Алишер НАВОИЙ

(1441–1501)

ЁР БОРДИ-Ю…

Ёр борди-ю кўнглумда анинг нози қолиптур,
Андоқки қулоғим тўла овози қолиптур.

Кўз хонасини қилди барандохта бу ашк,
Кўз борди вале хонабарандози қолиптур.

Кўнглум қуши то сунбулунгуз домиға тушти,
Булбул киби ҳар гул сари парвози қолиптур.

Ул қуш сафар айлаб не тараб гулбунин очқай
Ким, боғ аро бир сарви сарафрози қолиптур.

Мен ишқ румузин демай ўлдум, сафар этким,
Фарҳод ила Мажнуннинг ўкуш рози қолиптур.

Тақлид қилиб кўнглума ишқ аҳли чекар оҳ,
Ул борди-ю эл ичра саровози қолиптур.

Ҳижрону висолин кўпу оз дема, Навоий,
Юз шукр деким, кўпи бориб, ози қолиптур.

Луғат

Барандохта – остин-устун
Хонабарандоз – хонавайрон қилувчи
Сунбул – бурама, ҳалқа-ҳалқа бўлиб ўсадиган хушбўй қора тусдаги ўсимлик; маж.: соч
Тараб – шодлик
Гулбун – гул бутаси
Сарафроз – боши баланд; мағрур, сарбаланд
Румуз – рамзлар, сирлар
Ўкуш – кўп
Саровоз – оммавий қўшиқ айтишда асосий ижрочининг овози

Ғазалнинг насрий баёни

Дилнавоз ЮСУПОВА шарҳи

1.    Ёр кетди, лекин қулоғим тагида унинг овози ҳалигача жаранглаб турганидек, кўнглимда унинг нози ҳам қолибди.
2.    Унинг ортидан селдек оққан кўз ёшларим кўз уйимни вайрон қилди; кўзим қароси кетди, аммо хонавайрон қилувчи ашким қолди.
3.    Кўнглим қуши сунбул сочинг тузоғига тушгандан бери булбулдек ҳар гулга парвоз қилавериш одати қолди тўхтади.
4.    Кўнгил қуши сафар этгани билан қайси шодлик гулининг очилишига гувоҳ бўладиким, боғда фақат сарв сарбаланд қолган бўлса.
5.    Мен ишқ рамзларини айтмай ўлдим. Эй кўнгил, сен сафар айла, негаки Фарҳод ва Мажнуннинг кўп сирлари қолгандир.
6.    Ишқ аҳли менинг кўнглимга тақлид қилиб оҳ чекади. Кўнглим кетди, аммо унинг акс садоси қолибди.
7.    Навоий, “ёрнинг ҳижрони кўп, висоли оз”, деб нолима. Юз шукр қилки, кўпи кетиб, ози қолибди.

Ғазалнинг умумий мазмун-маъноси

Ошиқ кўнгил изтиробларининг ифодаси бўлган бу ғазалга туркий тилнинг ифода имкониятларини намоён этувчи сўзлар тизими, туркона зарб алоҳида жозиба ва дилтортарлик бахш этган. Гап шундаки, мумтоз аруз қоидаларига кўра, форсий “ёр” сўзи ўта чўзиқ ҳижо ҳисобланади. Деярли барча шеърларида қоидага риоя қилган Навоий ушбу ғазалда атайин бу қоидани бузади – байтда “борди”, “қолиптур”, “андоқ” сўзларини қўллаб, ўзбек тилида “о” сўзи ҳамма вақт ҳам чўзиб талаффуз этилмаслигини чиройли тарзда кўрсатиб беради. Натижада аруз қоидасига кўра сакта ҳисобланган ҳодиса шеърнинг ҳуснига ҳусн қўшади.
Дастлабки байтда ёрининг кетганидан кейин қисқа муддатдаги висол онларидан, нозу истиғносидан сармаст, қулоғи тагида нозланиб айтган сўзлари жаранглаб турган умидвор ошиқнинг ҳолати тасвирга тортилган. Васл давлатидан беҳад шодланган кўнгил бу дамлар жуда қисқа бўлганидан маҳзун бўлиб, ёрнинг ёди билан кўз ёши тўкади:

Кўз хонасини қилди барандохта бу ашк,
Кўз борди вале хонабарандози қолиптур.

Бу байтда ийҳом санъатининг гўзал намунасини кўрамиз. Байтнинг насрий баёнида ишора қилиб ўтганимиздек, ёрнинг ҳижронида беҳисоб тўкилган ашк селдек кўз уйини хароб этди. Кўп йиғлайверганидан кўз кўрмай қолди, аммо уни бу ҳолатга солган “хонабарандоз” (уйни вайрон қилувчи) кўз ёши ҳамон оқмоқда. Иккинчи маънони эса, матлаъ мазмунига боғлиқ ҳолда ҳосил қилиш мумкин. Гап шундаки, дастлабки байтда “ёр борди”, дейилса, иккинчи байтда “кўз борди” иборасига дуч келамиз. Ёрнинг образлар тилида кўзга ўхшатилишини ҳисобга олсак (машҳур “Қаро кўзум” ғазалини эслайлик), байтни шундай талқин қилиш мумкин: “Ашким кўзим уйини вайрон этди. Кўзимнинг оқу қораси бўлмиш ёрим кетди, аммо умрим уйини хароб этувчи, кўз ёшларим тўкилишига сабаб бўлган муҳаббати, нозининг ёди кўнглимда қолди”.
Учинчи байтда ошиқнинг кўнгли қушга ўхшатилади. Ҳур, озод яшаб юрган кўнгил ёрнинг сунбул сочи домига тушганидан кейин энди чаман гулларидан Гўзаллик мазҳарининг нишонини излайди. Чаман гуллари аро булбул каби сайр этиб юрган кўнгил қушининг бу ҳолга тушишига сабаб – ёрнинг сунбул сочи. Бу байтда мажозий муҳаббат тараннумидан ташқари, тасаввуфий моҳият ифодаси мақсад қилинганини ҳам пайқаш қийин эмас. Ирфон тилида соч – моддий олам замирида яширинган илоҳий сирлар рамзи. Ориф кўнгил илоҳий сирларнинг моҳиятини анг­лашга бел боғлаган экан, ғунчанинг очилишини билмоқчи бўлган булбул каби руҳий парвозга шайланган. Гўзалликни англаш – Моҳиятни, Ҳақиқатни билишга олиб келади:

Кўнглум қуши то сунбулунгуз домиға тушти,
Булбул киби ҳар гул сари парвози қолиптур.

Аммо турли-туман ғунчаларнинг очилиб-сочилиши, қисқа муддатдан кейин хазонга юз тутганини кўрган кўнгил қуши маҳзунликка юз тутади. Унинг ҳузн ва андуҳига ягона тасалли ҳамишабаҳор сарв дарахтидир. Яъни Олам боғида хазон нималигини билмайдиган, доимо яшнаб турадиган сарв (яъни, Худо)дан бошқа жамийки гулу гиёҳлар хазон бўлгувчи, фонийликка юз тутгувчидир:

Ул қуш сафар айлаб не тараб гулбунин очқай
Ким, боғ аро бир сарви сарафрози қолиптур.

