Анри де РЕНЬЕ — УЧРАШУВ

Биз ҳикоямизда сўз юритмоқчи бўлган Палаццо Альтиненго, бу, олд кўриниши айлана шакллар билан безатилиб, серпент мармаридан ломбард усулида ишланган ва Нептун иккита уч тишли найза билан денгиз дарвозасини қўриқлаб, сайёҳларни лол қолдираётган Катта Каналдаги сарой эмасди. Қадимий ва қудратли Альтиненго уруғи Шавкатли Республикадаги энг атоқли уруғлардан бири бўлиб, Дожа шаҳридаги турли давр­лар ва турли даҳаларга сочиб ташланган биноларнинг анчагинаси айнан шу уруққа қарашли эди.

Бу, Венецияда тез-тез учраб турадиган ҳол. Биз ҳали Гриманийлар уруғининг – бири Сан-Полда, бошқаси Мария Формозада ва буларга қўшимча яна Гриман делла Виддагиларини ҳисобга олмаганимизда ҳам яна қанчадан-қанча қасрлари бор! Контаринлар қасрлари ҳам худди шундай. Контарин-Фазаннинг Контарин дельи Скринь, Контарин делле Фигур ва Контарин дель Баволо деган ака-укалари бор. Моченигонинг Катта Канал бўйлаб тизилиб турган учта қасри, Корнернинг Корнер Спинелли, Корнер делла Ка Гранд ва Корнер делла Режина қасрларидан ортиқ бўлса борки, улардан кам эмас.

Барча йўлбошловчилар Альтиненгонинг иккита саройини – Сан-Стаэ ва Сан-Бенедеттони тилга олардилар, холос, лекин негадир, уларнинг биронтаси учинчи қаср ҳақида лом-мим демасди, ҳақиқатда эса, ҳаётимда бўлиб ўтган ғайриоддий ва тушуниб бўлмас, ҳатто айтиш мумкинки, энг тушунарсиз ва ғалати ҳодисалар айнан ўша, деярли унутилаёзган қасрга тааллуқли эди. Альтиненго уруғига қарашли бўлган бу учинчи қасрнинг менга, Венециянинг мендек тиришқоқ тадқиқотчисига номаълумлигича қолганининг ҳеч бир ҳайратланарли ери йўқ эди, албатта. Неча марта Венецияда бўлгани ва қанча вақт у ерда яшаганидан қатъи назар, шаҳарни бошдан-охиргача биламан, деб ҳеч ким айтолмайди. Балки, дўстим Тиберио Прентинальядан ташқари, ҳеч ким… Бу ҳайратомуз иморатда мени бир қанча ой яшашга мажбур қилган жиҳатлар тўғрисида ҳикоя қилишдан аввал, 189… йил сентябрь ойи охирида кўнглимга яқин бўлган шаҳарга яна бир бор саёҳатга ундаган сабабларни тилга олиб ўтиш менга, чамамда, жоиздек туюляпти.

Мен бу масала юзасидан мухтасар фикр билдирмоқчиман, чунки “иқрорнома” ёзиш ниятим йўқ. Мен сирларимни ошкор этишни ҳеч қачон хушламаганман, ўзимни бегоналар эътиборини жалб этадиган қизиқарли одам деб ҳам ҳисобламаганман. Мен ғайриоддий дея хулосага келган ва ҳеч бир тайёргарликсиз, кутилмаганда гувоҳ бўлганим боис янада ғайриоддийроқ туюлган чин воқеани қоғозга туширишни лозим топдим, ростдан ҳам, мутлақо беихтиёрий равишда бу воқеада иштирок этишимга тўғри келди.

Мен ҳам эл қатори битта одамман, худди оломон каби, менинг ҳам диққатни тортадиган на бир тайинли лаёқатим ва на ақлий хизматларим бор. Мен ҳамма вақт фақат ўзим учун яшаганман, одамлар орасида оддий, кўзга ташланмай юриш каминага доим табиий туюлган. Ҳақиқатан, менда биронта фавқулодда хислат йўқ, ҳатто, гарчи бундан фойда чиқиш-чиқмаслигини ўйлаб ўтирмай, минглаб одамлар билан баҳам кўрмоқчи бўлганим, ўша, Венецияга бўлган ишқибозлик ҳам ажабтовур хислат эмас. Мен Италияни, шу жумладан, Венецияни ҳеч бир иззатталабликсиз, шунчаки яхши кўрганман. Менда ҳеч қачон Сан-Марко майдони ёки бўлмаса Прокураций минорасида зодагонлар орасида туриб, дунёвий йилномаларда қатнашишдек шуҳратпарастлик нияти бўлмаган. Йилнинг бундай пайтида бу ерда бўлиш яхшилик аломати ҳисобланса-да, киборлар журнали менинг кўрфазларда бўлганимни ҳеч қайд этмасдилар. Венеция менга башанг костюм ва галстукларда олифта кийиниб олиб, таассурот қолдиришимга сабабчи бўлмаган ва ўзининг шон-шуҳрати дардида йилда бир маротаба бўлса-да, Пьяцеттда тепасига Шер ва Тимсоҳ ҳайкали ишланган тош устунлари ёнида туриб олиб, ўзини кўз-кўз қилишни лозим топган санъат оламининг жаҳонга машҳур зотлари, ёзувчилар, молиячилар ва киборлар билан ошначилик ришталарини ўрнатишим учун воситачи бўлгани борасида-ку гап бўлиши ҳам мумкин эмас.

Яна шуни айтмоқчиманки, худди киборлар давраси каби Венеция осориатиқалари ҳам мени ўзига кам жалб қилса-да, бироқ шаҳарнинг ноёб санъат асарларига, гўзал биноларию ҳайкалларига бошқалар қатори мен ҳам баҳо бера оламан. Мен ўтакетган тошбағир ҳам, жоҳил ҳам эмасман. Ва камина ҳам Венеция ўз саёҳатчиларига таклиф этаётган ўша ҳузур-ҳаловатнинг мазасини тотиб кўрганман. Мени Дожалар қасри ҳам, Сан-Марко майдони ҳам бефарқ қолдирмаган. Ҳатто венецианча санъатнинг турли соҳаларида баъзи бир билимларни эгаллашга муваффақ бўлганман. Унинг ҳайратомуз нафис кунгураларию бенуқсон ишлов берилган нозик биллурларига ҳам беэътибор бўлмаган. Кўҳна Венеция тарихи, ниқоблар ва серенадалар Венецияси ўзининг майда-чуйда урф-одатларию расм-русумлари билан менга анча-мунча яқин бўлиб қолган. Мен президент де Броссни ўқиганман, Казанова билан яхши танишман, лекин, аслини олганда, Венеция – қандай бўлса, шундайича менга кифоя ва жўшқин Венециянинг бор жозибасини ҳис этишим учун унинг ўтмишига мурожаат этишга менда эҳтиёж йўқ.

Менинг Венецияга бўлган муҳаббатим, тап тортмай айтишим мумкинки, ҳар қандай димоғдорлик ва эстетизмдан, шунингдек, романтизмдан ҳам холи, эркин ва тагзамини чуқур муносабатлардан юзага келган табиий ва оддий туйғуки, уни ҳатто чин муҳаббат десам ҳам бўлаверади. Венеция ҳамиша мени ўзига асир этиб келган. Унинг иқлимини, унинг ўзига хос тусини, унинг ёруғлик оламини севаман. Яшашга имкон берувчи ва ҳатто ўзи йўл-йўриқ кўрсатувчи дидимга мос турмуш тарзини ҳам. Айниқса, кўзларим ва хаёлларимни ўзининг дилкашлиги билан банд этган бу ердаги минглаб ёдгорликлар ичида бўлиш менга ҳузур бағишлайди. Кунларим ҳеч бир ерда бунчалик сеҳрли осойишталикда равон кечмаган, бу ерда ҳатто ғариблик ҳам ўз изтиробларидан холи. Ер юзида ўзингга ўзинг яхшироқ эга бўлишинг мумкин бўлган ва сени хунобликдан иложи борича халос этгувчи бунақа жойни топиш амримаҳол. Венецияда бемалол ёлғиз яшашим сабабини у ердан топаётган ҳузур-ҳаловатимгина изоҳлаб бериши мумкин. Гарчи менга бундан осони бўлмаса-да, бу шаҳарда кўп маротаба бўлишимга қарамай, жуда кам таниш-билиш орттирганман, чунки камина ўз иштироки билан қизиқиш уйғотувчи одамлар тоифасидан эмасман. Яна шуниси ҳам борки, Сан-Марко майдонига йиғилиб олиб, нафис гўзаллигу башанглик ва мисли кўрилмаган назокат расм-русумларини бажараётганларига ўзлари астойдил ишонган жамиятнинг зебо аёлларию бекорчи олифталари ва гўзаллик ихлосмандларининг Венецияга тўпланиши удумга айланган йилнинг бундай пайтида мен ҳамма вақт у ердан жуфтакни ростлаб қолардим.

Яна қуйидагиларга эътибор қаратишни истардим. Мен Венецияда бошқа жойларга қараганда “ўзгача”, бениҳоя шод ва таърифга сиғмас бир кайфиятда яшаш жоиз деб ҳисобламаганман. Ундан ўзгача таассурот олишни ҳам ҳеч вақт ҳавас қилмаганман. Венеция мен учун ҳеч қачон “Орзулар шаҳри” бўлмаган (ҳозир, мана шу сатрларни қоралай туриб, энди унинг ундай эмаслигига унча имоним комил эмас, нега бундай экан – бу кейинроқ маълум бўлади); аксинча, мен фақат унинг бор жозибасини, ўзига хослигини ва лаззатбахш дунёсини хоҳлардим, холос. Гондолага ўтириш учун вагондан чиқишим, мен учун мутлақо одатий ҳол бўлиб, бундан заррача ажабланмадим. Гондолани мен бошқа шунга ўхшаш нарсалар каби ташиш воситаси дея тасаввур қилганман. Романсларда мадҳ этилган ундаги жозиба мени бефарқ қолдирмаган ва узукка кўз қўйгандек денгизга мос бежирим шакли ва сузиш учун қулайлигининг қадрига етсам-да, барибир, шаҳарнинг одам адашиб қоладиган тор кўчалари бўйлаб яёв сайр қилишни афзал кўрдим. Қисқаси, Венецияда бўлиш менга юксак ҳис-туйғулар инъом эта олди дея олмайман. Уни кўриб, на фахрланиш ва на мағрурланиш ҳиссини туйдим. Менга Венеция ёқарди, мен уни яхши кўрардим; у мени мафтун этганди ва ўзимни унинг ихтиёрига бажонидил топширишга тайёр эдим, бироқ барчага ва ҳар бир кимсага тақдим этаётганидан ортиғини ундан кутмаганман. Мен, Венеция ўзига элбурутдан шайдо қилиб, бармоғига ўзининг сеҳрли узугини тақиб қўядиган одамлар тоифасидан эмасман; ҳеч қачон Венеция романтизми ёпинчиғида ўзимни хаспўшламаганман.

Умуман айтганда, мени илк бора Венецияга хаёлга келтириш мумкин бўлган энг оддий вазиятгина етаклаб келганди. Бу ерда анча йиллардан бери оиламизнинг қадрдон дўстларидан бўлган хоним ва жаноб де С., яшаганлар. Улар Сан-Тровазо қасридаги энг қимматли қаватларидан бирига жойлашиб, уни ўзларининг дидига мослаб қулай жиҳозлаб ҳам олишганди. Бу қават қачонлардир антик буюм сотувчиларида ҳали топса бўладиган ўша асил Венеция мебеллари билан жиҳозланган жуда кўп хоналар унга ёндош бўлган кенг галереядан иборат эди. Галереяга катта жавонлар, пастак диванлару оромкурсилар, озми-кўпми мустаҳкам барокко услубидаги жавону, китоб учун мўлжалланган жавончалар қўйилганди. Иккала С. ҳам қолган саноқли кунларини ҳозир уларга сув ва ҳаводек зарур бўлган тинчлик ва осойишталикда ўтказишни истаб бу ерга келиб жойлашгандилар. С.хонимнинг соғлиғи жуда заиф эди. Эри эса бедаво дарддан азоб чекарди. Жаноб де С.нинг соғлиғи тўсатдан оғирлашиб қолиши мени Венецияга сафар қилишга мажбур қилганди, бироқ мен етиб келганда, жиддий хавф шу қадар ортда қолгандики, С.лар мени ёнида олиб қолишди. Ўзим жуда яхши кўрган бу ажойиб хонадонда нақ бир ойча меҳмон бўлдим.

