ҳам йўқ. Сояга, яъни иккинчи режага ўтиб туриш керакмикан. Масалан, Варикинога кетиш мумкин. Мен Варикинодаги уй ҳақида ўйлаяпман. Бу – анча чет жой. Бунинг устига ташландиқ бир ер. Ўша жойда, бу ердагидан фарқли, ҳеч кимнинг ғашига тегмаган бўлардик. Қиш яқинлашяпти. У ердаги қаҳратон заҳматларини ўз зиммамга олардим. Бизга етиб келгунларигача бир йилни яшаб қўйган бўлардик. Бу ҳам катта ютуқ. Шаҳар билан алоқа боғлашимизга Самдевятов ёрдамлашган бўларди. Балки у бизни яшириб қўйишга ҳам кўнар. Нима дейсан? Тўғри, ҳозир у ерда ҳеч ким йўқ, бўм-бўш. Ҳар ҳолда мен у ерга борган вақтда, яъни мартда худди шундай эди. У ерда фақат бўрилар бор, дейишади. Қўрқинчли. Аммо одамлар, айниқса, Антипов ёки Тиверзин кабилар ҳозир бўридан ҳам хавфлидирлар.
– Нима дейишни билмайман. Ахир, ўзинг мени Москвага ҳайдаяпсан-ку? Нуқул тезроқ жўнашга ундайсан. Ҳозир бу анча осон. Вокзалда суриштирдим. Узоқдан қопларда ғалла келтириб сотишларига қўл силтаб қўя қолишяпти. Қуёндек эпчилларни ҳам поезддан улоқтириб юбораётганлари йўқ. Отавериб чарчаб қолдилар. Ҳозир камроқ отишяпти. Москвага ёзган барча хатларимнинг жавобсиз қолаётгани мени хавотирга солмоқда. Ўша ерга бориб, уйдагиларга нима бўлганини аниқлаш керак. Ўзинг менга шундай қилиш лозимлигини қайта-қайта тайинлардинг-ку. У ҳолда Варикино ҳақидаги сўзларингни қандай тушуниш керак? Наҳотки, бир ўзинг, яъни менсиз ўша хавфга тўла овлоқ жойга кетсанг?
– Йўқ, сенсиз мумкин эмас.
– Бўлмаса, нега мени Москвага ҳайдаяпсан?
– Ҳа, шундай бўлиши керак.
– Эшит. Биласанми, нима? Миямда ажойиб режа етиляпти. Ҳаммамиз Москвага кетамиз. Сен, мен ва Катенька бирга жўнаймиз.
– Москвагами? Ақлингни йўқотдингми? Нега энди? Йўқ, мен қолишим керак. Мен шу яқин ўртада тайёр туришим керак. Бу ерда Пашеньканинг тақдири ҳал бўлади. Якунни кутишим зарур. Лозим бўлса, ҳар ишга шай туришим керак.
– Унда Катенька ҳақида ўйлаб кўрайлик.
– Ёнимга вақти-вақти билан Симушка, яъни Сима Тунцева келиб туради. Яқингинада у ҳақда гаплашган эдик.
– Нима бўпти? Уни бу ерда тез-тез кўриб тураман.
– Сенга ҳайронман. Эркакларнинг кўзлари қаёққа қарайди? Ўрнингда бўлганимда уни севиб қолардим. Шу қадар жозибали! Ташқи кўринишига гап йўқ! Қадди-қомати. Хушбичимлиги. Ақли. Ўқимишли. Саховатли. Тиниқ фикрловчи.
– Асирликдан қайтганимда унинг опаси – тикувчи Глафира соч-соқолимни олиб қўйганди.
– Уларни биламан. Опа-сингиллар катталари Авдотья билан бирга туришади. Авдотья кутубхоначилик қилади. Ҳалол, ишчан оила. Вазият кескинлашса, яъни бизни тутиб кетишса, ўша опа-сингиллардан Катенькани ўз қарамоғига олишларини сўрамоқчиман. Ҳали бир қарорга келмадим.
– Фақат жуда кескин вазиятда. Бундай бахтсизлик, шоядки, ҳали биздан узоқ бўлса.
– Айтишларича, Симанинг эси бутун эмас. Чиндан ҳам уни расмана аёл деб бўлмайди. Лекин бу унинг теран ва ўзига хос фикрлаши билан боғлиқ. У ноёб ақл эгаси, аммо у зиёлилардек илм олмаган, унга халқона таълим берилган. Сен билан унинг қарашларида ҳайратланарли даражада яқинлик бор. Мен қўрқмасдан Катяни унинг тарбиясида қолдирган бўлардим.
Юрий Андреевич вокзалдан жуда чарчаб қайтди. У ҳар ўн кунда бир дам оларди. Одатда, шифокор ўша куни бутун ҳафта учун ухлаб оларди. У диванда ёйилиб ўтирар, вақти-вақти билан ярим ёнбошлаб олар ёки бутунлай чўзилиб ётарди. Доктор мудроқ ҳолатда тинглаётган бўлса-да, меҳмонга келган Симанинг мулоҳазалари унга ҳузур бахш этарди. “Албатта-да, буларнинг ҳаммаси Коля тоғамдан олинган, – деб ўйларди у. – Қанчалар истеъдодли ва ақлли аёл!”
Ҳавонинг авзойи бузуқ эди. Қоронғилик чўкди. Ҳовлига кириб олган иккита зағизғон қўнишга жой қидирарди. Шамол уларнинг патларини сокин ўйнар ва силкитар эди. Зағизғонлар ахлат қутиси томига тушди, деворга ўтди, ерга қўнди ва ҳовли бўйлаб юра бошлади. “Зағизғонлар қордан даракчи”, – ўйлади доктор. Шу дақиқанинг ўзида у парда орқасидан овоз эшитди:
– Зағизғонлар хабарчи бўладилар, – дерди Сима Ларага. – Меҳмон кутасиз. Ёки кимдандир мактуб оласиз.
Бироз ўтиб, ташқарида эшик қўнғироғи чалинди. Бирмунча вақт аввал қўнғироқ бузилган, уни яқингинада Юрий Андреевич тузатиб қўйган эди. Парда орқасидан чиққан Лариса Фёдоровна эшик очгани дадил қадамлар билан юрди. Суҳбатдан уйга Симанинг опаси Глафира Севериновна келганини пайқади.
– Синглингизга келдингизми? – деб сўради Лариса Фёдоровна. – Симушка бизникидалар.
– Йўқ, унга эмас. Майли, унга ҳам дейлик. Агар у кетишга тайёрланаётган бўлса, бирга қайтсак ҳам бўлади. Мен бутунлай бошқа иш билан келдим. Дўстингизга хат бор. Бир вақтлар почтада ишлаганим учун менга раҳмат айтса арзийди. Бу хат қанча қўллардан ўтиб, охири менга етиб келди. Москвадан. Хат беш ой йўлда қолиб кетибди. Манзил эгасини топа олмаётган экан. Мен унинг кимлигини билар эдим. Бир вақтлар унинг соч-соқолини олиб қўйгандим.
Ғижимланган, эзғиланган, очилган, эскирган хатжилдда кўп саҳифали узун хат бўлиб, уни Тоня ёзган эди. Доктор фақат у қандай қилиб қўлига тегди ю Лара унга хатни қандай топширди – шунга ақли етмасди. Хатни ўқишга киришар экан, доктор ўзининг қайси шаҳарда ва кимнинг уйида эканлигини яна эслади, аммо хатни ўқиган сари ундаги бу тушунча йўқола борди. Хонадан чиққан Сима у билан саломлашди ва бир вақтнинг ўзида хайрлашди. Шифокор беихтиёр жавоб қайтарди, лекин аёлга ҳеч эътибор бермади. Унинг кетганини доктор сезмади ҳам. Борган сари у ҳамма нарсани унутадиган, ўзининг қаердалиги ва атрофда нималар содир бўлаётганини англамайдиган ҳолга тушди.
“Юра, – деб ёзади Антонина Александровна ўз хатида, – сен қизимиз борлигини биласанми? Марҳума ойимиз Мария Николаевна хотирасига қизчага Маша деб исм қўйдик. Энди бошқа нарсалар тўғрисида ёзай. Кадетлар партияси ва ўнг социалистлардан бўлган Мельгунов, Кизеветтер, Кускова ва яна бошқалар, шунингдек, амакимиз Николай Александрович Громеко, дадам ҳамда барчаларининг оила аъзолари Россиядан чет элга жўнатилармиш. Сенинг йўғингда бу оғир бахтсизлик бўлди. Худога минг қатла шукур, ҳозирги қўрқинч замонда бизни мамлакатдан ҳайдашнинг шундай юмшоқроқ йўлини топишибди. Ахир, бундан ҳам ёмон бўлиши мумкин эди-ку? Агар сени топсак, биз билан бирга кетардинг. Лекин сен ҳозир қайдасан? Мен бу хатни Антипованинг манзилига юбораяпман. Агар у сени топа олса, хатни етказади. Мени бир мавҳумлик қийнаяпти: худонинг марҳамати билан топилиб қолсанг, оиламизга тегишли қарор сенга ҳам татбиқ этилиб, чет элга кетишингга рухсатнома бериладими. Ишонаманки, сен тириксан ва топиласан. Севгига тўлиқ юрагим буни менга айтаяпти. Мен унинг овозига қулоқ соламан. Балки ўша вақтларгача, яъни топилгунингча, Россиядаги ҳаёт шароитлари анча яхшиланиб қолар ва сен ўзинг учун чет эл сафарига алоҳида рухсатнома оларсан. Ўшанда ҳаммамиз бир жойда йиғилиб, биргаликда яшармиз. Буни ёзаяпману, бундай бахтнинг юзага чиқишига ўзим ишонолмаяпман.
Ҳамма бало шундаки, мен сени севганим ҳолда, ўз қалбингда Тонянгга нисбатан муҳаббат йўқ. Бунчалар ёмон кўришинг сабабини билолмай, изоҳ тополмай, сени оқлай олмай, ўлиб бўлдим-ку. Мен тинимсиз ўз-ўзимни тафтиш қиламан, ковлаштираман, қидираман, бутун ҳаётимиз ва сен ҳақда билганларимни чиғириқдан ўтказаман. Бироқ ибтидони тополмаяпман, сенга нима ёмонлик қилганимни билолмай, қандай қилиб шунча бахтсизликни орттириб олганимга ҳайронман. Сен менга ёмон кўз билан қараб, нуқул қийшиқ ойнада кўргандек бўласан. Мен бўлсам, сени севаман. Сени қанчалар севишимни тасаввур қила олсанг эди! Сени борингча, яхши-ёмонинг билан севаман. Сендаги одатий ва фавқулодда жиҳатларга, ички дунёнгни акс эттирувчи юзингга, қандайдир эркинлик ўрнини эгаллаб олган истеъдодинг ва ақлу заковатингга муҳаббат қўйганман. Буларнинг ҳаммаси мен учун жуда қадрлидир. Мен сендан яхшироқ инсонни билмайман. Фақат сен менинг нима демоқчилигимга қулоқ сол. Бу қадар қадрли бўлмаганингда ҳам, севгимни шунчалар қозонмаганингда ҳам, севишнинг номақбул ҳақиқати очилмаганда ҳам сени севаверардим. Севмасликнинг ўзи қанчалар тубанлик, йўқ қилувчи жазо, бу ҳақиқатдан жуда қаттиқ қўрққаним ҳолда сенга муҳаббат қўйишдан онгсиз равишда бўлса-да воз кечолмасдим. Мен ҳам, сен ҳам буни ҳеч қачон билолмай қолаверардик. Юрагим бу бахтсизликни мендан яширган бўларди, чунки муҳаббатсизлик деярли ўлимга тенг ҳодисадир. Мен ҳеч кимга бундай зарба беришни истамасдим.
Ҳали ҳеч нарса охиригача маълум қилинмаган бўлса-да, ҳар ҳолда биз Парижга кетсак керак. Мен кетаётган мамлакатга сени болалигингда олиб боришган, ўша ерда дадамиз билан амакимиз тарбия олган. Дадам сенга салом йўллайди. Шура катта бўлиб қолди, у жудаям кўркам бўлмаса-да, соғлом ва бақувват бўлиб улғайди. Сен ҳақингда гап очилса, тинмай, аччиқ-аччиқ йиғлайди. Бошқа ёзолмайман. Кўз ёшлардан юрагим қон бўлиб кетди. Майли, алвидо. Охири йўқ, синовларга тўла, номаълум ва қоронғи йўлнинг бошида, кел, сени бир чўқинтириб қўяй. Сени ҳеч нарсада айбламайман, бир оғиз таъна ҳам қилмайман, ҳаётингни ўзинг хоҳлагандек қуравер, сенинг кўнглинг тўлса бўлди.
Биз учун қўрқинч ва хавфга тўлиқ Уралдан кетар эканмиз, Лариса Фёдоровна ҳақида баъзи нарсаларни билиб олдим. Ундан миннатдорман. Қийналган пайтларимда доим ёнимда бўлди. Туғаётганимда ҳам ёрдам берди. Унинг жуда яхши аёл эканлигини самимият ила эътироф этаман. Ёлғон гапирмаслик учунгина менинг фикрларимга тўлиғича зид ҳолда мулоҳаза юритишини ҳам таъкидлаб ўтмоқчиман. Мен дунёга ҳаётни соддалаштириш ва яшашда тўғри йўл топиш учун келдим. У эса ҳаётни мураккаблаштириш ва йўлдан чиқариш учун бу оламда пайдо бўлган.
Алвидо, тугатиш керак. Хатни олиб кетгани келишди. Йўлга ҳозирланиш зарур. Оҳ, Юра, Юра, азизим, қадрлигим, умр йўлдошим, болаларимнинг отаси, нималар бўляпти, ахир. Биз энди ҳеч қачон, ҳеч қачон кўришмаймиз. Мен шу сўзларни сенга ёздим. Уларнинг маъносини чақиб олиш сенинг вазифанг. Сен тушуняпсанми, тушуняпсанми, ахир? Шоширишяпти. Мени қатлга олиб кетгани келишганга ўхшайди. Юра! Юра!”
Юрий Андреевич бир томчи ҳам ёш қолмаган кўзларини хатдан узди, ниятлари тортиб олинган, ғамдан қовжираб, изтиробдан мажолсизланган аҳволда эди. Атрофдаги ҳеч нарсани кўрмас ва англамасди.
Дераза ортида қор ёға бошлаган эди. Шамол қорларни суриб борар, лаҳза сайин тезлашар, гўёки пойгалашаётгандек керакдек шошиларди. Юрий Андреевичнинг кўзлари қор уюмларини эмас, балки Тонянинг хатидаги мисраларни кўраётгандек эди, кўз ўнгида қуп-қуруқ қор зарралари эмас, балки майда қора ҳарфлар орасидаги оппоқ қоғоз парчалари жонланарди. Юрий Андреевич беихтиёр инграб юборди ва кўкрагини чангаллади. У ҳушини йўқотаётгандек бўлди, диван томонга бир нечта қинғир-қийшиқ қадам ташлади ва ўринга беҳуш йиқилди.

ЎН ТЎРТИНЧИ ҚИСМ

Яна Варикинода

Қиш кириб келди. Паға-паға қор ёға бошлади. Юрий Андреевич шифохонадан уйга қайтди.
– Комаровский келди, – деди нохуш ва бўғиқ овозда Лара уни қаршилайтуриб. Улар кираверишдаги майдончада туришарди. Аёл худди биров калтаклагандек эди.
– Қаерга? Кимникига? Бизникидами?
– Йўқ, албатта. У эрталаб келганди, кечқурун қайтишни режалаштирган экан. Тез орада келади. Сен билан гаплашмоқчи.
– Нега келибди?
– Сўзларидан кўп нарсани тушунмадим. Айтишича, Узоқ Шарққа кетатуриб, бу ерда тўхтабганмиш. Атайин қинғир-қийшиқ йўллардан ўтиб, бизни кўргани Юрятинга келган эмиш. Асосан, сен билан Пашани деб келганга ўхшайди. Иккалангиз ҳақингизда кўп гапирди. Яна айтишича, биз учаламиз, яъни, сен, Патуля ва мен катта хавф остида қолган эмишмиз. Айтганларини бажарсак, ёлғиз ўзи бизни қутқара олармиш.
– Мен кетаман. Уни кўришга тоқатим йўқ.
Лара йиғлаб юборди. Тиз чўкишга интилди, докторнинг оёқларини қучоқлаб, бош ургиси келди, бироқ шифокор аёлни ушлаб қолди.
– Мен учун қолгин, ёлвораман. У билан ёлғиз қолишни истамайман. Бу жуда оғир. У билан якка қолишдан қутқар. Кейин, бу одам амалиётчи, кўпни кўрган. Балки у бизга қандайдир маслаҳат берар. Сенинг ундан нафратланишинг табиий. Сендан ўтинаман, ўзингни мажбурлаб бўлса-да, шу ерда қол.
– Сенга нима бўлди, фариштам? Тинчлан. Нима қилаяпсан? Ҳеч кимга тиз чўкма. Тур ўрнингдан. Кўнглингни чўктирма. Сени қўрқувга солаётган васвасадан халос бўл. У одам сени бир умрга қўрқитиб қўйибди. Мен ёнингдаман. Агарки хоҳласанг ва буюрсанг, мен уни ўлдираман.
Ярим соатлардан кейин кеч тушди. Ҳаммаёққа қоронғилик ёйилди. Мана, ярим йилдирки, полдаги барча тешиклар беркитилган. Янги тешиклар пайдо бўлиб қолса, Юрий Андреевич дарҳол уларни ҳам ёпиб ташлайди. Уйга сергак катта бароқ мушук топиб келишди. Каламушлар уйдан бутунлай кетгани йўғу, аммо бироз эҳтиёткорроқ бўлиб қолган.
Комаровскийни кутишар экан, Лариса Фёдоровна ўзларига ўлчаб берилган қора нондан ва бир неча қайнатилган картошкадан ликопчага солди-да, столга қўйди. Меҳмонни эски хўжайинлардан қолган овқатланиш хонасида қабул қилишмоқчи эди. Ўша хонада ҳали ҳам овқатланишар эди. Хонада кенг ва катта эман столи бор бўлиб, ёнида ўша дарахт ёғочидан ясалган оғир буфет турарди. Стол устидаги идишга касторка қуйилиб, пилик туширилган ҳолда ёниб турарди. Уни докторнинг сайёр чироғи деб аташарди.
Комаровский декабрнинг қоронғи тунида бўралаб ёғаётган оппоқ қорга беланган ҳолда кириб келди. Пўстинидан, қалпоғи ва калишларидан қор эриб тушар, полда кўлмак ҳосил қилар эди. Комаровскийнинг анчадан бери олинмаган соқол-мўйлови масхарабозларникига ўхшаб қолганди. Эгнида авайлаб-асралган камзул-шим бор эди. Саломлашишдан аввал у нам, эзилган сочларини чўнтак тароқчасида яхшилаб таради, дастрўмолчасида мўйлови-ю соқолини артди. Кейин бирданига лом-мим демасдан, мазмундор ифода билан бир вақтнинг ўзида чап қўлини Лариса Фёдоровнага, ўнгини эса Юрий Андреевичга узатди.
– Бир-биримизни эски танишлар деб билсак, – мурожаат қилди у Юрий Андреевичга. – Мен дадангиз билан жуда қалин эдим, эсларсиз. Қўлимда жон берган. Сизга қараб, нуқул ўхшашлик қидиряпман. Афтидан, дадангизга тортмагансиз. Феъли кенг одам эди. Ҳужумкор, интилувчан. Ташқи қиёфангизга қараганда, кўпроқ онангизга ўхшаб кетасиз. Майиздеккина аёл эди. Орзулари бир жаҳон эди.
– Лариса Фёдоровна сизни эшитиб кўришимни сўради. Айтишича, менда қандайдир ишингиз бор эмиш. Унинг илтимосини бажаришга рози бўлдим. Демак, суҳбатимиз мажбурийроқ руҳда бўлади. Ўз хоҳишимга кўра сиз билан танишмаган бўлардим. Ҳар ҳолда мен, бир-биримиз билан танишиб олдик, дея олмайман. Шунинг учун ҳам тезроқ асосий масалага ўтсак. Сизга ўзи нима керак?
– Салом, менинг азизларим. Мен ҳаммасини ҳис қилиб, тушуниб турибман. Дадиллигим учун кечирингу, лекин сизлар бир-бирингизга даҳшатли даражада мос экансизлар. Сизларни олий даражада бир-бирига мос келувчи жуфтлик деб атаса бўлади.
– Гапингизни бўлишга мажбурман. Сизга тааллуқли бўлмаган масалаларга аралашмасангиз. Сиздан ҳеч ким хайрихоҳлик истаётгани йўқ. Қаердалигингизни унутиб қўйяпсиз.
– Яхши йигит, сиз бирданига бунақа чатнаб кетманг-да. Энди айтсам, сиз кўпроқ дадангизга ўхшаяпсиз. Худди тўппонча ва порох. Рухсатингиз билан, болаларим, сизларни табриклайман. Афсуски, фақат менинг сўзларим билан эмас, балки бошқаларнинг тилидан ҳам сизларни бола деса бўлади, чунки дунёдан буткул бехабар, ҳеч нарса устида бош қотирмай яшайдиганга ўхшайсиз. Бу ерда бор-йўғи икки кун бўлдим, аммо сиз ҳақингизда сиз ўйлагандан кўра кўпроқ нарса билиб олдим. Сира ўйлаб кўрмаганингиз сабабли тўппа-тўғри жар ёқасида кетаётганингизни билмайсиз. Ҳозир бир йўл топиб, хавф бартараф қилинмаса, эркинлигингиз онлари ва ҳаётингиз кунлари тугаб битиши ҳеч гап эмас. Ҳозир коммунистик услуб деган бир меъёр чиққан. Камдан-кам одамгина унга мос келади. Шу кунларда, Юрий Андреевич, ўз яшаш ва ўйлаш услубини энг кўп бузаётган одам фақат сиз экансиз. Ари уясига чўп тиқишнинг нима ҳожати бор? Сиз бутун дунё кулгиси остида қолгансиз, унинг жароҳатига айлангансиз. Бундай яшаш сизнинг сирли томонингиз бўлиб қолса ҳам майли эди. Лекин бу ерда Москвадан келган ва катта таъсир кучига эга бўлган кишилар бор. Сизнинг ичингиз уларга ойнадек равшан бўлиб турибди. Бу ерлик аёллар ҳуқуқлари учун кураш ҳомийлари сиздан ғазабда. Антипов билан Тиверзиннинг яқинлари Лариса Фёдоровнага ва сизга тишларини қайраб турибди. Сиз – эркаксиз, сиз – эркин казаксиз, дейдилар эркин рус далаларида. Ўз ҳаётини гаровга қўйиб, ўйин кўрсатмак сизнинг қонуний ҳуқуқингиздир. Бироқ Лариса Фёдоровна эркин инсон эмасдир. У она бўлиб, қўлларида бола ҳаёти ва тақдирини тутиб турибди. Булутлар ортидан учиб, хаёлий парвозларга берилишга унинг ҳаққи йўқ. Бутун тонгни Лариса Фёдоровнага бу ердаги вазиятга жиддийроқ ёндошиш кераклигини уқтиришга бағишладим. У мени эшитишни ҳам хоҳламайди. Сиз ўз мавқеингиз билан Лариса Фёдоровнага таъсир ўтказиб, уни тўғри йўлга солишда кўмак беринг. Катеньканинг хавфсизлиги билан ҳазиллашишга ҳаққи йўқ, менинг гапларимга ҳам қулоқ солмоғи лозим.
– Ҳаётимда ҳеч кимни бирон нарсага зўрлаб кўндирмаганман. Айниқса, яқинларимга нисбатан зўрлик ишлатмаганман. Лариса Фёдоровнанинг кимнидир эшитишни исташи ёки истамаслиги – унинг ўз ишидир. Ундан ташқари, гап нима ҳақдалигини мутлақо тушунмаяпман. Сиз ўз мулоҳазаларим, дея атаётган фикрлар ҳам менга нотаниш.
– Йўқ, сиз борган сари менга ўз дадангизни эслатиб юборяпсиз. У билан ҳам бир битимга келиш қийин эди. Шундай қилиб, асосий масалага ўтамиз. Фақат бу анчагина мураккаб масала бўлгани учун ҳам кўпроқ сабр-тоқат талаб қилинади. Илтимос, гапимни бўлмасдан тингланг. Юқорида жуда катта ўзгаришларга тайёргарлик кўрилаётганмиш. Йўқ, йўқ, бу маълумотлар менга энг ишончли манбалардан етиб келган. Уларга сира шубҳа қилмасангиз ҳам бўлади. Ҳаётнинг ўта демократик йўлига ўтиш, умумий қонуниятларга ён бериш каби тадорикларнинг жуда яқин келажакда амалга ошуви кўзда тутилмоқда. Айни шулар важидан йўқотилиши мўлжалланган жазо муассасалари жони чиқар олдидан сўнгги талваса билан ҳужумга ўтиши мумкин, Юрий Андреевич. Исмингиз рўйхатга кирган. Ҳазил билманг, ўз кўзим билан кўрдим, менга ишонишингиз мумкин. Халос бўлиш ҳақида ўйланг, акс ҳолда кеч бўлади. Лекин бу гапларнинг ҳаммаси ҳали кириш сўз ўрнида айтилаётган эди. Масаланинг асосига ўтаман.
Тинч океанига яқин денгиз соҳилларида ҳозир собиқ муваққат ҳукумат ва тарқатиб юборилган таъсис мажлисидан қолган сиёсий кучлар тўпланмоқда. Бу ерга дума аъзолари, жамоат арбоблари, тадбиркорлар, саноатчилар, ер ишлари билан шуғулланувчилар келмоқда. Кўнгилли генераллар ўз армияларининг қолдиқларини худди шу ерда тўплашяпти. Совет ҳокимияти Узоқ Шарқ Республикаси туғилишига панжа орасидан қарамоқда. Қизил Сибирь билан ташқи дунё ўртасида алоқа ўрнатиш учун ҳам худди шундай сиёсий бир қурилма зарур эди. Янги республика ҳукумати қоришиқ таркибга эга бўлади. Ҳукуматдаги ўринларнинг ярмидан кўпи Москванинг ўзидаёқ коммунистларга ажратиб берилибди. Бундай тақсимот зарур бўлган пайтда республикани қўлга олиш ва истаган йўлга солиш имконини туғдирарди. Бу ерда ғоя жуда аниқ ишланган бўлиб, гап вақтдан унумли фойдаланишда эди.
Мен бир вақтлар, аниқроғи, инқилобдан илгари Владивостокда ака-ука Архаровлар, Меркуловлар каби кўплаб савдо ҳамда банк ходимларининг ишларини юритганман. У ерда мени яхши билишади. Шу ишни ташкил қилаётган ва исми сир тутилишини истаётган эмиссарлардан бири менга ярим махфий, ярим очиқ тарзда Узоқ Шарқ ҳукуматига адлия вазири лавозимига киришни таклиф қилди. Мен рози бўлдим ва ўша ёққа жўнаб кетяпман. Айтганимдек, бу музокараларнинг ҳаммаси совет ҳокимиятининг розилиги ва назорати остида ўтяпти. Фақат бу музокаралар биз ўйлаганчалик ошкора тарзда давом этаётгани йўқ. Демак, бу масала атрофида ортиқча шов-шув кўтаришнинг ҳам ҳожати йўқ. Мен сизни ва Лариса Фёдоровнани ўзим билан бирга олиб кетишим мумкин. У ердан денгиз йўли орқали ўзимизникилар томонга осонгина ўтсангиз бўлади. Уларнинг сургун қилинганини аллақачон эшитгандирсиз. Бу масала катта шов-шувларга сабаб бўляпти. Бу ҳақда бутун Москва гапиряпти. Мен Лариса Фёдоровнага Павел Павлович бошига ёғилган хавфни бартараф этишга ваъда бердим. Мустақил ва тан олинган ҳукумат аъзоси сифатида мен Стрельниковни қидириб топаман, унинг Шарқий Сибирдан бизнинг мухтор вилоятимизга ўтишига кўмаклашаман. Агарда унинг қочишига имконият яратолмасак, алмашув таклиф қиламан. Бу алмашувга кўра Павел Павлович иттифоқдошларимиз томонидан асирликда ушлаб турилган, Москва учун юксак қийматга эга бўлган бирор шахсга айирбошланади.
Лариса Фёдоровна суҳбат мазмунини зўрға илғаб олар, масаланинг мағзи нимадалигига баъзан ақли етмай ҳам қоларди. Фақат Комаровскийнинг сўзлари доктор билан Стрельниковнинг хавфсизлигига келиб тақалганда, аёл ўйчан бефарқлик ҳолатидан чиқди, кутиб турди, бироз қизаринқираб луқма ташлади:
– Юрочка, тушуняпсанми? Бу тадорик сен ва Пашанинг ҳаёти учун эканлигини пайқаяпсанми?
– Дўстгинам, жуда ишонувчансан. Ҳозиргина ўйлаб топилганларнинг барчаси ўша заҳоти ҳал бўлди, дея тушуниш тўғри эмас. Мен Виктор Ипполотович ҳаммамизни маймундай ўйнатяпти, демаяпман. Бу гапларнинг бари чучварани хом санашдан! Энди, Виктор Ипполотович, менинг бир неча оғиз гапимни эшитинг. Тақдирим борасида қайғурганингиз учун минг раҳмат. Ўйлайсизки, мен тақдиримни сизнинг яратишингизга йўл қўйиб бераман! Лара билан Пашага қилаётган ғамхўрлигингиз тўғрисида бўлса, ўйлаб кўриш лозим.
– Масаланинг моҳиятини тушуняпсанми? Биз у билан бирга кетамизми ёки йўқ? Ўзинг жуда яхши биласан, сенсиз ҳеч қаёққа бормайман.
Комаровский Юрий Андреевич амбулаториядан келтирган сув аралаштирилган спиртдан тез-тез ҳўплаб ўтирар, ора-сира битта-яримта картошка чайнаб қўяр ва аста-секин мастликдан кўзи сузилиб борарди. Сўзбозлигу ақлбозлик ва бунинг устига деярли ҳеч кимга алоқаси бўлмаган мавзу устидаги суҳбатнинг ҳаддан ортиқ чўзилиши Лариса Фёдоровнанинг жонига теккан эди. Натижада, у хайрлашиш учун Комаровскийга қўл чўзар экан, ҳеч бир юзхотирликсиз шундай деди:
– Кеч бўлиб қолди. Кетишингиз керак эмасми? Менинг уйқум келаяпти.
– Мендай меҳмонни бундайин кечки соатда эшик ортига ҳайдамассиз. Кечаси бегона шаҳарда йўл топиб кетишимга ишонмайман.
– Бу ҳақда илгарироқ ўйлаш керак эди ва гапни чўзиб ўтиравермаслик лозим эди. Сизни ҳеч ким ушлаб тургани йўқ эди.
– Ие, нега сиз мен билан бунчалик қўрс оҳангда гаплашяпсиз? Сиз ҳатто ётарга жойим бор-йўқлигини ҳам сўрамадингиз-а?
– Мутлақо қизиғи йўқ. Ўзингизни хафа қилдириб қўймайсиз. Агар мен ва Катенька ётадиган жойда тунни ўтказмоқчи бўлсангиз, бундай таклифга ҳеч рози бўлмайман. Бошқа хоналарда эса каламуш тинчлик бермайди.
– Мен улардан қўрқмайман.
– У ҳолда ўзингиз биласиз.
…Улар бўзарган қиш тонгида шаҳардан чиқиб кетдилар. Варикинога куннинг ёруғ пайтида чанада гўёки учиб кирдилар ва эски Живаго уйи олдида тўхтадилар… Юрий Андреевич рўзғор буюмларидан ҳеч нарса тополмади… Улар яна йўлга тушдилар.
Микулицинлар уйи эшигида икки зулфинга битта осма қулф илинганди. Юрий Андреевич қулфни уриб синдиришга кўп уринди ва охири винтларга ёпишиб қолган ёғоч бўлаклари билан чиқариб олди. Аввалги уйда бўлганидек, бу хонадонга ҳам шошилиб, ечинмасдан, пўстинлари-ю қалпоқлари ва пиймаларида ёпирилиб кирдилар.
