Алишер НАВОИЙ (1441–1501) ИШҚ СИРРИН…

Ишқ сиррин ҳажр асири нотавонлардин сўрунг,
Айш ила ишрат тариқин комронлардин сўрунг.

Бизга жуз меҳру вафо ойини бўлмайдур насиб,
Бевафолиғ расмини номеҳрибонлардин сўрунг.

Бизни даврон меҳнати ҳам ожиз этмиш, ҳам қари,
Ҳусн ила қувватни раъно навжувонлардин сўрунг.

Бедил эл дилжўйлуқ ё дилшиканлик расмини
Фаҳм қилмаслар, бу ишни дилситонлардин сўрунг.

Нек ном эл ишқ аро бадномлиғлар шевасин
Яхши билмаслар, ани биздек ёмонлардин сўрунг.

Фардлиқ завқини сўрманг шавкату жоҳ аҳлидин,
Ул суубат лаззатин бехонумонлардин сўрунг.

Ажз туфроғида ишқ аҳлиға ўлган ҳукми бор,
Қатл ҳукми айламакни қаҳрамонлардин сўрунг.

Билмади мақсуди ганжининг нишонин аҳли расм,
Гар сўрарсиз, ани беному нишонлардин сўрунг.

Чун Навоий ишқ саҳросида итти, дўстлар,
Ани ул ёндин етишган корвонлардин сўрунг.

(“Фавойид ул-кибар”, 350-ғазал)

ЛУҒАТ:

Тариқ – йўл-йўриқ, йўсин, одат
Жуз – бошқа, ўзга, бўлак
Ойин – одат, расм-русум
Навжувон – ёш
Бедил – дилсиз, юраксиз; ҳолсиз, мажолсиз; мафтун, ошиқ
Дилжўйлуқ – кўнгил очиш, хурсанд қилиш, меҳрибонлик кўрсатиш
Дилшиканлик – ранжитиш
Дилситон – дилни олувчи, дилни ўзига мафтун қилувчи; маҳбуба, маъшуқа
Нек – яхши
Шева – одат, равиш, йўсин
Фардлиқ – ёлғизлик
Жоҳ аҳли – бойлик, мансаб аҳли
Суубат – қийинчилик, машаққат
Ажз – ожизлик, заифлик, хасталик
Мақсуд – мақсад
Ганж – хазина, бойлик
Аҳли расм – қоидалар асосида яшайдиган кишилар
Итти – йўқолди

Байтларнинг насрий баёни

Дилнавоз ЮСУПОВА шарҳи

1. Ишқ сирини ҳижроннинг асири бўлган нотавонлардан сўранг, хурсандчилик ва кўнгулхушликнинг йўлини (шу йўлдан ўтган) бахтли инсонлардан сўранг.
2. Бизга меҳру вафо йўлидан бошқа йўл насиб бўлмайди, бевафолик одатини номеҳрибон кишилардан сўранг.
3. Бизни бу замон машаққати ҳам ожиз қилди, ҳам кексайтирди, ҳусн билан қувватни ёш раънониҳоллардан сўранг.
4. Бедил (дилини ёрига топшириб қўйган) ошиқлар  хурсанд қилиш ёки ранжитиш нима эканлигини фаҳмлай олмайдилар, бу ишни дилни олувчи маҳбубларлардан сўранг.
5. Яхши ном ила шуҳрат топганлар бадном (ёмонотлиқ) бўлганларнинг йўриғини билмайдилар, бу ҳолни биздек ёмонлардан сўранг.
6. (Ишқ йўлидаги) ёлғизликнинг завқини шон-шавкат ва улуғликда яшайдиган, бойлик ва мансаб кишиларидан сўраманг, бу йўлдаги машаққатларнинг лаззатини бехонумон (ҳеч нарсаси йўқ, бор-йўғидан ажралган)лардан сўранг.
7. Ожизлик тупроғида ишқ аҳли учун ўлмоқлик ҳукми бор, қатл ҳақидаги ҳукмни ошиқларни қатл этишни қаҳрамонлик деб биладиганлардан сўранг.

8. Қоидалар асосида яшайдиган бедард эл ҳақиқий хазинанинг қаерда эканлигини билмайди, агар буни билмоқчи бўлсангиз, беному нишонлардан сўранг.
9.  Навоий ишқ саҳросида кўздан ғойиб бўлди (йўқолди), эй дўстлар,   энди уни йўлда келаётган карвонлардан сўранг.

