Алишер НАВОИЙ (1441–1501)

СИНСА КЎНГЛУМДА ЎҚУНГ…

Синса кўнглумда ўқунг, суртуб исиғ қондин анга,
Пай масаллик чирмағаймен риштайи жондин анга.

Бодайи лаълинг мизожи руҳпарвардур басе,
Гўйиё мамзуж этибсен оби ҳайвондин анга.

Ўқи кўнглум шуъласин гаҳ сокин этти, гоҳ тез,
Гаҳ ўтун бўлди, гаҳе су урди пайкондин анга.

Дарду ғам бўстонининг товусидур кўнглум қуши,
Гул бўлуб жисмимда кескан наъл ҳар ёндин анга.

Не кабутар ета олур ул қуёшқа, не насим,
Эй кўнгул, ҳолингни эълом айла афғондин анга.

Кўзга то кирмиш хаёлинг, совуғ оҳим ваҳмидин,
Боғламишмен қўрё ҳар сори мужгондин анга.

Эй Навоий, йиғламоқ оҳимға таскин бермади,
Ваҳ, бу не ўтдурки, йўқ таъсир тўфондин анга.

(“Ғаройиб ус-сиғар”, 10-ғазал)

ЛУҒАТ:

Исиғ – иссиқ
Пай – томир
Масаллик – каби
Ришта – ип
Бода – май
Лаъл – қимматбаҳо қизил тош; бу ўринда: лаб
Басе – жуда
Мамзуж – аралаш
Оби ҳайвон – тириклик суви
Пайкон – ўқ
Наъл – отнинг тақаси
Эълом айламоқ – билдирмоқ, маълум қилмоқ
Қўрё – чодир, капа

Байтларнинг насрий баёни

Дилнавоз ЮСУПОВА шарҳи

  1. Агар ўқинг кўнглимда синиб қолгудек бўлса, унга иссиқ қонимдан суртиб, жонимнинг риштасини томир каби чирмаб қўяман.
  2. Лаъли лабингдан чиққан сўзлар руҳга қувват бағишловчи майдир, гўё унга тириклик сувидан ҳам аралаштирганга ўхшайсан.
  3. Унинг отган ўқи кўнглимдаги шавқ оловини гоҳ сокин этди, гоҳо тезлаштирди. Унинг пайкон (ўқ)и баъзида ўтин бўлди, гоҳида сув сепди.
  4. Кўнглим қуши дарду ғам бўстонининг товусига айланган, ҳар томонидан кесган тақанинг изи унга товус патларининг нақшидек зеб бериб турибди.
  5. Ул қуёш (ёрим)га мактуб ташувчи кабутар ҳам, хабар етказувчи шамол ҳам ета олмайди. Эй кўнгил, энди унга аҳволингни нолаю фиғон билан маълум эт.
  6. Кўзимга хаёлинг киргач, совуқ оҳим бу хаёлга зарар етказмасин деб, қўрққанимдан ҳар томонидан киприкларимни тўсиқ қилиб, атрофини чодир билан тўсдим.
  7. Эй Навоий, кўз ёшларим оҳимни тўхтатолмади. Бу қандай олов бўлдики, ҳатто тўфон ҳам унга таъсир қилмаса?!

Ғазалнинг умумий мазмун-моҳияти

Алишер Навоийнинг ушбу ғазали ишқий мавзуда бўлиб, ошиқ кўнгилнинг шарҳи ҳоли бўлиб янграйди. Ғазалнинг деярли ҳар бир байтида турли шакл ва жилваланишларда қўлланилган кўнгил тасвири шеър давомида поэтик тимсол даражасига кўтарила олган. Матлаъдаёқ шоир кўнгил воситасида бетакрор поэтик лавҳа яратишга эришади: ёр ошиққа бир нигоҳ ташлаб, унинг кўнглини жароҳатлаган (бунда ёрнинг киприклари ўққа ўхшатиляпти), бу жароҳатдан ошиқнинг қалби қонамоқда. Энди бу ўқни суғуриб олиш керак. Лекин агар бу ўқ суғуриб олиш жараёнида синадиган бўлса, ошиқнинг жони хавф остида қолиши мумкин. “Агар шундай бўлса, – дейди ошиқ шоир, – хавотирга ўрин йўқ, ушбу ўқнинг устига жароҳатимдан оқаётган иссиқ қондан суртиб, жонимнинг риштасини томир каби чирмаб, боғлаб қўяман, шунда хавф бартараф бўлади”. Ғазални шундай такаллуф ва фидокорлик кайфияти билан бошлаган шоир илк байтнинг ҳусни матлаъ даражасига кўтарилишига муваффақ бўлган:

