Бемор қандай имтиёзларга эга?

Инсон манфаати, ижтимоий ҳимоя устувор этиб белгиланган мамлакатимизда кишилар саломатлигига ғамғўрлик қилиш давлат раҳбариятининг доимий эътиборидадир. Бугун соғлом авлод тарбияси, миллат саломатлиги масаласи давлатимизнинг бош мақсадларидан бирига айланганлиги ҳам бежиз эмас. Ана шу саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, ўтган давр ичида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, айниқса, оналик ва болаликни ҳимоя этиш бўйича қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Шу билан бирга, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам вакилларига ҳам алоҳида имтиёзлар жорий қилинди. Ҳукуматимиз томонидан чиқарилган “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Қонунга асосан, давлат даволаш-профилактика муассасалари (ДПМ) томонидан аҳолига кафолатланган тиббий ва бошқа турдаги ёрдам бепул кўрсатилади. Давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдамдан ташқари хизматлар қўшимча ҳисобланади ва белгиланган тартибда пул тўлаш орқали амалга оширилади.

Бепул тиббий хизмат турлари

tez-yordam

Фуқароларимиз етарли тушунчага эга бўлиши учун бундай тиббий хизмат турлари ҳақида батафсилроқ маълумот беришга тўғри келади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 10 ноябрдаги Фармони билан тасдиқланган «Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш давлат Дастури» га асосан кафолатланган бепул тиббий хизматлар доирасига:

  • шошилинч, кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатиш;
  • соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинида ва бир қатор давлат даволаш-профилактика муассасаларида, биринчи навбатда қишлоқ жойлардаги тиббиёт муассасаларида тиббий хизматлар кўрсатиш;
  • аҳолини юқумли касалликларга қарши иммунизациялаш ва эмлаш;
  • ижтимоий аҳамиятга эга ва атрофдагилар соғлиғига хавф туғдирувчи сил, хавфли ўсма, руҳий, наркологик, эндрокринологик ҳамда касб касалликларига дучор бўлган шахсларга ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш;
  • болаларни текширувдан ўтказиш ва даволаш, 15-17 ёшдаги ўсмирларни ҳамда чақирув комиссияларининг йўлланмалари билан чақириқ ёшидаги (18-27 ёш) шахсларни текширувдан ўтказиш ва даволаш;
  • ҳомиладорларга тиббий хизмат кўрсатиш;
  • беморларнинг имтиёзли тоифалари (ногиронлар, уруш фахрийлари, чин етимлар ва бошқалар) киради.

Беморларнинг даво жараёнида имтиёзли овқатланишига оид

imtiyozli-ovqatlanish

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 5 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимининг турғун даволаш-профилактика муассасаларида овқатланишни ташкил этиш ва унинг учун ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида» ги Қарори билан стационар шароитда ДПМда (пуллик муассасалардан ташқари) даволанаётган овқатланиш пули тўлашдан озод қилинган фуқаролар тоифаси ва касалликлар рўйхати тасдиқланган.

Жумладан, бундай касалликлар рўйхатига:

ОИВ касаллигини юқтирганлар (ОИТС), онкологик касалликлар, руҳий касалликлар, юқумли касалликлар, гиёҳвандлик касалликлари, эндокринологик касалликлар, нурланиш касаллигига чалинган беморлар, мохов касаллиги, сифилис, сил касаллиги, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш чоғида беморларнинг шифохонада бўлиши чекланган муддатларининг тасдиқланган стандартлари бўйича реанимация тадбирларини ва интенсив терапияни талаб этувчи касалликлар, даражасидан қатъи назар, камқонлик касаллигига чалинган ҳомиладор аёллар ва фарзанд кўрган аёллар киритилган.