Уйда меҳмонлар кўзига ярқ этиб ташланадиган нарса тартиб муҳри эди, у айрим буюмларга босилган, Аверкий Степановичнинг кабинети ҳам муҳрланган эди. Бу ерда яқингинада кимнингдир яшаб кетганлиги сезиларди. Фақат ким яшаган экан? Агар уй соҳиблари ёки улардан биронтаси турган бўлса, нима учун эшикка ички қулф ўрнатилмасдан, осмаси илиб қўйилган? Агар уй эгалари узоқроқ яшаган бўлса, у ҳолда хонадоннинг бир қисми эмас, балки тўлиқ йиғиштирилган бўларди. Хонадонга Микулиццинлардан бошқа яна кимдир кирганга ўхшарди. Унда ўша одам ким? Бундайин номаълумлик доктор билан Ларани қийнамасди. Улар бу ҳақда бош қотириб ўтирмадилар. Ярим мулки ўғирланиб, ўзи ҳаво ҳукмига топшириб кетилган хонадонлар камми ҳозир? Ёки таъқибдан қочиб, у ер-бу ерда яшириниб юрганлар оз дейсизми? “Қидирувдаги оқ зобитлардан бири бўлса керак, – деган фикрга келдилар доктор билан Лара. – Борди-ю келиб қолса, кўришармиз, келишармиз”.
…Шифокорнинг ниманидир қоралагиси, сатрларни қалаштириб ташлагиси келарди. Аввалига у эскироқ бирор нарсани эслашга уринади. Шу йўл билан танаффусда зерикиб қолган иқтидорини қайтадан уйғотади. Юрий Андреевични бахтга тўла, фароғатли, тотли ҳаёт ва сукунат қуршаб олгандек эди. Лампа ёруғи оқ қоғоз узра олтин рангда оқиб тушар, сиёҳ билан сиёҳдон ичига кириб олар ва гўёки сузиб юрарди. Дераза ортида зангори қиш туни ҳукмрон эди. Юрий Андреевич печкаси ёқилмай музлаб ётган қўшни хонага қадам қўйди. Бу ердан ташқари яхшироқ кўринарди. Қиш кечасининг гўзал манзараси таърифга сиғмасди. Ҳозир докторнинг қалбида бутун дунё мужассамдек эди. У ёруғ, иссиққина хонага қайтди-да, ёзишга тутинди.
У икки-учта енгилгина банддан ва ўзини ҳайратга солган қиёслардан сўнг ишга тамоман берилиб кетди, илҳом дея аталувчи ҳолатга шўнғиб бораётганини ҳис қилди. Бу пайтда ижодни бошқарувчи кучлар маълум бўлиб қолар экан, ифодаланаётган инсон ва унинг руҳий ҳолати эмас, балки уларни акс эттирувчи тил асосий ўринга кўтарилар экан. Тил – гўзаллик ҳамда фикрнинг ватани-ю, гўё унинг ўзи инсон ўрнида ўйлайди ва гапира бошлайди, шунингдек, тўлиғича мусиқадай жаранглайди. Бунда мусиқа деганда, ташқи овоз жарангини эмас, балки инсоннинг ички дунёсидаги сўзлар ҳаракатчанлиги ва қудратини тушуниш ўринли бўлади. Ўша тил қудратли дарё оқими сув тагидаги тошларни йўл-йўлакай ўзи силлиқлаб боргани каби ёки айланиб турувчи тегирмон ғилдираги сингари нутқ оқимининг кучайиш қонуниятларига мос ҳолда вазну қофияни, яна бошқа минглаб хил унсурларни юзага келтиради. Ўша унсурлар орасида шундай муҳимлари ҳам борки, улар ҳали етарлича ўрганилмаган, уларга ном ҳам қўйилмаган.
Юрий Андреевич қоғоздан бош кўтарганида, соат тунги уч бўлган эди. Берилиб ишлагандан кейин бутун вужудида бахтиёрлик, куч-қудрат, хотиржамлик ҳиссини сезарди. Тўсатдан у дераза ортидаги узоқ-узоқларга ёйилган чексизликдан қандайдир ғамгин, ингроқ товуш эшитди…
Қўшни саройлардаги пичан уюмлари ҳам тугаб, қаердандир яна чиқиб қолишига умид йўқ эди. Бу ерда узоқроқ қолишнинг иложи бўлганда, доктор атрофни айланиб чиққан, ем-хашак билан озиқ-овқат захирасини тўлдириш чораларини топган бўларди.
Доктор отни чанага қўшгани чиқиб кетди. Бу ишни зўрға бажарарди. Уни бу ишга Самдевятов ўргатган эди. Юрий Андреевич тажрибасиз қўллари билан зарур бўлган ҳамма ишни бажарди. Аввал у тасманинг қуйма темир учини ёйга ўраб, шотига боғлади, сўнгра қисқичлар билан тортиб маҳкамлади ва отни зина ёнига олиб бориб, унга боғлаб қўйди. Шу тариқа иш битгач, шифокор Ларанинг олдига чиқиб, кетишга тайёргарлик кўриш мумкинлигини айтди.
Лара билан Катенька кетишга тайёр бўлиб кийиниб олишган, ҳамма нарсани йиғиштириб бўлишган эди. Фақат Лариса Фёдоровна қаттиқ ғамга ботган ҳолда кўз ёшларини арта-арта Юрий Андреевичдан бир дақиқага ўтиришни илтимос қилар, креслога ўзини ташлар, қайтиб турар ҳамда ўз сўзларини “тўғри эмасми?” деган хитоблари билан бўлиб турарди. Шу хитобни баланд ва ингичка оҳангда айтгани билан қолган сўзларини тез-тез ва шошилиб сўзларди:
– Мен айбдор эмасман. Қандай қилиб бундай бўлди? Фақат ҳозирнинг ўзида жўнаб кетиш мумкинми? Яқинда қоронғи тушади. Тунда йўлда бўламиз. Худди ўша ўзингнинг ўрмонингда бўламиз. Тўғри эмасми? Сен нима десанг, мен шуни бажаришга тайёрман, лекин ўзимча бу ердан ҳозир кета олмас эдим. Бу ерда мени нимадир ушлаб турибди. Юрагим безовта. Яна ўзинг биласан. Тўғри эмасми? Нега сен жим турибсан? Нима учун бирорта сўз айтмайсан? Эрта тонгдан бери бекор юриб, куннинг ярмини ўтказиб юбордик. Эртага бу такрорланмайди, биз ҳушёрроқ бўламиз, тўғри эмасми?
– Ошириб юборяпсан. Қоронғи тушишига ҳали анча бор. Ҳали жуда вақтли. Аммо, майли, сенингча бўлсин. Яхши. Қоламиз. Фақат тинчлан. Қарагин, қанчалар ҳаяжондасан. Майли, пўстинларни ечиб ётаверамиз. Мана, Катенька қорни очганини айтяпти. Тамадди қилиб оламиз. Сен ҳақсан, бугунги кетишимиз кутилмаган, тайёргарликсиз бўлур эди. Худо ҳаққи, фақат ҳаяжонланма ва йиғлама. Ҳозир печка ёқаман. Лекин ундан аввал чанага қўшилган отда ўтин келтираман. Ўтин умуман қолмади. Фақат сен йиғлама. Тезда қайтаман.
Шифокор уйига қалби тўла хавотир билан етиб келди. Уйдан шовқин-сурон эшитилиб турарди. Юрий Андреевич эшитишни истамаганидан, эшитганда ҳам ниманидир тушунишга қодир эмаслигидан беихтиёр қадамларини секинлаштирди ва тўсатдан тўхтаб қолди. Сўзларни аниқ эшитмаса-да, Комаровский, Лара ва Катеньканинг овозини жуда яхши таниди. Комаровский Лара билан тортишарди. Ларанинг овоз оҳангига қараганда, аёл ҳаяжонланар, йиғлар, гоҳ кескин эътироз билдирар, баъзида эса суҳбатдошининг фикрларига ён берарди. Юрий Андреевич ички туйғу билан шу дақиқада Комаровский унинг ўзи ҳақида гап очганини пайқаб қолди. Комаровский мулоҳазаларидан аён бўлишича, унга ишониш қийин экан (“Икки бойга бир малай” деган ибора ўтди шу онда Юрий Андреевичнинг хаёлидан). Унинг учун оиласи муҳимми ёки Лара қадрлироқми? Буни билиб бўлмайди. Ларанинг унга ишониши мумкин эмас, аёл докторга умид боғлаб, “икки қуённинг ортидан қувиб, стул орасида қолиши ҳеч гапмас”. Худди шу вақтда Юрий Андреевич уйга кириб келди. Доктор хонага кириши билан Лара ва Виктор Ипполитович унга ташландилар.
– Қаерга йўқолиб қолдинг? Ҳозир шу қадар кераксанки!
– Салом, Юрий Андреевич! Ўтган галги учрашувимизда бир-биримиз билан дағалроқ муомала қилган бўлсак-да, кўриб турганингиздек, сизникига ҳеч бир таклифсиз келавердим.
– Салом, Виктор Ипполитович.
– Бунча узоқ вақт қаерда қолиб кетдинг? Бу одам нима деяётганини яхшилаб эшит, ўзинг ва мен учун тезда бирор қарор қабул қил. Вақт йўқ. Шошилиш зарур.
