ИЛК ЯРАТИҚ ҲАҚИДАГИ ҲАДИСЛАР БАЁНИДА
Бисмиллаҳир Роҳмонир Роҳим
Алҳамду лиллаҳи роббил-ъаламийн вал-ъақибату лил-муттақийн, вас-солату вас-саламу ъала анбиёиҳи ва авлиёиҳи хойру холқиҳи, ва ъала алиҳим ва асҳабиҳим ат-тоййибийн ат-тоҳирийн.
Аммо баъд, заифларнинг энг заифи ва фақирларнинг ходими, камина – Азизиддин Муҳаммад Насафийдан дарвешлар – Аллоҳ уларни янада кўпайтирсин – аҳодиси авойил (илк яратиқ ҳақидаги ҳадислар) ҳақида бир рисола тартиб бериб, унда бу ҳадислардан мақсад бир жавҳар ёки ҳар бир ҳадисдан мақсад бўлган жавҳарлар турлича эканлигини тушунтириб беришимни сўрадилар. Чунки бир ҳадисда “Аввалу мо халақаллоҳу таоло ал-Ақл” (Аллоҳ таоло яратган илк нарса – Ақлдир) дейилган бўлса, бошқа бир ҳадисда келтирилганким, “Аввалу мо халақаллоҳу таоло ал-Қалам” (Аллоҳ таоло яратган илк нарса – Қаламдир), яна бошқа бир ҳадисда “Аввалу мо халақаллоҳу таоло ал-Арш” (Аллоҳ таоло яратган илк нарса – Аршдир) дейилган; бунга ўхшаш ҳадислар жуда кўп. Бундан ташқари, фаришта нима, шайтон нима, шулар ҳақида ҳам маълумот беришимни сўрадилар.
Уларнинг таклифларини қабул қилдим ҳамда хато ва гумроҳликдан паноҳ истаб, Аллоҳ таолодан мадад ва ёрдам сўрадим. Негаки, фақат У нимагаки, истаса Қодир эрур ва сўраганларни ижобат қилишга муқтадир.
Биринчи фасл
АҚЛ ВА УНИНГ ҚАЛАМИ БАЁНИДА
Билгилки, Аллоҳ таоло малакут оламида яратган илк нарса – Биринчи Ақлдирким, у Аллоҳнинг Қаламидир; Аллоҳ таоло мулк оламида яратган илк нарса Биринчи фалакдирким, у Аллоҳнинг Аршидир. Аллоҳнинг Қалами бўлмиш Биринчи Ақл – нур дарёси эди, Аллоҳнинг Арши бўлмиш Биринчи фалак – зулмат дарёси эди; ушбу Қаламга хитоб келдиким: ушбу Аршга ёз! Қалам айтди: Худовандо! Нима ёзайин? Хитоб келдиким, бўлган, бўлаётган ва қиёматга қадар бўладиган барча нарсаларни ёз! Қалам ёзди. “Инналлоҳа таола холақал-халқа фий зулматин сумма рашша ъалайҳим мин нуриҳи фаман асоба мин золикан-нури иҳтада, ва ман залла фағаво”.
Эй дарвеш! Нур сочилиши нима эканлиги ва қанақа эканлигини биласан. Нур учта ҳарф – “нун”, “вов” ва “ро”дан таркиб топган. Нун – набийдан, вов– валийдан, ро – рушд (камол топиш, етуклик)дан иборат. Нур рашши – сочилиши тўғри йўлга кўрсатиш (рушди ҳидоят)дан, валийни ва набийни юборишдан иборат. Кимгаки рушд ва ақл бериб, унга набий юбордилар умумий нурни топди, кимники валийга таништирдилар, у хос нурни топди. Йакаду зайтуҳо йазиъу ва лав лам тамсасҳу нарун ва нурун ъала нурин йаҳдийаллоҳу линуриҳи ман яшау ва йазрибуллоҳал-амсола линнаси валлоҳу бикулли шайъин ъалийм.
