Касалликлар бошланишида кўп бор синалган муолажаларни қўлласангиз тана енгиллашади, руҳ ором олади. Масалан, оддийгина асалли чой ичилганда чарчоқни кетказиб, асабларни дам олдириши кўпчиликка маълум.
Бел оғриғини тўхтатиш учун картошкани сувда пишириб, пўстини артинг, совимасдан яхшилаб эзғиланг, устига ичимлик содаси сепиб, аралаштириб юборинг. Тайёр аралашмани оғриётган жойга боғлаб, озгина дам олинг. Бундай пайтда асал ва ялпиз солинган чой ичиб олганингиз маъқул. Қарабсизки, баданингиз терлаб, муолажа фойдаси янада самаралироқ бўлади.
Нок меваси таркибида простата бези катталашишининг олдини оладиган микроэлементлар бор. Нок шарбатини ҳар куни наҳорда бир пиёладан ичиш хасталикка шифо бўлади. Шунингдек, нок гулининг бир ҳовучини чой ўрнида дамлаб, тиндиринг. Дамламани ярим соатдан сўнг иссиқ ҳолда ичсангиз сийдик йўлини қумлардан тозалайди. Дамламадан ҳар куни беш маҳал бир пиёладан ичилса, бир ойда фойдаси яққол сезилади. Нок дарахтининг янги шохлари ёки пўстлоғини қайнатиб ичиш ҳам юқоридаги натижани беради.
Шамоллашга қарши яхши воситалардан бири – сабзи баргини идишга солиб 20 дақиқа қайнатиб, уни иссиқ-иссиқ ичишдир. Бундай чойга асал қўшилса ҳам бўлади.
Бодринг уруғи қовурилиб, устига бир литр қайноқ сув қуйиб дамлаб қўйилса ва икки соатдан кейин иссиғида овқатдан сўнг чой ўрнида ичилса, ичаклардаги, хилтларни эритиб чиқаради. Бундай дамлама ҳатто буйракдаги майда тошларни ҳам парчалайди. Чунки бодринг уруғи таркибида бир қатор фойдали, тузларни эритиш хусусиятига эга бўлган бирикмалар мавжуд.
Сурги сифатида ишлатиш учун 1 чой қошиқ беҳи уруғи олиниб, устига 200 грамм қайноқ сув қуйилиб дамланади ва чорак стакандан ичилади.
Ич кетса, қуритилган анор пўчоқларини майдаланг, 1 ошқошиғини ярим чойнак қайноқ сувда дамлаб ичилса даво бўлади. Бундан ташқари анор меваси пўстлоғидан тайёрланган қайнатма оғиз бўшлиғининг яллиғланишини ҳам тузатади.
Бош пиёзни қўрга кўмиб пиширилса ва уни иссиғида истеъмол қилинса, қовуққа йиғилиб қолган қум-тошларни ҳайдаб туширади, сийдик йўлидаги тузларни ҳам эритади, шунингдек, овқат ҳазм бўлишини яхшилайди.
Наҳорда пиширилган сабзи ёки шолғомни ейиш танада моддалар алмашинувини яхшилайди. Бунда овқат ҳазм бўлиш жараёни тезлашиб танада қувват орта боради. Сувда қайнатиб пиширилган сабзи ошқозон-ичак фаолиятини яхшилаб, юзни тиниқлаштиради.
Нигора ТЎЛАГАНОВА.