– Нега тик турибмиз? Виктор Ипполитович, ўтиринг. Ларочка, қаерга ҳам кетардим? Ўтинга кетганимни билар эдинг-ку. Кейин отга қарадим. Виктор Ипполитович, ўтиринг.
– Ҳайрон бўлмаяпсанми? Нега ҳайратингни ошкор қилмайсан? Бу одамнинг кетиб қолгани-ю унинг гапларига қулоқ солмаганимизга кўп афсус қилган эдик. Мана, у сенинг ёнингда. Энг сўнгги янгиликларни унга айтиб беринг.
– Лариса Фёдоровна нималарни кўзда тутаётганини билмайман, бироқ ўз навбатида шуларни маълум қиламан. Жўнаб кетганим ҳақида атай овоза тарқатдим. Ўзим бўлсам яна бир неча кун шу ерда қолдим. Бундан мақсад сизга ва Лариса Фёдоровнага яна ўйлаб кўриш ҳамда шошилмай қарор қабул қилиш имконини бериш эди.
– Фақат энди кечиктириб бўлмайди. Ҳозир жўнаб кетиш учун энг қулай пайт. Эртага тонгда… Ҳа, майли, қолганини Виктор Ипполитовичнинг ўзи сенга айтиб берсин.
– Бир дақиқа, Ларочка. Кечирасиз, Виктор Ипполитович. Нега биз пўстинларда, тик оёқда турибмиз? Аввал ечиниб, ўтириб олайлик. Гапимиз ахир жуда муҳим. Бунақа масалаларни тезда ҳал қилиб бўлмайди. Узр, Виктор Ипполитович. Бизнинг дарҳол рози бўлмаслигимиз руҳий ҳолатимиз билан боғлиқ. Буни муҳокама қилиб ўтириш ноқулай ва кулгилидир. Сиз билан қаергадир кетишни ҳеч ўйламаган эдим. Лариса Фёдоровна бошқа масала. Бизнинг хавотирларимиз бир-биримиздан ажралганда, ягона вужуд эмаслигимизни эслаган чоғларда туғилади. Ларанинг қизи учун ҳам режаларингиз ҳақида ўйлаб кўриши ўринли. У худди шундай қиляпти ҳам, яъни сиз ваъда қилаётган имкониятлар тўғрисида жуда кўп бош қотиряпти.
– Фақат битта шарти бор: сен ҳам бирга борган тақдирингдагина ўйлаб кўриш мумкин.
– Ажралишимизни тасаввур қилишнинг ўзи биз учун оғир. Шундай бўлса-да, бу мажбурий кўринади. Ахир, менинг сизлар билан бирга жўнашим тўғрисида гап ҳам бўлиши мумкин эмас.
– Ҳали ҳеч нарса билмайсан-ку. Аввал эшитиб кўр. Эртага тонгда… Виктор Ипполитович!
– Чамаси, Лариса Фёдоровна мен келтирган ва унга етказган маълумотларни кўзда тутяпти. Юрятин йўлида жўнашга тайёр бўлиб, Узоқ Шарқ ҳукуматининг хизмат поезди турибди. У кеча Москвадан келди ва эртага манзилига жўнаб кетади. Бу бизнинг темирйўл вазирлигимизга қарашли поезддир. Унинг ярми ётиб кетишга мўлжалланган халқаро вагонлардан иборат. Шу поездда кетишим керак. Менинг ишчи гуруҳимдагилар учун поездда ўринлар ажратилган. Ҳаммамиз маза қилиб кетган бўлардик. Бундай имконият бошқа бўлмайди. Сизнинг ёлғон гапирмаслигингизни биламан. Менимча, қарорида қатъий кишисиз, сиз уни ўзгартирмайсиз. Аммо Лариса Фёдоровна учун, ўзингизни мажбурлаб бўлса-да, биз билан бирга кетиш ҳақида яна бир бор ўйлаб кўринг. Ахир, эшитдингиз-ку, у сизсиз ҳеч қаерга кетмайди. Владивостоккача бўлмаса-да, ақалли Юрятингача бирга боринг. У ёғини кўрамиз. Шунинг учун шошилиш зарур. Бир дақиқани ҳам йўқотиш мумкин эмас. Ёнимда одамим бор. Ўзим отни яхши бошқаролмайман. Чанам кенг бўлса-да, бешаламиз унга сиғмаймиз. Адашмасам, ихтиёрингизда Самдевятовнинг оти бор. От ҳали чанадан ажратилмаганми?
– Йўқ, отни ажратиб қўйдим.
– Ундай бўлса, қайтадан қўшинг. Хизматкорим сизга ёрдамлашади. Э-э-э, керак эмас. Ҳаммамиз бир амаллаб менинг чанамда етиб олармиз. Фақат, худо ҳақи, тезроқ қимирланг. Йўлга қўлга илинган энг зарур нарсаларнигина олиш мумкин. Уй шундайлигича, қулфланмасдан қолаверсин. Қулфларга калит излаб юргандан кўра бола ҳаётини асраш зарур.
– Виктор Ипполитович, сизга тушунмай қолдим. Сиз менга ўзингиз билан бирга кетишга рози одамдек муомалада бўляпсиз. Агар Лара истаса, жўнайверинг, худо йўлингизни очсин. Уй тўғрисида ташвиш қилманг. Мен сиздан кейин ҳам бу ерда қолиб, ҳаммаёқни йиғиштираман, эшикларни қулфлайман, сўнгра жўнайман.
– Юра, нималар деяпсан? Ўзинг ҳам ишонмайдиган гаплардан нима маъни? “Агар Лара истаса…” дейсан. Жуда яхши биласан, Лара сенсиз ҳеч қаёққа бормайди, биронта ҳам қарор қабул қилмайди.
– Демак, сўзингиздан қайтмайсиз. Унда бошқа илтимосни эшитинг. Лариса Фёдоровнанинг рухсати ила сиз билан ёлғиз қолиб, ўзингизга бир-икки оғиз гап айтсам.
– Жуда яхши. Агар шу зарур бўлса, ошхонага юринг, Лара, сен қарши эмасмисан?
Виктор Ипполитович гап бошлади:
– Стрельников қўлга олинган, олий жазога буюрилган. Ҳукм ижро этилган.
– Қандай даҳшат. Наҳот шу рост?
– Шундай деб эшитдим. Мен бунга ишонаман.
– Ларага айтманг. У ақлдан озади.
– Албатта. Мен сизни бекорга бошқа хонага олиб чиқдимми? Оила бошлиғи отилгач, унинг хотини ва қизи хавфга жуда яқин турса бўлмас. Уларни қутқаришда менга ёрдамлашинг. Биз билан кетишдан қатъий бош тортасизми?
– Сизга айтдим-ку, албатта.
– Фақат у сизсиз ҳеч қаёққа кетмайди. Нима қилишни билмайман. У ҳолда сиздан бошқа бир кўмак сўралади. Сиз ёлғондан ўзингизни кетаётган қилиб кўрсатсангиз. Юрятинда ҳам, вокзалда ҳам бизни кузатишга чиқасиз-у, ҳеч ким билан хайрлашмайсиз. Кетаётганингизга уни тўлиқ ишонтириш керак. Унинг олдида ёлғондан қасам ичишингизга тўғри келади. Фақат менинг сўзларим ёлғон бўлмайди. Ишонингки, дилингизда ёнимизга келиш хоҳиши туғилган заҳоти чақириб олиш ва истаган томонингизга жўнатиб юбориш мажбуриятини зиммамга оламан. Лариса Фёдоровна бизни кузатаётганингизга иқрор бўлиши лозим. Айтайлик, тўсатдан отни чанага қўшиш учун чопиб кетасиз-да, ўша заҳотиёқ, яъни сизни кутмасдан йўлга чиқаверишни маслаҳат берасиз ҳамда орқамиздан қувиб етишни ваъда қиласиз.
– Павел Павловичнинг отилгани ҳақидаги хабардан даҳшатга тушдим, ўзимга келолмаяпман. Сўзларингизни зўрға тушуняпман. Аммо фикрингизга қўшиламан. Стрельников отилгач, Лариса Фёдоровна билан Катянинг ҳаёти ҳам хавф остида қолади. Барибир қайсимизнидир озодликдан маҳрум қиладилар-да, бизни бир-бирларимиздан ажратиб юборадилар. Шундай бўлгач, ҳозироқ ажратсинлар-да, узоқ-узоқларга, майли, дунёнинг икки четига улоқтирсинлар. Сизга бу сўзларни айтаяпману, ишлар режангизга мувофиқ ривожланмоқда. Айтган янгилигингиз мени ҳолдан тойдирди. Шундай изтиробга тушдимки, ўйлаш, мулоҳаза юритишга мажолим йўқ. Балки сизнинг сўзингизга кириб, тузатиб бўлмас хато қилаётгандирман ва бу адашиш деб бутун умр азоб чекарман. Фақат мени ҳолдан тойдираётган оғриқ таъсирида онгсиз равишда сўзингизга қўшилишга ва кўр-кўрона эргашишга мажбурман. Демак, хўжакўрсинга, ёлғиз унинг бахт-саодати деб, ҳозироқ отни тайёрлаб, орқаларингдан етиб боришимни эълон қиламан-да, охирида шу ерда ёлғиз ўзим қоламан. Фақат бир нарсани аниқлаб олайлик. Кеч тушаётганини кўриб туриб ҳам, йўлга чиқаверасизларми? Йўл ўрмондан ўтади. Атрофда бўрилар бор. Эҳтиёт бўлинг.