Кейинги байтда шоир кўнглига мурожаат қилиб, шундай дейди: “Мен ишқ рамзларини билмай ўлимга қарор бердим. Сен бу дунёдан сафар эт, негаки Фарҳоду Мажнунлар ошиқликда ном чиқарган бўлсалар ҳам, улар ишқининг кўп сир-асрори очилмай қолган”.
Ишқ – илоҳий неъмат. Аммо у ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Фарҳоду Мажнундек ишқ оламининг сарвари бўлиш саодатига айланиш, ишқ боғининг булбулидек таронапардоз бўлиш учун Навоийдек буюк қалб эгаси бўлиш керак. Бу шарафли мақомга интилганлар ҳақиқий ошиқларга тақлид қилиб оҳ чекадилар. Бу оҳлар бировнинг қўшиғини такрор этгандек бўлади:

Тақлид қилиб кўнглума ишқ аҳли чекар оҳ,
Ул борди-ю эл ичра саровози қолиптур.

Мақтаъда Навоий ғазалнинг асосий мавзуси – ҳижрон ва висол кечинмалари зиддиятининг мантиқий ечими сифатида “Кўпи кетиб, ози қолди” идиомасини жамъ ва тақсим санъати ёрдамида ҳижрон ва висол тушунчаларига боғлаб, гўзал ва бетакрор байт яратади:

Ҳижрону висолин кўпу оз дема, Навоий,
Юз шукр деким, кўпи бориб, ози қолиптур.

Ғазалнинг рус тилига қилинган таржимаси Татьяна Спендиарова томонидан муваффақият билан амалга оширилган, таржимон ғазалнинг тўлиқ ҳажмини сақлаб қолиб, уни аслият каби 7 байт тарзида рус тилига ўгирган. Диққатга сазовор томони: таржимада ғазал вазнига мос ўйноқи ритм танланган, ғазал аслиятда мураддаф (радифли) бўлгани ҳолда рус тилида ҳам шу ҳолат сақланган, яъни таржимон ҳар байт сўнгида “осталась” такрорини қўллаш орқали аслиятга яқинлашишга интилган, натижада рус китобхонларининг аслиятга хос оҳангни ҳис қилишларига ва шу орқали ғазал жозибаси ва мазмунини муайян тарзда англашларига имкон яратилган. Т. Спендиарова таржимада ғазалнинг зоҳирий маъносини асосан акс эттиришга ҳаракат қилган.

Ғазалнинг русча таржимаси

Таржимон – Татьяна СПЕНДИАРОВА

Ушла, но глаз ее игра в душе моей осталась,
Навек в ушах моих краса ее речей осталась.

Дом глаз моих разрушен впрах от слез, но та плутовка,
По чьей вине случилось так, по воле чьей, – осталась.

Когда бы птица сердца в сеть густых кудрей попала,
Она б средь роз порхать и тут, как соловей, осталась.

Хоть птица та уже в пути, роз радости не скрою,
Ведь кипариса злая тень среди аллей осталась.

Любви загадок не задам. Не мешкай, в путь скорее!–
Меджнуна нет, но тайна тех ушедших дней осталась.

Подобно сердцу моему, вздыхают все в округе,–
Она ушла, но средь людей молва о ней осталась.

Разлуку, близость оценить ты, Навои, не пробуй.
Ушло большое, малость все ж, что всех ценней, осталась.

Ғазалнинг инглизча таржимаси

Таржимон – Аъзам ОБИД

Love has gone but with her flirt my soul is abound,
As though in my ears still she fully left her sound.

Teardrops have disrupted the pupil of my eyes,
The eyesight is intact, devastation seen around.

Since your sunbul-hair entrapped my soul bird,
Like a nightingale, among blooms it is found.

That bird in its journey meets no happy blossoms,
Only the sarv-juniper in the garden is crowned.

Knowing not love symbols, you be on the wing,
Lots of secrets by Farhod and Majnun astound.

By imitating my heart the men of love would wail,
My soul quits, however, among people it’s renowned.

Don’t complain Navoi: tryst, parting ‘re much or less,
Much left, less remained, say gratitude – profound.

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2017/10/20/%d0%b0%d0%bb%d0%b8%d1%88%d0%b5%d1%80-%d0%bd%d0%b0%d0%b2%d0%be%d0%b8%d0%b9/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x