Аллоҳнинг сўзи: “Аллоҳ осмонлар ва Ернинг “нури”дир. Нурининг мисоли худди бир токча ичидаги чироқ, бу чироқ бир шиша ичида, у шиша гўё бир дурдан яралган юлдузга ўхшайди. У (чироқ) на шарқий ва на ғарбий бўлмаган муборак зайтун дарахти (мойи)дан ёқилур. Унинг мойи (мусаффолигидан), гарчи унга олов тегмаса-да, (атрофни) ёритиб юборгудекдир. (Мазкурлар қўшилганда эса) нур устига нур (бўлур). Аллоҳ ўзининг (бу) нурига ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. Аллоҳ одамлар (ибрат олишлари) учун (мана шундай) мисолларни келтирур. Аллоҳ барча нарсани билувчидир”.[2]
Сўз чўзилиб, асл мақсаддан узоқлашдик.
Эй дарвеш! Аллоҳ таоло катта оламда бир Қалам яратибди, у – Биринчи Ақлдир, кичик оламда ҳам бир қалам яратибдир, у – инсоннинг ақлидир.
Олдингиларни билиб олдинг, энди билгилки, инсон ақлининг сиртдан қараганда икки қалами бор, бу икки қаламнинг бири – тил, иккинчиси – қўлдир. Тил – илм зоҳир бўлишининг асбобидир, қўл – амал зоҳир бўлишининг асбобидир. Тил ва қўл қаламдирлар ва ҳамиша Китобдадирлар, аммо ҳақиқий қалам ақлдир, негаки, инсоннинг билими ва қудратининг мазҳари – ақлдир. Тил ва қўл эса инсон ақлининг суратидирлар. Инсон ақли фақат ушбу икки қалам воситасида шаҳодат оламида зоҳир бўлади. Тил ақл сўзини ҳозир бўлганларга етказади, китоб – ақл сўзини ғойибларга етказади. Фитратдаги ҳикматлар ва ақлли фикрлар тилдан зоҳир бўлади, амалий ҳикматлар ва идрок этувчи санъатлар қўлдан пайдо бўлади.
Эй дарвеш! Ақл яратилгандир, шу жиҳатданким, ақл сўзлашувчидир ва тил ҳам сўзлашувчидир; ақл ўргатувчидир, тил ҳам ўргатувчидир; Ақл Аллоҳнинг элчисидир, тил Ақлнинг элчисидир. Жабарут аҳлининг ўзларига хос суратлари бор, малакут аҳлининг ўзларига хос суратлари бор, мулк аҳлининг ўзларига хос суратлари бор, аммо ҳар бир нарсанинг сурати ўзининг ҳолатига мос бўлади. Мулк аҳлининг сурати ҳиссийдир, малакут аҳлининг сурати ақлийдир, жабарут аҳлининг ҳақиқий сурати бордир.
Аллоҳ таоло мулкни малакут суратида яратиб, малакутнинг мазҳари этмишдир; малакутни жабарут суратида яратиб, жабарут сифатларининг мазҳари этмишдир. Шу учун жабарут аҳли малакутга ошиқдирлар, малакут аҳли ҳам мулк аҳлига ошиқдирлар. Чунки жабарут аҳли малакутда ўз жамолларини кўрадилар ҳамда ўз сифатларини мушоҳада этадилар. Шундан келиб чиқиб, айтадиларким, Вужуд Ишққа тўладир ва Ўзига Ошиқдир. Барча ҳаракатда, ҳаракатда шавқлари бор ва ўзларини талаб қиладилар. Сўз чўзилмасликни шунча истасам ҳам, ихтиёримсиз чўзилиб кетаяпти.
Эй дарвеш! Кичик оламдагиларни маълум қилдинг, катта оламда ҳам шундай деб билгил. Билгилки, Биринчи Ақлнинг ҳам қуйи оламда иккита қалами бордир, бу қаламларнинг бири – пайғамбар, иккинчиси – султондир. Пайғамбар – Илм мазҳаридир, султон – Қудрат мазҳаридир. Пайғамбар ва султон Илм ва Қудрат мазҳаридир, Илм ва Қудрат улардан ҳамиша жорий бўлади, аммо ҳақиқий Қалам – Биринчи Ақлдир; Пайғамбар ва султон Биринчи Ақлнинг мазҳаридирлар; негаки, Аллоҳнинг Илми ва Қудратининг мазҳари Биринчи Ақл бўлиб, Биринчи Ақлнинг илми ва қудрати ушбу оламда фақат шу икки қалам орқали зоҳир бўлади. Бир киши ҳам пайғамбар ва ҳам султон бўлиши, ҳам Илм ва ҳам Қудратнинг мазҳари бўлиши мумкин. Шу сабабдан буюрдиким, “Инналлоҳа таъала холақол-Адама ъала суратир-Роҳман”.
