DO`STLARGA ULASHING:
Бегали Қосимов (1942.19.12, Касби тумани Аллот қишлоғи — 2004.25.9, Тошкент) — адабиётшунос олим, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби (1999), филология фанлари доктори (1984), профессор (1986).
Тошкент давлат университетининг филология факултетини тугатган (1963). Шу университет филология факултетида ўқитувчи (1966—67), катта ўқитувчи (1968-70), доцент (1971—85), профессор (1986 йилдан) лавозимларида ишлаган. «Миллий уйғониш даври ўзбек адабиёти» кафедраси мудири (1993 йилдан), университетнинг ўқув ишлари бўйича проректори (1993— 94), филология факултети декани (1994—95).
Бегали Қосимов 30 га яқин китоб ва 300 дан ортиқ илмий мақолалар эълон қилган. Бегали Қосимовнинг илмий тадқиқотлари ўзбек мумтоз адабиёти ва адабий алоқалар, ўзбек адабиётини ўқитиш методикаси масалаларига, матншуносликка, жадидчилик ҳамда жадид адабиётини ўрганишга бағишланган.
20-аср ўзбек адабиёти муаммолари, шу давр намояндалари ҳақида «Мирмуҳсин Шермуҳамедов» (1967), «Абдулла Авлоний» (1979), «Маърифат дарғалари» (У.Долимов билан ҳамкорликда, 1990). «Исмоилбек Гаспрали» (1992) каби асарлар ёзган.
Бегали Қосимов, шунингдек, Яссавий, Навоий, Бобур ҳақида ҳам илмий тадқиқотлар олиб борган. «Ўзбек адабиёти» (5-, 7-, 9-, 11-синфлар учун), «Миллий уйғониш даври ўзбек адабиёти» (бакалаврлар учун) дарсликлари ҳам-муаллифи.