– Биламан. Милтиқ ва револьвер бор. Хотиржам бўлинг. Совуқ бўлгани учун озроқ спирт ҳам олганман. Етиб қолар. Хоҳласангиз бўлишамиз.
Шифокор карахт эди. “Нима қилиб қўйдим? Мен нима қилиб қўйдим? Бериб юбордим, воз кечдим, ён бердим. Орқасидан қувиб бориш, етиб олиш, қайтариш керакми? Лара! Лара! Эшитишмайди. Шамол тескари томонга қараб эсмоқда. Балки баланд овозда сўзлашаётгандирлар. Унинг қувонишга ва хотиржам бўлишига асослари бор. У алдовга берилди ва ҳозир нақадар адашганини билмайди. Мана унинг тахминий ўйлари: “Ҳаммаси унинг хоҳишига мувофиқ содир бўлди. Унинг хаёлпараст ва ўжар Юрочкаси ниҳоят бироз юмшади. Яратганга шукур. Юрочка энди ўзи билан бирга қандайдир мақбул жойга, улардан ақллироқ одамлар орасига, қонун ва тартиб ҳимоясига жўнайди. Борди-ю эртага феълини кўрсатиб, айтганида қаттиқ туриб, ўжарлик билан поездга ўтирмаса, Виктор Ипполитович орқасидан бошқа одамни юборади ва у одам сира кечикмай, ўз вақтида етиб келади. Ҳозир эса у, албатта-да, отхонада ҳаяжон ва шошилишдан адашаётган, бўйсунмаётган қўллари билан саманни ҳозирлаяпти, сўнг тезлик билан йўлга тушади, орқаларидан қувади, ҳали ўрмон бошланмасданоқ, яъни даланинг ўзидаёқ етиб олади”.
Аёл тахминан мана шундай ўйлаётган бўлса керак. Улар тузук хайрлашганлари ҳам йўқ. Юрий Андреевич қўлини силкитиб, бошқа томонга ўгирилиб олди. Бу ҳаракати билан у томоғига бир бўлак олма тиқилиб, оғриқдан ўлаётганга ўхшаш қиёфасини яширган эди.
Доктор бир елкасига пўстинини ташлаган ҳолда зинада турар эди. У бутун онгу шуури билан борлиқдаги бир узоқ нуқтага боғланган эди. Бу ердан бирмунча узоқликда баландликка ўрлайдиган торгина йўл бўлиб, у бир нечта алоҳида ўсувчи қайинлардан бошланарди. Худди шу очиқ жойга айни дақиқаларда ботаётган қуёш нурлари тушиб турарди. Ўша жойга, яъни ёғдулар тушиб турган ерга лаҳза сайин унча чуқур бўлмаган пастликдан битта чана чиқиб келиши лозим эди.
– Алвидо, алвидо, – дея ҳушсиз, овозсиз такрорларди доктор кечки совуқ ҳавода титроқ товушларни ичидан итариб чиқарар экан. – Алвидо, ягона севгилим, мангуга йўқотганим! Кетишяпти! Кетишяпти! – дея шивирларди у оқарган лаблари билан. Худди шу пайтда чаналар қайинлар ёнидан бир-бир ўтиб, пастликдан тепаликка ўқдай отилиб чиқарди. Тезликни камайтиришди. Қандай қувончки, охирги қайин остида тўхташди. Оҳ, унинг юраги қандай уриб кетди, қандай уриб кетди, оёқлари майишди, ҳаяжоннинг зўридан худди шалвираган, елкадан оқиб тушаётган пўстинга ўхшаб қолди! “Оҳ, яратган эгам, афтидан, уни менга қайтаришни мўлжаллагансан? У ерда нима бўлди? Ўша кунботардаги чизиқда нималар бўляпти? Изоҳ қани? Улар нега тўхтадилар? Йўқ. Йўқолди. Яна жўнаб кетдилар. Афтидан, ўша аёл тўхташни илтимос қилди. У бир дақиқа тин олиб, хайрлашаётган манзилларига охирги марта назар солмоқчи бўлди, шекилли. Балки аёл Юрий Андреевичнинг йўлга чиққан-чиқмаганини билмоқчи бўлгандир, тезроқ етиб олишига умид боғлагандир? Кетдик. Кетдик.
Мана ўша дақиқа ҳам етиб келди ва ўтиб кетди. Қуёш нурлари кўкимтир қор уюмлари узра тўкиларди. Мана улар кўриндилар, ўқдай учиб ўтиб кетдилар. “Алвидо, Лара, у дунёда кўришгунча хайр, алвидо, гўзалим менинг, алвидо, шодлигим менинг, чексиз, туганмас, абадий муҳаббатим менинг”. Мана улар ғойиб бўлдилар. “Мен сени энди ҳеч қачон кўрмайман, ҳеч қачон, ҳеч қачон ҳаётимда учратмайман, сени энди ҳеч қачон кўрмайман”.
Кўнгилдаги изтироб Юрий Андреевичнинг ҳаяжонини баттар оширарди. Гўё у ҳаммасини ўн баробар кучлироқ ҳолда қабул қиларди. Теварак-атроф, ҳатто об-ҳаво ҳам ўзгача. Гўё қоронғилик ҳам бугунгидек бўлмаган. Оқшом фақат бугун тушаётганга ўхшарди. Ҳар ҳолда, етимдек бўлиб қолган, танҳоликка маҳкум одам учун шундай туюлиши табиий. Гўё теваракдаги ўрмон уфққа орқа ўгириб эмас, балки тартибни бузганча энди ер остидан чиқиб келгандек, хайрихоҳлик билдиришга тайёрдек кўринарди.
Доктор ўша дақиқалардаги ошкора гўзалликдан узоқлашишга уринар, бу иши билан гўё ўзига хайрихоҳлик билдираётган оламдан йироқлашгандек бўлар, ўзи томон интилаётган тонг нурларига: “Раҳмат. Керак эмас”, – деяётганга ўхшарди. У ёпиқ эшикка юз буриб, бутун дунёга орқа ўгиргандек зинада турарди. “Менинг порлоқ қуёшим ботди”, дея нуқул такрорларди шифокор ичидаги қандайдир куч даъватига бўйсуниб. Бу сўзларни овоз чиқариб айтишга мажоли етмас, томоғида қадалиб турган талвасалар ҳам бунга йўл бермасди.
У уйга кирди. Юрагида икки хил овозда монолог бошланаётган эди: бу монолог ўзига нисбатан қуруқ ва сохта туюлса, Ларага мурожаат сифатида ўқилганда ҳадсиз-ҳудудсиздек кўринарди: “Энди йўл Москвага. Биринчи навбатда – тирик қолмоқ зарур. Уйқусизликка берилмаслик даркор. Уйқуга ётмаслик керак. Кечалари ҳолдан тойгунча, яъни чарчоқ қулатгунча ишламоқ лозим. Мана яна бир нарса. Кечаси беҳудага совуқдан қотиб ўлмаслик учун ҳозироқ ётоқхонадаги печни ёқмоқ зарур”.
У ўз-ўзи билан яна мана бундай сўзлашарди: “Унутилмас гўзалим менинг! Ҳамон менинг қўлларим ва лабларимда мавжуд экансан, ҳамиша ўзим билан биргасан. Сен ҳақингда бирор арзигулик, узоқ вақтлар яшайдиган асар ёзиб, бор кўз ёшларимни унга тўкиб соламан. Хотиранг нафис, нозик, юракни ларзага келтирувчи ифодада мужассамлашади. Шу ишни тугатмагунимча, бу ердан кетмайман. Ўшандан кейингина жўнаб кетаман. Мана сени қандай тасвирлайман: хусусиятларингни денгиз тўлқинларини асоси ила парчаловчи бўрон тасвири акс этган қоғозга битаман. Ёнингдаги қумлоқда шиддатли, узоқ-узоқларга етиб боргувчи тўлқинлар излари мавж уриб туради. Денгиз ўз кўксидан ниманики, майда тошчалару, пўкаклару ўт-ўланларни улоқтиргани каби, ҳаёт бўрони сени ҳам менинг олдимга суриб келган эди. Сени мана шундай тасвир этаман”.
Доктор уйга кирди, эшикни ёпди, пўстинини ечди. Эрталаб Лара супуриб-сидириб тозалаган хонадаги бетартиб солинган тўшакни, полда-ю стулларда сочилиб ётган нарсаларни кўргач, ёш боладай каравот ёнида тиззалади, четига кўкрагини тираб, юзини босди ҳамда гўдаклардек енгил ва аччиқ йиғлаб юборди. Бундай ҳолат узоқ чўзилмади. Юрий Андреевич ўрнидан турди, тездан кўз ёшларини артди, чарчоқ ва ҳайратга тўлиқ нигоҳлари билан атрофга назар ташлади. У Комаровскийдан қолган шишани қўлига олди, қопқоғини очди, суюқликдан стаканнинг ярмигача қуйди, сув қўшди, қордан ҳам солди ва роҳат қилиб, шошилмай, ҳўплаб-ҳўплаб ичиб юборди.