Ғазалнинг умумий мазмун-моҳияти

Мазкур ғазал Алишер Навоийнинг “Фавойид ул-кибар” девонидан ўрин олган бўлиб, шоирнинг кексалик даври лирикаси маҳсулидир. Ғазал мавзу жиҳатидан ошиқона, услубан ҳасби ҳол характерига эга.
Ғазалнинг дастлабки байтларида шоир ишқнинг сиру асрори  ҳиж­роннинг асирлари бўлмиш нотавонларгагина маълум эканлигини таъкидлар экан, ўзининг ҳам айнан улар сафида эканлигига ишора қилади:

Ишқ сиррин ҳажр асири нотавонлардин сўрунг,
Айш ила ишрат тариқин комронлардин сўрунг.

Бизга жуз меҳру вафо ойини бўлмайдур насиб,
Бевафолиғ расмини номеҳрибонлардин сўрунг.

Ғазал бошдан охиригача контраст (қаршилантириш) асосига қурилган, мисралараро қиёсий параллелизмлар шоирнинг ғоявий ниятини очишга хизмат қилади. Ҳар бир байтнинг дастлабки мисрасида шоир ишқ аҳлига хос сифат ва фазилатлар: меҳру вафо, ожизлик, бадномлик, бехонумонлик, беному нишонликдан хабар берса, иккинчи мисрасида ишқ дардидан бенасиб кимсаларга хос  ҳолатлар: “айш ила ишрат”, бевафолиғ, “ҳусн ила қувват”, “дилситонлиғ”, “шавкату жоҳ”ни тасвирлайди ва натижада ғазалда икки қарама-қарши қутб кишиларига хос тасвир пайдо бўлади. Шоир ўзининг биринчи гуруҳга мансублигини бир қарашда шикоят ва арзи ҳол кайфияти билан таъкидлаётгандек туюлса-да, аслида ҳақиқий ишқ аҳлидан эканлигига, бу унга чексиз завқ ва лаззат бағишлашига урғу беради. Бу ҳолат, айниқса, ғазалнинг бешинчи байтидан яққолроқ намоён бўла бошлайди:

Нек ном эл ишқ аро бадномлиғлар шевасин
Яхши билмаслар, ани биздек ёмонлардин сўрунг.

Кейинги байтда шоир ишққа фалсафий тус бериб, шундай дейди:

Фардлиқ завқини сўрманг шавкату жоҳ аҳлидин,
Ул суубат лаззатин бехонумонлардин сўрунг.

Тасаввуф фалсафасидан маълумки, фардлик, яъни ёлғизланиш ҳақиқий ошиққа хос ҳолатлардан бўлиб, бунда ошиқ яккаланиш орқали ўз қалбини поклаб боради. У ўз руҳини ёлғиз тутишни истаб, халқдан узлатга чекинади. Ёлғизланиш қалбнинг Ҳаққа юзланиши учун имкон яратади, Ёр ёдидан чалғитадиган нарсалардан халос этади. Навоийнинг таъкидлашича, бу завқ ва лаззатни ўз қалбини мансаб ва бойликка муҳаббат билан тўлдирган “шавкату жоҳ” аҳли қаердан ҳам билсинлар?!

Ажз туфроғида ишқ аҳлиға ўлган ҳукми бор,
Қатл ҳукми айламакни қаҳрамонлардин сўрунг.

Ишқда камолотга эришган ошиқларгина ишққа таслим бўладилар, улар бу йўлда хору забун, яъни ожиздирлар, бу ожизлик биз тушунган кучсизлик маъносида эмас, балки ишққа таслимият маъносидадир. Бундай ошиқларга қатл ҳукмини берувчи “қаҳрамонлар” эса ишқдан, демак, ҳаёт сиридан бебаҳра инсонлардир. Бу йўлда қанча ошиқлар тарки жон қилганлари, уларнинг қанчасига айнан мана шундай “қаҳрамонлар” қатл ҳукмини ўқиганлари тарихдан яхши маълум.
Алишер Навоий кейинги байтда ушбу фикрни давом эттириб, дардсиз ва ҳиссиз, қуруқ қоидалар асосида яшайдиган инсонларни “аҳли расм” деб атар экан, уларнинг “мақсуд ганжини” – ҳаётнинг маъносини билмаслигини айтади, зеро, яшашдан мурод ҳақиқий ишқнинг сирини анг­лашдир. Ишқ йўлида беному нишонларгина ишқнинг, демак, яшашнинг маъносини англаган кишилардир:

Билмади мақсуди ганжининг нишонин аҳли расм,
Гар сўрарсиз, ани беному нишонлардин сўрунг.

