Атоқли режиссёр, Тожикистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият арбоби, халқаро мукофотлар совриндори Барзу Абдураззоқов 1959 йилда Тожикистон халқ артистлари Ҳабибулла Абдураззоқов ва Фотима Ғуломовалар оиласида таваллуд топган.
1980 йилда Мирзо Турсунзода номидаги Тожикистон давлат санъат институтининг режиссёрлик бўлимини тугатган. 1987 йилда А.В. Луначарский номидаги Москва давлат театр санъати институтида М.О.Кнебель, А.В.Эфрос, А.А.Васильевлар курсини тамомлаган. У турли йилларда Т.Уильямснинг “Шиша жонивор”, Ж.Ануйнинг “Антигона”, В.Шекспирнинг “Отелло”, К.Гоццининг “Бахтли гадолар”, “Қарға”, Ж.Б. Мольернинг “Зўраки табиб”, “Дон Жуан”, “Скопен найранглари”, “Тартюф”, Т.Уайлдернинг “Бизнинг шаҳарча”, Т.Зулфиқоровнинг “Капалак туши”, “Дарвешнинг муҳаббати, донишмандлиги ва туши”, Эдуардо де Филиппонинг “Шарпалар”, Ч.Айтматовнинг “Кунда”, “Манқурт. Абадий қул”, П.Вайснинг “Марат/Сад”, А.Чеховнинг “Уч опа-сингил”, С. Мрожекнинг “Муҳожирлар” (Эмигранты), Т.Жужанўғлининг “Кўчки”, Т.Слободзянекнинг “Синфдошлар. Ҳаёт сабоқлари”, Л.Разумовскаянинг “Охирги имтиҳон” (“Азизим Елена Сергеевна” пьесаси асосида), Дон Нигро ва бошқа кўплаб асарларни саҳналаштирган.
Режиссёр ўз ватанидан ташқари Ўзбекистон, Қозоқистон, Қирғизистон, Россия, Франция театрларида спектакллар қўйган. Жумладан, 1996 йилда Аброр Ҳидоятов номидаги драма (ҳозирги Ўзбекистон давлат драма) театрида Шекспирнинг “Отелло” фожиасини ўзига хол талқинда .саҳналашьтирган.
У саҳналаштирган “Капалак туши” (Т.Зулфиқоров), “Макка сари олис йўл” (Б. Абдураззоқов) спектакллари билан Чехов номиидаги халқаро фестивалда иштирок этган. “Тазарру” (Б.Абдураззоқов), “Манқурт ҳақида қисса” (Ч. Айтматов) спектакллари учун К Лавров номидаги мукофотга сазовор бўлган. “Синфдошлар. Ҳаёт сабоқлари” спектакли 2015 йил “АrtОкраина” халқаро фестивалида, 2016 йилда МДҲ ва Болтиқ бўйи мамлакатлари орасида ўтказилган “Россия учрашувлари” (“Встречи в России”) фестивалида совриндор бўлган, 2015 йилда эса Олма-Отадаги энг яхши спектакль деб эътироф этилган.
Барзу Абдураззоқовнинг пьесалари тўплами “Макка сари олис йўл” номи билан 2010 йилда Душанбеда чоп этилган. Режиссёр бугунги кунда Қозоғистоннинг Олма-Ота шаҳридаги Байтен Омаров номидаги “Жас саҳна” театрининг бадиий раҳбари сифатида фаолият юритмоқда.
Н.У. – Барзу ака, сиз учун театр, репетиция нима? Режиссёрлик касбининг моҳияти нимадан иборат?