Эй дарвеш! Одам набий-Пайғамбардир, у Биринчи Ақлнинг суратидир; Биринчи Ақл Одамнинг жамолида ўз суратини кўради ва ўз сифатларини мушоҳада этади. Аллоҳ таоло Одамни Биринчи Ақл суратида яратмишдир.
Эй дарвеш! Биринчи Ақлнинг зоҳир илмида тўртта қалами бор, инсоннинг ақли ҳам зоҳир оламида тўртта қалами бор, аммо бу саккизта қаламнинг ҳаммасини ҳам баён этсам, сўз чўзилиб кетарди. Калаванинг учини зеҳни ўткир кишиларга бердим, ўз фикрлари билан хулоса қилиб оладилар. Агар саккизтадан кўп дейишса ҳам, тўғри айтган бўладилар, чунки мулк олами малакут оламининг асбоби ва меҳнат қуролидир, мулк оламининг ҳар бир нарсаси малакут оламининг сифатларининг зуҳуридир: Нун вал-қалам ва ма йастурон. “Нун” – жабарутдан иборат, “қалам” – малакутдан иборат, “Ва ма йастурон” – мулкдан иборатдирким, улар қаламнинг суратларидирлар.
Аллоҳнинг сўзи: “Нун. Қалам ва (у билан) ёзадиган нарсалар (битиклар) билан қасамёд этаманки”.
Эй дарвеш! Агар жабарутни Давот(сиёҳдон), малакутни Қалам, мулкни Лавҳ, десалар, тўғридир; агар жабарутни Давот, малакутни Қалам ва мулкни Қаламнинг сурати ва Қаламнинг асбоби – дасгоҳи, десалар, у ҳам тўғридир.
Эй дарвеш! Агар мулк Қаламнинг сурати ва асбоби бўлса, бас, Қаламга хитоб келдиким, “Ёз!” Маъноси шуки, мартабаларингни пайдо қил ва мулкдан ўз сифатларинг мазҳари ҳамда асбобларингни зоҳир айла; Қалам буларни ёзди. “Жаффал-Қалам”нинг маъноси шуки, Қалам ўз мартабалари ва асбоб-дасгоҳларини барчасини пайдо қилди, муфрадот (оддий нарсалар) буткул пайдо бўлдилар. Энди мураккабот нима қилсалар, ўзлари билан келтирганлар.
Иккинчи фасл
АҚЛ – АЛЛОҲНИНГ ФЕЪЛЛАРИ ВА СИФАТЛАРИНИНГ
МАЗҲАРИ ЭКАНЛИГИ БАЁНИДА
Билгилки, ушбу рисоланинг бошида айтилганидек, Аллоҳ таоло малакут оламида яратган илк нарса – бир жавҳар эди, бу жавҳарнинг номи – Биринчи Ақлдир, у Аллоҳнинг Қаламидир; Аллоҳ таоло мулк оламида яратган илк нарса ҳам бир жавҳар эди, бу жавҳарнинг номи – Биринчи фалак эди, у Аллоҳ таолонинг Аршидир. Ушбу Биринчи Ақл Аллоҳнинг Аршида муставийдир. Биринчи Ақл Аллоҳнинг исмлари ва сифатларининг мазҳаридир. Аллоҳнинг исмлари, сифатлари ва феъллари Биринчи Ақлдан зоҳир бўлади.
Эй дарвеш! Ҳаёт, Илм, Ирода, Қудрат, Самъ, Басар, Калом – Биринчи Ақлнинг сифатларидир, Ижод, Иҳё (тирилиш) ва Таълим – Биринчи Ақлнинг феълларидир. Биринчи Ақлнинг улуғлиги даражасини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди. Улуғ шайхлардан кўпчилик ушбу Биринчи Ақлга етишганлар ва шу Биринчи Ақлда қолиб кетдилар, чунки улар Биринчи Ақлнинг сифатлари ва феълларини кўриб, унинг ҳукмидан устун бошқа ҳукм кўрмадилар, унинг амридан устун бошқа амр топмадилар; “Иннама амруҳу иза арода шайъан ан йақулу кун фаякун”.