Қандай оромбахш таътил! Сан-Тровазо қасри ва бу ширинсўз, меҳрибон оила даврасидан менга гўзал хотиралар эсдалик бўлиб қолди! Жаноб де С. ўзининг дармонсизлиги туфайли менинг Венециядан мириқиб завқ олишимга халал беришни истамасди ва С. хоним эса эрининг касали билан боғлиқ ташвишларга ўралашиб қолганига қарамай, менга йўл кўрсатувчи бўлишга рози бўлди. Бу аёл зукко, ўқимишли эди. Жуда кўп черков ва музейларни бориб кўрганимиз, ҳар нарсаларга қизиқаверишларим унга заррача малол келмади. Аёл қачон бўлмасин, Венеция санъати билан янада яқинроқ танишишим учун менда фақат истак уйғотадиган жойларнигина кўрсатарди, холос. Одатдаги сайрда эса унга шунчаки ҳамроҳлик қилганимдан мамнун эди. Ва бу, мен Венецияни барча жозибасини сайёҳ, гўзаллик шайдоси ёки қуруқ бир олифта сифатида эмас, балки ёруғликнинг, бўёқларнинг, ҳусн-латофатнинг самимий ишқибози, мафтункор, ажойиб, осойишта ва гўзал Венеция ҳаётига меҳри тушган кузатувчи сифатида англашимга сабаб бўлди.

Камина бу хушфеъл ва ёқимтой дўстларимга келаси йил келишни ваъда қилдим-да, уларни тарк этдим. Мен ўз ваъдамга вафо қилдим-у, бироқ уларни тирик кўриш бошқа насиб этмади. Жўнаб кетганимдан сўнг бир неча ой ўтиб, улар олдинма-кейин, деярли бир вақтнинг ўзида оламдан ўтган эканлар. Мен ўша вақт Россияда сафарда эдим; бу қайғули хабардан ҳам ўша ерда воқиф бўлдим. Эшитиб, кўнглим бузилди; бироқ бу йўқотишдан сўнг мен Венециядан узоқлашиш ўрнига, аксинча, унга янада маҳкамроқ боғланиб қолдим, – Сан-Тровазо қасри ёнидан гарчанд биринчи марта ўтаётган бўлсам-да, Венеция таомилига кўра, ёпиб ташланган дераза ромларига, бинони ижарага берилишини англатувчи бир парча узун қоғоз ёпиштирилган бўм-бўш қаватнинг ойналарига қараб юракларим эзилиб кетди. Ўшандан бери ҳар сафар бу ерга келганимда, сеҳрли ва гўзал Венеция ҳаётидан мени баҳраманд этиб, “каминани венециялик қилганларини” дўстона фахр билан такрорлашни хуш кўрувчи қадрдон дўстларим яшаган уй билан боғлиқ хотираларга миннатдорчилик юзасидан уни ҳар сафар зиёрат қилишни канда этмасдим.

Мен шу қадар венецияликка айланиб кетган эканманки, ҳатто меҳмонхонада яшаш ҳам энди каминага малол келаётганди. Хайриятки, саховатли дўстларимнинг Сан-Тровазодаги менга кўрсатган меҳмоннавозликлари мени бундай кўнгилсизликдан халос этарди; кейинчалик доимий бошпанамга айланиб қолган ижарага олган уйим учун ҳам улардан миннатдор бўлишим керак. Улар Сан-Тровазога кўчиб келгунларига қадар, аввал яшаган ерлари – Каза Трижани тўғрисида бир кун менга нима дейишганини эсладим. Фондамента Барбарода жойлашган бу Каза Трижанининг бир неча хонасини ижарага топширган иккита қари қиз томонидан банд этилганди. Хоналар тоза-озода, бемалол яшаса бўларди; улардан бирининг деразасидан, йирик оч-қизил маврак ўсиб ётган ерга яқин сарв дарахтининг ёнгинасида бир неча атиргул бутаси гуллаб ётган камбар боғ кўриниб турарди. Опа-сингил Трижаниларда менга ёқадиган қандайдир ажиблигу ожизлик бор эди. Мен уларнинг доимий ижарачисига айланиб қолгандим ва қачон Венецияга келсам, ўша ерга қўнардим; бу ҳол ўн беш йил мобайнида деярли ҳар йили давом этди.

* * *

Анъанага айланиб қолган бу қадрли одатни йўққа чиқариш учун бир текисда ўтаётган ҳаётимни остин-устун қиладиган биронта нохуш ҳодисага рўпара бўлишим керак эди. Шундай бўлди ҳам. Уч йил давомида менга жуда кўп азоб берган руҳий изтиробни бошдан кечирдим. Бор-йўқ гапим (аввал-бошда айтганимдек, мен иқрорнома ёзишдан мутлақо йироқман ва мақсадим туйғуларимни эмас, балки воқеа-ҳодисаларнинг ўзини тасвирлаб бериш), ҳаётимнинг бу даври азбаройи ҳаяжону ташвишларга тўлиб-тошганидан, мен, ҳатто кузмиди у, ё баҳормиди,  бир неча ҳафта Каза Трижанида меҳмон бўлган бахтиёр дамларимни бирон марта бўлса-да, эсга олмаганимни айтишим мумкин, холос. Мана шу уч йил давомида Венецияга сафарим ҳам таққа тўхтади, ва фақат машаққатли руҳий синовлар поёнига етиб, оғир дарднинг исканжасидан халос бўлганимдан сўнггина ўша дилкаш, беташвиш хотиралар мени чорлаётган фусункор шаҳар билан эски муносабатларни яна давом эттиришни орзу қила бошладим. Балки худди шу ернинг ўзида куч-қувватга тезроқ кирарман. Мени даволаётган шифокорларга ўз орзу-истакларим тўғрисида рўйирост гапириб бердим. Улар режаларимни бутунлай қўллаб-қувватламаса-да, қаршилик ҳам қилмади. Аҳволим саёҳат гўё ўйламасдан қилинган ишдек туюладиган даражада ёмон эмасди. Бу касаллик мени одамларга нафрат ва ёлғизликка бўлган кучли эҳтиёж билан қўшилиб кетган сурункали уйқусизлик ва асаблар зўриқиши дардига ҳам мубтало этганди. Венеция менга ўша ўзим истаган танҳоликни тақдим этиши мумкин эди. Чиндан ҳам, нега энди тажриба ўтказиб кўрмаймиз? Ёз ҳам ўзининг силлани қуритадиган жазирамаси билан ниҳоясига етганди. Сентябрь ойи охирлаб қолган ва мен  Венеция кузининг кўлдаги маъюс ва хотиржам чиройига маҳлиё бўлиш арафасида эдим. Бу менга ҳузур бағишларди. Мен Каза Трижанининг камбаргина боғида хаёлан яна сарв дарахтинию оч-қизил мавракни кўрдим. Яна опа-сингилларнинг дўстона қий-чувларинию Фондамент Барбаро тоштахталари устидан юриб бораётган ёғоч бошмоқларнинг тақ-туқини, дайди сотувчиларнинг бақир-чақиришинию чоққина сой муюлишидан айланиб ўтаётган гондола эшкакчиларининг “stai!” деган хитоб­ларини ва Венеция аҳолисининг одатдаги барча шовқин-суронларини, осмонда эса – Салут ва Жезуат жомининг мўъжизавий овозини эшитдим. Бир тўхтамга келиб бўлгандим. Фақат опа-сингил Трижаниларга келадиган кунимнинг дарагини бериб, телеграмма жўнатишим қолганди, холос.

Шифокор кетиши билан телеграмма ёза бошлаганимни яхши эслайман. Мен уни кузатиш учун дивандан турдим ва стол ёнига қайтатуриб, хабарнома матнини ёзишга бир варақ қоғоз олдим; сўнг бошқа хатларга қўшиб, хабарномани ҳам тайинланган манзилга жўнатиши учун хизматкорга бердим, ҳар ҳолда шундай қилган бўлсам керак, деб ўйлайман. Бу қандай содир бўлганини билмадим-у, бироқ бир неча кун ўтгач, ўша варақа менинг ҳамёним бўлмаларидан бирида тўрт карра астойдил букланган ҳолда пайдо бўлиб қолди. Бу яна қандай эътиборсизлик? Аммо ўзимдан ўтган бу хатоликдан мен унчалик ҳам ранжимадим. Бу эса касаллик диққатимга ҳам ўз таъсирини ўтказганини ва ҳали бутунлай соғайиб кетмаганимнинг исботи эди. Мен бунга каминани Венецияга олиб кетаётган поездда, вагон деразасидан Италия манзараларига боқатуриб, фақат Верона ва Виченца оралиғига етиб келгандагина амин бўлдим ва ўшандагина хато қилганимни тушундим. Бироқ бу хатони тўғрилашга энди кеч бўлганди; ва бу унчалик муҳим ҳам эмасди. Опа-сингил Трижанилар ҳатто олдиндан хабардор бўлмасалар-да, эшиклари мен учун ҳамиша очиқ эди. Боққа олиб чиқувчи хона мабодо бўш бўлмаган тақдирда ҳам, улар менга бошқа хонани таклиф этишлари тайин эди.

Тан олиб айтишим керакки, бу ҳол мени бироз довдиратиб қўйди. Телеграммамга опа-сингилларнинг жавоб бермаганларининг асосий сабаби уни ҳали олмаганлари бўлса-да, уларнинг сукут сақлашлари ҳар ҳолда менга эриш туюлди. Бепарволигим учун ўзимдан ўпкаладим ва бироз жаҳлим ҳам чиқди. Умуман, бунчалик шошилинч сафарга зарурат бормиди? Саломатлигим бутунлай тиклангунча сабр қилишнинг иложи йўқмиди? Биров кетимдан қуваётганмиди? Ҳали ҳаловат топиб улгурмаган бу хаста мияю азобда қолган бу дардисар юрак билан мусофир юртларда ҳолим не кечади? Ёлғизлик мен излаган ўша хотиржамликни ато этиб, мени ғам-ғуссадан фориғ этолармикан? Тасаввурим кутилмаганда тақдим этадиган ҳодисалару инжиқликларга мубтало бўлиб, қаршилик кўрсатишга куч тополмай, била туриб унинг хиёнаткорона мафтункорлиги таъсирига тушиб қолмасмиканман? Ўкинч ва хотиротдан туғиладиган қайғули ва хатарли хаёлот қаршисида ўзимни ожиз бир аҳволда кўрмасмиканман?

 Бу ўй-хаёллар сафарим охирини машаққатларга кўмиб юборди. Лекин поезд Местрдан чиқиб, кўлдаги ботқоқлик тошқини кўзга ташланиши биланоқ ташвишларим аригандек бўлди. Экспресс шаҳарни қаттиқ тупроқ билан бирлаштириб турувчи кўприкка соат бешда етиб келиб, ундан ўтаётган пайтда Венеция саёҳатчига ўзининг бор жозибасини кўз-кўз қила бошлади. Кўнглимдан жой олган бу шаҳарга яқинлашишим биланоқ, у ҳамиша менга тасвирлаб бўлмас ҳузур-ҳаловатни бахш этаётганини ҳис этардим… Агар шу сафар мен ҳузур-ҳаловатни бор мукаммаллигича ҳис этмаганимда ҳам, барибир, поезддан тушиб, вокзални тарк этишим биланоқ қирғоқ зинапояларига урилиб, уни юваётган канал сувинию тизилиб турган гондолаларнинг темир жимжималари тепасида кўкка томон юксалиб турган Сан-Симеонанинг думалоқ сурранг-яшил гумбазини кўрганимда, завқланишдан ўзимни тия олмаган бўлардим. Эшкак сувга урилиб, мени ўзи билан олиб кетаётган гондола оҳиста бурилган ўша лаҳзаларда қадимги Венеция тўсатдан хотирамда жонлангандек бўлди ва мен сукутга, нурга чўмиб, осойишталик ва сокинликда, ёддан чиқаришга берилиб, қайғуга тўла бутун ҳаётимни ортда қолдирган кўланкага айланиб қолгандек эдим гўё.

Бу ўй-хаёллар мени шу қадар банд этдики, яна қайта топган ўша Венециянинг ажойиб манзараларига бутунлай беэътибор эдим. Улар менга гондола тўғри Каза Трижанининг қаршисидаги Фондамента Барбаронинг зинапояларига келиб теккунига қадар бўлган лаҳзаларгача ҳамроҳлик қилди. Олд томони сарғиш-қизил рангга бўялган, дераза-эшиклари тим-қора, қўнғироғининг мис ҳалқачаси чоққина эшикка осиб қўйилган бу қадимги Каза ҳамон ўша-ўша эди. Мен қўнғироқ ҳалқачасидан тутдим-да, уни узоқ силкитдим. Ҳар доимгидек уй ичкарисидан жаранглаган овоз янгради. Ўша заҳоти зинапоядан қадам товушлари эшитилди. Эшикни очган кимса менга ва қўлимдаги юкимга ажабсиниб қаради. Мен опа-сингил Трижаниларнинг исмларини айтдим. У табассум билан жавоб қайтарди. Мана, опа-сингил Трижаниларнинг бемор акасини кўришга кетганларига ҳам ҳадемай уч ой бўларкан, бутун бошли уй эса ҳозир англия­лик оила ихтиёрида экан…

Бошқа пайт бўлганда, бу арзимас нохушликни енгиш менга чўт эмасди, бироқ хасталик боис нозиклашиб қолган табиатим нохушликни бироз ошириб юборганди. Умидларимнинг пучга чиққани мени роса дов­диратиб қўйганди, ваҳоланки, нохушлик кўрсатган таъсир уни келтириб чиқарган сабабга сира мос келмасди. Венецияда озми-кўпми Каза Трижанига ўхшаш йигирматача пансион бор эди; энди фақат улардан биронтасини танлаш қолганди; бироқ бу арзимас омадсизлик илк мусибат аломати бўлиб туюлди. Бу янгиланиш одатлар энди-энди пайдо бўла бошлаган бурунги аҳволимга қайтишга имкон туғдириши лозим эди, бироқ ишнинг юришмагани бутун одатларимни издан чиқаргандек эди гўё. Вақт-соати келиб, мени ўзининг кўринмас тўри билан чирмаб олишга шай турган ҳалқа таранг тортилди. Эътиборга арзимас бу омадсизлик мени ҳангу манг қилиб қўйганди.

Ўша куни меҳмонхонага йўл олишдан ўзга чорам қолмади. Янги тураржой излаш масаласини эртага қолдирдим. Эшкакчига калламга келган энг биринчи манзилни айтдим. Қандай қилиб оғзимдан чиқиб кетди билмадим-у, биринчи бўлиб тилимга “Виктория” меҳмонхонаси келди. У ерда бироз кутиб, сўнг хонага жойлашдим, гарчи у оддий бўлса-да, лекин ҳар жиҳатдан шинам эди. Ювиниб-тараниб, уст-бошимни тартибга келтириб бўлгач, яна ўшандай оддий ва шинам ошхонага тушдим. Тушлик пайти эди. Овқатдан сўнг тезроқ ётиб дам олгим келди, бироқ тушлик қилиб бўлгач эса аччиқ ҳидини мен хуш кўрадиган, ичи похолпоя билан тўлдирилган узун virqiniaни олиб энди чека бошлаган ҳам эдимки, кўнглим бирдан сайр қилишни тусаб қолди.

Очиқ ҳавога чиқдиму танам яйради. Мен айқаш-уйқаш тор кўчаларида тез-тез адашиб қоладиган яна ўша тунги Венецияда эканимдан бахтиёр эдим. Чиндан ҳам серҳашам, зим-зиё Венециянинг эгри-бугри йўлларида дайдиб юрган кунларим кўп бўлган! Охир-оқибатда, мен бу шаҳарни шундай мукаммал ўрганиб олгандимки, кейинчалик дадил, деярли қўрқмай юрадиган бўлдим. Бироқ бу оқшом одатга айланиб улгурган йўл топиш маҳоратим энди менга панд бераётганини шу заҳотиёқ фаҳмладим. Йўлимга ишонмай, бир неча бор тўхташга мажбур ҳам бўлганман ва ҳатто бир сафар орқага қайтишга тўғри келадиган, чиқиш йўлининг тайини йўқ, тармоқларга бўлиниб, rioга бориб узилиб қолувчи халтакўчаларга ҳам кириб қолганман. Бу арзимас хатолардан жиғибийрон бўлардим: тўғрисини айтганда, сайр қилишдан аниқ бир мақсадни кўзламагандим ва шошаётган ерим ҳам йўқ эди. Мен ҳали-ҳануз таваккалига битта-битта қадам ташлашда давом этардим. Саёҳатдан анча чиқиб қолганим боис, азоб бераётган асабларни тинчлантиришнинг бирдан-бир йўли менга шудек туюлмоқда эди. Меҳмонхонада муқаррар кўз тикиб турган уйқусизликни чарчоқ билан енгишга қарор қилдим. Боз устига, бу узоқ вақт давом этган сарсон-саргардонликлар менинг аввалги венецианча одатларимнинг бир бўлаги эди ва мен ирим-сиримларга ишонувчан инсон сифатида уни топиб, ўтмишдаги ёқимли дамларимга эришиш умидида ўша сандироқлаб юрган кунларимга қайтишни ихтиёр этгандим!

Бу орада тун ҳам яқинлашиб қолганди. Буни мен унинг барча calli ва campiига тезда сукунат чўмиб, сув қуйгандек жим-жит бўлиб қолганидагина пайқадим. Қачонлардир бундай танҳоликни баридан афзал кўрардим. Ўткинчининг илдам қадамига, сувда сирпанаётган гондоланинг овозига, пошналарнинг тақ-туқию эшкаклар зарбидан кўтарилиб-тушаётган сувнинг чайқалишига, овозига, қўшиғига, сукунатига “Венецияга хос сирлилик” дея зап топиб қўйилган ном ва яна деразалари ёритиб турган бинонинг олд томони менга завқ бағишларди, – бироқ мени мафтун этган Венециянинг бу сафарги тунидан олган таассуротимни англаш мушкул эди.

Турган гап, бу қўрқув эмасди. Мен Венецияда хийла узоқ яшадим ва бу ерда йўловчи хавфу хатардан мутлақо холи эканлигидан бохабарлигим, Венеция урф-одатларини яхшигина ўзлаштириб олганимда эди. Vigili нинг вазифаси, – бу ерда полициячиларни шундай атайдилар,– унча мураккаб эмасди. Уларнинг вазифаси бир неча арақхўрнию юрагида ўти бор vim nostrani ишқибозларини ва онда-сонда бир нечта ўғрини қўлга туширишдан иборат. Бу арзимас ножўя хатти-ҳаракатларни инобатга олмаганда, венецияликларнинг ўзлари беозор, мулойим халқ ва сиз шаҳарнинг энг олис мавзеларида ҳам хатарга йўлиқишдан чўчимай, тунда ҳам худди кундузгидай кўнгилни тўқ қилиб юраверишингиз мумкин. Бирдан-бир хавф-хатар – йўлни йўқотиб, халтакўчага кириб қолишингиз. Бироқ, маълум бўлишича, йўловчиларни ўйлаб, шаҳардаги хушманзара ғира-шираликни бузмаган ҳолда кўчаларни ёритишнинг янги усуллари топилган ва барча нохушликларга барҳам берилган.