Юрий Андреевич тушуниксиз аҳволда қолди. У секин-аста ақлдан озаётган эди. Умрида ҳеч бундай бўлмаганди. Уйга қарамай қўйди, ўзини ўйламайдиган бўлди, кечалари кундузга айланди, Лара кетгандан бери қанча вақт ўтганини билмай ҳам қолди. У ўзича тарихни, аниқроғи, тарих деб аталувчи ҳодисани бутунлай бошқача тушунарди. Назарида, тарих ўсимликлар дунёсидаги ҳаёт тарзига жуда ўхшаш эди. Қишда қор остида қолган яланғоч новдалар чолнинг соқол-мўйлови каби ингичка, сийрак бўлади. Баҳорнинг бир неча кунида ўрмон гўё янгиланади ва шохлари булутларгача бориб етади, барглар билан қопланган қуюқ дарахт шохлари орасида беркиниш, йўқолиб қолиш мумкин. Бу янгиланиш ҳаракат ҳисобига юз беради. Мазкур ўсиш-интилиш ҳайвонлардагидан кўра хийла тез кечади. Ўрмон ўз ўрнидан қўзғалмайди. Биз ўрмонни бир жойда қотиб қолгандек кўринувчи, аслида тинимсиз ўсувчи ва тараққий этувчи мавжудлик дея тушунамиз. Толстой Наполеон, ҳокимлару қўмондонлар ҳақида ёзатуриб, шахснинг тарихдаги ролини инкор қилар экан, фикрини охиригача етказмаган эди. Аслида, у ҳам масалани биздек тушунган, фақат охиригача аниқ-тиниқ қилиб айтишга улгурмаган. Майса ўсганини кўриш мумкин бўлмаганидек, тарихий ривожланишни ҳам кўз билан пайқашнинг иложи йўқ. Шунинг учун тарихни ҳеч ким яратмайди, деган гапда чуқур маъно бор. Урушлар, инқилоблар, подшолар, Робеспьерлар – булар тарихнинг ҳаракатлантирувчи, кўпиртирувчи қисмларидир. Инқилобни ҳаракатчан, бир томонлама фанатиклар, чекланган даҳолар амалга оширадилар. Улар бир неча соат ёки бир неча кун ичида эски тартибларни улоқтириб ташлайдилар. Тўнтаришлар бир неча ҳафта, кўпи билан бирон йил давом этиши мумкин. Кейин эса ўнйилликлар мобайнида одамлар ўша тўнтаришга сажда қилиб яшайдилар.
Лара деб йиғлар экан, шифокор ўтмишдаги Мелюзеево ёзини ҳам аянч билан эсга олди. Ўшанда инқилоб одамлар кўзига осмондан тушган худо бўлиб кўринган эди. Ўша ёз худоси қўл остида ҳар ким ўзи билганча яшайверди. Ҳамманинг ҳаёти ўзича давом этар, фақат юқоридан жорий этилган сиёсатга мос келса бўлди эди. Шу тариқа ҳар хил ҳодисаларни тасвирлаш ва хаёлдан ўтказиш асносида доктор ўз хулосаларига янада ишонч ҳосил қиларди. Унинг энг асосий хулосаси шуки, санъат ҳар доим гўзалликка хизмат қилади. Гўзаллик эса муайян шаклга эга бўлиш бахтидир. Шакл мавжудликнинг калитидир. Мавжуд бўлмоқ учун ҳар бир яшовчи жисм ўз шаклига эга бўлмоғи зарур. Шундай қилиб, санъат ва унинг таркибидаги фожиавий қисм ҳам мавжудлик бахти ҳақидаги ҳикоядир. Ушбу ёзувлар ва мулоҳазалар ҳам унга бахт келтирарди. Фақат бу бахт фожиага, кўз ёшларига тўлиқ эди. Ундан бош чарчоқ ва оғриққа тўларди.
Шифокорни кўргани Анфим Ефимович келиб кетди. У ҳам ароқ келтирди, Антипова қизи ва Комаровский билан жўнаб кетгани ҳақида ҳикоя қилиб берди. Анфим Ефимович докторни отга яхши қарамаганликда айблаб, саманни ўзи билан олиб кетди, Юрий Андреевичнинг яна уч-тўрт кун сабр қилиб туриш тўғрисидаги илтимосига қулоқ ҳам солмади. Бироқ у бу вақт ичида қайтиб келиб, докторни Варикинодан олиб кетишга ваъда берди.
Баъзан ёзиб, ишлаб ўтирар экан, Юрий Андреевич хотирасида аёл бутун кўриниши билан жонланар, доктор назокату айрилиқ даҳшатини туйиб, ақлдан озай дерди. Узоқ болалик чоғларида, ёзнинг энг гўзал пайтларида қушлар овози орасида вафот этган онасининг товуши ҳам эшитилгандек бўларди. Ҳозир унинг алаҳсирашдан гангиган қулоқларига нариги хонадан гоҳида: “Юрочка”, – деган садо келиб урилгандек бўлар эди. Шу ҳафта ичида у бошқа бир ҳиссий алданиш ҳолатларини ҳам туйди. Жумладан, ҳафта охирида кечаси тушида уй тагидаги аждаҳо қароргоҳини кўратуриб, тўсатдан уйғониб кетди. У кўзларини очди. Тўсатдан жарлик остида ёруғлик чақнади ва отилган ўқ товушидан ҳаммаёқ гумбурлаб кетди. Ҳайратланарли жойи шунда эдики, мазкур воқеадан бир дақиқа ўтар-ўтмас доктор яна ухлаб қолди, эрталаб эса ҳаммасини тушга йўйди.
Оқшом олдидан, яъни ҳали қуюқ қоронғилик тушмасдан кимнингдир қорда оғир-оғир қадам ташлагани эшитилди. Кимдир дадил, шиддатли қадамлар билан уйга яқинлашарди. Қизиқ. Ким бўлиши мумкин? Анфим Ефимович отда келган бўларди. Ҳозир Варикинодан бошқа йўловчилар ҳам ўтмай қўйган. “Мени олиб кетгани келишди, – деб ўйлади Юрий Андреевич. – Шаҳарга етиб бориш ҳақидаги чақириқ ёки талаб билан. Ё бўлмаса, қамамоқ учун. Фақат улар мени нимада олиб кетадилар? Шунда ҳам улар икки киши бўлишлари керак эди-ку. Бу – Микулицин, Аверкий Степанович”, – деган қарорга бориб, шифокор қувониб кетди. У меҳмонни юришидан танигандек эди. Бу орада кимлиги ҳали топишмоқ бўлиб турган одам зулфини уриб туширилган эшик олдида бир дақиқа тўхтаб қолди, ундан мўлжалдаги қулфни топмади. Сўнгра ишончли қадамлар билан олға юрди, йўлда учраган эшикларни очиб ҳам ёпиб келаверди.
Бу вақтда Юрий Андреевич кираверишдаги эшикка орқа ўгириб, ёзув столига эгилиб ишлаб ўтирарди. Доктор ўрнидан туриб, эшикка юз бурганида меҳмон остонада қоққан қозиқдек турар эди.
– Сизга ким керак? – деган савол отилиб чиқди докторнинг бўғзидан. Жавоб бўлмади. Юрий Андреевич бунга ҳайрон қолмади.
Меҳмон кучли, қадди-қомати келишган, кўркам киши эди. У эгнига пўстин, шим, оёқларига эчки терисидан тикилган этик кийганди, елкасида тасмали милтиқ осилиб турарди. Меҳмоннинг келиши эмас, балки унинг пайдо бўлиш лаҳзаси кутилмаган ҳодисадек туюлди. Уйдаги баъзи топилмалар ва айрим бошқа белгилар Юрий Андреевични бу учрашувга ичдан тайёрлаб қўйган эди. Меҳмоннинг ташқи кўриниши докторга таниш туюлди. Чамаси, меҳмон ҳам уй бўш эмаслиги ҳақида огоҳлантирилган эди. Меҳмон уйда одам камлигига унча ҳайратланмади. Унга уйда кимни учратиши ҳақида маълумот берган бўлишлари ҳам мумкин. Балки унинг ўзи докторни танир.
“Ким бу? Ким бу? – дея Юрий Андреевич хотирасини титкилар ва эслашга уринарди. – Яратган эгам, ҳаммаси сенинг ироданг ила, мен бу одамни қаерда кўрганман? Шундай бўлиши мумкинми? Қайсидир йилнинг май тонги. Развилье темирйўл бекати. Меҳр-шафқатдан бегона комиссар вагони. Тушунчалар тиниқлиги, принципларнинг тўғрилиги ва шафқатсизлиги, ҳаққонийлик, ҳаққонийлик, ҳаққонийлик.
Стрельников!..”

