Асосан қон ва лимфа тўқималаридан ривожланадиган ўсмалар болалар ўртасида кўп кузатилади (40-50% ҳолларда). Бош мия буйрак, юмшоқ тўқима ва суяк тўқималари хавфли ўсмалари эса кейинги ўринларда туради. Бола ҳаётининг дастлабки йилларида эмбрионал табиатдаги (яъни она қорнида пайдо бўлган) ўсмалар ҳам учрайди.
Ўсма касалликларининг дастлабки босқичида умумий касалликларга хос бўлган белгилар рўй беради. Организмда ўсма ривожланаётганда боланинг иштаҳаси пасаяди, ҳоли қурийди, тана ҳарорати вақти-вақти билан кўтарилиб туради, тез-тез боши оғрийди, уйқудан тургандан сўнг кўнгли айнаб қайт қилади.
Қўл ва оёқ суякларида ўсма ривожланаётган бўлса касалликнинг дастлабки босқичларида шу соҳаларда вақти-вақти билан оғриб туради. Оғриқлар худди бирор жойни уриб олгандаги ёки жароҳатланишдаги сингари бўлади.
Таъкидлаш керакки, болаларда учрайдиган хавфли ўсмалар катта ёшли кишиларникидан анча фарқ қилади. Масалан, болаларда эмбрионал табиатдаги ўсмалар кўпроқ учрагани учун улар айрим ҳолларда туғма нуқсонлар билан биргаликда кечади. Бундан ташқари болаларда ўсма касаллигининг клиник белгилари қисқа вақт ичида юзага чиқади ва шиддат билан ривожланади.
Бош мия ўсмалари болаларда учрайдиган хавфли ўсма касалликларининг 20 фоизигача ташкил этади. Тузилиши ва хусусиятига кўра бу ўсмалар бир-биридан фарқланади. Болаларда асосан миячадан келиб чиқадиган медуллабластомалар(мустақил ривожланадиган ўсмалар), шунингдек астроцитома (марказий нерв тизими хавфли ўсмаси), орқа мияда пайдо бўладиган глиобластома ва мия ички бўшлиқларида ривожланадиган эпендимома ўсмалари учраб туради.
Касаллик энди бошланганда боланинг боши оғрийди, эрталаблари кўнгли айниб қусади. Боши айланиб, кўриш қобилияти пасаяди, кўз олдида нарсалар учиб юргандек бўлади. Ўсма катталаша боргани сари организмда турли ўзгаришлар (шайтонлаш, тана мувозанатининг бузилиши, қўл ва оёқларда фалажланишлар) кузатилади.
Хавфли лимфомалар – лимфоид тўқималардан ривожланадиган ўсмалар бўлиб, болалардаги ўсма касалликларининг 30 фоизигача ташкил этади. Бу турдаги ўсмаларга Хожкин лимфомаси (лимфогранулематоз), ва нохожкин лимфомаси (лимфосаркома, ретикулосаркомалар)ни киритиш мумикин. Хавфли лимфомалар лимфа тугунларининг битта ёки бир нечта соҳаларини катталашиши билан бошланади. Шундан сўнг тана ҳароратининг кўтарилиши, боланинг ҳолсизланиб озиши, иштаҳасининг йўқолиши ва ҳаддан ортиқ терлаши сингари ҳолатлар рўй беради.
Нефробластомалар буйрак тўқимасидан ривожланадиган хавфли ўсма бўлиб, асосан 2 ёшгача бўлган болаларда кўп кузатилади. Оналар болани чўмилтирганда ёки қорнини силаганда беҳосдан унинг қорин бўшлиғида ҳосила борлигини пайқаб қолишади. Шундан кейингина шифокорга мурожаат этишади.
Суяклардаги хавфли ўсмалар 6 фоиз ҳолларда учраб, асосан суякнинг қаттиқ ва хусусий қон томирларида ривожланади. Беморлар ўзларини жароҳатланган ҳисоблаб, травматологларга боришади ва ўсма ривожланаётган соҳага гипсли боғлам қўйдиришади, ҳатто физиотерапевтик муолажалар ўтказилади. Бу хилдаги даволаш эса ўсмаларнинг тезда ривожланиб кетишига сабаб бўлади. Хуллас шундан кейингина бола онкологга олиб борилади.
Юмшоқ тўқималардан ривожланувчи хавфли ўсмалар организмнинг барча соҳаларида учрайди. Бундай ўсмалар аксарият ҳолларда тез ўсиб, бошқа аъзоларга тарқалади.
Болалар ўртасида герминоген хусусиятли ўсмалар, (яъни тератоид – туғма ҳамда майиб-мажруҳликка олиб борувчи ўсма), шунингдек мояк ва тухумдонлар ўсмалари онда-сонда учрайди.
Хавфли ўсмаларни даволаш дастлаб жарроҳлик йўли билан бошланиб, кейинчалик кимё ва нур терапияси билан давом эттирилади. Масалан бош мия ўсмалари учраганда аввало ўсма олиб ташланади ва кейин давомли муолажа буюрилади. Агар даволаш ишлари босқичма-босқич ўтказилиб қунт билан охирига етказилса бола батамом соғайиб кетади.
Фарзандингизда юқорида айтиб ўтилган белгилар пайдо бўлганини сезсангиз дарҳол уни онколог мутахассисларга кўрсатинг. Шунда касаллик ўз вақтида аниқланиб, даволашга киришилади, бу эса беморларнинг ўсма касалликларидан тўлиқ тузалиб кетишларига имкон беради.
Мирза-Али ҒОФУР-ОХУНОВ,
Тошкент шаҳар онкология диспансери
бош шифокори, тиббиёт фанлари доктори, профессор.