Б.А. – Саволингизга босқичма-босқич жавоб берсам. Мен устоз эмас, балки иш жараёнида атрофимдагилар билан фикр алмашувчи суҳбатдошман, холос. Мен ҳар доим эрталаб барвақт туриб нима учун театрга боришимни аниқ айтиб бера олмайман. Бу саволга жуда кўп марта жавоб излаганман. Театр – шундай ягона жойки, у ерда ўзимни эркин ҳис қиламан. Оғриқли нуқталаримга, дардимга даво топаман, ўзимнинг ҳатти-ҳаракатларимни таҳлил қиламан, таҳликали хаёлларим, турмушнинг майда-чуйда, икир-чикирлари мени тарк этади. Театр мен учун шундай ягона жойки, чеккан азобу заҳматларим бироз орқага чекингандек бўлади. Мен театрда доимо ўзимни Худо паноҳида юргандек, манманлигимдан ўзимни ўзим ҳимоя қилаётгандек ҳис этаман. У ерда “Кимман? Нимаман? Нима учун яшаяпман?”, деган сўроқларимларга жавоб топгандек бўламан. Эҳтимол, бу “Худо инсон қалбини қандай яратган?” деган саволга жавоб топмоқ учун қилинаётган ҳаракатдир…
Репетиция нималигини ҳанузгача билмайман. У шунчаки содир бўлади. Нима учун репетициядаги жараёнлар шундай кечаётганлигини англолмайман. Бу ҳам Яратганнинг сир-синоати бўлса керак… Репетиция пайтидаги ўзлигимни қидириш жараёнида эркинлик ҳис этаман. Бу худди минг тонна тупроқни кавлаб, бир грамм уран топишдек гап. Излаган нарсангни топмагунингча, барча мавзуларни ўрганиб чиқасан, актёрлар билан изланасан, уларнинг фикрини ўрганасан, ўз фикрингни уларнинг фикри, ҳатти-ҳаракати билан таққослайсан. Режиссёр спектаклни ўзгартиради, деган гап катта хатодир. Аксинча, спектакль режиссёрни ўзгартиради.
Режиссёр ихтирочи эмас. Худо инсон қалбини кашф этиб бўлган. Режиссёр инсон қалбини тушунишга ҳаракат қилади ҳамда тушунганини ифода этишга ҳаракат қилади, холос. Режиссёрлик ишини Сизиф чеккан машаққатга ўхшатаман. Уфққа қараб кетаверасан, кетаверасан, манзилинг кўринмайди, йўлнинг эса поёни йўқ.
Н.У. – Суҳбатларингизнинг бирида “Мен театрни севиш билан бир қаторда ундан нафратланаман” дегансиз. Муҳаббат билан нафратнинг ораси бир қадам. Бироқ, бу ҳисларнинг бир-бирини пайдо қилиши қандай содир бўлади? Бунга сабаб не?
Б.А. – Актёрлар оиласида туғилиб, актёрлар топган нонни еб камол топар экансан, театр синоатлари парда ортидан хонадонингга кириб келади. Ютинган бир бурда нонинг, чой-сувингнинг талхини ҳис қиласан. Актёрнинг топган нонидан кўз ёшининг таъми ва заҳматли меҳнат бўлгани учун бироз қон ҳиди келади. Уни тез ва осон юта олмайсан. Театрни маккор аёлга ўхшатаман. Уни бир вақтнинг ўзида ҳам севасан, ҳам нафратланасан. Нафратланишинг билан бир қаторда “театрга муҳаббатим чексиз” деб айтасан. Ўспиринлик даврингдагина! “Мен театрни севаман ва у менинг борлиғим!”, дея оласан. Унинг ичида чинакам яшай бошлаганингда манфий ҳамда мусбат қутбларнинг, қайғу ва шодликнингягона нуқтага туташганлигини тушунасан. Эзгулик ва ёвузлик бирлашиб, учинчи бир қатламни юзага келтиришини англайсан. Сен ҳаётнинг бир қанча оҳанги устида эмас, аккорд – туйғулар уйғунлиги устида иш олиб борасан. Биргина нота устида эмас, бутун бошли симфония устида ишлайсан. Аввал нота, сўнг унинг қисмларини тўплаб ўзингнинг ягона мусиқангни яратасан. Агар мен театрни севмайман десам, ишонманг. Театрни севаман, десам ҳам ишонмаганлигингиз маъқул. Мен айтган барча гапга ишонаверманг. Мен бир нарсани айта туриб, ўйлаётган бошқа қарама-қарши фикрим билан бирлаштиришим мумкин. Амалга оширган ишларимнинг барини шу қарама-қарши кучларни бир-бирига бирлаштириш орқали қилганман. Гапираётганларим саҳнада яратилган асарларга оид. Бир-бирига зид икки нарса туташиши орқали учинчи нарса бунёд бўлади, шундагина натижага эришилади. Бу дунё фақат поклик асосига қурилган эмас. Мусбатнинг ёнида ҳар доим манфийлик юради, улар ажралмасдир. Фақат Яратгувчигина мутлақ покиза ҳисобланади.
