Ёр оғиз очмасқа дардим сўрғали топтим сабаб,
Кўп чучукликтин ёпушмишлар магар ул икки лаб.
Чайқалиб гўё тушар ҳайвон зулоли ичра мавж,
Изтироб ичра юзунгга солса чин ногаҳ ғазаб.
Кўҳи дард ичра мени Фарҳод агар қилдинг хитоб,
Чун сени дермен чучук жоним эрур Ширин лақаб.
Буки кўнглумни итинг тишларда оғзин қочирур,
Ё ўти ёхуд анинг исланғани эркин сабаб.
Ишқи комил элни ё Фарҳод, ё Мажнун қилур,
Гар эрур маъшуқ ёхуд арманий ёхуд араб.
Эйки, фақр ичра қадам қўйдунг талаб водийсиға,
Бўлмаса толиб санга матлуб, суд этмас талаб.
Шаҳ ҳаримида, Навоий, неча топсанг эҳтиром,
Билгил ўз ҳаддингнию беҳад риоят қил адаб.
(“Наводир уш-шабоб”, 45-ғазал)
Луғат:
Ҳайвон зулоли – тириклик суви
Кўҳ – тоғ
Чин – ажин, тиришиш, чимирилиш
Фақр – йўқсил, бечора; бу ўринда: дунёга беҳожат бўлиб, яъни ундан тамани узиб, ёлғиз Яратганга талабгор бўлиш
Матлуб – талаб қилинган, хоҳланган; севимли, ёқимли
Толиб – изловчи, хоҳловчи, майл қилувчи
Суд – фойда
Ҳарим – хос манзил, маскан, ўрда
Байтларнинг насрий баёни
Дилнавоз ЮСУПОВА шарҳи
1. Ёр менинг дарду ҳолимни сўрамаётганига сабаб топдим: унинг икки лаби жуда ширинлигидан бир-бирига ёпишиб қолган, шундан у оғиз очиб, сўзлай олмаяпти.
2. Агар юзинг ғазабдан чимирилса (ёки унда чизиқлар пайдо бўлса), бу худди тиниқ сув устидаги тўлқинларнинг ногаҳон чайқалиб, мавжланишига ўхшайди.
3. Мени дард тоғи ичра бир Фарҳодга нисбат берадиган бўлсанг, мен сени “Ширин лақабли чучук жоним” деб атайман.
4. Сенинг итинг менинг кўнглимни тишламоқчи бўлганда, оғзини олиб қочади. Бу кўнглим оташининг таъсиридан ёки унинг ҳидланганидан бўлса керак.
5. Маъшуқа (ёр) хоҳ армани, хоҳ араб бўлсин, фарқи йўқ; камолга етган ишқ инсонни Фарҳод ёки Мажнунга айлантиради.
6. Эй фақр истаб, талаб водийсига қадам қўйган кимса, агар сен хоҳлаётган ёр (матлуб) сенга майл кўрсатмаса, талабингдан фойда йўқ.
7. Эй Навоий, шоҳ даргоҳида қанчалик ҳурмат-эҳтиром топсанг ҳам, ўз ҳаддингни билгилу одоб чегарасидан чиқма.
Ғазалнинг умумий маъно-моҳияти
Мазкур ғазал Алишер Навоийнинг ошиқона мазмундаги ғазалларидан бўлиб, унда ҳазиломуз кайфият ва ҳусни таълил (чиройли далиллаш) санъатининг бетакрор намунаси билан бошланган матлаъ шоҳбайт даражасига кўтарилган. Ошиқ маъшуқанинг ундан ҳол-аҳвол сўрамаслигига ёрнинг лаблари ширинлигидан бир-бирига ёпишиб қолганлигини сабаб сифатида кўрсатади ва шу билан муайян маънода ўз-ўзига таскин беради:
Ёр оғиз очмасқа дардим сўрғали топтим сабаб,
Кўп чучукликтин ёпушмишлар магар ул икки лаб.
Ошиқнинг бу тавсифидан малолланган чамаси, иккинчи байтда маъшуқа бир оз ғазабнок, чимирилган қиёфада тасвирланади, лекин бу чимирилиш унинг гўзаллигини янада оширади: ёрнинг қошлари ғазабдан чимирилганда, унинг сувдек тиниқ чеҳрасида чизиқлар пайдо бўлади, бу худди зилол сув ногоҳ чайқалиб юзасида тўлқинлар ёйилишини ёдга солади:
Чайқалиб гўё тушар ҳайвон зулоли ичра мавж,
Изтироб ичра юзунгга солса чин ногаҳ ғазаб.
Ошиқ учун ишқ дарди тоғдек улкан ва оғир. Бу дардни кўтариш учун Фарҳоддек кўҳкан (тоғ қазувчи) бўлиш керак. Шоир шу ўринда матлаъдаги лаб билан боғлиқ чучукликни энди тўлалигича ёрга нисбат беради ва сўз ўйини воситасида ҳам Фарҳоднинг ёри Ширин эканлигини, ҳам ўз ёрининг “Ширин лақаб чучук” эканлигини таъкидлайди:
Кўҳи дард ичра мени Фарҳод агар қилдинг хитоб,
Чун сени дермен чучук жоним эрур Ширин лақаб.
Ошиқ ўз ишқида шунчалик жонфидоки, ҳатто ўз юрагини суғуриб олиб, маъшуқанинг итига ташлайди. Лекин ит уни оғзига олмайди. Бунга сабаб нима? Шоирнинг фикрича, бу ошиқ юрагининг ҳарорати (қайноқлиги)дан итнинг оғзи куйиб, уни тишлай олмаслигидан ёки жон таслим этган юракнинг бир муддат ташқарида қолиб, ҳидланганидан бўлса керак:
Буки кўнглумни итинг тишларда оғзин қочирур,
Ё ўти ёхуд анинг исланғани эркин сабаб.
Бешинчи байтда ишқнинг камолотига тавсиф берилади: маъшуқ (ёр) хоҳ армани, хоҳ араб бўлишидан қатъи назар, камолга етган ишқ инсонни Фарҳод ёки Мажнунга айлантиради. Тасаввуф таълимотига кўра, Ҳаққа етишишнинг икки йўли бор. Бири Ҳақдан жазба етиши, яъни Оллоҳ ёди билан ўзидан ва ўзлигидан бехабар бўлиб юриш ва охир-оқибатда жисм – вужуддан қутулиб, Илоҳ вужудига қўшилиш (бошқача айтганда, Мажнуннинг йўли). Иккинчиси – пирга қўл бериб, унинг иродаси, амри билан “фано даштини кезиб”, машаққат ва риёзат оқибатида жазба топиб Ҳаққа эришиш (Фарҳод йўли). Улар шаклан бир биридан фарқланса-да, моҳиятан бир мақсадга Оллоҳни танишга – илоҳий маърифатни англашга қаратилган эди. Навоий байтда ана шу икки йўлни назарда тутар экан, Фарҳод учун армани (Ширин), Мажнун учун араб (Лайли) илоҳий мазҳар (Ҳақ нури порлаган хилқат) бўлганликларини таъкидлайди:
Ишқи комил элни ё Фарҳод, ё Мажнун қилур,
Гар эрур маъшуқ ёхуд арманий ёхуд араб.
Мақтаъдан аввалги байт “мавъизатангиз байт” бўлиб, унда Навоийнинг фақру фано билан боғлиқ концепцияси баён қилинган. Маълумки, “фақр” тасаввуфда дунёга беҳожат бўлиб, яъни ундан тамани узиб, ёлғиз Яратганга талабгор бўлишни англатади. Шунингдек, бу тариқат йўлига кирган солик босиб ўтадиган руҳий-маънавий мақомлардан (тавба, зуҳд, вараъдан кейин келадиган) биридир. Саййид Жаъфар Сажжодий фақрга таъриф бериб, шундай ёзади: “Мол-мулки бўлмаган ёинки бўлса ҳам, унинг учун бўлмаган кишига фақир дейилади ва фақир деб Ҳаққа талабгор бўлган, ўз муродини Ҳақ остонасидан излайдиган кишига айтилади”. Шу ўринда таъкидлаш керакки, бу мақомларни босиб ўтиш мураккаб жараён бўлиб, Ҳақдан жазба етмаса, яъни майл бўлмаса, унга эришиш беҳуда бўлган.
