Сергей Параджанов нафақат арман киносининг юлдузи, балки дунё кинематографиясининг ноёб ҳодисаларидан биридир. У яратган фильмлар кино санъатининг энг юксак намуналари сафида ардоқланиб келинади. Унинг ижодий юксалишига туғма салоҳият ва билимдан ташқари, ғоят нотекис кечган ҳаёти, кўрган-кечирганлари ҳам туртки бўлгани табиий. Режиссёрнинг ҳаёти дўстлари айтганидек, “дедектив фильмнинг ёрқин сценарийси” сингари кечган. У ҳаёти давомида уч бора қамоққа олинган. Аммо унинг ижодкор қалби ва руҳи ҳамиша озодлигича қолганки, яратган фильмларининг залвори буни исбот этиб туради.
Сергей Иосифович Параджанов 1924 йилнинг 9 январида Грузия пойтахти Тбилиси шаҳрида дунёга келган. Отаси антиквар буюмлар билан шуғулланувчи савдогар бўлганлиги сабабли, унинг ёшлигидан санъатга меҳри ўзгача бўлган. 1942 йилда Тбилиси темир йўл институтининг қурилиш факультетига ўқишга кирган, бироқ, санъатга бўлган меҳр-муҳаббати устунлик қилиб, 1943 йилда Тбилиси консерваториясида ўқишни давом эттиради. 1945 йилда Москва консерваториясига ўқишини кўчиртиради. Аммо ижодкорнинг эътиборини кинематограф ўзига жалб этади. Шу сабабдан касбини мутлақо ўзгартиришга қарор қилган Параджанов 1946 йилда Бутуниттифоқ давлат кинематография институтида (ҳозирда С.Герасимов номидаги Умумроссия давлат кинематография институти) Игор Андреевич Савченко раҳбарлигидаги гуруҳда ўзини синаб кўради. Айтиш керакки, Сергей Иосифовичнинг режиссёр сифатида ўзига хослиги таълим жараёнининг бошиданоқ намоён бўлади. Негаки, Параджанов режиссёр сифатида ўз услубига, айтадиган сўзига эгалиги, миллийликни тараннум этиши, ҳаётга файласуфона қараши ва уни ранглар орқали кўриши, палитраларга шайдолиги ҳамда гўзаллик яратишга интилиши билан кино оламига кириб келиб, тез орада номи танилди.
Унинг ҳар бир картинаси тимсоллар, ранг, нур-соя, мажозларга бойлиги билан ўзига хослик касб этади. Кадрларни қўйиши, эпизодлар жойлаштириш жараёнини ҳар тарафлама ўйлаб чиққани ҳамда бу элементлардан моҳирона фойдалана олиш қобилияти алоҳида таҳсинга лойиқ. Сабаби, бунда Параджановнинг эстетик диди тўлалигича намоён бўлади. Шу ўринда ижодкорнинг гўзаллик хусусида бир фикрини эслаш ўринли: “Гўзалликни ҳис қилаётганинг учун бадалини қон билан тўлаш даркор. Агар шу даражага етсанг, демак, сен ҳаётни фалсафий англаган бўласан”. Тўғри, одамлар орасида “Гўзаллик қурбонликни талаб этади” деган нақл бор, бироқ Сергей Иосифович ўзи айтганидек нафақат қон билан, балки гўзаллик учун умри, озодлиги, саломатлиги ҳамда эркини қурбон қилган ҳолда товон тўлайди. Бундан маълум бўладики, бу инсон ҳар ерда гўзаллик ахтарган ва уни топа олган, энг чиркин, жирканч ерда ҳам қалби нафисликка интилган шахсдир. Буни биргина воқеа билан исботлаш мумкин. Параджановни сунъий айбловлар билан қамоқхонага ўтқазишади, бироқ шундай жамиятдан четлатилган, озод кишилар юз ўгирган жойда ҳам режиссёр ҳар қандай арзимаган қолган-қутган нарсалардан турли шаклдаги гўзаллик намуналарини, яъни қўғирчоқлар, сувенирлар, коллажлар, ҳар хил буюмлар яратишга ҳаракат қилади. Параджанов ҳаётининг аянчли дамларида зах, совуқ ва қоронғу камерада ўтиришига қарамай, зулматдан нур ахтаришга уринган, бу каби нормал ҳаётдан ажратилган энг паст, тубан одамлар орасида гулларнинг гўзаллигини кўра олган инсондир.
Параджанов номи кино тарихи саҳифаларига катта ҳарфлар билан битилган ижодкордир. Негаки, ўз халқини, тарихини, удумларини, урф-одатларини қадрлаган, улуғлаган инсон ҳар тарафлама етук шахс ҳисобланади. Параджанов қалбида ўзгариш содир бўлишига болалигидаги бир воқеа сабаб бўлган. Ижодкор ўзи туғилиб ўсган шаҳар қабристонини бузиб, ўрнига истироҳат боғини барпо этиш тўғрисидаги ҳукумат қарорига гувоҳ бўлган. Бу вазият ёш режиссёр онг-шуурида тўнтарилишлар содир этади. Негаки, қабристонни бузиш ортида бутун халқ, миллат тарихидан воз кечиш, удумларини, қадриятларини поймол қилиш бўлган, аслида. Тарихдан маълумки, маданиятидан кечган халқ энг заиф жамият ҳисобланади ва ҳар қандай салбий таъсирларга берилувчи бўлиб қолади. Бу воқеа туфайли Параджанов ҳукмронлик қилаётган тузумга бутунлай қарши туришга ўзида иммунитет ҳосил қилади. У жавобни ижодкор сифатида фақатгина ўзи яратган санъат асарлари орқали бера олган. Собиқ Иттифоқ тузуми Параджанов шахсида ўзига рақибни кўради, шу сабабли уни йўлдан йўқотишга уринади. Шу ўринда айтиш жоизки, Сергей Иосифович ўз даврида тўлақонли англанмаган инсон эди. Унинг олами қуйидаги машҳур сатрни эслатиб юборади: “Азизим, дунёга бевақт келибмиз…” Шунга қарамай, режиссёр ўзидан келажак авлодга салмоқли мерос қолдириб кетган.