ЎН  ЕТТИНЧИ ҚИСМ

Юрий Живаго  шеърлари

ҲАМЛЕТ

Ғовур сўнди. Чиқдим саҳнага. Энди
Эшик ёндорига суянган кўйи
Олис садолардан илғайман: нени
Кўриб-кечирарман мен умрим бўйи.
Нимқоронғи ёқдан, амрдай вожиб
Минглаб дурбин менга тикилар кутиб.
Агарда, эй Ота, бўлса иложи
Кетсин ушбу коса наридан ўтиб.

Қайсар ниятингга ҳавасим ошар –
Мен бу ролни ижро этмоққа шайман.
Лекин ҳозир тамом бошқа томоша,
Шу гал мени бўш қўй – изн сўрайман.

Лекин ўйланган иш бўлмоққа маҳкум,
Сўнгги марра – шаксиз янграр бир баёт.
Мен – ёлғиз, барини риё этгай гум,
Бўёқчи нилими киройи ҳаёт.

ОҚ  ТУН

Ўтган кунлар тушар ёдимга менинг,
Петербург ёқдаги ўша хонадон.
Курсклик помешчиклар – томиринг сенинг,
Курсда ўқиб юрган қизсан шўх-хандон.
Ўзинг ойдеккина, шайдоларинг бор.
Бу оқ тун сен ва мен тўлиб ҳавасга,
Эгилиб деразанг рафидан  – бедор,
Кўкўпар гўшангдан  қараймиз пастга.

Фонуслар нақ ҳарир капалаклардир,
Тонг илк титроғи-ла тегинди бехос.
Аста сўйлаганим сенга худди сир,
Сокин уйқудаги кенгликларга мос.
Бизни асир этган беизҳор, эрксиз
Кўнгил орзусига вафо тўла завқ,
Нева ортидаги бепоён, чексиз
Манзара бергандек Петербургга шавқ.

Унда, узоқларда, ушбу боҳаё,
Оқ тун ичра ухлар кенгликлар бари,
Бутун ўрмон бўйлаб таратар зиё,
Булбулларнинг баравж мадҳиялари.

Тобланар жунуний чаҳ-чаҳларда ор,
Увоққина қушнинг селдай овози
Ўртайди – ёқачок маст чакалакзор
Қий-чув билан тўлар ва бўлар рози.

Оёқяланг дайди хотиндай толиб,
Ўша ёқ кетар тун тўсиқлар оша,
Дераза рафидан, кетар чувалиб –
Бўлган суҳбат унинг изидан шоша.
Эшитилган суҳбат акс садолари
Юпқа тахта девор тўсган, боёқиш
Олма, олча шохи – боғ адолари
Эгнига либослар ташлайди оқиш.

Дарахтлар ёғдирар мисоли рўё –
Йўлдаги тўдалар узра оқлиқлар,
Айлар кўпни кўрган оқ тунга, гўё,
Видо ишораси, узрхоҳлиқлар.

ШАРҲИ ҲОЛ

Бузилганди бирдан – на важ, на тўзим,
Тузилди қайтадан, туйқусдан ҳаёт.
Тағин ўша кўҳна кўчада ўзим,
Ёзнинг ўша куни, ўша соат бот.

Ўша одамлару ташвишли куни,
Кунботар ёнғини ўчмаган ҳамон,
Манеж деворига ўшанда уни
Ўлим шоми шошиб михлагансимон.

Кирчимол кўйлаклар кийган аёллар
Кечда бошмоқларин келтирар эпга.
Кейин тунукага – чормихга олар
Ва сақлар чордоқлар, ёйгандек сепга.

Бири зўрға юрар, зўр берар анча,
Остонага етиб олади лекин
Яримертўладан кўтарилганча,
Ҳовлини қиялаб ўтади секин.

Мен яна турли важ топаман шу кез,
Ҳаммаси барибир мен учун яна.
Қорасин ўчириб қўшни хотин тез,
Холи қолдиради  бизларни, мана.

КУЗ

Жўнатиб юбордим уйдагиларни,
Яқинлар тарқашган қачонлар, зотан,
Ёлғизлик ёпишиб, бир қадам нари
Жилмайди кўнгилдан ва табиатдан.

Қоровулхонада биз ёлғиз эдик,
Бир мен, бир сен, ўрмон кимсасиз, овлоқ,
То ярмисигача, – қўшиқдагидек, –
Ўт билан қопланмиш йўлка-ю сўқмоқ.

Ёлғизлигимизга дуч келгач ҳадеб,
Тахтадеворлар ҳам боқмоқда хомуш,
Сўз бермадик ғовни қўпорамиз деб
Биз хазон бўлурмиз ошкора ва хуш.

Соат бирда бошлаб, тинармиз учда,
Мен китоб, сен кашта узра инжилмай,
Тонгда ажраламиз, гўёки, ҳушдан
Ўпишмоқдан қандай тўхташни билмай.

Япроқлар, янада бебок, серҳашам
Шовулланг, тўкилиб сочилинг алҳол,
Тўлдириб-тошириб кечаги алам
Косасин бугунги  ғам ила дарҳол.

Бир жону бир танлик, латофат, ҳавас!
Потрармиз сентябрь шовқинида чоғ!
Куз шитир-шитири ичра кўмил, бас!
Нафас  чиқармай қот ё эсингдан оғ!

Дарахтзор тўккандек баргин сабода
Эгнингдагин ечиб ташлайсан сен ҳам,
Попуклари ипак ҳарир қабода
Ўзингни оғушга отганда у дам.

Дарддан уқубатли бўлганда ҳаёт,
Ҳалокатли қадам бахш этган хайр – сен,
Гўзаллик илдизи эса жасорат,
Бизни қовуштирган сир – шу, дейман мен.

ҚИШ  КЕЧАСИ

Бўралар қорлар, қорлар
Оққа ўралар олам.
Стол узра шам порлар,
Порлар шам.

Ёзда, ёлқинга чивин
Ёпирилгандек ҳар бор,
Кирмоқнинг топмай эвин,
Ромга калла ташлар қор.

Изғириқ нақш солар:
Ойнада ўқ, гардиш  ҳам,
Стол узра шам порлар,
Порлар шам.

Февраль гувраниб қорар
Борлиқни қорга ҳар дам,
Стол узра шам порлар,
Порлар шам.

ТОНГОТАР

Қисматимнинг сен эдинг бори.
Вайронкорлик, уруш келди сўнг,
Бўлсам ҳамки мен интизори
Бир хабаринг учрамади ўнг.

Бадар кетгач йиллар шу кўйи,
У сас тағин олди оромим.
Ўгитларинг ўқиб тун бўйи
Тутқаноғим оти ўчди жим.

Одамларга, қайнаган, гавжум –
Жойга бошлар мени ихтиёр.
Нуқиб, ақлин киритиб шу зум,
Мен ҳаммани тиз чўктиргим бор.

Чопқилайман зинама-зина,
Гўё, кўриб илк бор ўнг-сўлни,
Бу қор босган кўчани, яна,
Тўнглаб ётган тўшама йўлни.

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2017/11/17/%d0%b1%d0%be%d1%80%d0%b8%d1%81-%d0%bf%d0%b0%d1%81%d1%82%d0%b5%d1%80%d0%bd%d0%b0%d0%ba-1890-1960-%d0%b4%d0%be%d0%ba%d1%82%d0%be%d1%80-%d0%b6%d0%b8%d0%b2%d0%b0%d0%b3%d0%be/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x