Демак, байтдан келиб чиқадиган хулоса: Эй толиб, агар сен фақр мақомига эришиш учун талаб водийсига қадам қўйсанг-да, бу йўлда сенга Ҳақнинг ўзи ёр бўлмас экан, қанчалик талабгор бўлма, бундан фойда йўқ.
Мақтаъда Навоий яна бир маърифий фикрни китобхонга уқтиради: шоҳ даргоҳида қанчалик ҳурмат-эҳтиромга сазовор бўлсанг ҳам, ўз ҳаддингни бил ва одоб чегарасидан чиқма:
Шаҳ ҳаримида, Навоий, неча топсанг эҳтиром,
Билгил ўз ҳаддингнию беҳад риоят қил адаб.
Ғазал рус тилига А.Кронгауз томонидан ўгирилган. Таржимада аслият ҳажми (7 байт) ва маснавийга хос қофияланиш тизими (аа-бб-вв…) сақланганлиги унинг шаклий муваффақиятини таъминлаган. Мазмунда ҳам мутаржим, асосан, муаллиф фикрларига ҳамоҳангликни беришга интилган. Баъзи ўринларда, хусусан, 2-байтда маъшуқанинг ғазабдан чимрилиши билан боғлиқ ўринларнинг лирик қаҳрамонга нисбат берилганлиги (Будто я разбил случайно гладь кристальную пруда) аслият мазмунидан бир оз четга чиқишга олиб келган бўлса-да, умумий ҳолатда таржимон рус китобхонининг буюк мутафаккир ғазалидаги мазмун-моҳиятдан муайян маънода баҳраманд бўлишига эриша олган.
Ғазалнинг русча таржимаси
Таржимон – Анисим Кронгауз
Оттого, когда я в горе, ты не раскрываешь рта,
Что от сладости безмерной склеились твои уста.
Услыхав упрек, печально, гордо покраснеешь ты,
Будто я разбил случайно гладь кристальную пруда.
Я прижат горою горя, прошептала ты: «Фархад!»
Сладкая! — таким прозваньем славилась Ширин всегда.
Бросилась твоя собака на меня, но обожглась
Иль, услышав запах тленья, испугалась неспроста.
И в Меджнуна и Фархада может превратить любовь,
Если дочери Востока нас коснется красота.
Жаждущий! Любовь в разлуке не пытайся обмануть:
Если рядом нет желанной, то желание – тщета.
Навои, в гареме шахском пышным почестям не верь,
Знай свои права, приличья не теряя никогда.
Ғазалнинг инглизча таржимаси
Таржимон – Аида Буматова
Never does open the beloved her mouth to ask after me,
The reason for this – her luscious lips of sweetness may sealed be.
Ripple appeared on water of life is so much alike to –
Crease of anger to the reproach,on the countenance of thee.
Should you ever call me Farhod in the mountain of sadness,
Would I reply – thee art my sweet soul named Shirin– the only.
Reason why thy hound turns up its nose at my poor thrown heart,
Of the latter’s being either too hot or gone off may be.
Ultimate love turns people to either Farhad or Majnun,
Should beloved be either Armenian or of Araby.
Hey, should you step on the path of seeker in austerity,
If beloved does not seek you – no use of seek there is to be.
Whatever privileges you are to have at court – retain,
Know your place, behave yourself minding manners of attendee.
2018/2
Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
https://jahonadabiyoti.uz/2018/04/24/%d0%b0%d0%bb%d0%b8%d1%88%d0%b5%d1%80-%d0%bd%d0%b0%d0%b2%d0%be%d0%b8%d0%b9-1441-1501-%d1%91%d1%80-%d0%be%d2%93%d0%b8%d0%b7-%d0%be%d1%87%d0%bc%d0%b0%d1%81%d2%9b%d0%b0/