Синса кўнглумда ўқунг, суртуб исиғ қондин анга,
Пай масаллик чирмағаймен риштайи жондин анга.
Ёрнинг ёқут лабидан чиққан сўзлар ошиқнинг руҳига қувват бағиш­ловчи майга ўхшайди, бундан ошиқ ҳайрон: ёри бу сўзларга оби ҳаёт (тириклик суви)дан ҳам қўшганмикан?

Бодайи лаълинг мизожи руҳпарвардур басе,
Гўйиё мамзуж этибсен оби ҳайвондин анга.

Ривоятларга кўра, ер остида оби ҳаёт булоғи мавжуд бўлиб, уни ичган киши туганмас қувватга, абадий ҳаётга мушарраф бўлади. Бу ўринда шоир ёрнинг сўзларини абадий ҳаёт ва куч бағишловчи тириклик сувига ўхшатмоқда.
Учинчи байтда матлаъдаги тасвир давом этади: ёрнинг отган ўқи ошиқнинг кўнглидаги шавқ оловини гоҳ сокин этади (яъни, секинлаштиради), гоҳ тезлаштиради. Бу ўқ баъзан ўтиндек бўлиб, кўнгилга олов ёқади, гоҳ эса бу оловга сув сепади:

Ўқи кўнглум шуъласин гаҳ сокин этти, гоҳ тез,
Гаҳ ўтун бўлди, гаҳе су урди пайкондин анга.

Ҳарб илмидан маълумки, камон ўқининг учи ўткир бўлиши учун, уни аввал ёниб турган оловга тутиб қиздирганлар, кейин эса сувга ботириб олганлар; бошқача айтганда, ўқнинг учи ҳам иссиқ, ҳам совуқ ҳароратда бирдай туриб, тобланган. Бундай ўқ жангда ҳар қандай қаттиқ жисм, ҳатто совутни ҳам бемалол тешиб ўтган. Навоий байтда “гаҳ ўтун бўлди, гаҳе су урди” деганда шу ҳодисага ишора қилади ва ҳусни таълил (чиройли далиллаш) санъатининг бетакрор намунасини яратади. Байтда ўқнинг шаклан ҳам ўтин, ҳам оқар сувга ўхшатилиши, “ўтун” сўзи бир вақтнинг ўзида ҳам “ўтин”, ҳам “олов” маъносида қўлланилиши шоир бадиий маҳоратини намоён қилувчи яна бир далилдир.
Навбатдаги байтда ошиқ кўнгилнинг тасвири янада баланд пардаларда, янада гўзал ташбиҳлар билан давом этади. Ошиқ ўз кўнглини дарду ғам бўстонининг товусига менгзар экан (мумтоз адабиётда кўнгилни қушга ўхшатиш анъанаси бор), ёр отининг туёғи остида қолиб, тақа изларидан “безанган” ошиқ жисмини товуснинг гулдор патларига ўхшатади:

Дарду ғам бўстонининг товусидур кўнглум қуши,
Гул бўлуб жисмимда кескан наъл ҳар ёндин анга.

От минган бу чавандоз (ёр)га на мактуб элтувчи кабутар, на шамол ета олади. Унга фақат ошиқнинг қалбидан чиққан нолаю афғон етиб бориши мумкин:

Не кабутар ета олур ул қуёшқа, не насим,
Эй кўнгул, ҳолингни эълом айла афғондин анга.

Байтни мажозан бошқачароқ талқин қилиш ҳам мумкин: Ул қуёш (Ёр)нинг даргоҳи шу қадар олис ва олийки, унга на кабутар, на тонг шамоли ета олади, унга фақат Ёр ёдини жойлаган кўнгил ва фиғон билан етиб бориш мумкин.
Мақтаъдан аввалги байтда яна бир гўзал поэтик тимсол яратилган: Ошиқнинг кўзига ёрнинг хаёли кирди, бу хаёл билан ошиқ бахтиёр, лекин бир хавотири бор: унинг совуқ оҳи бу хаёлга зарар етказиб, бехосдан уни учириб кетмасмикан? Ошиқ бу ҳолга ҳам чора топади: ўз киприкларини ҳар тарафдан тўсиқ қилиб, атрофини чодир билан ўраб қўяди:

Кўзга то кирмиш хаёлинг, совуғ оҳим ваҳмидин,
Боғламишмен қўрё ҳар сори мужгондин анга.

Мақтаъда шоир ҳақиқий ишқ ўтининг сўнмаслигига ишора қилар экан, ошиқнинг кўзидан тўкилган ёшлар ҳам бу оловни ўчира олмаслиги, зеро бу шундай ўтки, унга тўфонлар ҳам кор қилмаслигини фахр билан айтиб ўтади:

Эй Навоий, йиғламоқ оҳимға таскин бермади,
Ваҳ, бу не ўтдурки, йўқ таъсир тўфондин анга.

Ғазал аруз тизимининг хушоҳанг ва туркий тил имкониятларига ниҳоятда мос бўлган ўлчови – Рамали мусаммани маҳзуф вазнида ёзилган. Ғазал оҳанги бир мисрада фоилотун, фоилотун, фоилотун фоилун рукнларининг такроридан ҳосил бўлади. Ғазал тақтиъи қуйидагича:

– V – – | – V – – | – V – – | – V – –

Ғазал матлаъсини шу асосда таҳлил қилиб кўрамиз:
Синса кўнглум /да ўқунг, сур/ туб исиғ қон/дин анга,
Фоилотун / фоилотун / фоилотун / фоилун
–V – – / – V – – / – V – – / – V –

Пай масаллик /чирмағаймен/ риштайи жон/дин анга.
Фоилотун / фоилотун / фоилотун / фоилун
–V – – / – V – – / – V – – / – V –

Ғазал рус тилига мутаржим А.Наумов томонидан ўгирилган. Таржимада аслият ҳажми (7 байт) ва умумий мазмун-моҳиятнинг сақланганлиги ғазалнинг рус тилида қайта жонланиши билан боғлиқ муваффақиятини таъминлаган. Гарчи мақтаъдан аввалги байт (6-байт)да ғазалнинг асосий мазмунидан четга чиқиш кузатилса-да, лекин мутаржим рус китобхонининг Навоий ғазалидаги мазмун-моҳиятдан умумий ҳолатда баҳраманд бўлишига эришган.

Ғазалнинг русча таржимаси

Таржимон – Александр Наумов

В моем сердце твоя обломилась шальная стрела.
Жаркой крови струя эту сталь облила, обвила.

Но вино твоих губ так бодрит, подкрепляет меня,
Словно вправду его ты живою водой развела.
В эту рану мою, что горит и горит, как костер,
То огня подбавляешь, то влагой с ресниц залила…

Сад печальный – любовь, это сердце – убитый павлин,
Лишь цветы расцвели там, где ты наступила, прошла.

Ветерок или голубь, летящие там, в вышине,
Расскажите вы солнцу, что землю сжигает дотла!

Ах, когда ты в разлуке встаешь перед взором моим,
Опускаю ресницы, чтоб стонов моих не прочла!

Навои, эти слезы твои не утишили боль –
И потопа волна тот огонь погасить не могла!

Ғазалнинг инглизча таржимаси

Таржимон – Қосимбой Маъмуров

IF YOUR ARROW BREAKS IN MY SOUL…

If your arrow breaks in my soul with hot blood it I oil,
The roots of my soul as a vessel around it I will scroll.

The words of your lips energize my spirit like wine,
You seem to have added it an alive water quite fine.

Her arrow made my soul-light at times quiet or quick,
Into the fire the arrow poured either oil or water leak.

My soul bird is a peacock of woe grieves’ garden,
As trails of a horseshoe left their peacock design.

Neither dove, nor wind to that beloved sun can reach,
Hey soul, of your state inform her with a woe preach.

When your thought enters my eye, of cold woe fear,
I guard it covering with my lashes not to hurt, my dear.

Hey, Navoi, weeping for woes render help could not,
Ah, what fire it is to put it off even a storm could not.

(“Wonders of childhood”, ghazal – 10.)

2019/3

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2019/07/03/%d0%b0%d0%bb%d0%b8%d1%88%d0%b5%d1%80-%d0%bd%d0%b0%d0%b2%d0%be%d0%b8%d0%b9-1441-1501-8/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x