Одатда соч толалари қуруқ, ёғли ёки мўътадил бўлади.
Агар сочни ювганингиздан икки-уч кун ўтибоқ кирланиб қолса, демак у ёғли.
Сочларингизни ҳафтасига икки марта ювиш етарли бўлса, улар мўътадил турга мансуб.
Қуруқ сочлар ҳатто ўн кунгача тоза сақланиши мумкин. Аммо бундай сочларнинг ёмон тарафи шундаки, парвариш қилинмаса толалари хира тортиб, мўрт бўлиб қолади.
Ажойиб малҳам. Бир чойқошиқ асалари елими (прополис)ни бир стакан сувда эритиб оласиз. Тайёр экстракт малҳам сифатида бош терисига суриш ва сочни ювиш учун ишлатилади. Бу нафақат сочни мустаҳкамлайди, балки унинг тезроқ ўсишини ҳам таъминлайди.
Мойчечакли дамлама. Майдаланган бир ошқошиқ қуруқ мойчечак устидан ярим стакан қайноқ сув қуйиб, сув ҳаммомида 15 дақиқа ушлаб туриш керак. Кейин 30-40 дақиқа давомида совитиб, сузгичдан ўтказиб, дамламага бир чой қошиқ асал қўшилади.
Сочни ювиб, сочиққа салгина артилади. Кейин дамлама билан яхшилаб ҳўлланади. Дамлама билан чайилган сочлар бир соатдан сўнг иссиқ сув билан ювилади. Бу дамламадан қуруқ сочлар учун 10-12 кунда бир марта, ёғли сочлар учун эса 6-7 кунда бир маҳал фойдаланиш мумкин.
Қўлбола шампунь. Тўрт чой қошиқ майдаланган мойчечакка бир стакан қайноқ сув қўшиб, 1-1,5 соат тиндириб қўйилади. Тайёр дамламага бир чой қошиқ асал солиб, яхшилаб аралаштирилади. Тозалаб ювилган ва унчалик қуритилмаган сочни шу аралашма билан ҳўллаб оласиз.
Ярим соатдан сўнг сочлар совун ишлатилмасдан ювилади. Бу қўлбола шампуньдан қуруқ сочлар учун 10-14 кунда бир маротаба, ёғли сочлар учун эса 6-7 кунда бир маҳал фойдаланилади. Асалли шампунь сочни мустаҳкамлаб, ўсиш жараёнини тезлаштиради.
Соч ўстирадиган ниқоб. Тўрт ош қошиқ пиёзли бўтқага бир ош қошиқ асал қўшиб, бош терисига сурасиз. 30 дақиқадан сўнг иссиқ сув билан ювиб ташлайсиз. Бу ниқоб сочларингизни ўстиради.
Толалари тўкилишининг давоси. Бордию соч толалари тўкилаверса шундай муолажадан фойдаланинг: сочларни яхшилаб ювиб, 2-3 қошиқ асални соч илдизига сурилади. 30-60 дақиқадан сўнг иссиқ сув билан ювиб ташланади. Сочларингизга бу ниқобни қилаётган пайтингизда, бир чой қошиқ асалнинг бир стакан қайнаган сувдаги эритмасини бир кунда уч маҳал ичиб туринг.
Қазғоқни бартараф этади. Бир чой қошиқ қичитқи ўт ва бир стакан қайноқ сув аралаштирилади. 15 дақиқа тиндириб қўйилади. Сочлар яхшилаб ювилиб, дамлама билан ҳўлланади. Қазғоқни бартараф этишда бу муолажанинг фойдаси катта.
Бўяшда эҳтиёт бўлинг. Унутмангки, турли кимёвий моддалар қўшилган бўёқлар сочларингизга зарар бериши мумкин. Шунинг учун кўпроқ ўсимликлардан тайёрланган табиий бўёқлардан фойдаланганингиз маъқул. Улар сочлар илдизини мустаҳкамлаб, тез ўсишини таъминлайди. Хина, басма, пиёз ва ёнғоқ пўсти, мойчечак, чой, терак барглари сизга сочларингиз рангини ўзгартиришда ёрдам беради.
Агар сочларингизга қизғиш-малла ранг бермоқчи бўлсангиз қуйидаги рецепт сизга қўл келади: 3-4 ош қошиқ қуюқ дамланган қора чойга бир стакан қайнаган сув қўшиб, 15-20 дақиқа паст оловда қайнатасиз. Қайнатмани совитиб, яхшилаб тозаланган, нам сочга сурасиз. 40 дақиқадан сўнг иссиқ сув билан ювиб ташлайсиз. Қизғиш-қўнғир, яъни каштан ранг ҳосил қилиш учун 150 грамм хинага бир стакан қатиқни аралаштирасиз. Қоришмани сочингизга суриб, полиэтилен пакет ва устидан сочиқ билан яхшилаб ўрайсиз. 30-60 дақиқадан сўнг сочни шампунь билан ювиш талаб этилади.
Азизбек НИЗАМОВ нашрга тайёрлади.