Отелло Дездемонани қанчалик севишини билмаймиз. Бироқ, унда қўрқув кучлими ёки муҳаббат? У Дездемонани севишига асосий сабаб, балки уни илк бора Дездемона севиб қолганидир?! Билмайман. Эҳтимол, биз театрда бирлаштириб бўлмайдиган туйғуларни босқичма-босқич бирлаштирармиз. Нур ва соялар ўйинида яшин тезлигидаги чақмоқни бир он ҳис этамиз, кўрамиз ва учинчи нарсанинг пайдо бўлишига гувоҳ бўламиз. Мана шу бир он инсон руҳиятини поклашга хизмат қилади. Театр қалбнинг туб-тубидаги туйғуларни уйғотиб юборади. Бунда ҳиссиётлар тўқнашади ҳамда ҳеч ким бунинг учун сени жазоламайди. Бунда олов билан мойни, мойни яна бирор бир нарса билан аралаштириб, учинчи, тўртинчи, бешинчи нарсаларни қориштириб, масаланинг моҳиятини англагунингча ҳаракат қилаверасан. Театрга “мен шу нарсани биламан” деб келмайсан. Ҳиссиётларингни жунбушга келтирган туйғуларга нисбатан ўзингни қизиқтирган саволларга жавоб топаман деб қадам қўясан. Сен учун ҳамма нарса мавҳум ҳисобланади: осмон билан ерни, жаннат билан дўзахни туташтирасан. Буларнинг ортида нима бор экан деб қизиқасан. Кўриниб турган уфқ эмас, унинг ортида нима борлиги сени ўзига тортади. Уфқ ортига етгач эса, “Буни англадим, чунки кўрдим”, деб ҳис қилдим, ушлаб кўрдим, деб айта оласан. Қаҳрамоннинг ҳолатини нафақат кузатасан, бир стол атрофида у билан ўтирасан, оламига кириб суҳбатлашасан… Режиссёр саҳна асарининг сир-синоатини очмагунича, Фарҳоднинг муҳаббати қандай пайдо бўлганига, Яго Отеллони қандай маҳв этганлигига гувоҳ бўлдим, Мисрда турклар устидан қозонилган ғалабани жангчилар билан бирга нишонладим, бўронни кўрдим, билдим, дея олмайди. У “Нима учун бундай бўлди?”, “Нега?”, “Фалончи нима учун фалончини кўрмади-ю, воқеа бундай айланиб кетди?” деган саволларга жавоб топгачгина саҳна асари пайдо бўлади. Режиссёр буларни олдиндан кўра олиши, саҳнада қаҳрамон Ж.Б.Мольернинг “Дон Жуан”и билан Сицилияда кўзга кўринмас сайёҳат қилиши шарт. Шу пайт сенинг қарашларинг вақт ва масофа билмайди. Тарихга юқоридан пастга қарагандек назар ташлайсан. Шунда томошабин эътиборини торта оладиган спектакль ярата оласан. Репетиция мана шу ҳатти-ҳаракатлар кўламини ушлаб қолиш учун керак. Мен режиссёрнинг репетициядаги фаолиятини катта муаммолар ечимини мустаҳкам алоқалар ўрнатиш орқали ҳал қилувчи “Клянер фаолияти”га ўхшатаман. Майда-майда протонларни бирлаштириб, ундан улкан бир нарса яратишинг шарт. Бундай пайтда ўзлигингни йўқотиб қўйиб, атрофингдагиларга нисбатан бефарқ бўлиб қоласан. Хаёлотинг мевасида ақл бовар қилмас ҳодисалар пайдо бўлади.
