Bahor sensiz o‘luptur…

Баҳор сенсиз ўлуптур манга ажаб дўзах,
Қизил гул анда ўту оқ шукуфалардур ях.

Баҳор сенсиз агар дўзах ўлса тонг эрмас,
Биҳишт ичинда лиқо бўлмаса эрур дўзах.

Хаёли хайли кўзумга келургадур гўё,
Юзумки йўл-йўл ўлуптур сиришкдин рах-рах.

Ғариб келмади ширин лабингға аччиғ сўз,
Эмас ғариб чучук мева бўлса хаста талх.

Кўнгул фано кунжидин зўр бозу истарким,
Вужуд панжасини англамиш бағоят шах.

Навоий эгни ялангдур демангки, бордур анга
Фано ҳасири, бало хораси насиж ила нах.

Магар шаҳ ашҳаби оллинда пайк бўлди сипеҳр
Ки, қилмиш ўн кечалик ойни эгнида ночах.

                                                            “Ғаройиб ус сиғар”, 108-ғазал

Луғат 

Шукуфа – гул
Лиқо – юз
Хайл – тўда, гуруҳ
Сиришк – кўз ёши
Рах – ажин
Талх – аччиқ
Бозу – билак, қўл
Шах – дағал, қаттиқ

Ғазалнинг насрий баёни 

Дилнавоз ЮСУПОВА шарҳи 

  1. Сенсиз баҳор мен учун дўзах кабидир, ундаги қизил гуллар олов, оқ гуллар эса муз сингаридир.
  2. Сенсиз баҳорнинг дўзахга ўхшатилишида ажабланарли ҳеч нарса йўқ, чунки жаннатда Унинг жамоли (дийдор) бўлмаса, жаннат ҳам гўё дўзахга айланади.

     3.Унинг хаёли кўз олдимда намоён бўлар экан, ҳажрида кўзёшим оқиб, юзимга ажинлардан           йўл солган.

  1. Хаста одамга ширин мева ҳам аччиқ кўринади, шундай экан, сенинг ширин лабингдан аччиқ сўз чиқса, бунга ҳайрон бўлиш керак эмас.
  2. Кўнгилда фано бўлиш истаги шунчалик кучлики, у ўзини қутқаргувчи қудратли бир билак истайди, чунки у ўзи учун бу вужуд қаттиқ бир панжа эканлигини англаб етди.
  3. Навоийни эгни яланг (яъни либоссиз), деб ўйламанг, чунки унда фанодан палос ва абрешин ипидан тўқилган бало матоси бордир.
  4. Шоҳнинг кулранг оти олдида осмон хабарчи фаришта бўлди ва у ўн кечалик ойни кичик найзага айлантирди.

  Ғазалнинг умумий мазмун-маъноси

 Бир қарашда ишқий мавзуда ёзилгандек тасаввур берувчи ушбу ғазалда ирфоний мазмун устувор бўлиб, унда Ҳаққа етишиш учун Расули акрам буюрган йўлдан юриш керак, деган ғоя илгари сурилади.

Ғазал матлаъсида ошиқ учун ёр бўлмаса, баҳор фасли ҳам қиш каби туюлиб, кўкламда очилган қизил гул олов, оқ гул муз сингари бўлиши баён қилинмоқда (Шу ўринда мумтоз адабиётимизда ёр орқали маъшуқа, дўст, пири комил, Пайғамбар (с.а.в.) ва Оллоҳ назарда тутилишини эслатиш жоиз). Диний манбаларга кўра, охиратда гуноҳкорларга дўзах азоби бир-бирига қарама-қарши икки ҳодиса – олов ва қаттиқ совуқ (муз) орқали намоён қилинади. Навоий бу ўринда дўзахдаги ана шу азобга ишора қилмоқда.

Навбатдаги байтда лирик қаҳрамон ёрга қарата “баҳор сенсиз қишга тенг бўлиши табиий ва бу ажабланарли эмас, чунки дийдор бўлмаса жаннат ҳам дўзах билан тенгдир”, дер экан, лиқо сўзи орқали жаннатда юз берадиган илоҳий жамолга ишора қилади. Диний ривоятларга кўра, жаннатда Оллоҳ ўз дийдорини суюкли бандаларига намоён қилади: ушбу дийдор чоғида барча ҳушидан кетади. Ҳушларига келгач, улар яна шу илоҳий жамолни қўмсайдилар, ушбу жамолсиз энди жаннат ҳам уларга худди дўзахдек бўлиб кўринади. Байтда қўлланилган тамсил санъати ошиқнинг руҳий ҳолатини таъсирчан ифодалашга хизмат қилган.

Учинчи байтда илоҳий жамолни ўйлар экан, лирик қаҳрамон қаттиқ ҳаяжонга тушади: кўзларидан ёш оқади, юзида ажинлардан йўл пайдо бўлади. Муболаға, тавзеъ (хаёли хайли) ва мукаррар (йўл-йўл, рах-рах) санъатлари билан зийнатланган тасвир орқали ошиқнинг илоҳий дийдорга қанчалик эҳтиёжманд ва интиқ эканлиги намоён бўлади.

Кейинги байтда Навоий ёрнинг ширин лабидан аччиқ сўз чиқса, ҳайрон бўлмаслик керак, чунки хаста одамга ширин мева ҳам аччиқ бўлиб туюлади ва бунинг ажабланарли жойи йўқ, дер экан, ўзини ёр висолига ташна хаста ошиққа нисбат беради. Ушбу байтнинг ботиний мазмунига эътибор қаратсак, унда Алишер Навоий Расули акрамга (с.а.в.) ғойибона мурожаат қилаётганлигини сезиш мумкин. Маълумки, ул Зотнинг сўзлари ҳамиша ширин ва фасиҳ бўлган. Лекин гоҳида мушриклар учун (уларни ҳидоятга чорлаш мақсадида) аччиқ сўз айтганлар. Мушриклар бемор каби эдилар ва уларга саодатдан хабар бераётган, айбу нуқсонларини кўрсатиб, тузатишга ундаётган сўзлар ҳам аччиқ туюлган.

Ғазалнинг бешинчи байтида кўнгилнинг тан истакларидан қутулиб, фано бўлиш ва Ҳаққа эришиш истаги баён қилинади. Бунда у ўзини халос этадиган кучли билакка – зўр бозуга эҳтиёжманддир. Чунки вужуд панжаси руҳни озод қилиши учун унга бир кучли билак – пири муршиднинг ёрдами зарур. Байтда бозу, панжа каби уядош сўзларни қўллаш орқали вужудга келтирилган таносуб санъати, вужудни панжага қиёслаш билан ҳосил қилинган ташбеҳ санъати фикрнинг бадиий таъсирчанлигини оширган.

Навбатдаги байт ҳам юқоридаги фикрнинг давоми ҳисобланади. Унда ҳам Алишер Навоий лирик қаҳрамон истагини фано бўлиш билан боғлаб, халқ кўзига либоссиз бир бечора каби кўринаётган бўлса-да, аслида унда фанодан палос ва балодан мато бор эканлигини айтади ва шу орқали тасаввуфдаги жавонмардлик таълимотига ишора қилади.

Шу ўринда “Сабъаи сайёр” достонида келтирилган шанба куни қора қасрда Баҳромга айтиб берилган “Фаррух ва Ахий” ҳикоятини эсга олиш зарур. Ҳикоятда Ахийга туҳмат қиладилар, у бору будидан айрилиб, ҳатто кийимсиз қолиб, бир палос ёпиниб, дўсти Фаррухнинг мамлакатига бориб қолади. Бу ерда Ахийнинг мард ва сахийлиги, энг асосийси, ҳамма нарсасидан ажралиб қолганда палос ёпиниб юрганлигига урғу қаратиш лозим. Ҳикоят моҳиятан рамзий бўлиб, унда Ҳақ йўлидаги инсоннинг фидойилиги ва бу йўлда дуч келган қийинчиликлари Ахий тимсоли орқали ёритиб берилган. Шу нуқтаи назардан олганда, байтда эгнимда палос бор, деган маънонинг мавжудлиги шоирнинг жавонмардлик таълимотига, ахийлик фаолиятига бўлган ижобий муносабати ва мойиллигини билдиради.

Сўнгги – мақтаъдан кейинги байтда рамзий ифода усули билан пайғамбарлар султони Расули акрамнинг (с.а.в.) меърожга кўтарилганларига ишора бор. Навоий Пайғамбаримизнинг меърож тунида минган отлари – ашҳаб (Буроқ)нинг олдида осмоннинг ой (пайки сипеҳр)га айланганини айтиш орқали ислом рамзи ҳисобланган кичик найза устига ўрнатилган янги ойни назарда тутади. Маълумки, тасаввуфда фано бўлиш Расули акрамга эргашишдир. Чунки Муҳаммад (с.а.в.) меърожда фано бўлган эдилар. Демак, фано бўлган инсонга бутун илоҳий сирдан насиба берилади.

Умуман олганда, мазкур ғазал тузилиш жиҳатидан пароканда ғазалга яқин туради, чунки ундаги ҳар бир байт ўзича мустақил мазмунга эга бўлиб, хос ғоя ва ифода йўсинини ўзида мужассам этади. Ғазал байтларини Ҳаққа бўлган муҳаббат ва илоҳий маърифат ўзаро бирлаштириб турганига гувоҳ бўламиз.

Ғазал рус тилига таниқли шоир Константин Симонов томонидан таржима қилинган. Аслиятда ғазал 7 байтдан иборат, таржима эса 6 байт ҳажмида (5-байт тушиб қолган) амалга оширилган. Бу ўзгариш бевосита байтдаги рамзийлик ва ботиний маънонинг мураккаблиги билан боғлиқ деб айтиш мумкин. К.Симонов таржимада ғазалнинг асосан зоҳирий маъносини ифодалашга ҳаракат қилган, шу сабабли унинг 5- ва 6-байтларини таржима қилишга қийналган: 5-байтни тушириб қолдиргани ҳолда 6-байтни нотўғри, яъни “Навоийни дўзахда кийимсиз ва оёғи яланг деб ёлғон гапирма, чунки мен сенинг туҳфаларинг – бало ва ғамдан либос ва пойафзал кийганман” тарзида ўгирган. Ғазалнинг сўнгги (мақтаъдан кейинги) байти таржимасида ҳам аслиятдан узоқлашишни кузатиш мумкин.

Ғазалнинг русча таржимаси

 Таржимон – Константин СИМОНОВ

Весна без тебя – палача жгут, смертные муки, ад!
В нем красные розы меня жгут, белые – леденят.

Весна без тебя для меня – ад, ад ночи и ад дня.
Но в том раю, где ты без меня, – нет ни льда, ни огня.

Если захочешь меня найти, стать под моим окном,
По лицу моему иди, по бороздам слез на нем.

Как в сладких плодах горькая кость не удивит меня.
Так в сладких устах твоих слов злость не удивит меня.

Не лги про меня, что там в аду гол и бос Навои.
Я одет, обут в печаль и беду – в подарки твои.

Не боюсь лжи и угроз, хотя вижу над головой,
Как секиру в небе занес юный месяц – гонец твой!

Ғазалнинг инглизча таржимаси

Таржимон – Аъзам ОБИД

Spring is like absolute hell for me without you,
The red bloom is fire in it, the white has icy view.

It’s not strange – without you – spring is inferno,
Since paradise will – sans his face – turn to hades too.

As soon as his dream fantasies come into my sight,
Tears on my face line wrinkles with affliction, rue.

Delicious fruits are unsavory for a sick person,
It’s unsurprising if your sweet lip will – vile curses – boo.

Soul in nonentity is longing for hand-holding,
Cause it feels this body for it is boorish, askew.

Do not say Navoi is ungarmented, he wears
A robe of nonexistence, a misfortune-sewn tissue.

Having turned a ten-day moon into a smaller arrow
The sky became a herald in front of the king’s horse-blue.

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2017/03/28/3005/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x