Параджанов ижоди ҳақида сўз кетганида, унинг кўпгина фильмлари орасида асосан уч мумтоз фильми ёдга олинади. Булар, “Анор ранги”, “Унутилган аждодлар кўланкаси”, “Ошиқ Ғариб” фильмларидир. Юқоридаги асарлар мавзу жиҳатидан бир-биридан фарқланса-да, барчаси ватанпарварлик руҳида ишлангани билан умумийлик ва ўхшашлик касб этади.
“Анор ранги” картинаси арман шоири Саят Нова шахсияти ҳамда ижодига бағишланган бўлиб, Параджанов таҳсил олаётган пайтларидаёқ бу ижодкор хусусида фильм олишни қалбига тугиб қўйган ва буни орадан салкам йигирма йил ўтиб, 1966 йилда амалга оширган. Режиссёр фильмдаги ҳар бир кичик деталларгача алоҳида эътибор қаратган ҳамда Саят Нова шахсини, қалбидаги ҳар бир сўзини, изтиробини, кечинмасини ёритиб беришга уринган. Унинг китобга, билим олишга бўлган меҳрини, илҳомбахш лаҳзаларини моҳирона тасвирлаб берган. Шу билан бир қаторда, жамиятда шоирга бўлган муносабатни, одамларнинг унга баҳосини ҳам усталик билан очиб берган. Шу ўринда унинг жияни Георгий Параджановнинг режиссёрга бағишлаган фильмида бу картинага берган баҳосини эслаш ўринли: ”Бу – китоб, бу – муҳаббат, бу – кечинма, бу – Саят Нова”. Шу биргина жумлада барча айтилмоқчи бўлган гаплар аён бўлади.
Параджанов “Унутилган аждодлар кўланкаси” фильмини 1964 йилда Киев киностудиясида суратга олади. Бу картина Собиқ Иттифоқ давридаги илк украин тилидаги фильм бўлиб, таржима қилинмаган ҳамда шу ҳолатда сақланиб қолган. Негаки, ушбу санъат асари ўзида гуцул миллати анъаналарини, удумларини, қадриятларини биргина Иван ва Маричка севгиси сюжет чизиғида акс эттирган. Шу сабабли, фильмда муҳитни мукаммал намоён этиш учун тил масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Кадрлардаги ранг-баранглик, тимсоллар ва мажозлар, урф-одатларнинг қуюқ ифодаси, томошабин эътиборини тортади.
Параджановнинг “Ошиқ Ғариб” кинокартинаси сўнгги тугалланган асари ҳисобланади. Ушбу асар рус шоири М.Ю.Лермонтов талқинидаги ривоят асосида суратга олинган бўлиб, севги мавзуси ўзгача тасвирланган. Режиссёр шарқона муҳаббат мотивларини мусиқа, ранглар, рамзийлик, озарбайжон оҳанглари орқали ёритиб беришга ҳаракат қилган. Бунда севги абадийлиги, ошиқлар охир-оқибат висолига етишиши ғояси илгари сурилган.
Умрининг сўнгги йилларида Параджанов “Иқрорнома” номли сценарий яратади. Бу асарида ўз болалигига қайтиб, аждодлари қўлида вафот этишини тасвирлаган. Унда муаллиф “Мен болалигимда ўлганман”, деган сўзларни айтиб ўтади. Бу жумла Параджанов руҳиятининг энг тубида ётган ўйлари, изтироблари ифодасидир.
Параджанов дунё, халқ, ватан ва қалб ҳақидаги барча тасаввур ва хулосаларини ўзинг шу каби қатор муаллифлик фильмларида ифода этди. Унинг картиналарини жамиятнинг зиёли қатлами, интеллектуал салоҳиятга эга кишилар ҳам тўла-тўкис англай олмаган ҳолатлар кузатилган. Бунинг сабаби кино оламида одамлар ўрганган ва таниган йўлдан эмас, мутлақо ўзи тасаввур этган йўлдан борганидир.
Режиссёр бутун фаолияти давомида йигирмага яқин тугалланган-тугалланмаган фильмлар суратга олган. Уларнинг барчасида режиссёрнинг индивидуал услуби, одамзот ҳаёти ва кечинмаларига файласуфона, шоирона муносабат барқ уриб туради.
Сергей Параджанов жаҳон кинематографиясида худдики Феллини, Куросава, Ҳичкок, Тарантинолар сингари ўз услубига, ўз фалсафий қарашига эга, кино санъатига янги нигоҳ, янги тўлқин олиб кирган забардаст сиймо бўлиб қолди.
Маҳкам МуҲаммедов,
Ўзбекистон Республикаси Санъат арбоби
Робия Турсунметова,
киношунос
2018/1
Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
https://jahonadabiyoti.uz/2018/04/17/%d0%b0%d0%b7%d0%b8%d0%b7%d0%b8%d0%bc-%d0%b4%d1%83%d0%bd%d1%91%d0%b3%d0%b0-%d0%b1%d0%b5%d0%b2%d0%b0%d2%9b%d1%82-%d0%ba%d0%b5%d0%bb%d0%b8%d0%b1%d0%bc%d0%b8%d0%b7/