DO`STLARGA ULASHING:
Давлат ва сиёсат арбоби, маърифатпарвар Бобоохун Салимов 1874 йили Гурлан беклигида қозикалон Салимохун оиласида дунёга келди. Асли исми Муҳаммад бўлиб, унга ҳурмат юзасидан Бобоохун деб тахаллус берилган. У бошланғич таълимни олгач, Хива шаҳридаги Оллоқулихон мадрасасида таҳсилни давом эттиради. Араб, форс, рус тилларини ўрганади, шеърлар машқ қилади.
1910—1918 йилларда Хива хони Асфандиёрхон саройида отаси ўрнида шайхулислом лавозимини адо этади. 1917 йил Хивадаги инқилобий воқеаларида иштирок этиб, парламент сифатида ташкил этилган Мажлис аъзолигига сайланади. 1918—1920 йилларда Тўрткўлда яшаб, «Ёш хиваликлар» партиясига аъзо бўлиб киради. 1920 йили халқ вакилларининг Бутунхоразм I қурултойида Хоразм Халқ Совет Республикасининг Адлия нозири лавозимига сайланади. Кейинчалик у Хоразмдаги мактаб, маориф ишларида қатнашади. 1924 йилда Хоразм руҳонийларининг 1 қурултойи чақирилиши ва ўтказилишига раҳбарлик қилди.
Б.Салимов ислом ғоялари асосида янгиликка интилишга, шариатда тенгликка эришишга, хон амалдорларининг ҳуқуқлари билан ўсиб келаётган савдогарлар ва саноатчилар, ҳунармандлар ва зиёлилар ҳуқуқларини тенглаштиришга интилди. Дастлаб у хонликда майда ҳуқуқий ва иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш билан тараққиётга эришиш мумкин, деб ҳисоблаган.
Бобоохун Салимов 20-йиллар охирида коммунистик тоталитар тузум томонидан зиёлиларнинг таъқиб қилиниши натижасида давлат ишларидан четлаштирилади. Унинг қарашлари, мақсад ва ғоялари болшевистик сиёсатга зид эди. Шунинг учун у 1929 йил 10 май куни кечқурун совет ҳокимияти томонидан судсиз, сўроқсиз отиб ўлдирилади.
Бобоохун Салимов қабрининг қаердалиги номаълум.