Худонинг шаклу-шамойилини олинг – миллион, миллиард нарсалар унинг зарраси-ку, бироқ у нарсалар У эмас. Алишер Навоийнинг “Муножот”ида айтилганидек, “Ҳар негаким, ташбеҳ қилинса, ўхшамассен, яхши боқилса, ул сендурур сен ул эмассен”! Тўғри, қайсидир жиҳатдан у “қароқчи” бўлади. Худо яратган минг-минг нарсанинг хусусиятини бирлаштириб, қандайдир мўъжизавий нарса яратади ва инсонларни ҳайратга солади, уларни сайру-сайёҳатга олиб чиқувчи йўлчи юлдуз вазифасини бажаради. Шунинг учун ҳам мен билан ишловчи режиссёр ёрдамчилари, рассомлар менда қандай фикр пайдо бўлади, эртага нима устида ишлашимни билишмайди.
Н.У. – Одатда, режиссёрларнинг ижодий режалари бир йил ёки икки йил олдин тузилган, қайси асарни қачон қўйиши маълум бўлади.
Б.А. – Режиссёр нима қўйишини белгилайдию, бироқ қандай қўйишини белгиламайди. У бундай қила олмайди. Пьесани ёки асарни илк ўқиганидаёқ, “Буни мен саҳналаштираман!” дейдию, кейинги вазиятда эса унинг онг остида ахборот қайта ишланади. Фарҳод тимсолини ишлашда қайсидир жиҳатлари саҳнада ишланади, қайсидир жиҳатлари онг остида ишлана бошлайди ва хаёлот меваси амалиётга қалқиб чиқади. Ички овозим “Бу асар сеники! Қабул қилинди!” деб садо беради ва мен театрга келиб спектакль устида ишлай бошлайман.
Н.У. – Сиз учун ҳаётда энг муҳим нарса нима?Сизни кўпроқ нималар таҳликага солади?
Б.А. – Биласизми, агар инсонлар Оксфорд, Йель каби нуфузли университетларни тугатган бўлсаю, лекин ўзларини манқуртдек тутса – энг катта фожиа шунда. Бу жамият учун хавфлидир. Манқуртлик радиацияга ўхшайди. Ундан нурланиб, касал бўлиб қолганлигингиз ҳамда ўзгарганлигингизни сезмай қоласиз. Нимага биринчи ўринда эътибор бериш керак дейишганида, мен, авваламбор, таълим ва маорифга, сўнг маданиятга диққатни қаратардим. Чунки мамлакат тараққиёти – унинг иқтисоди ва, ҳатто қуролли кучларининг салоҳияти ҳам мана шу йўналишларга боғлиқ. Мен ҳар доим атрофдаги инсонлар, воқеа-ҳодисаларга нисбатан бефарқ инсонлардан қўрқаман… Қулай шароитларга эга данғиллама уй, охирги русумдаги машина сизнинг ғурур ва ор-номусингиздан юқори тура олмайди.. Ҳаётда мен учун энг муҳим бўлган нарса ор-номус ва ижодий ғурурим ҳисобланади. Инсоннинг бойлиги унинг шаънидир. Худони четдан қидириш керак эмас, у бизнинг ичимиздадир. Худо мени яратиб қўйдими, демак унинг мен орқали бажарадиган қандайдир режаси бор. Ўзимни намоён этиш, атрофдагиларга таъсир қилиш орқали яратганнинг режаси амалга ошади. Тақдир тақазоси билан Ватанимда ижод қилмаётган бўлсам-да, бироқ Ватаним доимо мен билан. спектакль афишаси тайёрлашаётганда доимо “Барзу Абдураззоқов (Тожикистон)” деб ёзиб қўйишларини илтимос қиламан. Бу мен учун етарли. Қилган ишларим менинг ватанпарварлигимни кўрсатади…
Ҳар сафар саҳна пардаси туширилгач, Худонинг ЎЗИ олдимга бир даста гул билан келиб, мени қутлашини, жаннатдаги қайсидир боғида мен билан ёнма-ён ўтириб, у ерда абадий қолишимни айтишини, доимо истайман. Ҳар доим шуни сўраб қоламан.
