Қўқонлик машҳур ўқитувчи Пўлатжон Қайюмий хонадонида 1926 йилнинг 19 январ куни дунёга келган Азизхон оилада учинчи фарзанд, иккинчи ўғил эди. Бу маърифатпарвар оиладан кейинчалик икки машҳур адабиётшунос етишиб чиқиши бежиз бўлмаган. А. Қаюмов Қўқондаги 3-ўрта мактабда моҳир муаллимлар қўлида таҳсил кўриш билан бирга, болаликдан шеърга ҳаваси туфайли Ўзбекистон халқ шоири Чархий домлага ҳам шогирд бўлганди. II Жаҳон уруши йилларида Ўрта Осиё Давлат Университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг шарқ тиллари факультети (ҳозирги ТошШИ)га ўқишга киради (1944). Бу ерда ҳам Бертельс, Арендс каби машҳур шарқшунослардан таълим олади. Академик В. Ю. Зоҳидов ёш Азизхондаги иқтидорни кўргач, у ҳали талаба эканига қарамай, ЎзР ФА Беруний номидаги Шарқшунослик институтига ишга таклиф қилади ва шу ерда у иш фаолиятини илмий ходим, илмий котиб бўлиб давом эттиради (1949–1957). В. Зоҳидов билан А. Қаюмовнинг самимий устоз-шогирдлиги эса бир умр давом этди.
Кейинчалик Азиз Пўлатович фан, таълим ва маданият соҳасидаги турли юқори лавозимларда (Тил ва адабиёт институти директори, Ўзбекистон МКда бўлим мудири, Маданият вазири, Кинематография давлат Қўмитаси раиси, Маданият институти ректори) ишлаган йилларида доимо ўзбек фани, маданияти ва маърифати йўналишида ҳалол ва самарали ишларни амалга ошириб борди. ЎзР ФА (собиқ) Ҳ. Сулаймон номли Қўлёзмалар институтидаги кўп йиллик (1979–1998) раҳбарлиги давомида эса адабий манбашунослик ва матншунослик соҳасида ўзига хос илмий мактаб ва муҳит ярата олди. Ҳозирда Республикамизнинг турли илмий тадқиқот муассасалари ва олий таълим даргоҳларида меҳнат қилиб, фан ва маориф ривожига ҳисса қўшган ва қўшиб келаётган кўплаб олимлар чин маънода домланинг шогирдларидир. Устоз Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейида етакчи илмий ходим сифатида ёшларга мураббийлик қилиб ва илмий жабҳада ўрнак бўлиб келдилар.
1954 йилда номзодлик, 1962 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилган Азизхон Қаюмов 1995 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланди.
Устоз А. Қаюмов қамрови кенг олим эди. У адабий меросимизнинг кўп асрлик саҳифалари билан ёш авлодни баҳраманд қилишдек эзгу мақсадни кўп йиллардан бери амалга ошириб келмоқда. Олим яратган асарларда илк туркий ёзма ёдгорликлардан тортиб, то XIX асрнинг охиригача бўлган ўзбек адабиётига дахлдор материаллар тадқиқ этилган. Масалан, устоз “Ўзбек адабиёти тарихи” беш жилд жилдлигининг (1977–1979) муаллифларидан бири, “Махмур” (1956), “Ҳозиқ” (1957), “Ғозий” (1959), “Қўқон адабий муҳити (XVIII-XIX асрлар)” (1961); қадимий ёзма ёдгорликлар тадқиқига оид – “Қадимият обидалари” (1972), “Беруний ва адабий ижод” (1973), “Беруний ва Ибн Сино” (1987); Алишер Навоий ижодиётига доир – “Садди Искандарий” (1975), “Ҳайратул-аброр талқини” (1977), “Фарҳод ва Ширин сирлари” (1979), “Ишқ водийси чечаклари” (1985), “Алишер Навоий” (1976,1991), “Нодир саҳифалар” (1991), “Бу оҳанг ила бўлғасен Нақшбанд” (1993); Бобур ҳақида – “Бобур ижодиёти” (С. Ҳасанов билан ҳаммуаллифликда) монографияси (2007), “Заҳириддин Муҳаммад Бобур” (2008), “Бобур давридаги Андижон адабий муҳити” (2009) китоб ва рисолаларини эълон қилди; яна, олимнинг Аҳмад Фарғоний, Нажмиддин Кубро, Амир Темур, Абдураҳмон Жомий, Огаҳий, Фурқат ҳаёти ва ижодига оид асарлари ҳам кенг эътибор қозонган.
Мумтоз асарларимизни нашр эттириб, тарғиб қилишда ҳам олдинги сафларда А. Қаюмов бўлган. Собиқ шўро даврида Заҳириддин Муҳаммад Бобур шахси ва ижодига муносабат совуқ бўлган бир пайтда унинг шеърларини Ўзбекистондаги алоҳида китоб ҳолидаги илк икки (1957,1958) нашри ва асарларининг 3 жилдлиги биринчиси (С. Азимжонова билан, 1965) А. Қаюмов томонидан амалга оширилган. Илк бора Махмур, Увайсий, Нодира шеърлари, П. Қайюмийнинг икки тазкираси ҳамда “Қўқон тарихи ва унинг адабиёти” асарларини нашрга тайёрлади, адабий меросимизнинг кўпгина нашрларига ҳам муҳаррирлик қилди. Яна, ўтган асрда Ибн Сино “Тиб қонунлари”ни арабчадан таржима қилишда қатнашган бўлса, унинг илмий таҳрири остида чоп этилган Қўлёзмалар институтининг икки жилдлик рус тилидаги каталоги (1988–89) халқаро Имом Бухорий мукофотига сазовор бўлган (1998). Шунингдек, Москвада нашр этилган “Библиотека мировой литератруры” ва “Библиотека поэта. Большая серия” китобларига ҳам айнан А. Қаюмов Навоий асарларини рус тилида тайёрлаб берган. Шунингдек, ЮНЕСКО томонидан чоп этилган “Дунё адабиёти” ва “Марказий Осиё маданияти” китобларининг адабиёт қисми устоз томонидан ёзилган (Франция, 2000).
А. Қаюмов домланинг миллий адабиётшунослигимиз тадқиқига муносиб ҳисса бўлиб қўшилган узоқ йиллик изланишлари унинг 10 жилд (12 китоб)дан иборат асарларида ўз аксини топган, дейиш мумкин (Тошкент: Mumtoz so‘z, 2008–2013). Таъкидлаш керакки, нафақат ўзбек балки, дунё адабиётшунослари орасида ҳам бундай кўп жилдлик асарлари босилган олим жуда кам топилади.
Олим Алишер Навоий ҳаёти ва ижодий меросини ўрганишга бир неча жилд бағишлаган. У ХХ аср навоийшунослигида энг сермахсул мутахассислардан биридир. “Асарлар”нинг 1-жилди (икки китоб)га улуғ шоирнинг муаззам асари “Хамса” достонларини тадқиқ этилган асарларини киритган. Лекин, “Хамса”га бағишланган яна бир тадқиқот “Хамса сарлавҳалари” 3-жилддан ўрин олган бўлиб, бу асарлар ҳаммаси яхлит ҳолда буюк мутафаккирнинг муҳташам достонлари борасида ёрқин тасаввур уйғота олган. Муаллифнинг Навоий лирик мероси (“Хазойин-ул-маоний” ва яна аввалги икки девон) ҳақидаги асарлари ҳам қизиқарли бўлиб, уларда “Бадойиъ-ул-бидоя”, “Наводир-ун-ниҳоя”, “Бадоеъ-ул-васат”, “Фавойид-ул-кибар” девонларининг таркиби, ғазал ва бошқа жанрдаги асарларнинг бадиияти ва маъно-мазмунлари ҳақида баён қилинган (2-, 3–ва 4-жилдлар).
“Асарлар”нинг бешинчи жилди – Бобур, олтинчи – XVI аср ўзбек адабиёти ва Ҳувайдо, еттинчи – Қўқон адабий муҳити, саккизинчи – Огаҳий, Комил ва Фурқат, тўққизинчиси ал-Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Беруний ва Ибн Синога бағишланган бўлса, ўнинчи жилд эса қадимги ёзма ёдгорликлар, Амир Темур ҳақида қиссалар, Шоҳруҳ ва Улуғбек Мирзо, ҳамда Ҳиндистондаги туркий адабиёт ҳақидадир.
Эслатиш жоизки, муаллиф аввал яратган айрим асарларига танқидий қараб, бир қанча таҳрирлар билан ушбу кўп жилдликка киритган. Бу эса унинг илмий ишга кенг ва холис ёндашувидан далолатдир. Мисол учун, А. Қаюмовнинг 1961 йил докторлик диссертациясига асос бўлган Қўқон адабий муҳити ҳақидаги асари билан “Асарлар” таркибидаги икки китобдан иборат шу номли тадқиқот ўртасида анча фарқ бор. Бу нашрда кейин аниқланган янги маълумотлар билан бирга янгича қарашлар ҳам ўз аксини топган.
Ўрни келганда шуни ҳам таъкидлаш керак, А. Қаюмов кўп жилдлигидаги асарларнинг барчаси ҳам соф илмий тадқиқот эмас. Улардан бир қанчаси эссе ёки бадиа, ҳаттоки ҳикоя характерига эга асарлардир. Мисол учун, “Алишер Навоий. Машҳур сиймолар ҳаёти” (4-ж., 185-194-бетлар), “Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Шоир ҳаёти лавҳалари” (5-ж., 206-258-бетлар), “Чимёнли шоир Ҳувайдо” (6-ж., 192-294-бетлар), “Шоир Фурқат” (8-ж., 111-287-бетлар), “Аҳмад Фарғоний”, “Абу Райҳон Беруний”, “Абу Али ибн Сино” (8-ж.) эссе ва биографик қиссалардир. 8-жилддан эса олимнинг “Беруний изидан” номли ҳикояси ҳам ўрин олган бўлиб, унда аллома мероси билан қизиқувчи замонавий ёшлар ҳақида соф бадиий асар яратилган. Яъни, бу ўринларда А. Қаюмовнинг олимлик билан бирга ёзувчилик маҳорати ҳам кўринади. Мисол учун, унинг “Шоир Фурқат” номли тарихий эссеси ижодкор ҳақида ёзилган бошқа тадқиқ ва асарлардан анча фарқ қилади. Унда муаллиф шоирнинг ҳаёт ва ижод йўлини биографик материаллар асосида ёритиб беришга ҳаракат қилади. Шу билан бир қаторда бадиий тўқима ва лирик чекинишлар асарни ўзгача тусга киритади, тез ва осон тушунарли бўлишига омил бўлади. Гўёки, А. Қаюмов Фурқатни шоир сифатидаги ўрнига диққат қилади, ҳаётини эса йўл-йўлакай гоҳ биографик, гоҳ тўқима воқеалар орқали ёритиб боради. Бироқ, шоир ҳақидаги “Шеърият жилолари” (1997) тадқиқот эса олимнинг фурқатшуносликка қўшган муҳим натижалардан бири бўлган эди.
Умуман айтганда, академик А. Қаюмовнинг нашр этилган жами китоб, рисола ва мақолаларининг адади 500 дан ортиқ. Устоз олим илмий кадрлар тайёрлаш соҳасида ҳам самарали ишлаган. Бир неча йил Қўлёзмалар институти қошидаги ихтисослашган кенгашга раислик қилиб, жуда кўплаб муносиб тадқиқот ва олимларнинг кашф этилишига сабаб бўлди. Ўзи ҳам ўндан зиёд номзодлик ва докторлик ишларига раҳбарлик қилган.
Шунингдек, Азизхон домла истеъдодли шоир ҳам эди. Унинг “Азизий” тахаллуси билан ёзилган кўплаб шеърлари, жумладан Навоий ғазалларига қилинган ўнлаб мухаммаслари эътирофга сазовордир (Навоийга таъзим. 1 ва иккинчи китоблар, 2003–2005).
Устознинг ажойиб ва ибратли хислатларидан яна бири устозларга доимо садоқатидир. У кишининг қаламига мансуб “Академик Ғафур Ғулом”, “Академик Ойбек”, “Академик В. Зоҳидов” ва яна ХХ асрда ном қозонган бир қатор таниқли олимлар ҳақидаги хотира-рисолалари ҳам жамоатчилик эътиборига тушган.
Шу билан бирга, А. П. Қаюмовнинг Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати (1995–2000) сифатидаги хизматлари, “Миллий тикланиш” партияси сафидаги жонбозликлари ҳам зиёлиларга яхши маълум.
Муҳтарам олим бундай сермаҳсул илмий-маърифий ва жамоатчилик фаолияти учун Беруний номидаги Давлат мукофоти (1980), “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби” фахрий унвони (1983), “Шуҳрат” медали (1996), “Эл-юрт ҳурмати” (2003) ва “Буюк хизматлари учун” (2014) орденлари билан тақдирланган.
Академик Азизхон Қаюмов 2018 йил 17 феврал куни вафот этди.
Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейи сайти маълумотлари асосида тайёрланди.
https://saviya.uz/hayot/tarjimai-hol/azizxon-qayumov-1926-2018/