Шунингдек, ушбу қарорга кўра тиббиёт муассасаларида овқатланиш тўловидан озод қилинадиган шахслар (беморлар) тоифаларига I ва II гуруҳ ногиронлар, болаликдан ногиронлар, 1941-1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек уларга тенглаштирилган шахслар, Чернобыль АЭСидаги ҳалокат оқибатларини тугатишда қатнашган – ногирон шахслар, 1941-1945 йиллардаги уруш йиллари меҳнат фронти қатнашчилари, байналмилалчи жангчилар, ғирт етимлар, ваколатли органларда ҳисобда турувчи ёлғиз пенсионерлар, 18 ёшгача бўлган болалар, шунингдек ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари, чақириқ комиссиялари хулосаларига кўра мудофаа ишлари бўлимларининг йўлланмалари бўйича 18 ёшдан 27 ёшгача бўлган чақириқ ёшидагилар, «Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» («Почетный донор Республики Узбекистан») кўкрак нишони билан тақдирланган шахслар, 1 ёшгача боласи бўлган эмизикли оналар, ҳам киритилган.

Шу ўринда яна бир нарсани таъкидлаш жоиз. ДПМ да овқатга пул тўлаш вақтинчалик тартиби қабул қилинган ва беморлар ўз хоҳишига биноан овқатланиши учун (нонуштадан ташқари) пул тўлаш ёки овқатланишга пул тўлашдан қисман ёки бутунлай воз кечиши мумкин. Беморнинг овқатга пул тўлашдан бош тортиши даволаш муассасасига қабул қилмаслик учун асос бўлмайди.

Имтиёзли тарзда дори-дармонлар билан таъминлаш

dori-darmonlar

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 22 июлдаги «Шахсларнинг айрим тоифаларини имтиёзли асосда дори воситалари билан таъминлаш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида» ги 204 сонли қарори асосан амбулатор шароитда бепул дори-дармон билан таъминланадиган фуқаролар тоифаси ва касалликлар рўйхати тасдиқланди.

Амбулатория шароитида даволанаётган беморларга айрим касалликларда бепул дори-дармонлар берилади. Масалан, онкологик касалликлар, сил касаллиги, мохов касаллиги, эндокринологик касалликлар, руҳий касалликлар, ОИВини юқтирганлар (ОИТС), юрак клапани протези қўйилган ва аъзолари кўчирилган беморлар, ўзгалар қаровига мухтож якка-ёлғиз пенсионерлар, 1941-1945 йиллар меҳнат фронти қатнашчилари, 1941-1945 йиллар уруш ногиронлари ва қатнашчилари, ҳамда уларга тенглаштирилганлар, Чернобыль АЭС ҳалокатини бартараф этишда қатнашган ногиронлар, байналминалчи жангчилар, ядро полигонларида ва бошқа радиация-ядро объектларида харбий хизматни ўтаган пенсия ёшидаги шахслар, бундай имтиёзларга эгадирлар.

Махсус йўлланма асосида бепул даволанишга доир

bepul-davolanish

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 26 февралдаги «Соғлиқни сақлаш тизимини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» ги 3214-сонли Фармонига асосан ихтисослаштирилган: академик В. Воҳидов номидаги хирургия, урология, кўз микрохирургияси ва кардиология марказларида махсус йўлланмаларга (ордерларга) асосан давлат бюджети маблағлари ҳисобига бепул даволанадиган бир қанча имтиёзли тоифадаги шахслар рўйхати белгиланди. Жумладан, болаликдан ногиронлар, ғирт етимлар, I ва II гуруҳ ногиронлари, 1941-1945 йиллар уруш ногиронлари ва қатнашчилари ҳамда уларга тенглаштирилганлар, ёшга оид ишламайдиган пенсионерлар, 1941-1945 йиллар меҳнат фронти қатнашчилари, Чернобиль АЭС ҳалокатини бартараф этишда қатнашган ногиронлар, байналминалчи жангчилар, фуқаролар ўз-ўзини бошқариш органларида моддий ёрдам олувчи кам таъминланган оила аъзоларига шундай имтиёзлар берилади. Шу имтиёзларга эга бўлган беморларни Марказларда даволанишлари учун махсус йўлланмалар (ордерлар) ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармалари томонидан берилади.