Н.У. – Нима учун, айнан, “Фарҳод ва Ширин” достонини танладингиз?
Мен ҳар доим фикрлашидан юқори турадиган асарни танлашни яхши кўраман. Чунки бу асарни ўрганиб, моҳиятига етиш – чўққига чиқишдек гап. Қандайдир тепаликчага чиқиб қулашдан кўра, тоғдан қулаш завқли ҳамда ёқимлироқ. Эътибор берганмисиз, майни ичувчи ўз ишининг устаси бўлган нўшхўрлар – “гурманлар” уни дарров ичиб ютиб юбора қолмайди. Аввал тўйиб ифорини ҳидлайди, сўнг бир-икки томчи сипқориб, таъмини ҳис этиб ютади. Ҳид ва таъм бирлиги уйғунлашгандагина лаззат ҳис этилади. “Фарҳод ва Ширин”ни ўқиганда ҳам сўз лаззатини ҳис этдим. Театр инсонларининг ўзга инсонлардан ажралиб турадиган жиҳати сўзни ўзгача ҳис этиши ва талқин этишида. Режиссёр ва актёр ҳам сўзнинг ранги, лаззатини ҳис этиши шарт. Эҳтимол, танловим шунинг учундир.
Спектаклда Низомий Ганжавийнинг “Хамса”сидаги Мажнун монологидан ҳам фойдаланмоқдасиз.
Бунинг нима ёмон тарафи бор? Фарҳоднинг ҳам, Мажнуннинг ҳам нигоҳи ягона нуқтага термулган, уларнинг борар манзили бир. Бироқ, босиб ўтадиган йўл масофаси ва кўлами ўзгача. Шоирлар Абдураҳмон Жомий, Румий, Низомий, Алишер Навоий, Абдулқодир Бедил нигоҳларидан ва асар қаҳрамонларининг қарашидан бошқа учинчи нигоҳ менинг ҳам томошабинга етказмоқчи бўлган нигоҳим бор. Баъзан тўйда икки ёшга тилак билдиришаётганда “Сизга Фарҳоду Ширин, Лайли ва Мажнун муҳаббатини тилаймиз” дейишади. Ўйлаб қоламан, бу одам ҳақиқий муҳаббатнинг нималигини билармикан? Агар оддий инсоннинг тана ҳарорати 36,5 даража бўлса, ИШҚққа мубтало бўлган инсон доимо 40, 42 даража ҳарорат билан юради. Севги-ду дард. Томошабинга дардни етказмоқчи бўлган актёрнинг сўзни қуруққина ёдлаб олиб, майли, 38 даража ҳарорат билан саҳнада ўйнашга ҳақи йўқ. Керак бўлса, 360 даража ҳароратда ўз ролини ижро этсагина унинг қалбидан чиқаётган нур ҳароратини томошабин ҳис эта олади. Мен инсонлар ўртасидаги буюк муҳаббатни оқламайман. сабаби, у доимо фожиа билан тугайди. Икки инсоннинг қалб ҳарорати чақмоққа айланади. Спектакль саҳналаштириш жараёнида ИШҚқа ҳар тарафлама қараб, барча қирраларини ёритишга интилдик. Муҳаббатни тарошлаб, силлиқлаб кўрсатмай, унинг ўткир қирралари, аччиқ азобларидан тортиб, то нафратигача, жамият чегарасини бузувчи нуқталаригача кўрсатиш керак. Фарҳод ва Мажнун муҳаббати жамият қоидаларига бўйсунмаган. Шунинг учун ҳам уларнинг ҳаёти фожиали тугаган. Ошиқнинг кўзига маъшуқидан ўзга нарса кўринмайди: на пиёдаларнинг ўтиш йўлаги-ю, на светафорнинг ёнаётган қизил, сариқ, яшил чироғи. На шаҳарларнинг вайрон бўлиши-ю, ва, на йўқотаётган яқинлари. Боши тақ этиб темир бетон деворга тегмагунча унинг кўз лдида маъшуқи тимсоли намоён. Актёрлар билан репетиция жараёнида ИШҚнинг ижобий ва салбий жиҳатларининг ЭНГ ЮҚОРИ ДАРАЖАСИни микроскопда саратон ўсмасини кўргандек синчиклаб англашга уриндик. Актёр қилаётган ишининг нималигини тушунсагина томошабинга ғояни етказиб бера олади.Спектакль режиссёр ва актёр учун сирли қонун-қоидаларга асосланган формула эмас, ўзаро мулоқот жараёни. “Фарҳод ва Ширин” спектаклига келган одам асардан чиқарган менинг фикрим, ғоям, таассуротларим, тафаккурим билан танишади. Спектаклларим менинг кундалик дафтарим ҳисобланади. Мен, “бу тўғри, бу нотўғри” дея олмайман. Чунки бу менинг қарашларим, тафаккуримдан келиб чиққан. Ҳаётий тажрибамдан келиб чиққан ҳолда севги, дўстлик, аёллар, болалар, табиатга нисбатан ўз муносабатим бор. Англаяпсизми, менинг ҳаётий тажрибам бу шундайлигини кўрсатган. Томошабин менинг фикрларим учун тошбўрон қилиши мумкин. Бундан қўрқмайман. Чунки тафаккурим жараёнида бекитадиган фикрларим йўқ. Аҳамият берган бўлсангиз, репетиция жараёнларида ҳам актёрлардан ташқари четдан келган инсонлар ҳам ўтирди. Марҳамат, келишсин, кўришсин, мулоҳаза қилишсин.
Жонингизни жабборга бериб барча кучингизни спектаклга сарфлайсиз-у, бироқ томошабин қабул қилмаган ҳолатлари бўлганми?
Албатта. Мен учун қадрли бўлган спектаклларим бор-ку, аммо томошабин севиб томоша қилмайди. Ўзим ёқтирмайдиган, лекин томошабин илиқ қабул қилган спектакллар ҳам бор. Шундай пайтда менга жуда оғир ботади. Ахи унда томошабинга маънавий озуқа берадиган даражада кўп куч сарфланган. Тушунаяпсизми? Муқояса қиладиган бўлсак, саримсоқпиёз ва сникерс шоколадидек гап. Саримсоқнинг фойдали эканлигини ҳамма билади, бироқ таъми ширинлиги учун Сникерсни танлашади. Мен севадиган спектаклларимга томошабин кам келади. Шундай пайтда саҳна ортида туриб йиғлагим келади.
Томошабин театрга кам келади, юқорида ўзингиз айтиб ўтганингиздек, фикрлашга ундайдиган спектаклларни кам кўради, деб қолишади. Томошабинни театрга қайтариш учун нималар қилиш керак?
