Байрам зиёфатида тўғри овқатланинг

Байрам кечасида ёзиладиган дастурхонга оч қорин билан ўтириш одати бекаларимиз орасида кенг тарқалган. Чунки кечга қадар дастурхон безатиш ва таом ҳамда пишириқлар тайёрлаш билан банд бўлган уй бекалари номига йўл-йўлакай тушлик қилиб олишади. Аммо шуниси ёмонки кун бўйи оч юриб кечқурун кўп овқат еб қўйган киши ухлолмай қийналади, эртасига ҳам беҳузур бўлади.

Янги йил зиёфатига тараддуд кўрилаётганда бундай ҳол тез-тез рўй беради. Ахир ўйлаб қаранг, бир кечалик зиёфат учун ёзилган дастурхонда турли ноз-неъматлар бор. Ёғли ва ўткир, шўрва, ширин таомлар, иссиқ ва яхна егуликлар, цитрус мевалар, турли ичимликлар… Майонез қўшилган салатлар эса юқори калорияли ҳисобланиб уларни ҳазм қилиш оғир кечади. Салатлардан сўнг дастурхонга тортилган гўштли таомлар, қовурилган овқатлар ҳазмни янада қийинлаштиради, оқибатда жигар анча азият чекади.

Зиёфатдан кейинги оғриқлар

Хилма-хил овқатларни аралаштириб ейиш ва газланган шарбатларни пешма-пеш ичиш дастурхон атрофидаги кекса ва кичик ёшдагиларда турли аллергик ҳолатларни келтириб чиқаради.

Байрам зиёфатидан сўнг жиғилдон қайнаши ва кекириш безовта қилишининг сабаби тўла ҳазм бўлмаган овқатнинг ошқозондан қизилўнгачга ўтиб кетишидир. Зиёфатдан сўнг қориннинг қаппайиб кетиши меъёрдан кўп овқат еб қўйганлик белгиси ҳисобланади. Оғиздаги тахир таъм эса кўп миқдордаги ёғли овқат истеъмол қилиш оқибатида ўт пуфагининг зўриқиши туфайлидир.

Қориннинг дам бўлиб ичакларда газ йиғилиши анчагина ширинлик, карамли таомлар ва бошқа углеводларга бой егуликларни истеъмол қилишдан сўнг келиб чиқади.

Зиёфат пайтида қийин ҳазм бўладиган оқсилли маҳсулотлар (қўй ёки мол гўшти)ни кўп ейиш ич қотишига сабаб бўлади. Шунингдек қориндаги оғриқлар овқат яхши ҳазм бўлмаганидан дарак беради. Кўп овқат истеъмол қилиш ошқозон секрециясининг етишмовчилиги натижасида ичакларда газ тўпланиб унинг девори шишишига олиб келади. Байрам дастурхони атрофида ширин ичимликларни кўп ичиш, қандолат маҳсулотларини истеъмол қилиш ичакдаги фойдали бактерияларнинг камайишига ва аэроб ҳамда патоген бактериялар кўпайишига сабаб бўлади. Бу ҳолат ичакларда кўп миқдорда водород ва метан газларини, мой ва уксус кислоталарини ҳосил қилади ва ичакнинг кислоталилик меъёрини бузади, яъни ичак яллиғланиши ҳолатларига олиб келади.

Сизда сурункали хасталик бўлса

Овқатланишда маълум бир тартибу қоидаларга амал қилган маъқул. Айниқса сурункали хасталиклари бор кишилар бу борада эҳтиёткорликни унутмасликлари лозим.

Холецистит ва ўт-тош касаллиги билан оғриганлар байрам кунлари ёғли, қовурилган, тузланган ва маринадланган таомларни истеъмол қилишса дард хуруж қилиши, ҳатто ўт йўлидаги тошлар қўзғалиши мумкин. Негаки, оғир таомлар ошқозонга тушгач, жигар кўп миқдорда ўт (сафро) чиқаради ва бу ўт оқими тошчаларни жойидан қўзғатиб шу жойда санчиқ туради.

Панкреатит билан касалланган одамлар спиртли ичимликлар ичмасликлари ва зиёфатда ҳўл мева ва сабзавотлар тонаввул қилишлари лозим. Улар учун гўшт, балиқ ва товуқнинг ёғсиз турлари мос келади.

Буйрагида дарди бор кишилар оқсилли маҳсулотлар (масалан тухум, гўшт, товуқ гўшти, балиқ)ни оз миқдорда ейишлари керак. Дудланган ва консерваланган маҳсулотларни умуман истеъмол қилмаганлари маъқул.

Ошқозон ва ўн икки бармоқ ичак яраси касалликларида гўшт ва балиқнинг ёғли турлари, маринадланган сабзавотлар, қора қаҳва ва аччиқ шоколадни чекланган миқдорда тановвул қилиш лозим.

Қандли диабет ташҳиси қўйилган одамлар тўкин дастурхон атрофида ҳар бир нарсани ўйлаб истеъмол қилишлари керак. Чунки ширин мевалар ва қовурилган таомларни чекланган миқдорда ейишмаса, аҳволлари ёмонлашиши ҳам мумкин.

Майонезни чеклаган маъқул

Байрам дастурхони атрофида ўтиришдан аввал сизга айрим маслаҳатлар бериб ўтмоқчимиз.

Зиёфатга ўтиришдан бир соат аввал хом ёки қайнатилган сабзавотлардан тайёрланган енгил салат истеъмол қилинг, кейин лимонли кўк чой ичсангиз янада яхши. Овқатланишдан ярим соат олдин эса бир стакан қайнатилган илиқ сув ичинг. Ҳар бир таомни истеъмол қилиш оралиғида камида бир соатлик танаффус бўлсин.

Ёғли таомларни хом сабзавот ва ошкўклар билан бирга истеъмол қилсангиз ҳазмни осонлаштиради.

Бирданига кўп овқат еб қўйманг, аксинча таомларни секин-аста, яхшилаб чайнаб, узоқ муддат давомида танаввул қилинг. Бу билан ҳазм аъзолари ишига ёрдам берган бўласиз. Салатлар тайёрлашда майонезлар ўрнига қаймоқ (сметана) ёки ўсимлик мойларидан фойдаланиш лозим. Сабаби, майонезлар ўз таркибида транс-ёғли кислоталарни сақлайди. Транс-ёғли кислоталар сарёғда, қаймоқда ёки ўсимлик мойларида бўлмайди. Бу юқори токсинли модда майонезларда ва маргаринни ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўлади ва инсон аъзоларига, айниқса жигар ҳужайраларига зарарли таъсир кўрсатади. У эмизикли она сути билан болага ўтиб, унинг ўсиши ва ривожланишига салбий таъсир қилади. Шу ўринда айтиш жоизки, ушбу йил августида ҳукуматимиз томонидан эълон қилинган махсус қарорда тайёр овқат маҳсулотларида транс-ёғли кислоталар ва озиқ-овқат қўшимчалари миқдорининг хавфсиз даражаларини меъёрлаштириш кўзда тутилган.

Маълумки, байрам кечаси учун жуда кўп хилма-хил таомлар тайёрланганлиги сабабли уларнинг ҳаммасини бир ўтиришда истеъмол қилишнинг иложи йўқ. Кўпчилик байрамдан кейинги кунларда ҳам зиёфатдан ортган овқатларни истеъмол қилади. Бу ҳам яхши эмас. Чунки пиширилган егуликларни музлатгичда ҳам бир-бир ярим кундан ортиқ сақлаш мумкин эмас. Бундай вақтда овқатдан заҳарланиш эҳтимоли ортади. Шунинг учун ҳам байрам дастурхонига ўта кўп таомлар тайёрламаслик ва охиригача истеъмол қилинмаган егуликлар дастурхонда узоқ вақт туриб қолишига йўл қўймаслик керак. Бу эса айни шодиёна кунда ошқозон-ичаклар билан боғлиқ муаммолар юзага келиб, кишиларни қийнаб қўйишининг олдини олади.

Абу Али ибн Сино “Ҳазм истасанг, шошмай егил майдалаб” деган ўгитни беморларга мунтазам таъкидлаб турган экан. Бу бежизга эмас. Негаки, меъда оғир таомлар туфайли зўриқса ҳазм аъзолари иши издан чиқади. Оқибатда турли хасталиклар пайдо бўлади. Буни ҳеч ким, ҳеч қачон унутмагани маъқул.

Анатолий ХУДОЙБЕРГАНОВ,
тиббиёт фанлари доктори, профессор,
Ўзбекистон республикаси Соғлиқни сақлаш
вазирлигининг бош диетологи.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x