Аллоҳнинг сўзи: “Бирор нарсани (яратиш)ни ирода қилганида, Унинг иши фақатгина: “Бўл!” – дейишдир. У (нарса) эса бўлур (вужудга келур)”[3].
Аллоҳ – шу бўлса керак, деб бир муддат унга сиғиндилар; сўнг Ҳақ таолонинг инояти етиб, Биринчи Ақлнинг ҳукмидан устун Ҳукм кўрдилар, унинг амридан устун Амр топдилар: “Ва ма амруна илла ваҳидатун каламҳим бил-басар”.
Аллоҳнинг сўзи: “Бизнинг фармонимиз фақат биргина (“Бўл!”, – деган сўздир). (Муддати) кўз юмиб очгунчадир”[4].
Сўнг уларга ойдинлашдики, у – Аллоҳнинг халифасидир, Аллоҳ эмас, у Аллоҳнинг сифатлари ва феълларининг мазҳаридир.
Эй дарвеш! Қуръони Карим ва ҳадиси шарифда Биринчи Ақлнинг зикри кўп келтирилган.
Учинчи фасл
БИРИНЧИ АҚЛНИНГ ТУРЛИ ИСМЛАРИ БАЁНИДА
Билгилки, Биринчи Ақлни изофа ва эътиборлар ила турли исмлар билан зикр этмишлар.
Эй дарвеш! Агар бир нарсани юзта эътибор билан номласалар, бу нарса бу юзта ном билан кўпайиб кетмайди. Масалан, агар бир кишини турли эътибор билан турлича – темирчи, косиб, тикувчи ва шу кабилар билан номласалар, бу турли исмлар ўша одамни ҳеч қачон кўпайтирмади.
Олдингиларни билиб олдинг, энди билгилки, пайғамбарлар бир жавҳар кўрдилар – тирик эди ва бошқаларни тирилтирарди, исмини Руҳ қўйдилар. Шу жиҳатданким, Руҳ тирик ва тирилтирувчидир. Худди шу жавҳарни кўрдиларким, биларди ва бошқаларга ҳам ўргатарди, исмини Ақл қўйдилар. Шу жиҳатданким, Ақл ҳам олим, ҳам муаллимдир. Худди шу жавҳарни кўрдиларким, пайдо эди ва бошқаларни ҳам пайдо қиларди, исмини Нур қўйдилар. Шу жиҳатданким, Нур ҳам зоҳир ва ҳам мазҳардир.
Эй дарвеш! Агар ҳар бирига таъриф берсак, гап чўзилади. Худди шу жавҳарни кўрдиларким, кўнгилларга илмларни нақш этувчи эди, исмини Қалам қўйдилар. Худди шу жавҳарни кўрдиларким, бўлган, бўлаётган ва бўлажак барча нарсалар унга ёзилган эди, исмини Лавҳи маҳфуз қўйдилар. Агар худди шу жавҳарни Байтуллоҳ ва Байтул-атийқ ва Байтул-маъмур ва Байти аввал ва Масжиди Ақсо ва Одам ва Аллоҳнинг расули ва муқарраб фаришта ва Арши азим деб айтсалар ҳам, хато бўлмайди. Буларнинг барчаси – Биринчи Ақлнинг исмларидир.
Тўртинчи фасл
ФАРИШТА ВА ШАЙТОН БАЁНИДА
Билгилки, баъзилар айтадиларким, фаришта – кошиф (кашф этувчи) ва шайтон сотир (ёпувчи)дир. Баъзилар айтадиларким, фаришта – сабабдир, шайтон ҳам сабабдир. Кашф сабаби фариштадир, сатр сабаби шайтондир. Яхшилик сабаби фариштадир. Ёмонлик сабаби шайтондир; раҳмат сабаби фариштадир, азоб сабаби шайтондир. Кимки сени яхши ишларга даъват қилиб, ёмон ишлардан қайтарса, сенинг фариштангдир; кимки сени ёмон ишларга даъват қилиб, яхши ишлардан қайтарса, сенинг шайтонинг ўшадир.
Эй дарвеш! Ўз она юртим – Насаф шаҳрида эдим. Бир кеча Расулуллоҳ (с.а.в)ни тушимда кўрдим. Буюрдиларким: “Эй Азиз! “Аъузу” ўқийдиган дев ва “Ла ҳавла” айтадиган шайтонни биласанми?” Дедим: Йўқ ё Расулуллоҳ. Дедиларким, фалончи “Аъузу” ўқийдиган дев ва фалончи “Ла ҳавла” айтадиган шайтондир, улардан ҳазир бўл.
