Балоғат ёшидаги зўриқишлар

Фарзандлар катталарнинг юриш-туришига, хулқ-атворига тақлид қилади. Уларни тўғри  йўлга солиш учун ота-оналарнинг ўзлари тарбияли бўлишлари зарур.

Бола 2-3 ёшидаёқ баъзи нарсаларни идрок эта бошлайди. 5 ёшгача қандай тарбияланса, кейинчалик хулқи шундай шаклланади.

Кейинги уринишларнинг натижаси кам бўлиши кузатилган.

* * *

Фарзандлар келажагини ўйлаган ота-оналар ўзаро муомалада иззат-ҳурматни сақлаб, ўринли сўзлашадилар, ҳамма билан бирдай яхши муносабатда бўладилар. Ўғил-қизлари онгига ҳам “Қўлингдан келса, барчага яхшилик қил, келмаса, бировга ёмонлик қилма” каби ўгитларни сингдирадилар. Эзгу фикрлар, ўзгаларга яхшилик қилиш истаги инсон қалбида болаликдаёқ илдиз отгани яхши.

Болаларни оилада тарбиялаш масаласи мураккаб ва кўп қиррали. Бунинг учун ота-оналардан чуқур билимли, зийрак ва оқил бўлиши талаб этилади. Зеро, ҳар бир бола учун ўзига яраша тарбия усулларини топиш керак бўлади.

Ҳаётининг биринчи кунларидан бошлабоқ тўғри тарбия қилинса, бола шахс сифатида тўғри ривож топади ва шаклланади, у ростгўй ва ҳалол, меҳнатсевар, жамоани ҳурмат қиладиган, жамики гўзалликка интиладиган бўлиб етишади. Шу сабабли, зуваласи пишиқ, бақувват ва маънавий етук болаларни тарбиялаб камол топтириш барча ота-оналарнинг бурчи саналади.

Қиз бола 13-15 ёшга кирганда ўзини кап-катта  бўлиб қолгандек сезади. Энди унинг диди ва фикри аксари сизникига тўғри келмайди, ўзига дўстлар орттиради, баъзан бу ўртоқлари сизга ёқинқирамайди, унинг ўз ички дунёси бўладики, буни у катталардан пинҳон тутади.

Аслини олганда қиз бола балоғатга ета борганида ҳам ҳали болалигича қолаверади. У ҳимояга, меҳр-шафқатга, ғамхўрликка муҳтож. Энг муҳими уни ҳурмат қилишингизни, тушунишингизни истайди.

Балоғатга етган қиз гоҳида ўз-ўзини тушунмайди. Мулойимлиги, ювошлиги, ширинсўзлиги йўқолиб, инжиқ, сал нарсадан тутоқиб кетадиган бўлиб қолади. Бўлар-бўлмасга кўз ёши қилиб кейин узр сўраб, ялиниб-ёлворади. Ўйлаб қаралса, у ўз ҳолига тушунмайди, лекин сиз тушунишингиз шарт. Бўлмаса ўртага совуқлик тушиб, бегоналашиб кетасиз, узоқ пайтларгача бир-бирингизнинг кўнглингизга йўл тополмай юрасиз.

Сиз “қизим инжиқлик қиляпти, унинг феъли айниб қолди” деб ўйларсиз. “Бебош бўлиб кетди, жуда эрка қилиб юбордик, сал қаттиққўллик қилмасак бўлмайдиганга ўхшайди” деган фикрга ҳам келасиз. Шу билан ҳамма муаммо ҳал бўлармикан?

Қизингизга яхшилаб разм солинг-а. Унинг қўпол сўзларини ва дағал ҳаракатларини кўрасиз-ку, лекин дилига салга озор етишини, сиздан уялишини, кўнглидаги дард-ҳасратларини тўкиб сола олмаслигини ўйлаб кўрмайсиз. У сал нарсадан дарров чарчайдиган, асаби бузиладиган, жаҳли бурни учида турадиган, кўнгли нозик бўлиб қолганки, асти қўяверасиз…

Қиз бола ҳаётидаги энг муҳим даврни бошидан кечиряпти, у балоғатга етяпти. Унинг организмида жиддий ички ўзгаришлар содир бўлмоқдаки, бу унинг барча аъзоларига, жумладан, асабига кўпроқ таъсир қилади. Ана шу ўзгаришларда жинсий безлар гормонлари ҳал қилувчи роль ўйнайди. Қизларнинг балоғатга етиш даври 3-4 йилга чўзилади.

* * *

Айрим ота-оналар фарзандлари ўсмирлик ёшидан ўтган бўлса-да, салга туртиб-уришиб, ҳақоратлайверишади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам болани ҳақоратлаш (қарғаш ёки сўкиш) тўғри эмас. Энг муҳими – ваҳима қилманг, ўзингизни босиб олинг, ҳовлиқманг.

Фарзандингизнинг дилидагиларни тушунишга ҳаракат қилинг. Сиз сабр-тоқат, ақл ва мулойимлик билан болага вазиятни тўғри тушунтиришга ҳаракат қилинг. Уларни ҳозир сал нарсага хафа қилиб қўйиш мумкин. Хатосини тушунтириб, қилган иши ёмонлигига ишонтириш керак.

Тарбияда ширин сўз энг самарали усул. Бир воқеани танишимиз айтиб берган эди, арзимаган оилавий жанжал оқибатида бир йигит ўз жонига қасд қилишгача борган. Бу албатта, аянчли ҳолат. Ақлли болалар ота-оналарини ҳурмат қилиб, кучлари етганча  уларнинг хизматида бўладилар. Ёмон сўз айтишдан, аччиқланиб қарашдан ўзларини сақлайдилар. Фарзанд ота-она учун жондан азиздир. Борди-ю, у ноқобил бўлса, озори жондир.

* * *

Бир йигит ўз отасини ҳақорат қилиб урганини кўрган одамлар нафратланиб, у адабсиз ўғилга ҳужум қилмоқчи бўлдилар. Йигитнинг отаси одамларни тўхтатиб: “Биродарлар, ўғлимга ҳужум қилманг, бу ишда ўғлим эмас, ўзим айбдорман. Йигитлик вақтимда кунлардан бир кун худди мана шу ерда отамни ҳақорат қилиб, урган эдим. Отамга қилган қилмишим жазосини энди ўзим кўриб турибман. Отамга қандай муомала қилган бўлсам, бугун ўшандай муомала ўз ўғлимдан қайтди. Нимани эксанг, шуни ўрасан, деб жуда тўғри айтганлар. Мен ота-онамни ҳурмат қилмадим, дилларини оғритдим, у муборак зот мендан норози бўлиб кетдилар, энди ўғлим айбдор эмас, биродарлар айб ўзимда”- деб йиғлабди.

Йигит отасининг сўзларидан таъсирланиб, ундан узр сўрабди. Ота эмасми, у ҳам ўғлининг гуноҳини кечириб, кўз ёшларини артибди.

Маслаҳатимиз шуки, балоғатга етиш даврида бола организми нозик бўлади. Худди ана шу даврда фарзандни қўллаб-қувватлаш, яхши сўз билан қалбидаги эзгу-фазилатларни кўпайтириш, чиниқтириш орқали танасини касалликлардан ҳимоялаш керак.

Жисмоний машқлар соғлиқни мустаҳкамлайди, яхши ўқишга ёрдам беради. Болани орасталикка ўргатсангиз ва ҳар куни оз бўлсада, бадантарбия қилишга одатлантирсангиз, унинг саркашлиги узоққа бормайди.

Панд-насиҳатлардан ташқари, ўзингиз ҳам ўрнак бўлсангиз, янада яхши.

Шуни ёдда тутиш керакки, фарзандларимизни ёшликда ақлий ва жисмоний жиҳатдан қаттиқ зўриқтирмаслик  керак. Ортиқча  зўриқиш организм саломатлиги учун хавф солиши мумкин.

Фазлиддин ҲАЙДАРОВ,

Ўзбекистон Миллий Университети доценти,

психология фанлари номзоди.

5 1 голос
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x