Антибиотиклар: эҳтиёткорликни унутманг

Антибиотиклар қўлланила бошлаганидан сўнг шифокорлар битта муаммога тўқнаш келдилар: яъни бундай дорилар таъсирига чидамли бактериялар пайдо бўла бошлади. Бу ҳолат йиллар ўтгани сайин кучайиб, эндиликда антибиотикларга чидамли микроорганизмлар сони тўхтовсиз ошиб бормоқда.

Олимларнинг аниқлашларича, кишиларимиз дори ичишда эҳтиёткорликни унутиб, антибиотиклардан шифокор рухсатисиз фойдаланганликлари муаммони янада чуқурлаштираётир.

Бемор даволанишдан олдин касаллик қўзғатувчисининг турини ва қайси антибиотикка сезгирлигини аниқлаши лозим. Бунинг иложи бўлмаса, микробларнинг кўпгина турларига таъсир қиладиган антибиотик қўлланилади.

Антибиотиклар билан даволашни иложи борича эртароқ бошлаш зарур, чунки касаллик бошида микроблар сони оз бўлади, тез ўсиб кўпаяди. Худди ана шу пайтда микроблар антибиотикларга жуда сезгир туради. Вақт ўтиши билан эса дориларга сезувчанлиги пасая боради.

Дорилар миқдори (дозаси) микробларга таъсир қиладиган ҳажмда бўлиши керак, акс ҳолда антибиотиклар самара бермайди ва микроблар тезда дориларга мослашиб олиши мумкин.

Антибиотикларнинг таъсир доираси қуйидагича:

-ўткир респиратор вирусли инфекциялар (масалан, грипп)да антибиотиклар таъсири сезилмайди;

-тана ҳарорати жуда кўтарилганда фойда бермайди, чунки антибиотиклар иссиқ туширувчи ёки оғриқ қолдирувчи восита саналмайди;

-йўтални қолдиришда ҳам антибиотикларни қўлламаган маъқул (чунки йўтал камдан-кам ҳолларда микроорганизмлар таъсирида юзага келади).

Ич бузилганда антибиотикларни қўллашдан олдин касаллик сабабини билиш керак. Негаки кўплаб ичак инфекцияларини вируслар келтириб чиқаради, лекин ич бузилишининг қўзғатувчиси бактериялар бўлган тақдирда ҳам антибиотиклардан фойдаланиш касалликнинг чўзилишига сабаб бўлиши мумкин.

Дориларни (айниқса, антибиотикларни) ўзбилармонлик билан ишлатиш ҳаёт учун хавфлидир. Қандай хасталикка чалинишингиздан қатъий назар, дори қабул қилишдан аввал албатта шифокор билан маслаҳатлашинг.

Фақат мутахассисгина организмингиз учун хавфсизроқ бўлган антибиотикни сизга танлаб беради.

Дориларни тўғри қўллаш керак. Айниқса, бир нечта дориларни биргаликда ишлатганда уларнинг бир-бирига мос келишига аҳамият беринг. Акс ҳолда уларнинг микробларга қарши таъсири камаяди ва ножўя ҳолатлар юзага келади.

Антибиотик препаратлар шифокор рухсатисиз қўлланса хавфли асоратлар рўй беради.

Гулчеҳра ПАРИКОВА, мутахассис, педагог.

 

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x