Шундай қилиб, қўрқув хавотир билан сира қўшилиб кетмаганди, сабаби менга сирлигича қолган хавотир эса, кўчага чиқиб, calliдаги ясси тошлар жарангини эшитиб туйган мамнуният ҳисси билан ўрин алмашганди. Бунга ўзгарувчан саломатлигим сабабмикан, ёки К.Трижани билан ўнгидан келмаган яқиндаги ишнинг оқибатимикан бу? Нима бўлганда ҳам, мени оз-оздан англаб бўлмас, тайинсиз – кутилмаган воқеаларга бой шароитга тушиб қолганингда юз берадиган қандайдир саросима аралаш ваҳима босаётганди. Бу сирли қўрқув кучаявергач эса қадамимни тезлатишга мажбур бўлдим ва тасодиф деймизми, ё савқи табиий деймизми, кўр-кўрона бурилишлардан сўнг тўппа-тўғри Сан-Марко майдонидаги чироқлар ёнидан чиқиб қолдим ва шундан сўнггина чиндан ҳам енгил нафас ола бошладим. Майдонни кўрдиму қўрқувдан асар ҳам қолмади, ва битта-битта қадам босдим-да, деярли кимсасиз, тирқишидан юлдузларнинг ёруғи тушиб турган, қуюқ булут босган оппоқ осмон остидаги Пьяцеттдан ўтдим.

Анча кеч кириб, Прокураций гумбази остида ўткинчилар сийраклашиб қолганди. Мен Венециянинг ёпиқ дўконларининг олд томонидаги ялтироқ ясси тошлар терилган машҳур ойнабанд айвоннинг узундан-узун ҳувиллаган йўлакларининг худди шу пайтдаги манзарасини яхши кўрардим. Флориан қаҳвахонасидан чиқатуриб, шу ерда неча маротаба адашиб қолгандим! Бироқ шу кеч, узоқ сайрдан толиқиб, таъсирчан сўққабош дарбадар ролини ўйнашга кўзим учмаётганди. Иккинчи томондан меҳмонхонага ҳам қайтгим йўқ эди. Мен тўғри Флориан қаҳвахонасига йўл олдим. Туни билан очиқ бу қаҳвахона, кечикиб қолган йўловчиларга тураржой берар ва тақсимлаб қўйилган ўзининг духоба диванлари бор танобийсидан бошпана сифатида жой ҳам таклиф этарди.

* * *

Маълумки, Флориан қаҳвахонаси турлича жиҳозланган ва меҳмонхонага ўхшаш бир неча бир-бирига яқин кичкина хоналардан иборат эди. Улардан бирига мен алоҳида бир иштиёқни туяман. Унинг деворларини кўзгу ҳамда деворга ишланган суратлар безаб турарди ва бу гўзалликни тамаки тутунидану ҳар хил нохушликлардан сақлаш мақсадида ойна билан ҳам ҳимоялашганди. Деворга ишланган суратларда турли халқ вакиллари ўз миллий либосларида тасвирланган. Менда айниқса иккита сурат ажиб таассурот қолдирди: салла ўраган турк ва кокилли хитой. Хитойликнинг тагидаги қизил бахмал диван ёнига қўйилган тоштахтаси бир оёқда айланадиган юмалоқ мармар стол мен ёқтирган жой эди. Камина деярли қуппа-қуруқ танобийга кирганимда, у ерда ҳеч ким кўринмасди. Танобийнинг у бошида икки венециялик финжонда сув ичиб гурунглашиб ўтирарди, бурчакда эса бурни қизил қария рюмкадаги сўнгги томчи strega ни маза қилиб симирарди. Мен пунш-алькермесга буюртма бердим. Буюртмани олиб келишгунча, икки суҳбатдош турди-да, чиқиб кетди. Бурни қизил қария қўлини кўтариб, улар билан саломлашди. Кўп ўтмай, хизматкор буюртма қилинган пуштиранг, хушбўй ва айни замонда бемаза пуншни олиб ҳам келди. Мен майдалаб бир неча қултум ютгандим, ғазабим тарқаб, кайфиятим кўтарилди. Қачонлардир неча маротабалаб оқшомларни ўтказган ва ўзим учун қадрдон, қалбимга яқин жой бўлган Флориан қаҳвахонасига қадам ранжида қилиб ва хитойликнинг пойига келиб ўтириб яхши иш қилгандим. Деворга ишланган сурат томонга оҳиста ўгирилдим. Хитойлик менга мулойимлик билан истеҳзоли боқарди; мен меҳмонхонага қайтишдан аввал мумкин қадар у ерда камроқ бўлишга қарор қилиб, ундан ҳол-аҳвол сўрагани кирганимдан хитойлик чамамда мамнун эди. Эртадан кечиктирмай Каза Трижанининг ўрнига бошқа бошпана қидиришга киришаман. Шу топда ихчамгина оилавий меҳмонхоналарнинг кўпи ёдимга тушяпти: Доменко Сан-Грегорио меҳмонхонаси, Кампо Сан-Виталдаги Чимароза меҳмонхонаси ва ҳоказо. Бироқ, ўша Каза Трижанида топган тинч-осуда турмуш тарзини у ерлардан топа олармиканман? Ёки безорижон қўшнилар ҳали мени тавбамга таянтиришармикан? Айтганча, нега энди бирон-бир эски саройнинг бир нечта хонасини ижарага олмайман? Мен уни камтарона жиҳозлардим-да, ўзимга хон, ўзимга бек яшайверардим. Бошпана топиш, жойлашиш, сарсонгарчиликларнинг ўрнини тўлдиришим учун ҳам бу ерларда ҳали узоқ вақт яшаб қолишимга тўғри келади. Бу фикрим ўзимга ҳам маъқул тушди. Мабодо тасодиф ҳожатимни чиқариб, ўзига чексиз садоқати туфайли ҳам ҳали фусункорлигини йўқотмаган Венециянинг бирон-бир алоҳида мавзеcидан кўнглимдагидек бошпана топилиб қолса ажаб эмас. Балки ўша сокинлик ва осойишталикда мен ва ниҳоят, тириклик лаззатини тотишга муяссар бўларман…