Қийин савол бердингиз. Ҳар куни репетиция тугагач, меҳмонхонага қайтишдан олдин Р. кафесига борамиз. Кафега кириб боришим билан барча жойлар банд бўлганлиги сабаб, мени ўтказишга жой топиш муаммо бўлади. Кафедагилар хўрандаларга ҳеч нарса ваъда қилишмайди, бироқ инсонлар овқатланишга нисбатан эҳтиёжларини қондириш учун кафега келишади. Нега? чунки у ерда мазали таом тайёрлашади, самимий кутиб олишади, ҳамма ер тоза-озода, “лаббай” деб туришади. Талаб ва таклиф қонунига қатъий амал қилинади. Аҳамият бераяпсизми…
Биз театрдагиларнинг маҳсулоти нима? Бу бизнинг тафаккуримиз, дунёқарашимиз, ўз касбимизни мукаммал, профессионал даражада билишимиз ва томошабиннинг ишончи. Томошабин кўча ташвишларидан чарчагани ва маънавий эҳтиёжини қондириш учун, актёрга, санъат аҳлига ишончи туфайли пулга билет сотиб олади. Биз томошабинни ҳурмат қилмай қўйганимиз учун ҳам, у бизни ҳурмат қилмай қўйди. Меҳрга меҳр, муҳаббатга муҳаббат билан жавоб қайтарилади. Агар томошабин спектаклимизга келмаса, демак, мен саҳнадаги қайсидир ҳатти-ҳаракатимни нотўғри бажараяпмиз.Айб томошабинда эмас, айб бизда! Демак, томошабинни ишонтира олмаяпмиз. Агар томошабин камчилигингизни пайқаса, демак, театрни яхши деб бўлмайди. Залда 600 та томошабин сизни кузатаяпти дегани, 600 та инсон камчилигингизни кўраяпти, деган гап. Спектакль ҳақида салбий муносабат билдиришса эса, “Сиз театрни тушунмайсиз” деган фикримизнинг ўзи нотўғри.
Фараз қилинг, кафега келдим ва менга шўр овқат беришди. эътироз билдирганимда, “Овқатнинг таъмини қаердан ҳам билар эдингиз!” деган жавобни эшитганимдаги аҳволимни тасаввур қилиб кўринг.
Томошабин телевидение, интернет орқали мингдан ортиқ яхши фильм, ажойиб турк сериалларини кўраётган бир даврда ёмон ижро ҳамда омошани кўрганда “Саҳнага чиқиб олиб ёмон драматургия ва ижро билан мени аҳмоқ қилаяпсанми? ҳайф-ей, кетган пулим ҳамда вақтим..” – демайдими?!
Олма-Отадаги актёрларимга доимо “Одамлар спектаклни кўраман деб 3 минг танга (АҚШ 10$) га билет сотиб олиб, таксида, йўлдаги тирбандликларга қарамай театрга спектакль кўришга етиб келишди. Уч минг танга сарф-харажатлар қиммат бўлган шаҳримизда уч марта тўйиб овқатланиш деган гап. Шунинг учун ҳам актёрларим, томошабин олдида улкан масъулиятимиз бор деб, ҳар доим саҳнага чиқишдан олдин билан тўпланиб, юзимиз ёруғ қилсин деб дуо ўқиб саҳнага чиқишади. Агар спектаклдан сўнг томошабин ҳеч қандай фикрга эга бўлмай кетса, демак, бу яхши спектакль эмас. Кундалик ҳар бир спектаклдан сўнг актёрларим ижросини гуруҳ бўлиб муҳокама қиламиз.
Репетиция жараёнида режиссёрлар актёрларни камситиши тўғрисида кўп эшитганмиз. Спектаклга тайёрланиш жараёнида бунинг гувоҳи бўлмадим.
Ҳар бир инсон туғилганидан бошлаб, Худо томонидан ўзига хос яратилган бўлиб, Яратгувчи унга сифат, фазилат ҳамда танлаши учун сон-саноқсиз йўллар ато қилган. Танлаш имкони эса инсоннинг ўзида қолган. Раҳмон ёки Шайтоннинг йўлини танлаш инсоннинг ўзига ҳавола. Икки йўлдан бирини танлаш орқали ҳам машҳур ва кучли бўлиш мумкин. Инсоннинг ҳатти-ҳаракати унинг ички маданияти ҳамда маънавиятини кўрсатади. Буни биргина ҳуштакни қайси оҳангда чалишидан ёки эшик табақасини очишидан ҳам билиб олса бўлади. Бу дунёдаги ҳар бир ҳатти-ҳаракатинг учун келажакда жавобгарлик борлигини эсдан чиқармаган маъқул. Энг ёмон нарса инсоннинг руҳини синдириш. Умуртқа поғонаси синган инсон қаддини тик кўтариб юра олмаганидек, руҳан чўктирилган инсоннинг ҳам ўзини тиклаши қийин бўлади. Актёр қаҳрамонини юқори даражага чиқариши, унинг машстаб кўламини кенгайтириши учун кўпроқ ўқиши, изланиши, ҳаётни кузатиши керак. Агар актёр шу ишларни қилмас экан, ижро қиладиган қаҳрамонини ўлимтик жонга айлантириб қўяди. Режиссёр актёр қалбига мағз-уруғ қадар экан, унинг бақувват дарахтга айланиши ёки қовжираб қолиши “тупроқнинг унумдорлиги”га, яъни актёрнинг ўзига боғлиқ бўлади.