Байтда “ганжи нишон” ва “беному нишон” бирикмалари орқали сўз ўйинига мурожаат қилинган.
Мақтаъда тасаввуфдаги фано босқичи ҳақида сўз бориб, лирик қаҳрамон ўзининг ишқ саҳросида ғойиб бўлганини таъкидлар экан, энди ундан фақат бу саҳрога кирганлар (ҳақиқий висолга эришганлар)гина хабар келтиришини фахр билан баён этади. Байтда шоирнинг бадиий маҳорати “итти” (йўқолди) сўзини “ит” сўзи билан таносуб ҳосил қилувчи “карвон” сўзи билан боғлаганлигида яна бир бор намоён бўлади:

Чун Навоий ишқ саҳросида итти, дўстлар,
Ани ул ёндин етишган корвонлардин сўрунг.

Хулоса қилиб айтганда, Алишер Навоийнинг ушбу ғазали ишқ ҳаётнинг асоси эканлиги билан боғлиқ фалсафий фикрнинг изҳори бўлиб, шоир бу туйғуни ҳис этиш йўлидаги дарду изтиробларини юксак  санъаткорлик ва пафос билан тасвирлайди ҳамда инсон қалбининг энг олий ва покиза, улуғвор нуқталарига урғу беради.
Ғазал рус тилига мутаржим Сергей Иванов томонидан маҳорат билан ўгирилган. Таржимада аслиятга хос асосий белгилар: ғазал ҳажми, қофияланиш тизими, радифнинг сақлаб қолинганлиги таржиманинг муваффақиятини таъминлаган. Таржимон рус китобхонига ғазал мазмунини имкон даражасида етказиб беришга ҳаракат қилган ва бунга эришган.

Ғазалнинг русча таржимаси

Таржимон – Сергей Иванов

О таинствах любви – у тех, кто раб ее оков, спросите,
А тех, кто счастьем наделен, про радости пиров спросите.

Любовь и верность – наш удел, другой обычай нам неведом,
А про неверность – у дурных – в чем суть ее основ – спросите.

Нас жалкой немощью гнетут заботы времени и старость –
О красоте и силе – тех, кто молод и здоров, спросите.

Для бессердечного ничто – сердец восторги и крушенья, –
Про сердце – лучше у того, кто знает сердца зов, спросите.

Не знает преданный в любви повадок пленников порока,
Об этом – нас, познавших мрак порочных тайников, спросите.

Мужей почета и чинов про отрешенность не пытайте,
О сладких тяготах ее у нищих бедняков спросите.

Вся сила пленников любви – во прахе немощи смиренье,
А как смирять врага – у тех, кто дерзок и бедов, спросите.

Неведом людям суеты благой приют уединенья –
Уж если спрашивать о нем, снискавших тихий кров спросите.

В пустыню горестной любви друзьями Навои отторгнут,
О нем – случайный караван, бредущий из песков, спросите.

Ғазалнинг инглизча таржимаси

Таржимон – Қосимбой Маъмуров

LOVE’S SECRET

Ask love’s secret from those who’re by separation enslaved,
Ask joy and pleasure from those who’re with happiness pleased.

We are endowed with nothing but love and faith,
Ask faithlessness habits from those who love not.

The toils of this time made us both weak and old aged,
Ask beauty, strength from those who’re young pledged.

Those lovers who lack souls would conceive not what
Pleasure or displeasure is, of it ask beloved souls’ lot.

Those who were honored with good name are unaware
Of the dishonored, ask for them from us – bad who are.

Don’t ask the pleasure of loneliness from the high ranked,
Ask the pleasure of hardships from those who’re deprived.

On the weak’s soil you’re subjected to do nothing but die,
Ask death sentence from those heroes who for love’s sake die.

Where treasure was the griefless weak law abiders knew not,
If you want to know, ask those who a good name left not.

Hey friends, in the steppe of love Navoiy was lost at sight,
Now, do ask for him of caravans passing on that road site.

2019/1

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2019/05/31/%d0%b0%d0%bb%d0%b8%d1%88%d0%b5%d1%80-%d0%bd%d0%b0%d0%b2%d0%be%d0%b8%d0%b9-1441-1501-%d0%b8%d1%88%d2%9b-%d1%81%d0%b8%d1%80%d1%80%d0%b8%d0%bd/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x