Шуларни ўйлаб хаёлга чўмган пайтим, бурни қизил қария жуфтакни ростлаб бўлганди. Прокураций атрофидаги ўткинчилар борган сари сийраклашарди. Ҳар замон-ҳар замонда улардан бири бир лаҳзага бўлса-да, тўхтаб, қаҳвахонага мўраларди, ё хиргойи қилганда овоз қаттиқ чиқадиган йўлкани таёғи билан уриб тақирлатарди-да, яна йўлида давом этарди. Дераза ёнида туриб қўлини силкитаётган баланд бўйли шарпа тўсатдан эътиборимни жалб этмагунича мен паришонхотир уларга қараб ўтиравердим. Бир лаҳза ўтар-ўтмай, бурни қизил қариядан қолган бўш финжонни ёмғирпўшининг этаги билан ағдариб юборишига сал қолган ошнам Тиберио Прентиналья аллақачон духоба диванда мен билан ёнма-ён ўтирар ва қўлимни сиққанча:

– Кимни кўряпман! Тушимми ё ўнгим! Келишингдан ҳатто мендек қадрдонинг Прентинальяни ҳам хабардор қилмабсан-а! Ростданам Венециядамисан? Қачон келдинг? – дея саволларга кўмиб ташлади.

Мен жаноб Тиберио Прентинальяни дўстим деб тан олдимми, демак, у бу номга ўзининг қатъияти, дадиллиги билан эришди ва унинг бу қадар кескин ва бу қадар зулмкор самимий ихлосига итоат этмай иложим қанча. Ростини айтсам, Прентинальяни мен бир неча йиллардан бери биламан, бироқ “дўстим” деган мартабага эришишига сабабчи бўлган орамиздаги ошначилик, бу ажойиб инсоннинг инон-ихтиёридан кўра кўпроқ мендаги хоҳиш-истак сабаб юзага келган десам тўғрироқ бўлади. Мен, қочиб қутулишнинг иложи йўқлиги сабаб итоат этардим, – негаки, мунтазам Венецияда пайдо бўлиб турувчи кимса учун Прентиналья билан ошначиликни четлаб ўтишнинг иложи йўқ эди. Прентиналья ўзини шундай тутардики, дийдоридан халос бўлишга сира имкон қолдирмасди. Ҳар ҳолда кўнгил олишни қойилмақом қилиб уддалайдиган Прентинальядек одам учун, биронта ажнабийнинг унинг дўстона рағбатидан четда қолиши, унинг обрў-эътиборига путур етказиши мумкин эди. Бошқача айтганда, Прентинальяни танлашингга сабаб, буни кўпроқ унинг ўзи исташида эди, бу ёғига эса ўз ихтиёринг билан қолаверардинг. Умуман олганда, Прентиналья шундай одам эдики, усиз Венецияда бўлишнинг ўзи ақлга сиғмас ҳол эди.

Тиберио Прентиналья – новчадан келган, ориқ ва бесўнақай одам бўлиб, у Шавкатли Республика даврида ҳам, Гоцца ва Казановлар даврида ҳам ҳақиқий венециалик деган номни сақлаб қололганди. У кенг кўйлакда, ёмғирпўшга бурканиб, бошига асил намат қалпоқ кийиб юрарди. Юзи узунчоқ ва малла, юпқа, илонизи оғзи тепасидаги бурни эса беўхшов, бирваракайига ҳам эзмаликни ва ҳам сир сақлашни уддаловчи, ўйнаб турган тийрак икки кўзи бир-бирига яқин жойлашган шундай бир тоифа эркак эди у. Бу кимса ўз юзидан ниқоб сифатида фойдаланарди. Шу туфайли ҳам у, чеҳрасида акс этиб турган тийраклик, айёрлик ва сирлилик билан Италия комедияларида учрайдиган нусхаларга ўхшаб кетарди. Ундаги уддабуронлик ва зийраклик ҳам сезилиб турарди ва гарчанд у шўх суҳбатдошига айёрлик қилишни хуш кўрса-да, чуқур мулоҳазали сўзамоллигида оқилона эҳтиёткорлик ҳам етарлича эди. Барига қарама-қарши ўлароқ у андак бетайинроқдек, тентакнамороқдек ва андак савдойироқдек ҳам кўринарди. У комедия ёки фантастик ҳикоя қаҳрамонларининг бир неча қиёфалари қўшилишидан пайдо бўлгандек эди гўё. Бу жанобнинг феъл-атворида бири бошқасини инкор этувчи хусусиятлар анчагина бўлса-да, бироқ улар бир-бирига жуда нозик иплар билан боғланганди.

Прентиналья бир вақтнинг ўзида ҳам хурофотчи, ҳам бетовфиқ, ҳам хаёлпараст ва ҳам ишнинг кўзини билувчи кимса эди. Унинг феъл-атворида бор қарама-қарши хусусиятлар рўйхатини санаб адоғига етиб бўлмасди. Пировардида, у – узоқ баҳслашса бўладиган қизиқарли суҳбатдош бўлиб чиқса-да, бироқ қайтиб, яна ҳамиша ўша-ўша битта хулосага келинарди: Венециянинг ўтмишини ва ҳозирги даврини, унинг санъатинию санъат асарларини, қадимийсидан тортиб то замонавий урф-одатларигача, ундаги ҳар бир тошни, кўз илғамас ҳар бир шуълани ҳеч бир кимса Прентинальядан яхшироқ билмасди. Яна қўшимча қилсак, – шаҳарда яшовчиларнинг бари, — бирон-бир кимса, бирон-бир нарса унинг диққат-эътиборию синчковлигидан четда қолмасди. Венецияга қадам қўйдингизми, тамом, сиз, қонуний равишда Прентинальянинг ихтиёрида бўласиз ва бунга сира ҳам афсус чекмайсиз, негаки, ундаги имкониятларнинг чеки йўқ, у сизга йўлбошчи бўлиб ҳам, воситачи бўлиб ҳам хизмат кўрсатаверади, шаҳарни томоша қилдиради, одамлар даврасидан баҳраманд этади, сайрга чиқсангиз йўлбошчилик қилади, кўнглингиз тусаган учрашувларни уюштиради, шунингдек, ҳожатингизни чиқаришга зарурат туғилгудек бўлса, унинг йўл-йўриқларидан ҳам сизни хабардор қилади. У Венециянинг тирик йилномаси, суратларни сотиб олишда қандай бўйин товламай воситачилик қилса, соябон харидида ҳам худди ўшандай беминнат хизматкор. Бу одам баридан, узунасидан то кўндалангигача тугал бохабар эди. У бориб турган венециялик, у Венецияда яшайди ва яшаганда ҳам том маънода яшайди, бунинг устига пок виждон билан кун кўради. Қўлида юзта ҳунари бўлса-да, лекин биронта тайинлиси йўқ. У фақат Венециядагина содир бўлиши мумкин бўлган ҳам оқилона ва шу билан бирга барча бемаъни режаларнинг амалга оширувчиси. Ошнам кўпроқ кўчмас мулк олди-соттиси билан шуғулланса-да, бироқ у расмлар ва санъатга алоқадор буюмларга баҳо бериб ҳам ҳожатингизни чиқариши мумкин. У бадавлат чет элликларга саройдан жой ҳам топиб берарди. Унинг олди-сотди борасидаги юмушлари мамлакатнинг қаттиқ тупроқли ерларигача бориб тақалганди, унинг Местрда, Фузинда, Долода, Мирда, Страдада, Паду ва Тревизода ҳам хизматлари етарли эди. Бу унга ичидаги исталган жиҳозни сотишга тайёр бўлган венецианча жиҳозланган ихчамгина гўзал қасрда яшаш имконини беради, – шундай бўлса-да, у ўзига тегишли буюмларнинг ҳаммасини яхши кўради, негаки дўстим Прентинальяни Худо диддан ҳам, билимдан ҳам қисмаган. У билан Архивга ва Академияга борганимизда, ўзининг аниқ ва мукаммал билими билан мени лол қолдиргани ҳали-ҳануз ёдимда. У шаҳар Музейига бир неча қимматбаҳо эҳсонлар ҳадя этганди, улардан бири – итальянча комедиялар ва карнавал иштирокчилари тасвирланган ажойиб қўғирчоқ театри эди.

Худди шу қўғирчоқлардан бири унинг ўзи эди ва бунинг устига энг аломати. Уни оқ ниқоб билан tabare e bautaда, ясама соч ва учбурчак бош кийимда дея тасаввур қилиш мумкин эди. У ақлдан озмаганди, шундай бўлган тақдирда ҳам ўз сўзамоллиги билан ўрнини тўлдириб юборарди. У руҳланиб кетарди ва асабийлашарди, сўнг гўё уни ҳаракатга келтириб турган ип узилгандек узоқ вақт сукут сақлаб қоларди… Шундай пайтда ошнамнинг хаёлидан нималар кечаркин? Савдо билан боғлиқ бирон-бир ҳийла-найрангмикин? Ишқий саргузаштмикан? Балки янги фирибгарликни кўнглига туккандир (бу одам шундай ишларнинг ишқибози ва бу ҳам ундаги феъл-атворга хос хусусият), ёки пировардида ўзининг ҳам юраги ёрилгудек аҳволда ҳикоя қилиб берувчи эртаклардан бирини хаёлдан ўтказяптимикан, – аввал айтганимдек, у иримчи одамларданмикан? Ақл-заковатдан мосуво бўлишдан аввал инс-жинслар устида тадқиқот олиб борган марҳаматли Карло Гоцци уларга ишонгандек, у ҳам шайтонга, тасаввурдаги шарпаларга, у дунёликлару руҳларга ишонарди. У Кабаланинг билимдони эканини мақтаниб гапирарди ва ерости митти одамининг ва олов махлуқнинг барча сир-асрорлари ўзига маълумлигига ишонтирарди. У ҳатто, Казанова сенатор Бригадино ва унинг дўстлари учун ясаган “эҳром”ни қуришга ҳам қодирман, деб ўйларди. Балки Тиберио Прентиналья чиндан ҳам оз-моз жодугарликдан бохабардир, шундай бўлганда ҳам у ҳар ҳолда тирикчиликнинг барча қийинчиликларини енгиш учун унча-мунча хаёлот кучи ва маҳоратини ишга соладиган, хизматдан бўйин товламайдиган ёқимтой, ғалати феълли инсон.

Флорианда “хитойлик”нинг пойида мен билан ёнма-ён ўтирган кимса ана шундай антиқа киши эди. Модомики, мен у ҳақда муфассал тўхталмоққа жазм этган эканман, бу унинг ҳикоямда тез-тез кўриниб туришига тўғри келади, дегани эмас. Биз у билан, гарчи уни аралашиб қолган деб айтолмасам-да, ҳар ҳолда воқеа бошида бирмунча иштирок этишга муяссар бўлган бу ҳодисанинг фақат хотимасидагина учрашамиз. Шуниси ҳам борки, башарти у тасодифий ҳолга жон киргизиб кўрсата олдими, унда мен шу оқшом қайта учратиб, Венециядаги ҳаётимда топган қадрдон жўрамни етарли даражада мукаммал тасвирлашга ҳақли эдим десам арзийди.

Флориан қаҳвахонасида унинг тўсатдан пайдо бўлишига келсак, шуни айтишим керакки, бу ҳол менга каминани мушкул аҳволдан халос этиш учун ақлга сиғмас даражада ўз мавридида юз бергандек туюлди. Прентиналья, албатта, менга дарҳол бир неча манзилни тавсия этади ва мен ўзимбоп уйни топишим мумкин; бироқ бу ҳақда оғиз очишдан аввал баъзи бир саволларга жавоб беришимга тўғри келишини пайқаб қолдим. Прентиналья учрашувимизнинг илк дақиқаларида менга берган ўша саволини такрорлаб деди:

– Венецияда! Қачондан бери?

– Бугун келдим.

(Давоми бор)

Рус тилидан Дилдорхон Алиева таржимаси

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2018/12/03/%d0%b0%d0%bd%d1%80%d0%b8-%d0%b4%d0%b5-%d1%80%d0%b5%d0%bd%d1%8c%d0%b5-%d1%83%d1%87%d1%80%d0%b0%d1%88%d1%83%d0%b2/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x