Бачадон силжиши

Қорин бўшлиғидаги барча аъзолар бир-бирига бевосита тақалган ҳолатда бўлади. Улар бир-бирини суяб турганлиги учун озми-кўпми доимий мувозанатда туради. Кичик чаноқнинг бойламлари, бириктирувчи тўқима ва мушаклардан тузилган аппарат борлигидан чаноқ аъзолари чаноқда ўз ўрнини сақлаган ҳолатда физиологик ёки патологик шароит тақозоси билан қорин бўшлиғида ошган босимга маълум даражада қаршилик кўрсата олади. Бачадон ҳақида гап кетганда айтиш жоизки, қўшни аъзолар (қовуқ ва ичак) ҳолати ҳам бачадоннинг вазиятига таъсир этади.

Бир қадар ҳаракатчан аъзо ҳисобланган бачадон чаноқнинг ўртасида жойлашган, туби олдинга ва юқорига қараган, жинсий аъзо (қин)даги қисми эса пастга ва орқага йўналган бўлади. Бачадоннинг бундай ҳолати оғиш versio деб аталади. Масалан, қовуқ тўлганда бачадон танасини орқага буради, тўғри ичак тўлиб кетганда бачадон бўйнига, олдинга ва юқорига сурилади.

Бачадоннинг силжиши (disposition) аъзонинг патологик ҳолати ҳисобланади, бунда бутун бачадон олдинга, орқага ёки ён томонга тортилган ёхуд меъёрдан ташқари кўтарилган (elevatio) ёки пастга тушган (descendens uteri) ё бўлмаса жинсий ёриқдан ташқарига чиққан (prolapsus uteri) бўлади. Бачадоннинг қайси томонга силжиганига қараб қуйидагилар тафовут қилинади:

  • олдинга сурилиш (antepositio);
  • орқага сурилиш(relroposi-lio);
  • ён томонга сурилиш(lateropositio).

Бачадонга ўсманинг тазйиқ қилиши ёки бачадоннинг чаноқ деворига тортилиши натижасида унинг ҳолати ўзгариши мумкин. Дуглас бўшлиғидаги ўсмалар, қон қуйилиши сабабли баъзан бачадон олдинга сурилиб кетади (antеpositio). Бачадонни қорин деворига ёпиштириш операцияси (бачадон вентрофиксацияси)да шундай ҳолат сунъий йўл билан вужудга келтирилади. Думғаза ва бачадон бойламлари қисқарганда, шунингдек яллиғланиш жараёни натижасида бачадон кўпинча орқага сурилиб қолади(retropositlo). Баъзан бачадондан олдинги ўсмалар бу аъзоларни орқага суриб юборади.

Текширишдан олдин ҳамиша қовуқни бўшатиб олиш зарур, чунки тўлиб кетган қовуқ бачадон танасини орқага итаради. Retropositio да бутун бачадон баъзан думғаза суягининг ботиқ қисмида ётади. Чаноқнинг қарама-қарши ярмидаги ўсма ёки клечаткадаги инфильтрат бачадонни чаноқнинг ён деворига тақаб қўйиши натижасида бачадон ён томонга сурилади(lateroposltio). Бундан ташқари, яллиғланиш жараёнларидан кейин бачадон сербар боғламларининг буралиб қолиши сабабли бачадон ён томонга сурилиши мумкин.

Пастга тушиши ва ташқарига чиқиши

shifokor

Бачадоннинг чаноқ ўқи бўйлаб пастга сурилиши – бачадоннинг пастга тушиши деб аталади. Бачадон ўз ўрнидан пастга сурилса-ю, жинсий ёриқдан ташқарига чиқмаса, бачадон пастга тушган (descensus uleri) ҳисобланади. Бачадон пастга кўп сурилиб, жинсий ёриқдан ташқарида қолса, бачадон ташқарига чиққан (prolapsus uteri) бўлади. Бачадон жинсий ёриқдан бачадоннинг фақат бўйни чиқиб туради, бачадон қисман ташқарига чиққан (prolapsus uteri parttalls) дейилади: бачадон жинсий ёриқдан бутунлай чиқиб қолган бўлса, тўла ташқарига чиққан (prolapsus uteri totalis) дейилади.

Чаноқ тубини ҳосил қилувчи тўқималар туғруқ вақтида йиртилса ёки кўп туққан хотинларнинг шундай тўқималари қайта чўзилавериб функционал камчилик келиб чиқса, қорин девори, чаноқ туби ва диафрагма мушакларининг ҳамкорликда ишлаши туфайли қорин бўшлиғи аъзоларининг ўзаро муносабати бузилиб, чаноқ аъзоларининг сурилиши учун шароит вужудга келади.

Оралиқ йиртилганидан кейин ўз вақтида чокланмагани жинсий аъзоларнинг пастга тушишига ва ташқарига чиқиб қолишига сабаб бўлади. Қин деворлари одатда қуйидагича тартибда пастга тушади, аввал қиннинг олдинги девори оралиқ мушакларининг йиртилиши сабабли табиий таянчдан маҳрум бўлиб, пастга туша бошлайди. Қин девори тушар экан, қовуқ деворини ҳам ўзи билан бирга олиб тушади.

Айни вақтда қовуқ билан қин ўртасидаги мушак – фасция тўсиғи жуда чўзилиб кетса ёки бир-биридан узоқлашса, қовуқ девори шу қадар бўртиб дўмбайиб чиқадики, қовуқ чурраси (cysocele) ҳосил бўлади. Қиннинг олдинги девори – аста секин пастга тушар экан, бачадоннинг қиндаги қисмини ҳам торта бошлайди, шунга кўра бачадоннинг ушбу қисми олдинга сурилиб қолади. Бачадон бўйнининг олдинга сурилиши бачадон ҳолатига таъсир қилмай қолмайди, яъни бачадон орқага оғади. Бачадон билан бирга сербар бойламлар ҳам ўз вазиятини ўзгартиради, шу муносабат билан веналар қисилиб, веноз қон яхши юришмайди. Юқорида айтилганларга кўра, чаноқда қон айланишининг бузилиши натижасида бачадон бўртиб, оғирроқ бўлиб қолади. Оғриқ туради, оқчил келади, шунингдек ҳайз бузилади. Шундан кейин бачадон ҳам пастга туша бошлайди.

Ниҳоят, сўнгги босқичда (оралиқнинг йиртилиши натижасида) орқага қайрилган бачадон ташқарига чиқиб қолади, бунинг объектив белгиси шундан иборатки, пастга тушаётган бачадон қин оғзидан ташқарига чиқа бошлайди. Баъзан бачадон бўйнининг фақат қиндаги қисми (айниқса кекса аёлларда) ташқарига чиқади. Сабаби шуки, қариликдаги атрофия туфайли мушаклардан маҳрум бўлган ва пастга тушаётган қин деворларига қўшилиб тортиладиган бачадон бўйни қин оғзидан ташқарига чиқиб қоладиган даражада узунасига чўзилади. Қин орқа деворининг пастга тушиши ва тўғри ичак деворининг ташқарига чиқиб қолиши қин-тўғри ичак тўсиғининг нечоғлиқ бузилганига ва мушакларининг қанчалик чўзилганлигига боғлиқ. Қиннинг орқа деворини тўғри ичак билан бирлаштирувчи клетчатка юмшоқроқ бўлади, шунга кўра тўғри ичак қиннинг ташқарига чиқаётган орқа деворига камдан-кам эргашади, лекин қиннинг орқа девори анчагина пастга тушган бўлса, тўғри ичакнинг пастки бўлими қин девори билан бари бир пастга тушади (rectocele).

Бачадон бойламлар кучи билан ўз вазиятида турса, ташқарига чиққан қин бачадоннинг бойламлари бўшашмагунча ва бачадон танаси пастга тушмагунча бачадон бўйнини тортаверади: айрим ҳолларда қининг пастга тушаётган деворлари бачадон бўйнини шу қадар чўзадики, у икки марта ва ҳатто уч марта узун бўлиб қолади.

Симптомлари

Одатда беморлар дефекация (ич келиши)да думғазада оғриқ туришини, баъзан айниқса узоқ вақт тик турилгандан кейин оёқлар оғришини айтиб, нолийдилар. Оғриқларнинг жойлашуви ва зўрлиги ҳар хил бўла олишини айтиб ўтмоқ керак. Кўпинча беморлар дефекацияда оғриқ сезилиши ёки тўғри ичакнинг босилиш сезгиси безовта қилаётганини айтиб, шикоят қиладилар. Дефекцияда оғриқ сезилиши одам кучанганида бачадоннинг сурилишига боғлиқ. Дефекация вақтида оғриқ бўлиши дастлаб ични атайлаб тўхтатиб туришга олиб келади, кейинчалик эса кўпинча сурункали ич қотишига сабаб бўлади.

Сийдик чиқарув аъзоларининг турли даражада бузилганлиги ҳақидаги шикоятлар ҳам кўп эшитилади. Тез-тез пешобга қатнаш рўй беради. Бачадон билан қин пастга тушган сайин қовуқ чурраси тўпланиб чиқа бошлайди, шунинг натижасида қовуқнинг бир қисми уретранинг ички тешигидан пастроқда бўлади, ундаги сийдик эса оқиб чиқолмай ушланиб қолади. Қиннинг олдинги девори қовуқ билан анчагина пастга тушганда, қовуқ ички сфинктерининг чўзилиши туфайли беморлар кўпинча сийдикни қисман тўхтата олмайдилар. Бачадон ташқарига чиққан бўлса, сийдик найи қисилиши ва қайрилиб қолиши сабабли сийдик кўпроқ тўхталиб қолади ва беморлар ташқарига чиққан аъзолар жойига киргизиб қўйилгандан кейингина сия олишларини айтадилар.

Бачадон нотўғри ҳолатда ётиши беморни кўздан кечиришда тасодифан аниқланиб қолади. Бачадоннинг ташқарига чиқиб қолишини аниқлашга келсак унинг диагностикаси қийин эмас. Ташқи жинсий аъзолар олдида нок шаклида ағдарилиб чиққан қин туради, унинг бағрида эса бачадон пайпаслаб топилади. Ағдарилиб чиққан қиннинг энг қавариқ қисмида бачадоннинг ташқи (одатда кенгайган) тешиги бўлади. Ташқарига чиққан қиннинг шиллиқ пардаси қалин тортган, дағаллашган, қуруқ бўлиб, терига ўхшайди. Ташқи тешик атрофида, баъзан эса шиллиқ парданинг ён юзаларида кўпинча лекубитал яралар кўрилади.

Касалликнинг бошларида ташқарига чиққан аъзоларни беморнинг ўзи бемалол жойига киргизиб қўяди, лекин кейинчалик шиллиқ парда қалин тортиб, дағаллашган сайин аъзоларни жойига киргизиб қўйиш қийинлашиб қолади. Бачадон ташқарига чиқиб қолганда бачадон бўйнинниг қиндаги қисмида ва қин деворларида лекубитал яралар пайдо бўлиши йирингли ёпишқоқ чиқиндилар ажралиши билан давом этади. Ҳайз кўриш нотўғри бўлиб, аксари кўп қон кетади.

Бачадон билан қиннинг ташқарига чиқиши туғруқ вақтидаги жарохат оқибати бўлиши мумкин, шуни эътиборга олиб, оралиқ мушакларининг ҳолатини текшириш, жумладан орқа чиқарув тешигини кўтарувчи мушак ҳолатини билиш зарур. Бунинг учун беморга газни тўхтатиб туриш учун қилингандек орқа чиқарув тешигини ичкарига тортиш таклиф этилади, шунда оралиқ мушакларнинг функционал қобилиятини, бир-биридан қочганлигини ёки бўшашганлигини ва думғаза – бачадон бойламларининг ҳолатини аниқлаш мумкин. Бемор шу мақсадда қин ва тўғри ичак орқали текширилиши лозим.

Ниҳоят, ташқарига чиққан бачадоннинг жинсий ёриққа қисилиб қолиши мумкинлигини эсда тутмоқ керак. Бунда ҳам аксари шок симптомлари пайдо бўлади: қаттиқ оғриқ сезилади, кўнгил айнийди, бемор қусади, ўзидан кетиб қолади. Бундай бемор ўз вақтида операция қилинмаса, қисилиб қолган бачадон ириб кетиши (некроз бўлиши) мумкин.

Даволаш

Оғриқ пайдо бўлиши, тез-тез заҳар танг қилиб туриши, сийиш вақтида оғриқ сезиш, сийдик тута олмаслик, нотўғри ҳайз кўриш ва шунга ўхшаш симптомлар пайдо бўлганда даволаш масаласи юзага келиши мумкин. Бачадоннинг нотўғри вазиятда ётганига даво қилиш учун консерватив ва хирургик усуллардан фойдаланса бўлади. Ҳаракатчан бачадон ретрофлексиясининг консерватив давоси шу ҳолатни қўл билан тўғирлаб қўйишдан иборат.

Бачадоннинг тузатилган вазияти қинга киритилган пессарий билан ушлаб турилади. Пессарий тўғри танланиб, яхши киритилса, беморни ҳеч бир безовта қилмай, бачадонни меъёрдаги ҳолатда ушлаб туради. Пессарийлар қаттиқ каучук ва целлулоиддан ясалади. Бемор пессарий тутганда қинини ҳар куни чайиб туриши керак, акс ҳолда пессарий ҳалқаси бачадон ва қин чиқиндисидан ифлосланади, натижада чиқиндилар ҳалқа атрофига йиғилиб, шиллиқ пардани таъсирлайди. Бундан ташқари, беморлар бачадон ҳолатини текшириш ва ҳалқанинг қисиб яра қилмаётганлигига ишонч ҳосил қилиш учун врачга кўриниб туришлари керак. Қин қатори ва бачадон бўйни эрозиясида пессарийни қўллаб бўлмайди. Ҳозирги пайтда ҳалқа ва пессарийлар кам қўлланилади, чунки келиб чиқиши мумкин бўлган оқибатлар (шиллиқ парданинг яра бўлиши сингарилар) беморларга баттар азоб беради. Хирургик усуллар ишончлироқ бўлиб, ҳозир ҳеч қандай хавф туғдирмайди.

Жарроҳлик амалиёти режали равишда ўтказилади, чунки аксарият холларда бемор аёлларга шошилинч операцияси муҳим эмас. Айтиш жоизки, эндиликда хилма-хил пластик-реконструктив жаррохлик амалиётлари мавжуд. Қиннинг орка ва олди пластикаси, вентрофексация, Манчестер операцияси, Келли операциясидан бугунги кунда кенг фойдаланилади. Замонавий гинекологияда TVT операцияси ҳам қўлланилмоқда. Бу операциянинг моҳияти сунъий пролен лента орқали қин олди девори тушишининг олдини олишдир. Бу амалиётдан сўнг аёлларда сийдикни ушлай олмаслик шикоятлари бутунлай йўқолиб, касаллик асоратлари деярли бўлмайди. PROLIFT шу усули ҳам мавжудки, у жуда кам асоратларга эга.

Олдини олиш

Бачадоннинг нотўғри ҳолатда бўлишининг олдини олиш учун қиз боланинг ўз вақтида қовуғини бўшатиши ва ичи юришишига эътибор қилиниши зарур. Чунки қовуқ ва ичакнинг ўз вақтида бўшамаслиги бачадоннинг орқага оғишига таъсир этади, оқибатда болалик давридаёқ бачадон нотўғри вазиятга кириб қолиши мумкин.

Шунингдек турмуш қургандан сўнг бола ташлаш, бола олдириш(аборт), бачадоннинг яллиғланиши, нотўғри ва чала инволюция қилиши, туғруқдан кейинги даврни нотўғри ўтказиш, бу даврда турли асоратларнинг келиб чиқиши, хуллас ҳамма-ҳаммаси бачадоннинг нотўғри вазиятга кириб қолишига сабаб бўла олади. Туғруқдан кейинги даврда аёл қорин деворини қаттиқ таранглаштирмаслиги, ўрнидан барвақт турмаслиги (такрор туғувчилар камида учинчи кундан кейин, биринчи марта туғувчилар камида тўртинчи-бешинчи кундан кейин ўриндан туришлари керак), туғруқдан кейинги декрет таътили даврида оғир жисмоний меҳнат билан шуғулланмаслиги керак.

Бачадоннинг нотўғри ҳолатда бўлишида, шунингдек бачадон ва қин деворларининг пастга тушишида чаноқ тубининг шикастланиши муҳим рол ўйнайди. Бу ҳолатларнинг олдини олишда малакали ёрдамчи туғруқни тўғри ўтказиш, оралиқни йиртилишдан сақлаш ғоят муҳим ахамиятга эгадир. Оралиқ йиртилган бўлса уни дарҳол тиклаш керак. Ниҳоят, жисмонан чиниқмаган аёлларнинг қорин деворини узоқ вақт ўта таранг қилиши бачадоннинг пастга тушишига ва ташқарига чиқишига таъсир этмай қолмайди.

Жаҳонгир ҚУРБОНОВ,
Тошкент Педиатрия тиббиёт институти
“Акушерлик ва Гинекология” кафедраси профессори,
тиббиёт фанлари доктори.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x