DO`STLARGA ULASHING:
Йўлдошев Беҳзод Содиқович (1945.9.5, Тошкент) — физик олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги (2000), физика-математика фанлари доктори (1981), профессор (1987).
ТошДУ ни тугатган (1968). Ўзбекистон Фанлар академияси Ядро физикаси институтида илмий ходим (1968—83), директор (1990 йилдан). Ўзбекистон Фанлар академияси Физика-техника илмий тадқиқот институтида лаборатория мудири (1984—90). Ўзбекистон Фанлар академияси президенти (2000-2006).
Илмий ишлари юқори энергиялар физикаси, ядровий физика ва элементар зарралар физикасига оид. Беҳзод Йўлдошев раҳбарлигида Ядро физикаси институтида жаҳон стандартларига мос келувчи радиоизотопларни кенг кўламда ишлаб чиқариш ва четга сотиш ишлари йўлга қўйилди; маҳаллий тоғ-кон саноати чиқиндиларидан асл ва нодир металларни қўшимча равишда ажратиб олиш технологияси ишлаб чиқилди ва ҳ. к.
Беҳзод Йўлдошев Вашингтон университети физика факултети профессори (1977—78; 80—81; 89—90) сифатида юқори энергияли нейтриноларнинг ўзаро таъсирида бўладиган ядровий эффектларни ўрганиш бўйича илмий лойиҳага раҳбарлик қилди. Кейинги йилларда АҚШ, Канада, Россия ва Ўзбекистон физиклари томонидан Канаданинг «Триумф» ядровий марказида ва Э. Ферми номидаги Миллий тезлаткичлар лаб. (Батавия, АҚШ) да ҳамкорликда бажарилаётган халқаро илмий лойиҳалар раҳбари.
Беҳзод Йўлдошев бир қанча халқаро академиялар ва халқаро жамиятлар аъзоси, хорижий университетлар фахрий доктори. Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1983). 2-чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати.