Асқад Мухтор (1920-1997)

DO`STLARGA ULASHING:

Атоқли шоир, носир ва драматург Асқад Мухтор 1920 йил 23 декабрида Фарғона шаҳрида темир йўл ишчиси оиласида туғилган. У 11 ёшида отадан етим қолиб, болалар уйида тарбияланган. Мактабни тугатгач, Асқад Мухтор Ўзбекистон Давлат университетига (1938) кириб ўқийди. Сўнг Андижон педагогика институтида ўзбек адабиёти кафедрасининг мудири бўлиб ишлайди. Асқад Мухторнинг Тошкентга келиши унинг фаолиятида янги саҳифа очди.  У «Ёш ленинчи» (1945), сўнгра «Қизил Ўзбекистон» газеталарининг муҳарририятларида бўлим мудири, масъул котиб, «Шарқ юлдузи» журналида бош муҳаррир (1960—1965), Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасида котиб (1957) бўлиб ишлайди. «Гулистон» журналига, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» ҳафталигига муҳаррирлик қилди.

Асқад Мухтор «Тилак», «Тонг эди», «Тотли дамлар» сингари илк шеърлари (1935—1938)да шеъриятнинг мақсад ва вазифасини, шоирнинг жамият олдидаги бурчини аниқлаб олишга интилади. У шеъриятга «Қалбга қанот», «Дардга даво» берувчи деб қарайди. Шоир Иккинчи жаҳон уруши бошланиши билан «Ғалаба ишончи», «Жангчининг байрам кечаси», «Туғишганлар қайтди», «Соғиниш» сингари қатор шеърий асарларини яратиб, халқни фашист босқинчиларига қарши курашга ундайди. Ватан гўзалликларини, туганмас бойликларини, халқ ҳаётидаги катта ўзгаришларни тасвирловчи «Пўлат қуювчи» (1947), «Ҳамшаҳарларим» (1949), «Раҳмат, меҳрибоним» (1954), «Чин юракдан» (1956) шеърий китобларини ёзади.

Асқад Мухтор «Мардлик чўққиси» (1948), «Яхшиликка яхшилик» (1949), «Самандар» каби пьесалар ҳам ёзган. Ёзувчининг «Дарёлар туташган жойда» (1950), «Қорақалпоқ қиссаси» (1958), «Бухоронинг жин кўчалари» каби қиссаларида, «Опа-сингиллар» (1955), «Туғилиш» (1963), «Давр менинг тақдиримда» (1964), «Чинор» (1973), «Аму» каби романларида замонамизнинг муҳим муаммолари ўз ифодасини топган.

«Чин юракдан» (1956) шеърий китоби, «Ҳаётга чақириқ» (1956), «Дунё болалари» (1962) ҳикоялар тўпламлари ўзбек болалар адабиёти хазинасини бойитган.

Шоирнинг «99 миниатюра», «Карвон қўнғироғи» шеърий китоблари 60—70- йиллар ўзбек шеъриятида катта воқеа бўлган. Уларда инсон қалбининг тобланишлари чуқур интеллектуал ҳис-туйғу воситасида талқин этилган.

Софокл, Тагор, Пушкин, Лермонтов, Маяковский, М. Горький, Т. Шевченко, Блок, Корнейчук асарлари Асқад Мухтор таржимасида ўзбек китобхонларининг маънавий мулкига айланган.

Асқад Мухтор лирик шоир, таниқли адиб, моҳир таржимон сифатида ўзбек маданияти таракқиётига катта ҳисса қўшган. У Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1980), Ҳамза номидаги республика Давлат мукофотига  (1972) сазовор бўлган. «Дўстлик» ордени билан мукофотланган (1995).

1997 йил 17 апрелда Тошкент шаҳрида вафот этган.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x