Дерматит сўзи “терининг яллиғланиши” деган маънони англатади. Тери ҳеч қачон ўз-ўзидан сабабсиз яллиғланмайди, балки яллиғланишга олиб келадиган бир қанча муҳим сабаблар мавжуд. Масалан, иссиқ сув, ўткир кислота ва ишқорлар таъсирида куйиш, тор оёқ кийими кийганда ишқаланган жой терисининг қизариши ёки қуёш нурида меъёридан кўп тобланиб бадан куйганда ҳам тери яллиғланади.
Аллергенлар таъсирида тери яллиғланганда ҳам дерматит рўй бериб, бу дерматитлар деб аталади. Дерматитларнинг икки тури фарқланади. Агар аллерген терига тушиб, (турли косметик маҳсулотлар қўлланилганда ёки тақинчоқ тақилганда тери қизариши) яллиғлантирса бу аллергик дерматит деб аталади.
Аллерген теридан бошқа йўллар (озиқ-овқат ва дори воситалар истеъмоли, нафас олиш, игна санчиб дори юбориш, ҳашаротлар чақиши) орқали тушиб тери яллиғланишига сабаб бўлса бу токсикодермия ёки токсико -аллергик дерматитни билдиради.
Бугунги кунда сунъий йўллар билан ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг ошхонамизга кириб келиши, шунингдек кўплаб консервация қилинган овқатлар истеъмол қилиниши, яримфабрикат маҳсулотлардан овқат тайёрланиши, дори воситалари турлари кўпайиши ва тартибсиз қабул қилиниши ва уларнинг кенг қўлланилиши организмнинг умумий аллергик касалликлари, шу жумладан аллергик дерматозлар кўпайишига сабаб бўлмоқда.
Оддий дерматит кўриниши маълум бир таъсир доирасига (масалан ўткир кислота, ишқор, олов ёки иссиқ сувдан тери сатҳи неча фоиз куйганига) қараб белгиланади. Аллергик дерматит ёки аллергик дерматозлар эса организмнинг қайсидир аллергенга нисбатан сезувчанлигининг юқорилигига боғлиқ ҳолда кечади.
Организмнинг сезувчанлик таъсири паст бўлганда, касаллик бошланишида бир нечта қизғиш доғлар юзага келади. Сезувчанлиги юқори бўлганда эса яллиғланиш кучли кечиб, тошмалар бутун бадан бўйлаб тарқалади, бундай вақда эса тана ҳарорати кўтарилади, ички аъзоларда ҳам патологик ўзгаришлар кузатилади, баъзан кўрилган даво чораларига қарамасдан беморнинг умумий аҳволи жуда оғирлашиши мумкин. Шунинг учун ҳам дориларни пала-партиш қабул қилиш мумкин эмас. Беморнинг маълум бир дори воситаларига аллергияси бўлса врач қабулига борганда бу ҳақда уни огоҳлантириши лозим.
Қариндош-уруғларида ёки ўзида аллергик касалликлар бор бўлган беморлар дори қабул қилишдан олдин албатта шу дорига нисбатан сезувчанлиги бор ёки йўқлигини аниқлаш учун тегишли синамаларни ўтказиш йўл-йўриқларини даволовчи шифокордан сўраб олишлари лозим.
Аллергик касаллик билан оғриган беморлар парҳезга амал қилишлари лозим. Улар қуйидаги озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилишлари мумкин:
- мол гўшти, товуқ гўшти (бир марта қайнатиб суви тўкиб ташланади, сўнг овқатга ишлатилади);
- ивитилган сут маҳсулотлари (қатиқ, сузма, творог, кефир);
- гуруч, гречиха, пшено;
- ўсимлик ёғи ва унда тайёрланган овқатлар;
- олма, банан;
- қоқилар (олма, ўрик, олхўри);
- нон (барча турлари);
- печенье (шакар ва тухум қўшилмагани);
- сабзавотлар (карам, картошка, бодринг, сариқ сабзи);
- мол ва товуқ гўштидан тайёрланган колбаса ва сосискалар (камроқ миқдорда) истеъмол қилиш тавсия этилади.
Тавсия этилмайдиган озиқ-овқатлар қуйидагича:
- от, қўй, эчки гўштлари;
- мош, нўхат, ловия;
- тухум ва тухум маҳсулотлари;
- данакли махсулотлар (барча мағизлар, ҳар қандай холва);
- сут, қаймоқ, йогуртлар;
- помидор, қизилча, бақлажон, болгар қалампири, қалампир, саримсоқ, қизил сабзи;
- ширинликлар (ҳар қандай шаклда), печене;
- қовун, тарвуз, узум, шафтоли, анжир;
- кетчуп, майонез, горчица;
- шўрланган ва дудланган маҳсулотлар;
- сотувдаги мева шарбатлари;
- газли ичимликлар;
- қази, қарта;
- писта, бодом, ёнғоқ, ер ёнғоқ:
- терини ёғсизлантирадиган барча ювиниш ва косметик маҳсулотларини албатта чеклаш муҳим.
Парҳез таомлар кўп ҳолларда аллергик касалликлардан тезда соғайишга ёрдам беради, лекин баъзан уларни истеъмол қилгандан сўнг ҳам аллергия кузатилиши мумкин. Шунинг учун касаллик белгилари ўтиб кетгандан кейин ҳам уч ой давомида парҳез тутилса янада яхши.
Аллергик дерматитларнинг келиб чиқишида иккита омилга аҳамият берилиши лозим. Болаларнинг аллергик дерматитларга мойил бўлиб туғилиши биринчи омил бўлиб, бу онанинг ҳомиладорлик даврида кўп миқдорда аллергияга сабаб бўлувчи маҳсулотлар (от ва қўй гўшти, аччиқ-шўр таомлар, цитрус мевалар, дуккакли маҳсулотлар, писта-бодом, қаҳва, какао ёки турли дори воситалари)ни истеъмол қилиши оқибатида юзага келади. Бундай болалар туғилгандан кейин шу аллергенлар билан илк бор тўқнаш келишгач касаллик белгилари намоён бўлади. Кўпинча касаллик жуда оғир ва сурункали кечиши мумкин.
Орттирилган аллергик дерматитларда ёки аллергик дерматозларга туртки берувчи иккинчи омил юқорида саналган озиқ-овқат маҳсулотлари ёки дори воситаларини керагидан ортиқ ва ноўрин истеъмол қилишдир. Демак, аён бўладики, аллергик дерматозларнинг олдини олишда тўғри овқатланиш ва дориларнинг тартиби катта аҳамиятга эга.
Мирсалим АБДУЛЛАЕВ,
Тошкент педиатрия тиббиёт институти
«Тери ва таносил касалликлари кафедраси» профессори.