Имтиёзга эга бўлмаган фуқароларга ушбу Марказларда тиббий хизмат пуллик асосда кўрсатилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 21 майдаги 145-сонли «Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари фаолиятини ташкил этиш масалалари тўғрисида» ги қарорига асосан Республика фтизиатрия ва пульмонология ҳамда педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказларида барча тиббий хизматлар бепул кўрсатилади. Республика ихтисослаштирилган дерматология ва венерология ҳамда терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказларида давлат бюджети маблағлари ҳисобига айрим имтиёзли тоифадаги шахсларга бепул тиббий ёрдам кўрсатилади. Масалан, 15 ёшгача бўлган болалар, ғирт етимлар, I ва II гуруҳ ногиронлари, болаликдан ногиронлар, 1941-1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек уларга тенглаштирилган шахслар, 1941-1945 йиллардаги уруш даврида меҳнат фронти қатнашчилари, ёшига кўра ишламаётган пенсионерлар, Чернобиль АЭСдаги аварияни бартараф этишда қатнашган шахслардан ногиронлар, байналминалчи жангчилар, 15-17 ёшдаги ўсмирларни ва чақирув комиссиялари йўлланмалари бўйича чақириқ ёшидаги (18-27 яшар) шахсларни текшириш ва даволаш, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларидан нафақа оладиган кам таъминланган оилалардаги шахслар ана шундайлардандир.

Республика ихтисослаштирилган Акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт марказида Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича патологияли ҳомиладор аёлларга, 15 ёшгача бўлган болаларга мавжуд ўринлар фонди ва марказ поликлиникаси даволаш қувватининг 20 фоизигача миқдорида, Республика ихтисослаштирилган Эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказида Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича эндокрин касалликлардан азоб чекадиган беморларга мавжуд ўринлар фонди ва марказ поликлиникаси даволаш қувватининг 30 фоизигача миқдорида бепул хизмат кўрсатилади.

Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларида бепул тиббий ёрдам

tibbiyot

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 18 мартдаги «Ҳудудий соғлиқни сақлаш муассасаларининг ташкилий тузилмасини ва фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги 48-сонли Қарорига асосан вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларида Давлат бюджети маблағлари ҳисобига бепул тиббий ёрдам кўрсатиладиган имтиёзли шахслар рўйхати аниқланди. Жумладан ғирт етимлар, I ва II гуруҳ ногиронлари, болаликдан ногиронлар, 1941-1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек уларга тенглаштирилган шахслар, 1941-1945 йиллардаги уруш даврида меҳнат фронти қатнашчилари, ёшига кўра ишламаётган пенсионерлар, Чернобиль АЭСдаги аварияни бартараф этишда ногирон бўлган шахслар, байналминал жангчилар, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларидан нафақа олувчи кам таъминланган оилалар аъзолари, ижтимоий аҳамиятга эга касалликларга чалинган шахслар, чақирув комиссиялари йўлланмалари бўйича 15-17 ёшдаги ўсмирлар ва чақириқ ёшидаги (18-27 яшар) шахслар шулар тоифасига киради.

Пуллик тиббий хизмат кўрсатувчи барча муассасалар вазирлик ёки унинг ҳудудий бошқармалари томонидан бериладиган махсус рухсатномаларга эга бўлиши лозим. Бундай муассасаларда фуқаролар билан албатта шартнома тузилиши ва уларга пул тўланганлиги тўғрисида квитанция берилиши керак.

Даволаш-профилактика муассасаларида пуллик хизматларга нархларни назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, миллатимиз саломатлигини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, янги ҳаракатлар, табиийки, киши кўнглига ёруғлик бағишлайди. Бундай юксалишлар, инсон манфаати ва ижтимоий ҳимояга асосланган ўзгариш-у саъй-ҳаракатлар, давлатимизнинг соҳага бўлган юксак эътибори туфайлидир, албатта.

Закия РАЗИКОВА,
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Даволаш-профилактика ёрдамини ташкил қилиш
Бош бошқармасининг бош мутахассиси.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x