Боланинг биқини оғриганда

Гоҳида кичкинтой югуриб кетаётганда ёки футбол тўпининг ортидан чопганида, баъзи ҳолларда эса тез-тез қадам ташлаб юрганида тўсатдан биқинини ушлаб қолади. Бундай вақтда оналар боланинг қаери оғриётганини билолмайдилар.

Аслида биқинда пайдо бўлган оғриқнинг сабаблари турлича. Масалан нафас олишимизга ёрдам берадиган диафрагма – мушак тўсиғи ишлаб туриши учун зарур бўлган кислородни етарлича ололмаганда ҳам биқинда оғриқ туради.

Шунингдек, диафрагма ёки қориндаги (қоринолди) мушаклар қисилиб спазмга учраганда, яъни зўриқиб туриши баъзан биқин оғришига сабаб бўлади.

Биқин оғришининг олдини олиш ёки бундай оғриқни тўхтатиш учун мутахассислар ҳар хил маслаҳатлар беришади. Баъзи бирларининг таъкидлашича бола физкультура дарсларига чиқишдан олдин енгил ҳаракатлар билан танасини қизитиши керак. Чунки машғулотлар пайтида анча-мунча куч сарфланади.

Машқларга киришишдан аввал бола оёқ учида туриш, қўл бармоқлари учини оёқ кафтларига теккизиш, ўтириб-туриш ҳаракатларини бажарса физкультура дарсларида зўриқиб қолмайди, шунда биқинида ҳам оғриқ пайдо бўлмайди.

Мутахассисларнинг аксарияти «чўзилиш биқин оғришининг олдини олади» дейишади. Бунда бола кўкрак қафасини кериши ва қўлларини чўзиши керак. Ёки қўлларини боши устига кўтариб гавдасини ҳар томонга эгса ҳам бўлади.

Қўлларини олдинга узатиб сўнг чуқур нафас олса ва кўкрак қафасини кериш машқларини бир неча марта бажарса бола биқин оғриғидан хеч вақт шикоят қилмайди.

Биқини қаттиқ оғриб қолса болани албатта врачга олиб боринг. Тиббий кўрикда кичкинтойнинг кўричак бўлган-бўлмагани ёки ошқозонида бирор иллат бор-йўқлиги аниқланади. Шундан сўнг болага муолажа буюрилади.

Бордию боланинг ичи келгандан кейин ҳам биқинидаги оғриқ тўхтамаса, бунинг устига иссиғи чиқса, унга хеч қандай дори бермай туринг, ҳатто ични сурадиган препаратлар ичирманг.

Бирданига кўп овқат емагани ҳам мақул. Чунки бола кўп овқат истеъмол қилса, таомни шоша-пиша чайнаса, бирданига кўп суюқлик ичса жиғилдон тўлиб диафрагма ва қорин мушагида спазмларни вужудга келтиради, натижада биқин оғрийди.

Чуқур нафас олиш ва жон-жаҳди билан югуриш ҳам болада биқин оғриғини келтириб чиқаради. Бундай вақтда болага сал секинроқ юриш кераклигини уқтиринг. Юзаки ва тез-тез нафас олиш машқини ўргатинг. Биқин оғриғи ўтиб кетгач яна илгаригидек нафас олаверади. Биқин оғриганда бола бир неча сония танасини буткул бўшаштириши лозим. Бўшашган ҳолатда қўллари билан тиззасига таяниб турса янада яхши. Бундай вақтда сиз боланинг оғриётган жойини оҳиста уқаласангиз биқин оғриши камаяди.

Кўпинча биқин оғриганда музли муолажа ёрдам беради. Масалан бирорта идишга сув қуйиб музлаткичнинг энг юқорисида 1-2 соат сақланг. Тўсатдан биқин оғриб қолганда ўша жойга бир-икки дақиқа муз қўйиб ишқаланг. Ана шунда биқин оғриғи ўтиб кетиши амалда исботланган.

Бола физкультура машқлари билан мунтазам шуғуллансаю лекин бундай машқларни бирмунча вақт тўхтатиб қўйса биқин оғриғи келиб чиқади. Шунинг учун ҳам бола физкультура машқларига қатнамаётган даврда уйда енгил бадантарбия қилиб туриши керак

Айрим вақтларда ич қотганда биқин оғриши мумкин. Меъда-ичакларда газ йиғилиб қорин қаппайиши ҳам бундай оғриққа сабаб бўлади. Хуллас болакайнинг биқини оғриганда ва уй шароитидаги муолажалар (уқалаш, ҳаракат қилдириш, муз қўйиш) ёрдам бермаганда беморни терапевт шифокорга олиб бориш лозим. Негаки баъзи ҳолларда биқин оғриши бошқа бирор хил касалликнинг аломати сифатида намоён бўлади.

Райҳон МУДАРИСОВА, болалар шифокори, педагог.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x