Иккаласини ҳам танирдим ва улар билан суҳбатдош эдим, уларнинг суҳбатини тарк этдим.
Бешинчи фасл
ФАРИШТАЛАР БАЁНИДА
Билгилки, бу заифнинг фикрича, улвий оламнинг ишчилари ва қуйи оламнинг ишчилари – барчалари фаришталардир. Ҳар бирининг илми маълумдир, ҳар бирининг амали маълумдир, ҳар бирининг мақоми маълумдир. “Ва ма минна илла лаҳу мақомин маълумин”. Уларнинг илми кўпаймайди ва амаллари ўзгармайди. Ҳар бири ўз амалига машғулдир. Бу илм ва амални бировдан ўрганмадилар, уларнинг илми ва амаллари туғмадир, уларнинг зоти билан биргадир. Унга амал қилмаслик қўлларидан келмайди, унга хилоф ҳам амал қилолмайдилар. “Ла йаъсуналлоҳа ма амараҳум ва йафъалуна ма йуъмурун”.
Аллоҳнинг сўзи: “Эй, имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангизки, унда дағал ва қаттиққўл, Аллоҳ буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат буюрилган ишни қиладиган фаришталар (хизмат қилурлар)”[5].
Эй дарвеш! Биринчи ақл фақат бир сафдир, улвий олам ва қуйи оламнинг фаришталари ҳам бир сафдир. Чунки барчаси унинг мартабаларидирлар ва уларнинг барчасининг мабдаъи – сарчашмаси удир. Комилларнинг қайтиши ҳам унга бўлур. У комилларнинг жаннатидир: йавма йақумур-Руҳу вал-малаикату соффан ла йатакаллимуна илла ман азина лаҳур-Роҳману ва қола савабан заликал-йавмал-ҳаққи фаман шаат-тахаза ила Роббиҳи маабан”.
Аллоҳнинг сўзи: “Руҳ (Жаброил) ва (барча) фаришталар саф тортиб турадиган кунда (одамлар) гапирмаслар, фақат Раҳмон (меҳрибон зот) изн берган кишигина (сўзлар) ва (фақат) рост сўзлар. Бу ҳақ (ва рост) бўлган кундир. Бас, ким хоҳласа Парвардигори томон қайтадиган йўлни тутар”[6].
“Ма ла йатакаллимун”, яъниким Одамдан ўзга барча мавжудотнинг турлари гапиришни билмайдилар. “Заликал-йавмул-ҳаққи” – Явм (кун) – даражадан иборатдир, яъниким ушбу инсоний мартаба ҳақдир; шу жиҳатданким, ушбу инсоний мартабага етишмагунча, қайтишга истеъдоди йўқдир. Ўз мабдаъ ва маъодини билмайди, ўз Парвардигорини танимайди. Энди ушбу мартабада ҳар ким хоҳласа, қайта олади: Фаман шаа-т-тахаза ила Роббиҳи маабан”.
Олтинчи фасл
НАСИҲАТ БАЁНИДА
Билгилки, одамлар бу дунёга ўз ихтиёрларидан ташқарида келадилар. Бу дунёга келиб-кетадиган ҳар юз минг кишидан биттаси ўзини аслида ким эканлигини англай олади, дунёни аслида қандай бўлса, шундай танийди, қаердан келиб, қаён бораётганини билади. Яъниким, ўзининг мабдаъ ва маъоди – ибтидоси ва интиҳоси, илмуляқин ва ҳаққуляқинни таниди ва кўрди. Бошқалар барчаси сўқир келдилар ва сўқир кетдилар: “Ман кана фий ҳазиҳи аъма фаҳува фил-ахирати аъма ва азалла сабилан”.
Аллоҳнинг сўзи: “Кимки, бу (дунё)да кўр (гумроҳ) экан, бас, у охиратда ҳам кўр ва бутунлай йўлдан озувчидир”[7].
Ҳар бири ҳайвонлик даражаларининг бирига тушиб кетиб, инсонийлик мақомга кўтарила олмадилар, чунки бу оламда қорин ғами, шаҳватни қондириш ва бола-чақа орттириш ташвиши билан машғул эдилар. Умрларининг аввалидан охиригача уларнинг саъй-ҳаракати ҳам, урушлари ва ярашишлари ҳам шу учун эди. Ушбу уч нарсадан бошқа ҳеч нарса кўрмадилар ҳам, билмадилар ҳам: “Ва лақод зароъна лажаҳаннама касирон минал-жинни вал-инси лаҳум қулубун ла йафҳамуна биҳа ва лаҳум аъйунул ла йубсируна биҳа ва лаҳум азонун ла ясмаъуна биҳа улаика кал-анъами бал ҳум азаллу, улаика ҳумул-ғофилун”.
Аллоҳнинг сўзи: “Жаҳаннам учун жинлар ва инсонларнинг кўпчилигини яратганмиз. Уларда қалблар бор, (лекин) улар билан “англамайдилар”. Уларда кўзлар бор, (лекин) улар билан “кўрмайдилар”. Уларда қулоқлар бор, (лекин) улар билан “эшитмайдилар”. Ана ўшалар ҳайвонлар кабидирлар. Балки, улар (янада) адашганроқдирлар. Айнан ўшалар ғофиллардир”[8].
Айримлари ушбу учта бут-санамдан қутулиб, булардан-да каттароқ бошқа уч бутга йўлиқдилар. Бу учта ҳижобдан ўтиб, бундан-да кучлироқ бошқа учта ҳижобда қолиб кетдилар. Булар – зоҳирпарастлик, мол-дунёпарастлик ва мансабпарастликдир. Бу учта бут каттароқ ва бу учта ҳижоб кучлироқдир.
Эй дарвеш! Дунё бундан ортиқ эмас, бу олти нарса дунёнинг шоҳларидир. Охирги учта шоҳ агар кучга тўлиб, ғалаба қилсалар, аввалгилари кучсизланиб, мағлуб бўладилар. Дунё аҳли ҳар бирлари бу шоҳларнинг бирининг, баъзида олтита шоҳнинг ҳаммасининг соясида паноҳ истаб, умр кечирадилар. Бу – ўз нафсининг роҳат топиши ва лаззатланиб, мурод ҳосил қилмоқ учундир. Билмайдиларким, нафснинг битта муродига етмоқ учун ўнта, балким, юзлаб, минглаб маҳрумликларга чидаш керак. Битта вақтинчалик хурсандчилик учун мингта ғуссага ким кўнади? Доно киши бунга ҳеч қачон чидолмайди, ўша хурсандчиликдан воз кеча қолади. Аммо нодон кишилар ўша битта хурсандчилик талабида бўлади ва ғофилдирким, бу битта хурсандчиликдан кейин қанчалар ғуссалар уни ғафлатда қолдиради: улоика кал-анъами бал ҳум азаллу улаика ҳумул-ғофилун”.
Аллоҳнинг сўзи: “Жаҳаннам учун жинлар ва инсонларнинг кўпчилигини яратганмиз. Уларда қалблар бор, (лекин) улар билан “англамайдилар”. Уларда кўзлар бор, (лекин) улар билан “кўрмайдилар”. Уларда қулоқлар бор, (лекин) улар билан “эшитмайдилар”. Ана ўшалар ҳайвонлар кабидирлар. Балки, улар (янада) адашганроқдирлар. Айнан ўшалар ғофиллардир”[9].
Эй дарвеш! Айтилган дунёнинг шохлари ўзи соядир, сояли шохлар эмас. Чунки дунё ўзи соядир ва вужуди зиллий (сояли вужуд)дир; кўринади, аммо ҳақиқий эмас. Бу соядан ҳеч кимга роҳат етмайди, фақат заҳмат ва машаққат кўпаяди, чунки бу соянинг салқини йўқ, иссиқликни қайтаролмайди, балким иссиқлик ва ҳароратни оширади. “Инталақу ила зиллин зий салоса шаъбин ло залилун ва ла йағний минал-лаҳаби иннаҳа тармий бишарорин калқасри кааннаҳа жамалату сафарин”.
Аллоҳнинг сўзи: “Уч бўлакли сояга борингиз! Ҳеч қандай салқинлик бермайдиган ва алангани ҳам тўсмайдиган (“соя”дир у). Дарвоқе, у (жаҳаннам баландликда) қасрдек (улкан) алангаларни отур. (Улар) худди сариқ туяга ўхшар”[10].
Эй дарвеш! Ҳижоб ҳақиқатда еттита келди: бири – нафсни дўст тутмоқ, қолгани – айтилган олтита нарсани нафс учун дўст тутмоқ. Бу еттита нарса ҳар бири бепоён бир дўзахдир. Ҳар бири бир лаҳзада минглаб кишини ютиб юбориб, ўшанда ҳам оч-наҳор қоладиган йиртқич наҳангдир. Инсонда барча ёмон хислатлар ва ёвуз сифатлар ушбу еттита нарса воситасида шаклланади. Инсонга дунё ва охиратда етишажак минглаб балолар, азоблар ва офатлар шу етти нарса туфайли содир бўлади. Инсон бундан бехабар ғафлатда умр кечиради: улиика кал-анъами балҳум азаллу ва улаика ҳумул-ғофилун”.
Аллоҳнинг сўзи: “Жаҳаннам учун жинлар ва инсонларнинг кўпчилигини яратганмиз. Уларда қалблар бор, (лекин) улар билан “англамайдилар”. Уларда кўзлар бор, (лекин) улар билан “кўрмайдилар”. Уларда қулоқлар бор, (лекин) улар билан “эшитмайдилар”. Ана ўшалар ҳайвонлар кабидирлар. Балки, улар (янада) адашганроқдирлар. Айнан ўшалар ғофиллардир”[11].
Ғафлат уйқусидан уйғониб, шаҳват мастлигидан ўзига келгач, ақл камоли билан инсонийлик мартабасига етишади. Бу оламни қандай бўлса, шундайлигича кўради ва билади, албатта, бу оламдан тўяди ва нафратланади. Бунинг аломати шуки, бу дунёда қафасдаги қуш каби ёхуд зиндондаги тутқун сингари яшар. Яна бир аломати шуки, бу дунёдан кетиш вақти бўлганида, унинг сўзи ушбу бўлар: фазту ва роббул-каъбати.
Эй дарвеш! Кўп улуғ кишилар ушбу оламда турли балолар ва фитналарни кўриб, кўп азиятлар ва машаққатларни дунё ва охиратда мушоҳада этиб, демишларким, кошкийди онамдан туғилмасдим ва кошкийди тупроқ бўлардим; тупроқдан қуйироқ даража йўқ, йўқса бу даражани ҳам орзу қилмасдилар. Валҳамду лиллаҳи Роббил-ъаламийн.
ЎН САККИЗИНЧИ РИСОЛА
ВАҲИЙ, ИЛҲОМ ВА ТУШ КЎРМОҚ БАЁНИДА
Бисмиллаҳир Роҳмонир Роҳим
Алҳамду лиллаҳи роббил-ъаламийн вал-ъақибату лил-муттақийн, вас-солату вас-саламу ъала анбиёиҳи ва авлиёиҳи хойру холқиҳи ва ъала алиҳим ва асҳабиҳим ат-тоййибийн ат-тоҳирийн.
Аммо баъд, заифларнинг энг заифи ва фақирларнинг ходими, камина – Азизиддин Муҳаммад Насафийдан дарвешлар – Аллоҳ уларни янада кўпайтирсин – ваҳий, илҳом ва туш кўриш ҳақида бир рисола тартиб беришимни сўрадилар. Уларнинг таклифларини қабул қилдим ҳамда хато ва гумроҳликдан паноҳ истаб, Аллоҳ таолодан мадад ва ёрдам сўрадим. Негаки, фақат У нимагаки, истаса Қодир эрур ва сўраганларни ижобат қилишга муқтадир.
(Давоми бор)
2019/5
Форс тилидан
Нажмиддин Комилов,
Олимжон Давлатов таржимаси
[1] Давоми. Бошланиши аввалги сонларда.
[2] Нур, 35-оят.
[3] Ёсин, 82-оят.
[4] Қамар, 50-оят.
[5] Таҳрим, 6-оят.
[6] Набаъ, 38,39-оятлар.
[7] Исро, 72-оят.
[8] Аъроф, 179-оят.
[9] Аъроф, 179-оят.
[10] Мурсалот, 30-33 оятлар.
[11] Аъроф, 179-оят.
Ижтимоий тармоқларда ёйиш: