Қабристон ғиштин девор билан ўралган. Дарвозанинг нариги томонида – гўрковнинг ҳужраси. Бериги томонида – ташқарида, унинг ҳовлиси.
Дарвозага яқин келишим билан ичкаридан – ҳужра томондан тиловат садоси эшитилди. Худди шу пайт ҳовли томондан алла овози янграб кетди:
Аллаё, алла, жоним болам-а, алла…
Ким бўлди бу? Гўрковнинг келиними? Қизими?..
У ҳамон сокин товушда давом этарди:
Ухла, қўзим, аллаё, ширин қизим, алла…
Эрталаб ёмғир ёққан эди. Дарвозанинг темир панжараларида сув томчилари ялтирайди. Кўлмакда қуёш жилоланади. Муздек тутқичдан ушлаганча туриб қолдим. Бир томонда тиловат садоси, бир томонда алла… Ажаб, улар бир-бирига халақит бермас, бир-бирини рад этмас, иккаласи қўшилиб баҳор нафасига тўлган осмонда, қабристон йўлкасидаги кучала чиқарган тераклар устида парвоз қилар эди:
“Раббано-о-о, раббно-о-о…” “Аллаё, алла”…
Бир хил бўлиб кетдим. Панжарадор дарвозага суяниб узоқ туриб қолдим.
Онам бешигим устида алла айтганини эслай олмайман. Эсимни таниганимда бешикда ётмайдиган бўлган эдим. Бироқ ойим укамга алла айтганини эшитганман. Кўп эшитганман.
Қиш кечалари сандалга суқилиб тиқилишиб ётардик. Уй нимқоронғи. Пилиги пастлатиб қўйилган чироқ хира нур сочади. Шифтда лампа шиша учидан чиққан нур доираси кўринади. Чироқ доим бир жойда тургани учун шифтнинг ўша ери сарғайиб қолган. Ҳаммаёқ жимжит. Шу қадар жимки, дадамнинг ҳужрасидаги соатнинг чиқиллаётгани ҳам эшитилади. Ташқарида бўрон гувиллайди. Қуруқ қорнинг деразага чирсиллаб урилиши эшитилиб туради. Укамнинг бешиги ғирчиллайди. Онам алла айтади.
Алла, болам ухлай қол-а, алла,
Қучоғимда ором ол, алла…
Йўқ, бу қўшиқ эмас. Ойимнинг овозида қандайдир бошқа нарса бор. Мунгми, илтижоми…
Тоғлардаги шунқорим-эй, алла,
Бешикдаги қўчқорим-эй, алла.
Укам овуниб қолади. Ойимнинг ўзи ҳам бешикни қучоқлаганча мудраб кетади. Бир маҳал бешик устидаги қўли шилқ этиб ёнига тушади. Укам уйғонади, бешик яна ғижирлайди. Ойим ҳам чўчиб кўзини очади. Бешикни оҳиста тебратади:
Йигитларни сардори бўл, жоним-а,
Юрагимни мадори бўл, алла…
Яна жимлик чўкади. Соат чиқиллайди, қор деразага чирсиллаб урилади. Секин-секин кўзим уйқуга кетаркан, қулоғим остида яна ўша маъюс садо эшитилади.
Оқ уй-ола баргакларда жоним-а,
Ёниб турган чироғимсан, алла…
Кейин… катта бўлганимда ҳам қаерда алла эшитсам, негадир юрагим ширин орзиқиш билан талпиниб кетар, нега бунақа бўлаётганини ўзим билмас эдим. Бир йили уч-тўрт қаламкашлар олис тоғ қишлоғига бордик. Машина юрмас эди. От миниб ўрганмаганим учун чарчаб қолдим. Манзилга етмасимиздан қоронғи тушди. Яйловдаги қирғиз ўтовида тунаб қолишга тўғри келди. Қимиз ичдик, сузма едик. Кейин биримиз наматга, биримиз пўстакка ёнбошлаганча ухлаб қолибмиз. Бир маҳал совуқ қотиб, уйғониб кетдим. Атроф жимжит. Фақат олисда ит акиллайди. Ўтов керагисидан шом еган ой мўралайди. Шу пайт қўшни ўтовда чақалоқ йиғиси, кетидан аёл кишининг алла айтаётгани эшитилди. Мен унинг сўзларини аниқ билмасам ҳам алла айтаётганини ҳис қилиб турардим. Негадир юрагим ширин орзиқиб кетди. Аёлнинг овозими, алла оҳангими, худди онамга ўхшаб кетарди. Негадир шу оҳанг билан қалбимга ором киргандай бўлдию ўз-ўзидан кўзларим юмилиб кета бошлади. Гўё қирғиз аёл боласига эмас, менга алла айтаётгандай… Яқин орада бунақа ширин ухламаган эдим.
Орадан уч-тўрт йил ўтгач, шунақа ҳолатни яна бир марта бошимдан кечирдим. Кисловодскка дам олишга борган эдик. Тўртта ўзбек йиғилса ош қилиш ҳаракатига тушиб қолади. Санаторий яқинидаги хонадондан қозон топдик. Бу ернинг аҳолиси ёз пайтида уйига дам олувчиларни ижарага қўяди. Бу хонадонда ҳам сибирлик жувон ижара ўтираркан. Сап-сариқ сочли, барваста гавдали, юзини сепкил босган жувон қишлоқ аёлларига хос соддадиллик билан бизга дарҳол элакишиб кетди. Кичкинтой ўғилчасини кўтариб гоҳ сабзи артишади, гоҳ идишларни ювади. Ўзбек паловининг таърифини кўп эшитса ҳам ҳеч емаганини дилкашлик билан айтиб кулади.
Биргалашиб ош едик, кўк чой ичдик. Кейин сибирлик жувон кичкинтойини кўтариб уйга кириб кетди. Орадан чорак соатча ўтгач, ичкаридан унинг овози келди:
Баю ба-аюшки, баю, баю-бай…
Қизиқ, юрагимда яна ўша ширин орзиқиш уйғонди. Унинг овози ҳам онамникига ўхшаб кетарди. Дўстларим гангур-гунгур суҳбатлашиб ўтиришибди. Мен бўлсам ичкаридан чиқаётган алла садосига қулоқ соламан. “Ба-ю, бай…”
Бу қандай ҳолат?! Бу қандай сеҳр? Нима ўзи бу?
Эҳтимол, дунёнинг бу четида туриб бир одам ўз севиклисига айтган дил розини дунёнинг нариги чеккасидаги бошқа бир одам тушунмас. Эҳтимол, дунёнинг бу четида туриб бир одам айтган қўшиқни дунёнинг нариги чеккасидаги бошқа бир одам тушунмас. Эҳтимол, дунёнинг бу чеккасида туриб бир одам айтган энг оқилона фикрни дунёнинг нариги чеккасидаги бошқа бир одам тушунмас. Бироқ дунёнинг бу чеккасида туриб она айтган аллага дунёнинг нариги чеккасидаги гўдак бемалол ором олади. Нега шунақа? Наҳотки, гўдак тушунган нарсага биз тушунмасак? Эҳтимол, бунинг боиси бошқа жойдадир. Эҳтимол, она тушунган нарсани бизлар тушунмасмиз. Балки шунинг учун ҳам она – табиатнинг энг буюк ихтиросидир.
Билмадим… Қабристон дарвозаси олдида, бир томонда тиловат, бир томонда алла янграётган дарвоза олдида туриб шуларни ўйладиму ғалати бўлиб кетдим.
Ўткир ҲОШИМОВ
“Дунёнинг ишлари”дан
https://saviya.uz/ijod/nasr/alla/