Ассалому алайкум, Убайдулла ака!

Тўра Сулаймон одатда имтиҳонлардан қутулиб, дарслар енгиллаган маҳалларда оппоқ қоғозга эртага қайси редакцияларга, қайси вақтда боришини ёзиб, “маршрут қоғози”ни тайёрлаб қўярди. Кунларнинг бирида белгиланган йўналиш бўйича Навоий кўчаси орқали пиёда “Муштум” журнали редакциясига Саъдулла Сиёевнинг ҳузурига қараб сафар тортдик.

Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти гуллаган маҳаллар. Олисдан башанг кийинган, бошига папаха қўндирган, шу нашриётнинг бошлиғи устоз Ҳамид Ғулом кўринди. Тўра ака шошиб: “Турсун, Ҳамид Убайдуллаевич келаяпти, – деб шипшиди. Мен атай: “Танимас эканман”, – дедим. У “Сволоч”, – дея бир четга “чирт” эттириб туфлади. Сўнгра қайта-қайта: “Ҳамид Убайдуллаевич, Ҳамид Убайдуллаевич”, – деб такрорлаб бораверди. Мен Ҳамид ака билан суҳбатдош бўлмаганим учун орамиздаги масофа яқин қолганда ўзимни четга олиб оҳиста юра бошладим. Тўра ака ҳамон “вич” қўшимчаси билан айтиладиган исми шарифларни такрорлаб келарди. Қулоқларим локаторга айланган. Устоз рўбарў келган чоғда, ҳамроҳимизнинг: “Ассалому алайкум Убайдулла ака!” – деган хитоби жаранглади. Чамамда акани устознинг салобати босди шекилли. Ҳамид Ғулом ўз навбатида оғир-босиқлик билан: “Ва алайкум ассалом, мулла Тўражон”, – деб эркалатиб сўрашди.

Менинг учун ҳазилга баҳона топилган эди. Тўра ака тушмагур: “вич”ини қўшмасам, Асакам кетармиди. Бу дунёда ўзимизнинг “Салом, устоз!” сўзидан улуғроқ гап йўқ экан”, – деб кўпга қадар изтироб чекиб юрди.

 

Турсунбой Адашбоев

 

“Ижод олами”, 2018/6

https://saviya.uz/hayot/mashhurlar-hayoti/assalomu-alaykum-ubaydulla-aka/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x