Яшаш жойларимизда яшиллик уфуриб турса, дарахтзорлар кўпайса, гулу гиёҳлар яшнаса, сойларда эса зилол сувлар шарқираб оқса, ҳаво ҳам ўз-ўзидан тиниқлашади, бизга чексиз завқ-шавқ ва саломатлик бағишлайди.
Аммо, табиатга бўлган муносабатимизда кўплаб муаммолар учраб турибдики, бу ҳол биллур ойна юзасига тушган доғ каби кўнгилни хира қилади.
Атроф-муҳитнинг ифлосланиши, экологик аҳволнинг ёмонлашиши сингари аянчли ҳолатларни бартараф этиш аслида осон, бунинг учун биз шу эзгу ишга чин дилдан киришмоғимиз зарур. Худди шундай ўта муҳим вазифалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017-2021 йилларда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини комплекс ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш дастури тўғрисида”ги ва “2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларида аниқ-тиниқ белгилаб берилган.
Қуйида соҳа мутахассислари Президент қарорлари мазмунида акс этган ниҳоятда долзарб масалаларга жиддий ёндошиб, экологик аҳволнинг бузилиши билан боғлиқ ўз фикр-мулоҳазаларини баён этадилар.
Гигиеник маданият ва экологик билим зарур
Дунё олимларининг ҳисоб-китобларига кўра, аҳоли саломатлигининг 20-40 фоизи атроф-муҳитга, 15-20 фоизи ирсиятга, 10 фоизи эса турмуш тарзига боғлиқ кечади. Бундан кўринадики, инсонларнинг узоқ йиллар соғ-омон турмуш кечириши учун аввало атроф-муҳитни тоза тутиш керак. Улуғ табиб Абу Али ибн Сино ҳам кишилар соғлиғини сақлашда ташқи муҳитнинг аҳамияти катта эканини ўз асарларида қайта-қайта таъкидлаганлар.
Лекин ҳозирги кунда атроф-муҳитнинг тобора ифлосланиб бораётгани инсониятни ҳавотирга солмоқда. Бунинг устига ҳовлилардан чиққан ахлатларнинг йўл ёқаларида узоқ вақт туриб қолиши ёки оқар сувларга ташланиши, ҳатто бир жойга тўплаб ёқилиши туфайли биз нафас олиб турган ҳаво чиқиндилар заҳари билан зарарланаётгани янада аянчли.
Ўйлаб қаралса, экологик бузилишларнинг инсон саломатлигига салбий таъсири шу қадар шиддат билан кечмоқдаки, эндиликда нафақат соҳа мутахассислари, балки ҳар бир одам бу хусусда жиддий бош қотириши керак. Бу аввало ўз хатти-ҳаракатимизни қатъий назорат қилишдан бошлангани маъқул.
Кўҳна Шарқ хонадонлари тажрибасига назар ташланса, кундалик чиқиндилар ҳовли четидаги ўрага ташланиб, устидан тупроқ тортилган. Илгарилари аҳоли яшайдиган жойларда хас-хашакларни тўплаб ёқиш ҳолатлари учрамаган. Чунки хас-хашак ва ҳазонлар тутуни орқали заҳарли моддалар ҳавога кўтарилиб, атмосферани ифлослантириши қадимдаёқ кўпчиликка аён бўлган.
Чиқиндиларнинг ўз вақтида олиб кетилмай, узоқ туриб қолиши атроф-муҳитга, тупроқнинг санитария ҳолатига, сув ҳавзаларига ва улар орқали аҳоли соғлигига салбий таъсир кўрсатиши маълум. Аянчлиси, ахлатхоналар атрофида пашша, суварак, сичқон ва каламушлар кўпайиб, турли юқумли касалликлар пайдо бўлмоқда. Шифокор олимлар фикрича, кўча ва йўлакларда узоқ қолиб кетган чиқинди ахлатларда қорин тифи, туберкулёз ва бирқанча юқумли хасталикларни келтириб чиқарувчи микроорганизмлар сақланади.
Бундан ташқари, биз нафас олиб турган ҳавонинг ифлосланишига саноат корхоналари ҳам “салмоқли” ҳисса қўшаяпти, дейиш мумкин. Рақамларга мурожаат этилса, юртимиз бўйлаб ҳар йили бир қанча миллион тонна саноат чиқиндиси йиғилади. Улардан фақат озгина фоизи йўқ қилинади. Маиший чиқиндилар эса бу кун минг-минглаб гектардаги майдонларни эгаллаб ётибди. Президент қарорида “чиқиндиларни йиғиш, ташиш, утилизация қилиш, қайта ишлаш, кўмиш ва реализация қилиш тизимини ривожлантириш” вазифалари белгилаб берилган. Демак, чиқиндиларни зарарсизлантириш борасида мутасадди ташкилотлар ва аҳоли томонидан ҳали жуда кўп ишлар қилиниши зарур.
Жойларда, айниқса ёшлар орасида кенг тушунтириш-тарғибот ишларини олиб бориш орқали ҳам уларнинг гигиеник маданияти ва экологик билимини ошириш мумкин. Шундагина ёшларимиз қалбида табиатга меҳр уйғонади, ён-атроф орасталигига эътибори кучаяди, борлиқни асраб-авайлашдек эзгу мақсадлар йўлида ҳаракат бошлайди. Асосийси, она табиат олдидаги инсонийлик масъулиятини чуқур англаб етади.
Ичимлик суви: томчиси олтиндан қиммат
Сув инсон ҳаёти учун нақадар зарур. Агар у танқис бўлса дард кўпаяди, атроф қуриб-қовжирайди, тупроқда ҳеч нарса унмайди, ҳаёт сўна бошлайди. Бугунги тадқиқотлар натижаси шуни кўрсатмоқдаки, инсон саломатлигига салбий таъсир этаётган зарарли омилларнинг 30-40 фоизи сув таркибининг бузилишига тўғри келади.
Тарихга назар ташласак, қадимда сув ҳатто оловдан ҳам кўпроқ эъзозланган. Ҳозирги кунда эса кишилар сувни тежаб ишлатиш ҳақида деярли қайғуришмаяпти. Ваҳоланки, ер юзида яшовчи бир миллиарддан ортиқ одам тоза ичимлик суви билан таъминланмагани оқибатида ривожланаётган мамлакатларда йилига икки миллиондан ошиқ киши оғир хасталикларга чалиниб, ҳаёти хавф остида қолаётганлиги илмий манбалардан маълум.
Сув ресурсларининг ифлосланиши тобора жадаллашиб бораётгани, яъни саноат ва коммунал хўжаликлари томонидан зах сувларнинг ҳавзаларга ташланиши оқибатида ва сувда ҳар хил органик, ноорганик моддалар, микроорганизмлар тўпланганлиги ичимлик сувининг рангини, тиниқлигини, ҳатто мазасини ҳам ўзгартириб юбораётгани олимлар томонидан қайта-қайта таъкидланмоқда. Билиш муҳимки, сув ҳавзаларида органик ва минерал қўшимчалар миқдори ортса, зарарли бирикмалар пайдо бўлади, оқибатда сув таркибида кислород камаяди ҳамда ҳар хил касаллик келтириб чиқарувчи микроблар кўпаяди.
Кўплаб касалликлар (масалан ичбуруғ, қорин тифи, паратиф, юқумли гепатит, диарея сингарилар) сув орқали тарқалиши мумкин. Бордию силни даволовчи касалхоналарнинг чиқинди сувлари зарарсиз ҳолатга келтирилмасдан, сув ҳавзаларига ташланса, у чўмилиш, ювиниш вақтида тасодифан оғизга кириши ва киши сил билан оғриши мумкин экан. Шунингдек, юқумли касаллик билан оғриган, аммо тўла-тўкис даволанмаган кишилар ҳам баъзан сув ҳавзаларини ифлослантирувчи манба бўлиб қолади.
Ҳозирги кунда ичимлик суви муаммоси дунё бўйича долзарб масала бўлиб турибди. Ер куррасида бундан миллион йил илгари бўлганидек 40 минг/куб чучук сув мавжуд. Бугунги кунгача шу миқдор ўзгармаган, аҳоли сони эса тинмай ошаётир. Бундан ташқари, янги-янги ерлар ўзлаштирилаяпти, саноат корхоналари қуриляпти, демак чучук сув сарфи кўпайгандан кўпаймоқда. Экологик тоза сув саломатлигимиз манбаи эканини унутмаслик лозим.
Сувни қадрлаб яшасак, уни исроф қилмасак, келгуси авлодларга ҳам тоза сув етказиб берган бўламиз. Хасталиклардан асрагувчи ва вужудларга қувват берувчи сувга дўстона муносабатда бўлиш орқали инсониятни турли ноҳушликлардан асраб қолиш мумкин.
Шариф ОТАБОЕВ,
эколог-гигиенист,
тиббиёт фанлари доктори,
профессор.
Миркарим МИРСОВУРОВ,
«ЭКОСАН» халқаро экология
ва саломатлик жамоат фонди
бўлим бошлиғи.