Баҳорги аллергия — поллиноз

Ўсимликлар гулчангига организмнинг аллергик реакцияси туфайли келиб чиқадиган поллиноз (мавсумий аллергик риноконъюнктивит) ҳар қандай ёшдагиларда пайдо бўлиши мумкин. Афсуски аллергия вақт ўтиши билан йўқолиб кетмайди ва ҳар йили ўсимликлар гуллаш мавсумида одамни безовта қилиб туради.

Поллиноз бурундан шиллиқ ажралмалар ажралиши, тумов, бурун ичи қичишиши, акса уриш, кўз ва қовоқлар шиллиқ қаватларининг шишиши ҳамда қизариши, кўз ёшланиши каби белгилар билан намоён бўлади. Болаларда эса қулоқдаги шовқин ва оғриқ кузатилиши мумкин. Беморларнинг ҳар бештасидан бирида бронхиал астма хуружлари рўй бериб, нафас қисиши, бронхларда қуюқ шилимшиқ йиғилиши мумкин.

Аллерген ўсимликлар гулчангидан ҳимояланиш учун ўсимликлар гуллаш даври бошланиши биланоқ айрим маслаҳатларга амал қилишни тавсия этамиз: Ҳар куни кечқурун бошингизни ювинг. Сочларингизни сувда яхшилаб чайинг. Чунки сочларга ўсимликлар гулчанги зарралари ёпишиб тўпланади. Кун давомида (айниқса кўчадан келгандан сўнг) иложи борича тез-тез бурун ичи ва кўзларингизни ювиб, оғзингизни тоза сув билан чайқаб туринг. Кечаси, ёмғир ёғаётганда ёки ёмғир тўхташи биланоқ хоналарни шамоллатиб олинг. Чунки бу пайт ҳаводаги ўсимликлар гулчанги концентрацияси паст бўлади. Шу сабабли, сайрга ҳам кечки пайт ёки ёмғирдан сўнг чиққанингиз яхши. Ҳаво қуруқ бўлганда ва шамол эсиб турган пайти иложи бўлса кўчага чиқмай туринг.

Кийим ва чойшабларни очиқ ҳавода ва очиқ айвонда қуритманг. “Гипоаллерген” маиший кимё воситаларидан фойдаланинг. Кўчага чиққанингизда бош ва кўзларингизга ўсимликлар гулчанги тушишидан ҳимояланиш учун бошкийим кийиб, қуёшдан ҳимояловчи кўзойнак тақиб олинг. Автомобилда юрганда ойналарни умуман очманг, аллерген ўсимликлар гуллаш даври тугамагунча табиат қўйнига сайр қилиш ва дам олиш учун чиқмай туринг.

Ҳар йили ўсимликлар гуллаш даврида сизда аллергия белгилари пайдо бўлса, сиз аниқ ташҳис қўйилиши учун аллерголог шифокор кўригидан ўтишингиз керак бўлади. Аллерголог шифокор тери тестларини ўтказгач сиз учун аллерген ҳисобланган ўсимлик турини аниқлаб, сизга керакли антигистамин препаратни ёзиб беради. Шунингдек, даволашнинг кучлироқ тури ҳам мавжуд, яъни организмга инъекциялар киритиш орқали бир неча йилга аллергиядан халос бўлиш мумкин. Поллиноз белгилари кучли ифодаланмаган ҳолларда, масалан касаллик енгилроқ ўтаётганда шифокорлар рецептсиз сотиладиган янги авлод антигистамин препаратларини қабул қилишни тавсия этадилар. Улар аллергия белгиларидан халос этади, уйқу келтирмайди. Бу воситалар керакли пайтда, ҳоҳ овқатдан олдин, ҳоҳ овқатдан кейин қабул қилинади.

Шоиста САИДОВА, мутахассис, педагог.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x