Икки ой вақт мобайнида Тошкентдасиз. Пойтахтимизда 1996-йилларда, 2007-йилларда бўлгансиз. Хизмат сафарининг юзага келиш сабаби ҳамда аввалги Тошкент билан бугунги Тошкентдаги ўзгаришлар сезиларлими?
Яқин орада Тошкентда бўламан деб ўйламагандим. Қадимги Юнонистон психологиясини ўқиган шахс сифатида тақдири азалга ишонаман. Бошқа мамлакатларда спектаклларни саҳналаштириш режаларим бўлгани ҳолда, йиллик иш режамда 1-2 ой бўш вақтим бор эди. Муқимий театрининг директори Мирзажон Азизов аввал волидам Фотима Ғуломованинг телефон рақамини олиб, онам орқали эса мени топиб телефон орқали боғланди. “у деди, бу деди”, бир неча марта телефон қилгач, “Ҳа”ми ёки “йўқ” деб масалани дангал қўйди. “Йўқ” дея олмадим, чунки, Тошкентни соғинган эдим. Ўзбек тили, ўзбек миллий мусиқасини тинглагим, анча йиллардан бери кўрмаган дўстларимни кўргим келди. Қолаверса, муҳаббат ҳақида ҳам спектакль саҳналаштириш ниятим бор эди. Бизнинг авлод “Тошкент-нон шаҳри” кинофильми таъсирида улғайганмиз. Ушбу фильм туфайли Тошкентни севиб қолганман. Ҳозир Тошкентдалигимда ўзимни улкан гўзал шаҳарда сайр этиб юрган ёш боладек ҳис қилаяпман. Шаҳар гуллаб-яшнамоқда, ёқимли ифор таралмоқда. Бу лаззатли таомларнинг ифори эмас, инсонлар табассуми ва ички меҳрининг лаззатли ифори. Дао фалсафасида “ички табассум” деган тушунча бор. Репетициядан уйга қайтиш, уйдан театрга бориш жараёнида инсонлар билан саломлашиб, суҳбатлашиш жараёнида мен шаҳар аҳлида мана шундай ёқимли “ички меҳр, ички табассум”ни ҳис қилдим. Менинг Тошкент ҳақидаги ёрқин таассуротларим мана шулардан иборат.
Нигора УМАРОВА суҳбатлашди.
Репетиция жараёнида актрисалардан бири Каъбага бориш пайтидаги Аллоҳ жамолини ҳис қилган пайтдаги жазба, беҳушлик ҳолати пайдо бўлди. Юқоридаги фикрларингиз баёнида ушбу ҳолатни ҳис этаяпман.
Репетиция пайтида пайдо бўлган биргина шу нурли ҳолат ва тасодиф барча машаққатларни ортга чекинтиради.
Режиссёр инсон қалбининг ихтирочисими?
Репетиция жараёнида режиссёрни, ижодкор шахсини “қароқчи” ҳам дегандингиз. Барча ахборотларни тўплаб, энг-энг сарасини ўзида сақлаб ўзгаларга намойиш этиши хусусида тўхталган эдингиз.
Мен буни мажозий маънода, майда-майда нарсалардан, яхлит нарса яратиш шартлиги хусусидаги фикримни ифодалаш учун қўллаганман.
2018/3
Ижтимоий тармоқларда ёйиш: