Аланга

Ўн саккиз фарзанд ҳикояти

 

Биз ғилдиракли улкан аравада чайқалиб-чайқалиб борардик. Арава аллақандай тўқ яшил олам қўйнидан чиқиб, кулранг ва қизғиш олам қўйнига шўнғиди. Чўққилари юксак ва ола-була хилқат бирдан қизғиш тусда порлай бошлади. Мовий осмон аро баркашдай олов ланғиллаб, оламни олтин шуълаларга белади.

Мен онамнинг иссиқ қучоғида, аллақандай ним қоронғилик ичида тебраниб бораман. Биз тушган араванинг кетига қўйми-эчкими боғланган. Қўқон араванинг баланд ғилдираклари айланган сари жонзот ҳам силкина-силкина кетиб боради. Ора-чора унинг мунгли, юмалоқ кўзларини илғаб қоламан. Қаердадир қизғиш ва чағир тошлар аро ўша жонзот ётқизилди. Унинг бўғзида узун ва ялтироқ асбоб порлаб кетди. Чағир тошлар устига тизиллаб қон сачради. Унинг бўғзидаги ялтироқ нарса ҳам қизил рангга бўялиб чиқди. Бу хотирот менинг мурғак тасаввуримга қаерда муҳрланиб қолган?

Мен ота-онамнинг ўн еттинчи фарзанди эдим. Уларнинг биринчи фарзандлари Тожали айни суйгунчак бўлганида, саккиз ойлигида қизамиқдан ўлган. Дадам унга орзу-ҳавас билан жуда кўп кийимлар, ўйинчоқлар олиб берган экан. Бола ўлгач, онам унинг кийимларини бағрига босиб, ўйинчоқларини суйиб йиғлайвергани учун ҳам кейинги фарзандларига сира янги кийим олиб бермас экан…

“Мана бу тойчоқ – Тожалижоннинг тойчоғи, уни “хўппа” қилиб минади”, “Мана бу ўғилчамнинг тўнчаси, у боламга шундоқ ярашарди! Ёқалари мундоқ турарди”, – дея тўнчасини қучоқлаб бўзлар эди.

Кейин яна бир ўғил туғилди. Бу бола ота-онасига йўлдош бўлсин, дея уни Йўлдошали атадилар. Лекин уни ҳам бир ёшга етганда зотилжам “олиб кетди”. Учинчи ўғил Эргашалини “гулмомо”, яъни “чечак” касали урди. Ота-она эса, боламиз акаларига эргашиб кетди, бекор исмини Эргашали қўйган эканмиз, дея армон қилдилар. Уларнинг бормаган мозор-машойихи, қилмаган назру ниёзлари қолмади.

Отам мани, онам мани

Машаққатлар билан боққан.

Азиз бошим ниёз айлаб

Мозорларга чироқ ёққан.

 

Бу қўшиқни мунгли овозда кўп хиргойи қилар эди Мастура опам. У гулчечакдек нафис туғилган бўлса-да, яшаб кетди. Исторабону йил аро фарзанд кўради, лекин тақдирнинг бир совуқ шамоли эсади-ю, чақалоқни комига тортиб кетади. Бири чала туғилади… бири туғилаётганда киндик ипига ўралиб қолади… Улар негадир олам юзини кўрибоқ ундан юз ўгирар эдилар. Уларнинг кўрган ўн бир фарзандларидан фақат биттаси – Мастурагина омон қолди.

Исторабону ўн иккинчи фарзандни ваҳима ва таҳлика аро кутарди. Ой куни яқинлашгач, қайнонаси Ойдинбувишнинг ёнига, ўгай қайнотаси Жўрақулбобонинг уйига кетиб қолди. Унинг тахминича, ўз уйида бир бало бору ўша фарзандларини ютаётгандек. Файзиободда паҳлавондек қорамағиз чақалоқ туғилди. Ойдинбувиш момо тинмай чақалоққа парвона бўлади, айланиб-ўргилади. Унинг болани сақлаб қолиш учун қилган биринчи ирим-сирими – чақалоқни қирқ кун давомида онасига кўрсатмаслик бўлди. У келиннинг кўзини боғлаб қўйиб, болани эмиздиргач, уни нариги уйга чиқариб қўяди. Унинг фикрича, Исторабону фарзанд йўқотавериб, “кўзи оч” бўлиб қолган, ўз боласига ўзининг суқи кириб болалари нобуд бўлмоқда. Бечора она қўшни хонадан чақалоқ “инга”сини орзиқиб кутади, ногоҳ овози чиқса, еру кўкка сиғмай севиниб кетади.

Ойдинбувиш момо болани тирик сақлаб қолиш учун яна бир ирим-сирим амалини бажарди. Бола етти кунлик бўлганда, етти дона кулча ёпди. Чақалоқни ва кулчаларни кўтариб, етти эшикка бош суқди.

– Ҳожархону Ҳожархон!

– Ҳув-в! – дея овоз беради, атрофига райҳон экилган супада чой ичиб ўтирган Ҳожархон.

– Турсунми-турсин?

– Вой, Турсунбой далага кетувди.

– Йўқ, қўлимдаги мана бу чақалоқ дунёда турсинми?

– Вой, айланай, Ойдиной, сизга Худо берибди-ку!

 

Турсуно-турсун,

Кўчалари тўлсин.

Чақалоқнинг исми

“Турсунали” бўлсин.

 

Ҳожар момо шошганидан кавушини пойма-пой кийиб, бир парча мато олиб чиқади. Ойдинбувиш битта кулчани боланинг бошидан уч марта айлантириб, матога алмашади. Бу каби савол-жавоблари, “Турсунми-турсин” нидолари етти эшикда такрорланади. Етти кулчага алмаштирилган етти хил матони йиғиб, Ойдинбувиш момо эшикдан қўшиқ айтиб киради:

 

Турсунали турсин,

Кўчаларни тўлдириб юрсин!

 

Ойдинбувиш момо етти хил матодан Турсуналига тўнча тикиб беради. Бола уни етти ёшгача кияди. Қирқинчи куни Исторабонуга боланинг юзини кўрсатадилар. Ота хотини ва ўғлини эшакаравага солиб, Оқбўйрага эсон-омон олиб келади.

 

Соҳибахон ҳикояти

 

Улар Турсуналидан сўнг яна учта қиз кўрдилар. Сабохон тўққиз ойлик, Патилахон олти ойлик бўлганда, она бағрини ҳувуллатиб, сут тўла кўкракларини зирқиллатиб, у дунёга қушчалардек “учдилар”. Ота-она Соҳибахонни кафтларига қўйиб “пуфлаб” юриб, бир ярим ёшга эсон-омон етказиб олдилар, лекин…

Исторабону саҳар туриб сигирни соғди, ҳовли-ҳарамни тинчитди, сўнг далага йўл олди. Бошида беланчак асбоблари тугилган тугун, қўлида бола, елкасида кетмон.

Мастура бир халта буғдойни бошига қўйиб, уч чақирим наридаги Зилха қишлоғидаги тегирмонга йўл олади. Тегирмон гавжум. Қизалоққа навбат келгунча кун оғади. Айримлар бироз буғдойга бир бурда нон алмаштириб ейдилар. Тегирмончининг хотини буғдойга алмашиш учун ҳар куни бир сават нон ёпиб олиб чиқади. Мастура, буғдой камайиб қолмасин, дея бундай қилмайди. Кечга томон бир сиқим унни халтага тугиб, оч-наҳор ҳолда уйга келади. Айвонга ёнбошлаган қари тутдан тўйиб-тўйиб ейди. Кейин хамир қориб, ота-онасига чавати нон пиширади. Ундаги сабр-қаноат ва иймон шунчалик кучли эдики, ота-онаси даладан келгунча бир тишлам чаватини оғзига солгани Худодан қўрқади. Фақат арзанда укаси Турсуналига бир бурда чавати беради. Ука эса бу нонга тўймай, опасини бўралаб сўкиб, тошбўрон-кесакбўрон қилади.

Исторабону қуёш чиқмай туриб далага етиб олди. Тугундан узун арғамчи олиб, икки тол оралиғига боғлади. Мовика булоқ бўйидаги улкан толларга атайлаб беланчак боғлаш учун қозиқ-михлар қоқилган. Эски қопдан беланчак ясаб, икки томонига эри беҳи ёғочидан нақшинкор қилиб ясаган уч қаричча келадиган беланчак ёғочини қистирди. Шу пайтда қамчисидан қон томиб “герой” бригадир Низом келиб қолди. У ҳамма аёлларни подадек ангор ичига ҳайдаб кетди. Кексагина Боғдавуш хола бувакларни беланчакка солиб, белидан маҳкам боғлади. Соҳибахон ўзи тенги бир бола билан беланчак ёғочини ушлаб, оёқ остида эмаклаб юрарди. Унинг пешонасига тушган гажаклари жуда ярашган, чуқур кулгичларини ўйнатганча, шеригига қараб қиқирлаб кулади. Боғда хола кичикларни ўз беланчакларига жойлагач, навбат “эмакловчи”ларга келди. Бу вақтда Соҳибахон эмаклаганча ҳовуз лабига келиб қолганди. Ҳовуз ичида ғужғон ўйнаётган билакдек-билакдек балиқларга бироз қараб турди. Кулгичларини ўйнатиб яна кулди ва чапак чалди. Бу вақтда нақ ҳовузнинг лабида ўтирар эди. У яна бир ҳаракат қилиб балиқларга қарамоқчи бўлганди, шўлп этиб ҳовузга тушиб кетди. Аввал билқ-билқ этиб пуфакчалар чиқиб турди. Кейин қизил кўйлакчаси елкандек шишиб, сув юзига қалқиб чиқди. Болаларнинг вағир-вуғури ичида Боғда хола сувнинг шалоплаганини ҳам эшитмаган эди. У қараса, Соҳибанинг беланчаги бўш… У ҳамма ёқни изиллаб қидирди. Бирдан юраги ҳаприқиб кетди-да, ҳовуз бўйига келди. Ҳовузда аввал ям-яшил новдалари солланиб турган толларнинг ва четида очилиб турган сафсар гулларнинг акси кўринди. Эътиборини сув юзида шишиб турган қизил мато тортди. У югуриб бориб, ўчоқ бошидан илмоқли ёғоч топиб келди, кўйлакни ёғочга илиб, ўзига тортди.

Боғда хола дала четига югуриб бориб, тиззаларига шапатилаганча:

– Истора-ю Истора! Боланг ўлди, Истора, уйинг куйди, Истора-а! – дея қичқира бошлади. У сув ичидан боланинг жасадини тортиб олгандаёқ, эсидан оғиб бўлганди.

Соҳибанинг бўйнига ва билакларига сариқ-яшил ширмонмунчоқларга аралаш кўзмунчоқлар тақиб қўйган эди онаси. У тугунчасида кичкинагина доирача олиб келар, тушлик пайтида доирачани чалиб Соҳибани ўйинга соларди. Қизча ўтирган жойида мунчоқларини шиқирлатиб, жажжи бармоқчаларини ўйнатиб, “ялли-ялли”га ўйинга тушарди. Исторабону чилдирмачани олди-да, ухлаётгандек кулимсиб ётган Соҳибахоннинг бошида мотам қўшиғини бошлади:

 

Ўлим деганлари ўт экан,

Юрак-бағирларга тушган қурт экан.

Ўзинг кетдинг тўтига-я, вой болам,

Мени қўйдинг ўтингга-я, вой болам.

 

Сани дунёга келтирмай

Отанг ўлсин, вой болам.

Сани калхатга олдирмай

Онанг ўлсин, вой болам.

 

Доирачани даранглатиб юриб, сакраб-сакраб йиғлаётган онанинг ҳолини кўрганлар, ақлдан озди, дея ўйлашар эди. У айвондаги сўрида сочларини ёзиб ўтириб “ювғичи” аёлга ялинади:

– Соҳибахоннинг кўзмунчоқларини ечмай кафанга ўранглар-а! Боламга у дунёда фаришталарнинг ҳам суқи кирмасин!..

 

Шоҳимардон сафари ҳикояти

 

Соҳибахондан сўнг Исторабону яна бир ўғил кўрди. Унга ўзидан ўн ёш катта акаси Турсуналига қофиялаб Турғунали деб исм бердилар. Чиллакдек чиллашир бу боланинг яшаб кетишига ҳеч ким ишонмас эди. Икки ўғил орасидаги ўн йил ичида ота-она не кунларни кўришмади. Йил ора она қурсоғида ҳомила, ота юрагида эса бола йўқотмоқлик ваҳми турарди. Қаҳратон қиш кунларида болани бешикка беламай, отасининг қорнига йўргаклаб ётқизадилар, отанинг ҳарорати болага уриб турсин, дея. Дадасининг тана ҳароратидан баҳра олиб, Турғунали эсон-омон қишдан чиқиб олди ва бир ёшга тўлди. Илк бор сочини олаётганларида Шоҳимардон пиримга атаб “кокил” қолдирдилар. Энди ўша “кокил”ни Шоҳимардонга бориб, жонлиқ сўйиб, кестириб келиш керак эди. Бола эса беш ёшга кирса ҳам, ҳали юриб кетолмаган, нимжон, озғинлигича қолмоқда. Ингичка бўйни устидаги соққа бош худди чўпга суқилган картошкага ўхшар, лекин худди дадасининг ёшлигидек қорақош-қоракўз, суюмли болача эди. Уни қандай даволашни билолмай, гоҳ бедананинг тухумини пишириб беришади, гоҳ оёғига илик ёғи суришади. Ваҳоланки, ундан кейин туғилган ўн еттинчи фарзандлари (ушбу сатрлар муаллифи) аллақачон бир ёшга етмаёқ югургилаб кетганди. Балки, унга Шоҳимардонга атаб қўйилган кокил “оғирлик” қилаётгандир… Бир амаллаб қўй ҳам топдилар, арава ҳам. Энди Шоҳимардонга жўнаймиз, деб турганларида совчилар эшик қоқиб келишди.

Ҳикоятларимизнинг аввалроғида “Қоракўз” от воқеасида танишганимиз Бувобекнинг ўғли Турдибек эсингиздадир. Унинг қизи Ҳамробиби Марғилонга, “Ўрдатаги”нинг қоқ ўртасига келин бўлиб тушганди. Унинг Муҳаммадхон ва Рўзиматбой исмли ўғиллари, Тожихон ва Орифахон деган қизлари бўлган. Мастурахонга ана шу Муҳаммадхоннинг ўғлидан совчилар келган эди. Унга энг аввал куёвнинг опаси Маҳфузахоннинг ишқи тушди. Ўша пайтларда ҳамма шаҳарлик аёллар “ё ўқисин, ё ишласин” деган фармон ҳукумат томонидан бўлганди. Маҳфузахон ҳам ипак фабрикасига ишга кирган. Ишчилар пахта теримига сафарбар этилгач, унинг эри Раҳматжон пахтага юбормай, қишлоқдаги холаси Зебунисо отиннинг уйига яшириб, ташлаб кетди. Мастурахон у пайтларда чучмомадеккина қиз бўлиб, кўзга кўриниб қолганди. Маҳфузахон қишлоқда зерикиб, ҳар куни пастак девор оша уни чақиради. Ёки ўзи чиқади. Икковлашиб рўмолча четларига гажим тўқишади, сочиққа гул тикишади. Мастуранинг хулқию ҳусни унга шундай ёқиб қолдики, шаҳарга қайтгач, холаваччасининг қизига совчи юборади. Улар она томондан ҳам қариндош бўлиб, Маҳфузахоннинг онаси Хайринисо Ҳуринисо ойимнинг набираси бўлар эди. Хайринисо йигирма саккиз ёшда вафот этиб, Маҳфуза саккиз ёшда, Аминжон беш ёшда, кичик укалари Исоқжон икки ёшда етим қолган эдилар.

Тор кўчадан тугун-тоғора кўтариб келган Ҳалимахон ая бошлиқ совчилар кичкина ҳовлини чиннидек ярақлатиб, онасининг орқасидан энди далага бормоқчи бўлиб турган Мастурахонга дуч келишди. У совчилар билан кўришгач, нима қилишни билмай қолди. Гулдек юзлари ёниб, рангдан-рангга кирди. Тиззасига урган кокилларини силкитганича, Зебунисо момосиникига қочиб қолди. Бир зумда қўни-қўшнилар йиғилди. Даладан ота-онани ҳам топиб келишди. Хуллас, марғилонлик совчиларга “оқлик” бериб юбордилар. Бу унаштирув хабари эртасига бутун қишлоққа ёйилди. Унаштирувдан бошлаб тўйгача бу оила бошига не балолар келмади, дейсиз. Бу ҳақида ҳали кўп ҳикояларимиз бор…

Тўй ўтгач, Турғуналининг кокилини кестиришга навбат келди. Дадам аравани миниб, онам мени, Мастура опам Турғун акамни қучоғига солиб, бир қўйни арава орқасига боғлаб, Шоҳимардонга йўл олдилар. Ҳозир Шоҳимардонга, нари борса, икки соатда етиб борилади. Улар аравада нақ тўрт кун деганда етиб бордилар. Ўша ҳикоямиз бошида айтганим тўқ яшил олам, ола-була тоғлар Шоҳимардон йўллари бўлиб, мен ҳис этган ним қоронғилик эса чимматнинг ичи экан. Мен онамнинг қучоғида, чиммат ичида узоқ юрганим туфайли олам кўзимга нимқоронғиликдан иборат бўлиб кўринган. Қурбонлик қўйнинг бўғзида ялтираган пичоқ… чағир-қизғиш тошларга тизиллаб сачраган қон… Бу – мен ҳаётимда илк бор кўрган “жон олиш” маросими эди.

Буни кейинчалик Мастура опамдан сўраб билиб олдим. Унинг тўйи ва Аминжон поччамнинг ҳарбийга кетган йилларидан ҳисобласам, бу воқеалар 1952–1953 йилларга тўғри келади. Демак, мен ўшанда бир ярим ёшда эканман.

 

“Хоҳладим”дан ўтиш ҳикояти

 

Урушдан кейинги оғир йиллар. Қишлоқда ишчи кучи етишмайди. Техника йўқ ҳисоби. Колхозда иккитагина темир ғилдиракли трактор бўлиб, унинг тешадек темир тишлари юрган йўлини ўйиб кетади. У тракторларни Симда ўқиб келган Сиддиқ тоға билан Олим тоға бошқаради. Фарғона шаҳри ўша вақтларда “Искобил” ёки “Сим” деб юритилган. У тракторларнинг бири баланд, нақшинкор мачит ичига ўрнатилган “ўттегирмон”ни юргизади. Қишлоқда ҳамма нарса йўқ бўлиши мумкин, лекин тегирмонсиз сира мумкин эмас. Сув кам бўлиб, “сувтегирмон”лар ишламай қолса, “ўттегирмон”да буғдой тортилади. Дадам ҳам бир қанча вақт ўттегирмонда ишлаган. Унга ҳар куни иккита нон олиб бораман. У менга бир сўмлик сариқ пул беради:

– Оққанд олиб енг-а, буви, укангизга ҳам олиб боринг.

Бир сўмга етти дона оққанд келади. Уни сувга ботириб, маза қилиб шимиб ейман. Укамга жуда қолса, бир-икки дона оққанд олиб бораман. Баланд мачитнинг гулкор шифтлари оппоқ ун чангига ботиб ётади. Дадамнинг дўпписидан тортиб қошу киприкларигача оппоқ – қорбобога айланиб қолган. Кейин ўттегирмонни юргизадиган трактор Олим тоғага берилди.

Мастурахоннинг Марғилонга узатилаётгани хабари раиснинг тепа сочини тикка қилиб юборди. Ахир, бу дегани – битта ишчи кучини йўқотиш дегани. Шунинг учун қишлоқдан ҳеч бир қиз ташқарига узатилмас эди. Бу ёзилмаган қонун эди гўё. Айниқса, Мастурахонга ўхшаган салт-сувай қиз-жувонлар Фарғона каналидан чўл томонга қайиқда олиб ўтилар, ҳафталаб у ерда ётиб ишлар эдилар. Зеро, колхознинг номи бекорга “Қаҳрамон” деб аталмаган. Канал ортидаги бўз ерларни ўзлаштирган бир эмас, учта “Меҳнат қаҳрамони” етишиб чиққан. Колхознинг номи ҳам ўша “олтмиш центнерчи” қаҳрамонлар шарафига қўйилган. Бир гектардан олтмиш центнер пахта олиш, аслида, афсона. Чўлдаги бепоён ерларга истаганча пахта экиб, одамларни истаганча хўрлаб ишлатиб етиштирилган бу “олтмиш центнер” ҳосил. Ўн гектарга экилган пахтани бир гектар деб қоғозга ёзар эканлар улар, дадамнинг айтишича. “Қўшиб ёзиш” деган иллат ўша даврлардан бошлаб илдиз ота бошлаган эди. Қишлоқда қолган колхозчилар эса кундузлари далада ишлаб, кечалари “ҳашарга” ҳайдаб кетилади. Колхоз идораси, ферма биноси ва катта клуб биноси, “қаҳрамон” бригадирларнинг дабдабали дала шийпонлари кечалари ғишт қуйиб, лой тепкилаган колхозчилар меҳнати туфайли бино қилинган.

Ноябрнинг охири, декабрнинг бошларида далада кўсаклар очилмай, музлаб қолади. Колхозчилар кундузи далада кўсак узсалар, кечаси колхоз клубида кўсак чувийдилар. Барча бригадаларда узилган кўсаклар араваларда колхоз идораси олдидаги майдонга келтириб тўкилади. Кечаси кўсак чувиб, пахтасини топшириб нормасини бажарганларгина уйига кетиши мумкин. Бўлмаса, эрталаб тўғри шу ердан далага ҳайдалади. Одамлар уйларида, сандалда ўтириб бироз исиниш ва мизғиб олиш учун ўлиб-тирилиб бола-чақалари билан кўсак чувийдилар. Раҳбарлар эса навбат билан уларнинг тепасида туриб, озроқ пахта чувиганларни ёки ухлаб қолганларни ҳақоратлаб турадилар.

Шундай кунларнинг бирида Мастурахон қўлида кўсак билан ўтирган кўйи ухлаб қолди. Буни кўрган бригадир (исмини ёзмадим, оқ-сариқ киши бўлгани учун лақаби “оқ ит” эди. Яна бир золимнинг лақаби эса “қора ит” эди. Одамлар “оқ ит, қора ит – барибир, ит” дер эдилар) унинг қўлидаги кўсакни олиб, ёниб турган гугурт чўпини ушлатиб қўйди. Чўп ёниб бориб қизнинг қўлини куйдирди. Уйқудаги бечора қиз бирдан фарёд солиб, ҳушидан кетди. Уни кўсак ташийдиган аравада уйига ташлаб кетдилар. Шундан кейин отаси уни оммавий кўсак чувишга чиқармай қўйди. Марғилондан келган совчилар уни шундай оғир меҳнат ва зулмдан озод қилгувчи “нажот фаришталари” эди.

Совчилар хабарини эшитган раис Сиддиқ тоғани идорага чақиртирди. Бу хабардан олдига қўйилган бир коса пиёва ҳам томоғидан ўтмай қолди. Идорага ҳеч ким бесабаб чақирилмас, фақат “гуноҳкор”ларгина чақирилиб жазоланар, ўлгудай калтакланиб, чалажон ҳолда уйига ташлаб кетилар эди.

Улкан толлар соя солган идора олдида яна бешта йигит турарди.

– Сиддиқ тоға, сизни ҳам раис чақиртирибдими? – сўради баланд бўйли хумбош йигит.

– Ҳа, шундай, сизларни-чи?

– Қандай “гуноҳимиз” борлигини билмадик. Бизни ҳам чақирибди, ишқилиб, Бўқоннинг қўлига тушмасак бўлди.

Раиснинг “гуноҳкор”ларни калтакловчи бир азамат одами бўлиб, уни “бўқон” лақаби билан сийлашар эди.

Улар бирин-кетин идорага кириб келишганда, раис ҳўмрайиб турар эди. Девор ёнида қатор курсилар турган бўлса-да, ҳеч ким ўтирмади, тўғрироғи, ўтиришга таклиф этилмади. Ҳалиги бешовлон йигит тракторчи тоғага қандай алоқалари борлигини билолмай ҳайрон эдилар. Айниқса, паст бўйли, бир елкаси доимо осилиб турувчи Сайфи дудуқ қалт-қалт титрайди.

Раис столга ўтириб, бир силкиниб қўйди-да, тоғага қараб:

– Гап шу! Қизингни марғилонлик куёвдан ажратасан. Мана шу бешов йигитдан хоҳлаганингни куёвликка танла!

Томдан тараша тушгандек бу буйруқдан Сиддиқ тоға тошдек қотди. Ҳалиги бешов бўз йигитлар эса, “қиз қай биримизга насиб этаркан?”, дея кўзлари йилтиллай бошлади. Раис сўзи ҳукм эканлигини улар жуда яхши билишарди. Кийимлари қорамойдан ялтираб кетган Сиддиқ тоға нима дейишини билмай, яғир дўпписини олиб қоқди, яна кийди…

Гўё бу ҳаракат билан бироз дадилланди.

– Хўш, нима дейсан, ҳўкиз? – раис бу орада столни айланиб ўтиб, унинг кўксига нуқиди. Шундоқ тумшуғининг тагида хезланиб турган раиснинг юзига эмас, хол-хол гулли галстук таққан ялтирбош доҳийнинг суратига қаради. У бу одамни барчани баробар камбағал қилгани учун эмас, ҳаммани Худосиз қилгани учун ёмон кўрар, бу жуда катта дажжол, дея атарди уни.

Ўқувчи болалар:

Ленин бобомлар,

Менинг бобомлар, – дея ашула айтишганда, “Ленинга қайси энангни бергансан, у сенга бобо бўлсин?” – дея ғудраниб қўярди у. Ниҳоят, кўзини доҳий суратидан узиб, раисга тик боқди. Унинг қалбида бир арслон уйғонганди ҳозир.

– Йўқ, ажратмайман. Фотиҳа – Худонинг муҳри, мен уни бузолмайман.

– Хоҳ-ҳо-о! Тилинг марғилонликка қуда бўлиб, узайиб қолибди-да! Менинг сўзим-чи, у муҳр эмасми? Менинг гапим ерда қолаверадими? Энди шу қишлоқда қандай яшашни ўйлаяпсанми, сен ҳўкиз?

Раиснинг бу гапидан қўрққулик эди. У истаса, уйига “сурма” тракторни солиб сурдириб ташлаб, ўрнига пахта экиши ҳам мумкин эди.

Сиддиқ тоға яна яғир дўпписини қоқиб кийди-да:

– Мен ҳўкиз эмасман, сиз ҳам Худо эмассиз. Қўлингиздан келганини қилинг!

Эшик қарсиллаб ёпилганда ҳалиги беш йигитнинг ранги бирдек оқариб кетди. “Энди тоға ўлди!” – деб ўйлашди улар.

Тоға ўлмади. Лекин ўлимдан ҳам баттар кунларга қолди. Энг биринчи жазо шу бўлдики, кечаси трактор ҳайдаётган ерига Бўқонни юбориб, оғзидан қон келгунча савалатди. Бўқон ҳар тепганида:

– Энди қизингни ажратасанми? – деб сўрайди.

– Йўқ, – деб жавоб беради у қон туфлаб.

“Ўшанда қандай тирик қолганимга ўзим ҳам ҳайронман”, – дер эди у кейинчалик ўша воқеаларни эслаб.

Кечаси билан ухламай, отаси Мирзакаримбойни қўрбошилар тунда олиб кетишганини, тонгда унинг қонга ботган жонсиз танасини олиб келганларини эслаб ваҳимага тушган Исторабону саҳар вақти дарвозани очиб, оғзида қон қотиб қолган чалажон эрини кўрди. Уни раиснинг шотирлари аравада олиб келиб, дарвоза тагига ташлаб кетишганди.

“Худоё, сизни шу кўйга солганлар ҳам оғзидан қон келиб ўлсин!” – дея алам билан қақшади Исторабону.

Шу ўринда яна бироз чекиниш қилсам. Худонинг амри билан, уларнинг иккови ҳам кейинчалик церроз касалига учраб, қон туфлаб ўлдилар. Бўқон бемор ётганда дадам эл қатори бориб, ҳол-аҳволини сўраб турди. Лекин жанозасига бормади. Ўша куни меникига келиб, ўғлим Умиджонни қучоқлаб ўтириб, юм-юм йиғлади:

– Қара-я, шундай одам ҳам ўлар экан-а? Кеча бориб кўрганимда, юзига қўнган пашшани ҳам қўролмай ётганди. Мана, энди Худонинг ёнига, қилмишлари учун жавоб бергани кетди.

– Жанозага бормадингиз, ҳеч бўлмаса, эртага фотиҳага борарсиз. Қўни-қўшни, маҳалла-кўй… ҳар қалай, тенгдош жўрангиз, – дедим мен.

– Йўқ, қизим, Шоҳимардонга айлангани кетяпман. Уч-тўрт кун туриб қайтаман, – дея Шоҳимардонга жўнаворди.

 

* * *

Сиддиқ тоға ўша “катта калтак” воқеасидан кейин бир ой ётиб тузалгач, қишлоқдан бош олиб чиқиб кетди. У бошқа шаҳарларда мардикорлик қилиб юрди. У уйга жуда кам келар, келганда ҳам тунда яширинча, болалар уйқудалигида келарди.

Аслини олганда, у колхозга жуда керакли одам эди. У кетгач, битта трактор бутунлай бўш қолди. Ҳеч ким бу “темир от”нинг тилини билиб юргиза олмади. Кейин раис шаҳарга одам юбориб, уни топдириб келди. Лекин бу, уни кечирди, дегани эмас эди. У хотини, қизи билан учовлашиб, тинмай далада меҳнат қилади, лекин уларга на бир чақа маош, на бир сиқим дон берилади. Ҳар ўн беш кунда кассир далага маош тарқатгани келади. Исторабону ҳамма маош олиб бўлгунча умидвор бўлиб қараб туради.

– Опа, сизларнинг иш ҳақингизга “қизил қалам” тортилган, – дея кассир қоғозларини йиғиштиради. Иш ҳақи устидан “қизил қалам” тортиш ҳам жазонинг бир усули эди. Раҳбарларнинг бирортасига, хусусан, бригадир ёки раисга ёқмай қолган кишиларнинг иш ҳақи устидан қизил қалам тортилади. Йил охирида колхознинг даромади ҳисобидан одамларга озми-кўпми буғдой берилади. Сиддиқ тоғанинг оиласи “йиллик отчёт” ҳисобидан ҳам қуруқ “қизил қалам”га эга чиқади, холос.

Даладаги энг оғир ишлар ҳам Исторабону билан Мастурахонга буюрилади: “тинг” ерни чопиш, дейсизми, елкада гўнг ташиш, дейсизми… Агар тоғанинг трактори бирор ерда бузилиб қолса, яна қамчиланади. Хотини унинг қамчи изи тушган елкаларига кепак қиздириб босади. Шу туфайли тракторнинг бузилган қисмини қопга солиб, туман марказидаги МТСга, ўн беш чақиримга пиёда олиб боради. Тонггача тузатиб, бузилган мурватни ўз жойига қўйиб, тракторни юргизади.

Ишқилиб, не бўлса ҳам, фотиҳа бузилмади. Бу борада шаҳарлик қудалар пишиқ чиқиб қолишди. Келин-куёвни тўйдан аввалроқ “хоҳладим”дан, яъни ЗАГСдан ўтказиб қўймоқчи бўлишди. Агар келин-куёв бир-бирини “хоҳладим”, деса, давлат уларга қоғоз ёзиб берар эмиш, яъни никоҳ гувоҳномаси, шунда раис ҳам тўйга тўсқинлик қилолмас экан. Хуллас, холаси Баҳринисо Мастурахонни ясантириб, Олтиариққа “хоҳладим”га олиб кетди. Кечга томон ҳориб-толиб қайтиб келишди. Келиннинг ёши ЗАГСга етмабди. Шаҳарлик қуда Муҳаммадхон тоға ЗАГС мудирасига бир кийимлик саккиз тепкилик атлас ва бир чорси писта-бодом, совға-салом қилиб олиб бориб, келиннинг ёшини тўғрилаб келди. Баҳринисо яна келинни “хоҳладим”га тайёрлади. Келин шўрлик қўрққанидан дағ-дағ титрайди.

– Мен у ерда нима дейман? Ҳозирдан эсимдан чиқиб қоляпти.

– Хоҳладим, дейсан, жувонмарг, мунча қалтирамасанг.

Ниҳоят, ЗАГС қирқилди. Никоҳ ҳужжати олингач, раиснинг дами ичига тушди. Лекин тўй қилиш учун келиннинг сепи тайёр эмасди. Қаердан ҳам бўлсин, йил давомида бутун оила ишлаб, “шимилдириқ”қа ҳам эга бўлмаганди. Исторабону кундузлари далада ишлаб, тунлари “Зингер” машинасида чеварлик қилиб, қизига сеп йиғади. У эски-туски матолардан мойчироққа пилик тикишдан тортиб, пахтали фуфайкагача, ёстиқ жилдларига атиргул тикишдан тортиб қирғизларнинг отига отёпқичгача тикар эди. Ёнгиналаридаги колхоз отхонасида бир неча қирғиз оилалари яшар, улар қачон ўғил тўйи қилсалар, от ясатиб, унга отёпқич тиктиришар эди. Исторабонуга кўйлагу камзул, кўрпаю тўшак тикиш ҳеч нарса эмасди. Лекин отёпқич тикиш жуда машаққатли иш. Катта қизил чойшабга турли қийқимлардан нақш тикиш учун у узоқ қиш кечаларида ухламай чиқарди. Сиддиқ тоға яна қишлоқдан чиқиб кетиб мардикорлик қилиб, бироз пул топди.

Ниҳоят, “хоҳладим”дан кейин ярим йил ўтгач, олтин ёзнинг ойдин оқшомларидан бирида тўй бўлди. Куёвнавкарлар қишлоққа извошда келдилар. Бу ҳали қишлоқда бўлмаган ҳодиса эди. Отараванинг икки томонига оёқларини осилтириб олган қизлар ёр-ёр айтиб, Марғилон томон жўнадилар. Ўртада ўтирган келин отларнинг чилдирма садоларига мослаб қадам ташлаганларига ҳайрон эди.

 

“Куйган ёр” ҳикояти

 

Турсунали акам Доғистонга, ҳарбийга жўнаб кетгач, онам негадир ўзгариб қолди. Мен билан ҳам, акам билан ҳам сира иши йўқ. Фақат синглим Маҳбубани бағрига босганча, устунга суяниб ўтириб, бир сўзни тўтидек такрорлайди:

Энди нима қиламан? Энди нима қиламан-а?.. Энди нима қиламан?..

Менга яна онамни қучоқлаб, аввалгидек муаттар бўйини ҳидлаш истаги чидаб бўлмас хоҳишга айланиб боради. Астагина, қўрқиб-писиб пинжига суқилсам:

– Тур, йўқол! – дея итариб юборади. Мен онамдан тирик туриб айрилиб қолганга ўхшар эдим. Онамнинг ёнгинасида туриб, уни чексиз азоб билан соғина бошладим. Ҳамма ўйинларимни тарк этиб, маъюсланиб қолдим.

Бир куни бошим қизиб, ҳаммаёғим қалтирай бошлади. Қизил лентачали резина қўғирчоғимни қучоқлаб, ёғоч сўри четига бориб ётдим. Назаримда, қўғирчоқ ҳам мендек совқотаётган, онаси қучоғини қўмсаётган эди. Оғзимдан олов чиқиб, устимга катта-катта тошлар қулай бошлади. Онам рўпарамда укамни қучоқлаб, “энди нима қиламан”ни такрорлаб ўтиради. Менга парво ҳам қилмасди. Шу пайт онамнинг беҳуш кўзлари менга тушди. Қорачиқлари ичида қоп-қора аланга ловуллаб турарди. Аста ўрнидан туриб ёнимга келди, пешонамни ушлади.

– Вой, ёниб кетяпсан-ку! – дея қўғирчоғимни ҳам бирга кўтариб уйга олиб кирди. Яна онажонимнинг муаттар бўйини туйдим. Қучоғидаги меҳрдан, кўзларидаги сеҳрдан бошим айланди. Оҳ, касал бўлиш қандай яхши экан!!!

Акам ҳарбийга кетган дастлабки кунларда онам анча яхши эди. Доғистон деган юртдан келган акамнинг хатларини Турғун акам ҳижжалаб ўқиб берар, онам ҳам бир ой ичида рус алифбосини ўрганиб, “Доғистони қурсин ўшал, юрагимга доғ солди!” – дея хатлар ёза бошлаган эди. Лекин адоқсиз соғинч, қолаверса, олдинда турган уч йиллик ҳарбий муддат уни ақлидан айира бошлаганди. Онам емайди, ичмайди… Ҳатто бизга овқат ҳам пиширмайди, нон ҳам ёпмайди. Дадам далага бормаса, сира илож йўқ. Биз учта гўдак дадам келгунча кўчага қараб, оч ўтирамиз. Энди дадам ишдан келгунча, Баҳринисо холам бизга қараб турадиган бўлди.

Раис ҳамон Мастура опамнинг Марғилонга узатилгани аламини олади. Дадамни оғир ишларга, узоқ ерларга юборади. Андижонда, “Куйган ёр” деган жойда тўғонми, ГЭСми қурилаётган экан. Дадамни ўша ёққа ишга юбормоқчи бўлишди. Кейинчалик, бир гуруҳ ижодкорлар сафида Фарғона канали бўйлаб сафар қилиб, ўша Куйган ёр қишлоғини ўз кўзим билан кўрдим. Катта Фарғона канали ўша ердан бошланар экан.

– Опа, – деди дадам Баҳринисо холамга. – Мен кетсам, Исторага бир бало бўлади. Қорнини қаранг-а, ўроқ билан тилиб-тилиб ташлабди. Ҳамма ўткир нарсаларни, пичоғу болталарни яшириб қўйгандим. Фақат ўроқ оғилда қолган экан.

Холам уйга кириб, суратдек бўлиб, фақат бир сўзни такрорлаб ётган онамнинг кўйлагини кўтарди. Унинг қорнида ҳар бири икки қаричдан келадиган бир неча чизиқ-яралар бор эди. Яралар бироз қотиб, худди жигарранг ип чокларидек узуқ-узуқ ҳолга келган эди. Чамаси, ўроқнинг учи билан қорнини ёрмоқчи бўлгану, чуқурроқ санчгани оғриқ йўл бермаган.

– Куйган ёрга борманг, мен бу куйдирги хотинингиздан қўрқаман! – деди у алам ва изтироб билан.

– Ўзимда ихтиёр бўлса, болаларни шу эсини еган хотинга ташлаб, бир қадам ташқарига чиқармидим, опа? – дея пешонасига шапатилаб, остонага ўтириб қолди отам.

Февраль қуёшининг совуқ ва аччиқ ёғдулари бу мискин хонадонга ҳам ёғила бошлади. Саҳарлаб саккиз чоғли идора ходимлари дадамни Куйган ёрга олиб кетгани келишди.

– Хотиним касал, учта гўдакни ташлаб мен у ёққа боролмайман.

– Бораса-ан! – деди раис, – қани олдимга туш. Машина идора олдида кутиб турибди.

Шу пайт уйдан онам отилиб чиқди. У бежо кўзларини раисга қадаб:

– Уни олиб кетмайсизлар! Боламни Доғистонга олиб кетганларинг етмайдими, буни Куйган ёрга жўнатасизлар?! Вой-дод! Доғистондан доғ бўлиб, Куйган ёрдан куйдим-ку, вой-дод! Дод! – дея ерни муштлаб, бор овози билан қичқира бошлади. Онамнинг фарёдига девордан қўшнилар мўралай бошлашди.

– Нега бормайди? У урушга эмас, ишга кетяпти. Бир ойда қайтиб келади.

– У кетса, мен болаларни боқолмайман.

– Нега боқолмайсан? Ҳамма кетяпти-ку!

Онам нима дейишини билмай, кўзлари яна бежоланди. Чамаси, у “боқолмайман” эмас, “болаларга қаролмайман” демоқчи эди. Бироз дудуқланиб:

– У-уйда у-ун йў-ўқ! – деди у ўтирганча ерга муштлаб. Биз остонада мусичалардек мўлтираб, бу манзараларни ваҳима билан кузатиб турардик. Раис бир югурдагини юборди. Бир зумда бир қоп буғдой муҳайё бўлиб, онамнинг олдига гупиллаб тушди.

– Юр энди, олдимизга туш!

– Кўриб турибсизлар, мен кетсам, бу хотин бир бало бўлади.

– Ҳа, эрсиз бир кун яшолмайсанми, сен қанжиқ? – энди раис дадамни қўйиб, онамга юзланди.

Дадамнинг юзи бирдан бўзариб кетди. Онамга бир хўмрайиб қаради-да, шахдам қадамлар билан арбобларнинг олдига тушди. Онам югуриб бориб, дадамнинг қора чопонининг этагига осилиб, ўтириб олди:

– Кетмайсан! – деди у дадамни сенлаб. – Сен Куйган ёрга кетсанг, мен ҳам сени куйдириб, ўзимга ўт қўяман!

Дадамнинг соясига кўрпача солиб, бир қўлида қумғонда иссиқ сув, бир қўлида сочиқ билан кутиб оладиган сертавозе онамни бу ҳолда биринчи марта кўриб турар эдим.

– Юрсанг-чи, ҳезалак! Шу жинни хотиннинг чизиғидан чиқа олмайсанми ё?

Дадам яна бўзарди. Онамнинг қўлидан пешини бир силтаб тортди-да, торкўчадан отилиб чиқиб кетди. Орқасига қайрилиб қараб ҳам қўймади. Онам юзтубан ерга йиқилди. Колхоз арбоблари бу можародан ҳингир-ҳингир кулганларича чиқиб кетишди.

 

* * *

Ўшанда февраль ойи бўлса-да, тутларнинг новдасида қатор-қатор куртаклар бўртиб, ён-атрофдаги боғларда ўриклар алланечук қизаришиб қолганди. Зеро, бу пайтларда Орол ҳали қуримаган, унинг устидан ўтган булутлар кўкка ўрлаган сув буғларидан илиброқ келар, эҳтимол, совуқ ҳаволар ҳам Орол устига келганда бошқа ёқларга бурилиб кетар эди.

Эрталаб мактабга боргим келмади. Кечаги воқеалар менга жуда ёмон таъсир қилган, худди дадам қайтиб келмайдигандек, онам ўлиб қоладигандек ичим ғаш эди.

– Бор, мактабингга! – ўшқирди онам қандайдир бегона овоз билан.

– Бормайма-ан! – дея йиғлаб юбордим.

У урмоқчи бўлганди, торкўчага қочдим. Онам ортимдан китобларим солинган қизил халтани отиб юборди.

Мактабга боргач, ҳамма нарсани унутдим. Ҳисоб дарси эди. Қорага бўялган дарстахта ёнига мисол ечгани чиққандим. Ўқитувчим нималарнидир ёзар, болалар мен ишлаган мисолларни кўчирмоқда эдилар. Бирдан синф эшиги қаттиқ-қаттиқ тақиллай бошлади. Ўқитувчим чўчиб тушиб, эшикни очди. Ким биландир пичирлаб гаплашди. Қайтиб киргач, менга:

– Сен китоб-дафтарларингни йиғиштириб, уйингга бор, меҳмонлар келибди…

Устознинг кўзида қандайдир аянчли маъно бор эди. Бундан мен ҳам ғашландим. Ташқарида Рисолат опам мени кутиб турарди.

– Вой, Мақсу-у! Онанг ўзига ўт ёқиб юборибди. Куйиб, кўмирга айланиб ётибди.

Кўз олдимга кўмирга айланган онамнинг гавдаси келди. Кўзимга ёш келмас, оёқларимни ҳам қаерга қўяётганимни билмас эдим. Уйимиз тўс-тўполон. Ҳамма боғ ўртасида. Чамаси, онам эгнига керосин қуйиб, гугурт чаққану, кийимлари ёна бошлагач, боғ этагидаги зовурга сувга югурган. Маҳбубани сал олдинроқ: “Бор, кўчага чиқиб қарагин, даданг келяптимикан?” – дея чиқариб юборган. У торкўчанинг бошига етгач, онасининг кийимлари ёниб, узумбоғ ўртасида югуриб кетаётганини кўрган. У чучук тили билан:

– Буйим куйиб кетаяпти! – дея додлаган. Тилла момо югуриб чиқиб, осмонга ўрлаётган тутунни кўриб, кўчага чопган.

– Одам бўлсанг, келавер! Исторанинг уйи ёняпти!

У Маҳбубанинг “бувим ёняпти” деган сўзларини янглиш эшитган эди. Кўчадан ўтиб кетаётган икки эркак югуриб кириб, устига тўшак ташлаши билан аланга ўчган. Онам боғ ўртасида, устига тўшак ташланган ҳолда ётар, мен тасаввур этганимдек кўмирга айланмаган эди. Юзлари қип-қизариб кетган, кўзларининг қорачиғида аллақандай қоп-қора аланга ёнарди. Шу пайтда юзларини тирнаб қонатганча Баҳринисо холам келиб қолди.

– Мурғак болаларингга раҳминг келмадими, нодон синглим!!! – дея тиззаларига муштлар эди у. Онам холамга қараб хиёл кулди ва кўзларидан учқунлар сачратиб деди:

– Э-энди келдизми, опа?

Холам дадам Куйган ёрга кетиши билан бизникига келиб ётган, эрталаб уйидан хабар олиб, бизга нон олиб келишга кетган экан. Баҳринисо холамнинг уйи бизникидан икки ҳовли нарида эди, холос. Чамаси, ярим соатгина қаровсиз қолган онам шу ҳолга тушибди.

Бир зумда онамни кўрпага ўраб, касалхонага олиб кетишди. Баҳринисо холам у билан бирга кетди. Тўтинисо холам эса худди ўликка йиғлагандай, айтиб-айтиб йиғларди:

 

Қибладан келган шамолга

Рўбарў бўлган, вой, укам.

Бемаҳал келган ажалга

Мубтало бўлган опанг куйсин, вой, укам…

 

Менга бу айтимлар жуда ёмон туюлди.

– Нега йиғлайсан, онам ҳали тирик-ку! – дея унинг сонларига муштлай бошладим.

– Вой, бу Луқмони Ҳакимни қаранглар, тўғри айтяпти, тирик одамга нега йиғлайсиз, ёмон шукурни бошлаб, Тўтинисо? – деди кимдир.

Ҳамма жим бўлиб қолди, ғала-ғовур босилди. Қуёш қип-қизил қон денгизига шўнғигандек, уфқ ичра йўқолди. Шоҳимардон томонлардан эса уюр-уюр қора булутлар бостириб кела бошлади. Бирданига момақалдироқ гумбурлаб, катта-катта ёмғир томчилари ғамбода ҳовлининг ўчоқларига, тандир бошларига томчилай бошлади. Осмоннинг бу гулдур-гулдурларига торкўчадан соч ёзиб келаётган Баҳринисо холамнинг фарёди қўшилди:

– Вой-до-д, мусулмонлар, Исторадан айрилиб қолдик!

Онамни олиб келиб, ёғоч каравотга ётқиздилар. Биз болаларни Зебунисо отиннинг уйига киритиб қўйишди. Тонг саҳарда йиғи-йўқлов овозларидан чўчиб уйғондим. Ажабки, бу овозлар ичида дадамнинг “Вой, гулим, гулимо-о, гулим”, – деган овози аниқ-тиниқ эшитиларди. Демак, у Куйган ёрдан қайтибди-да.

Оёғимга катта калишни судраб, уйимизга чопдим. Ҳаммаёқ шалаббо, ҳамон ёмғир қуймоқда. Онам ётқизилган уй ичи тиззагача сув, бемалол ўрдак сузса бўлади. Бўйра ёпилган шифтдан ўтаётган чакка ташқаридаги ёмғирдан сира қолишмайди. Онамни оппоқ матога ўраб қўйишибди. Юзлари ҳам оппоқ, деярли оқ матодан ажратиб бўлмайди. Тингшаб қарагач, онамнинг юзини илғадиму, ура қочдим. У менинг онаммас, менинг онам бундай эмасди…

Ёмғир эса ёғаверди, ёғаверди… Шу ёққанича етти кун тинмади. Бу 1959 йилнинг февраль ойи эди. Мен ҳали биринчи синфни тугатмагандим.

Онам қачондир бир қаричгина сочимни майдалаб ўриб, учини оқ ип билан тикиб қўйганди. Янги ўрилган сочларимни сиқимлаб:

Кунда тутам-тутам,

Ойда қулоч-қулоч,

Ўса қолгин, қора соч! – дея пастга қараб тортиб-тортиб қўйганди. Онамнинг “қирқ”и ўтгунча ҳеч кимнинг мен билан иши бўлмади. Ҳамма кичкина Маҳбубани қўлдан-қўлга олиб, овутиш билан овора эди. Сочим учидаги оқ ип кирдан қора ипга айланди. Бошимга тангадай-тангадай яралар тошиб, сочларим патакдай бир-бирига киришиб кетди. Кечаси ётган ёстиғим қон бўлиб қолганини Доғистондан чақириб олинган Турсун акам кўриб қолди. Мастура опам онам ўз қўллари билан ўрган сочларимни қирқиб ташлаб, бошимга салидол суртиб, рўмол билан танғиб қўйди. Бошимга тушган бу яралар етимликнинг илк жароҳатлари эди. Ҳали бундай жароҳатлар қалбимни ҳам босиб кетишини ўшанда англаб етмагандим.

 

Ипак бозорида сотилган қизча ҳикояти

 

Онамнинг маросимлари ҳам ўтди. Бу маросимларга кетадиган барча харажатларни Аминжон поччам кўтарди. Ҳатто уйимизда меҳмонларга чой узатиш учун пиёла ҳам йўқ эди.

Ҳамма уй-уйига тарқалди. Мастура опам нима қилишини билмайди. Кетмай деса, у ёқда рўзғори, учта боласи… Кетай деса, бу ёқда дадаси, кичкина укалари қаровсиз қолади. У Марғилонга кетадиган куни бизни онамнинг мозорига олиб борди.

Қабристондаги қамишлар бўйим баробар ўсиб қолибди. Опам қабр тепасида куйиб-ёниб, айтиб-айтиб йиғлади:

 

Даладаги қўзичоқлар

Етакласам юрмайди-я, вой, бувим.

Сиздан қолган болалар

Етимликка кўнмайди-я, вой, бувим…

 

Мақсудахон, Маҳбубахон,

Булбул бўлиб сайрайди, вой, бувим.

Онажонимнинг уйларида

Бегоналар яйрайди-я, вой, бувим…

 

Онам десам ўхшайди, вой, бувим,

Танамда жоним қақшайди, вой, бувим.

Онажонимнинг ўлганлари

Рост бўлганга ўхшайди-я, вой, бувим…

 

Уйимизни ҳувуллатиб опам ҳам Марғилонга, оиласи бағрига кетди. Тириклик сабаб, дадам далага чиқа бошлади. Турғунали акамни Фарғонадаги мактаб-интернатга жойладилар. Уйда тўрт ёшли синглим иккимиз ёлғиз қоламиз. Онам Маҳбубани жуда яхши кўрар, ҳатто, ўша ақлу ҳушидан айрилган пайтларида ҳам уни сира қучоғидан қўймасди. Чунки шу кенжа қизчаси туфайли жуда кўп азоб тортганди.

Қоп-қора гажаклари пешонасига тушган, қошлари қайрилма, узун киприклари пастга қараганда лўппи юзчасининг деярли ярмини ёпади. Мунчоқ кўзларининг ичида худди онамникидек қора аланга ёнади. Барча кўргиликлар бола саккиз ойлик бўлгандан сўнг бошланди.

Дадам билан онам даладан шому ғарибонда қайтишади. Бири ўчоққа ўт ёқиб қозон осади, бири масаллиқ тайёрлайди. Турғун акам иккимиз пиширилажак овқатдан умидвор бўлиб, илҳақлик билан термиламиз.

– Ол пиёзингни, тўғраб бўлдим.

Онам қозондаги қаймоқ куйиб кетмасин, дея шоша-пиша ташқарига йўналади. Укам онамнинг орқасидан қарамоқчи бўлиб, ўчоқ ёнидаги тахта супадан орқанчасига йиқилади. Ўнг оёғи қуймучидан чиқиб кетади. Бола туни билан қулундай қичқириб чиқади. Тонгда қарашса, боланинг оёқлари шишиб кетибди. Олиб бормаган табибу синиқчи, бахшию қушноч қолмади. Фарғонадаги касалхона дарвозаси олдида эр-хотин уч кун ётдилар. Ҳеч ким “итмисан-эшакмисан?” демади. Бир ўрис дўхтир болани кўрди, лекин касалхонага қабул қилмади.

Улар уйда биттагина “қозиқбоғи” бўлиб турган бузоқни сотдилар. Пулини белга тугиб, мени Турсун акамга ташлаб, шифо истаб чиқиб кетишди. Шу кетганларича, қирқ кун деганда озиб-тўзиб, қизчанинг оёғини саланглатиб, уйга кириб келишди. Улар боланинг дардига ҳеч ердан даво тополмаган эдилар.

Ўша кунларни эс-эс биламан. Акам оқ эчкимизни соғиб, менга мажбурлаб ичирар, кейин Турғун акамга ташлаб, кун бўйи ўртоқлари билан ўйнаб юрарди. Кечки пайт чўзмаотар билан беш-олтита чумчуқ отиб келади. Чумчуқларнинг патини юлиб, чойидишда сув қайнатади. Кейин олма гулли катта чинни чойнакка чумчуқларни босади. Туз солиб, устидан қайноқ сув қуяди. Чойнакнинг чумагига пахта тиқиб, ўчоқдаги қўрга кўмиб қўяди. Ўшанда ичганим – чумчуқшўрванинг мазаси ҳамон оғзимда.

Маҳбуба юриб кетди. Лекин битта оёғи бироз калта бўлиб, оқсаб юрадиган бўлиб қолди. Онам эса унинг тирик қолганига шукур қилди.

Ана шу онасининг бағридан бир қарич ҳам узилмаган қизалоққа мен опачаси – она ўрнида бўлиб қолдим. Дадам саҳар туриб чой қайнатади ва ўша олма гулли чойнакка чой дамлаб, чўққа кўмиб қўяди. Кейин эркалатиб мени уйғотади:

– Туйинг, буви, соат саттиз яйим бўлди, мактабга кеч қоласиз, – дейди атайлаб менга тақлид қилиб тилини яссилаб.

Ноилож ўрнимдан тураман. Укамни уйғотиб, бирга чой ичамиз. Уни холамникига ташлаб мактабга кетаман. Мактабдан келгач, уни холамникидан олиб келаман. Иккимиз кечгача ўйнаб овунамиз. Кеч кириши билан мени ваҳима босади. Ҳовлининг ҳар буржидан турли қиёфадаги ажиналар чиқаётгандек. Уйимизнинг ичига умуман қадам босолмаймиз, худди оқ кийимли онамнинг арвоҳи бордек. Тор кўча бошидаги супада дадамнинг ишдан қайтишини кутиб ўтирамиз. Дадам қоронғи тушганда келиб, овқатга уннайди. Овқат пишгунча биз ухлаб қоламиз. Дадам бошимизда ўтириб ялинади:

– Туринглар, она қизларим, овқат пишди. Ширин қизларим, катон қизларим!

Мен “она қизим” деганига тушунаман-у, “катон қизим”га тушунолмайман. Бу сўзни умр бўйи эслаб юрдим ва охири Навоийдан топдим. “Катон” сўзи туркий тилда “танноз” деган маънони билдирар экан. Дадам биз ғариб қизчаларини, “танноз қизим”, дея эркалатаркан.

Одатдагидек, кўча бошида дадамни кутиб ўтирамиз. Бир вақт олдимиздан бой қўшниларимизнинг қизлари ўтиб қолади. Уларнинг оёғида “Тоҳир-Зуҳра” кавушчалари ғарч-ғурч қилади. Биз даладан ҳориб-толиб келаётган дадамизнинг елкаларига икки ёндан осилиб:

– Бизгаям “Тоҳир-Зуҳра” кавуш оберинг, – дея хархаша бошлаймиз.

“Тоҳир-Зуҳра” кавушча қанақа, дейсизми? Тўсдек қоп-қора, ялтирайди, қарасангиз, юзингиз кўринади. Кавушчага яшил ипак билан бир-бирига қараб турган иккита қушнинг сурати тикилган. Кўзлари ва қанотларига пистон қадалган. Биз кавушча ишқида ёниб, дадамни ҳол-жонига қўймай турсак, Тилло момо чиқиб келади.

– Мунча, укажон, шу кичкина болаларнинг кўзини жавдиратиб кеч келмасангиз? Шомдан буён кўзлари йўлингизда нигорон-а?

– Нима қилай, опа? Бригадир Зайнаб очиқни биласиз-ку! Қуёш ботгунча ҳеч кимни пайкалдан чиқармайди. Этигимни судраб пиёда етиб келгунимча шу маҳал бўлди.

Зайнаб очиқ бутун туманга донғи кетган “олтмиш центнерчи” бригадирлардан. Унинг “очиқ” лақаби остида минг хил маъно бор. Бунинг устига, у аёллардан чиққан ягона бригадир.

Эртаси куни дадам ишга бормади.

– Қани, бувижонларим, туринглар, сизларга тилло кавушча олгани борамиз.

Биз бу сеҳрли сўзлардан дарров уйғондик. Ташқарида қуёш чарақлаб, бизнинг ғариб кулбамиздаги барча нарсада олтин шуълалар ярақлаб турарди. Айниқса, бу шуълалар укамнинг қора сочларида, лўппи юзларида ўзгача жилваланади. Уни бир зумда Баҳринисо холамникига ташлаб келдим. Дадам сандиқни очиб, онамдан қолган “ғижимқосим” рўмолни буклаб-буклаб менга ўратди. Ўзидан ғўзапўчоқ шаклида гул чиқариб тўқилган бу ипак рўмолнинг попуклари бўйим билан баробар.

Дадам қопни орқалаб, мен унинг тўнидан ушлаб йўлга тушдик. Ниҳоят, усти очиқ бир юк машинасига чиқдик. Мен шундоқ кабина орқасига тик туриб олдим. Шамол юзларимни силайди, рўмолимнинг узун попукларини учиради.

Мана, қадимий Марғилон. Айниқса, кўчалари ажойиб. Йўлнинг икки томонидаги дарахтларга танда боғлаб, атласни гуловорлайдилар. Аввал атласнинг ҳар бир бандини алоҳида боғлаб, “абрбанд” қилинади. Абрбанд ўзига хос турли рангга бўялгач, унинг бандларини ечиб қуритилади.

Ранго-ранг ипак тортилган дарахтлар…

Машина тезлиги туфайли атласнинг ранглари чаплашиб, йўл бўйлаб рангин нур дарёси оқаётгандек.

Мана бозор… Одамлар ғиж-ғиж. Дадам қора чопонининг пешини қайириб, белига ёстиқча қилди-да, мени орқасига кўтариб олди. Энди мен ҳаммадан баландда. Пастга қарасам, турли-туман эркак-аёл башаралар ўтмоқда. Ниҳоят, “Тоҳир-Зуҳра” кавушчага ҳам етишдик. Дадам яна алланарсалар харид қилди. Қоп тўлиб, энди менинг ўрнимга қопни орқалади. Мен йўқолиб қолишдан қўрқиб дадамнинг пешидан маҳкам ушлаб олдим. Одамлар ўрмони аро туртина-суртина юра туриб, барибир, “йўқолиб қолдим”. Рўмолимнинг узун попуклари бир жуҳуд хотиннинг тугмаларига ўралиб қолди. Қўрқувдан тошдек қотдим. У вақтларда болалар орасида “жуҳудлар одам ейди”, – деган афсона юрарди. Семиз аёл менинг қўрқиб кетганимни кўриб, мулойимгина жилмайди-да, попукни тугмасидан ажрата бошлади. Унинг бир қўлтиғида товуқ бўлгани учун анча фурсат ўтиб қолди. Унгача дадам одамлар ичига сингиб кетганди.

Мен додлаб йиғлай бошладим. Бошига катта оқ рўмол ёпинган аёл мени четроққа олиб чиқди:

– Йиғламанг, – деди у ифорли рўмолчаси билан юз-қўлларимни артиб. – Ҳо-озир дадангиз келиб қоладилар. Шу ерда мен билан кутиб туринг. Вой, айланиб кетай сиздан! Мунча ширин экан-а, бу қиз?!

Марғилонча бу хуштакаллуфдан ва нафис овоздан эсим оғиб, йиғини ҳам унутдим, юзига жавдираб қарай бошладим. У оқ рўмолининг икки четини бир қилиб тишлаб олган, фақат ўсма тортилган қошлари ва сурмали кўзларигина кўриниб турарди. Паранжи ташланганига анча вақт бўлиб, ўзбек аёллари “очиққа” чиққан бўлсалар-да, марғилонлик мастура аёллар ана шундай юзларини яшириб юрар эдилар. Ноилож юпаниб, атрофга аланглай бошладим. Аёлнинг ипак қўллари қўлимнигина эмас, бутун вужудимни ҳам илитиб турарди. Шундоқ ёнгинамда қатор ўтирган аёллар олдида ранг-баранг ипаклар ёйилган: оқ, пушти, қизил, сариқ, яшил, гулнор… демак, бу ер ипак бозори экан-да. Четроқда бир пахмоқ соқолли қоп-қора киши ўтирибди. Унинг қучоғида икки ёшлар чамасидаги озғин бола. Олдида яна бир тўрт-беш ёшлардаги шўхтой болакай. У атрофга қизиқиб қарайди. Афтидан, ўзи кўраётган бу ажойиботлардан хурсанд эди. Унинг ёнида эса мендан бироз тикроқ қизча ҳам бўлиб, унинг кўйлаги жуда узун, этаги тўнидан икки қарич чиқиб турибди. Қизил докашол рўмолини бўйнидан ўтқазиб орқасига боғлаган. Унинг юзлари ярқирайди, ияклари янги чиққан ойга ўхшаган.

Пахмоқ соқол ҳар замон-ҳар замонда:

– Ҳой, мусулмонлар, ичингизда фарзандталаблар борми? Мана бу етимларни фарзанд қилиб олинглар! – деб қўяди.

Менинг қўлимдан тутиб турган аёл ҳалиги киши билан сўзлаша бошлади. Уларнинг суҳбатидан шуни англадимки, болаларнинг онаси худди менинг онам каби ўлиб қолибди. Яна тўртта каттароқлари уйда қолибди. Ота болаларни боқолмаётган эмиш. Уларни етимхонага топширай деса, у ерда болалар бутунлай “ўрис” бўлиб кетармиш. Ота уларни фарзандталабларга бериш учун бозорга олиб келибди.

Ҳалиги ҳимоячим бўлиб турган жувон билан бир кексароқ аёл келиб кўришди, менинг кимлигимни сўради.

– Қишлоқдан келишган, шекилли, дадасини йўқотиб қўйибди. Савобгарчиликка ушлаб турибман. Бола йўқотган одам, албатта, шу ерга келади.

Кейин ёнимиздаги пахмоқ соқолнинг ҳикоясини айтиб берди. Ҳалиги аёл болаларга бир зум қараб турди-да:

– Қизчаси ширингина экан, менинг Рашидахонимга ҳам мана шунақа дастёр керак эди. Бечора нақ ўн уч йил деганда ўғил кўрди. Уни боқишга ёлғизқўллик қилиб қийналяпти. Ҳеч бўлмаса, чақалоқнинг йўргакларини ювса қандай, супур-сидир қилса қандай! Болага пул-мул ҳам бериш керакмикан? – паст овозда сўради аёл. Уларнинг суҳбатини жон қулоғини тикиб тинглаётган пахмоқ соқол:

– Йўқ-йўқ! Етимчанинг бошини силасангиз бўлди, – дея гапга қўшилди. – Ҳа энди, бирор қоп унга етгулик пул берсангиз ҳам бўлади, аҳволларини кўриб турибсиз, – деди яна пастроқ овозда. Отангнинг боғу чорбоғи билан қолгунча, онангнинг пилта-савати билан қол, деганлари шу-да! Агар онаси тирик бўлганда, ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам тишида тишлаб юриб боқарди буларни.

– Ҳа, нимасини айтасиз, “оналик гул етим, оталик шум етим”, дейдилар-ку! – деди махсисининг қўнжидан анчагина пул олган аёл. Бир қисмини санаб, пахмоқ соқолга узатди. У “Қўйинг, қўйинг…” деб бироз тисарилиб турди-да, барибир, қўлини пулга узатди.

Ҳалиги аёл юзлари ярқираган, ияклари янги чиққан ойга ўхшаш қизчани етаклаб кета бошлади. Қизча орқасига қараб-қараб бироз юрди-да, шартта тўхтаб қолди. Холанинг қўлидан чиқиб орқасига қайтди. Олдин опачасини қайга кетаётганини билолмай турган шўхтой болани қучоқлади. Кейин ўтириб, пахмоқ соқолнинг қучоғидаги озғин болани ўпди. Юзини юзига қўйиб бир зум туриб қолди. Бола ижирғаниб йиғлади. У ўрнидан турди-да, пахмоқ соқолга термилиб қолди. У ўтирган кўйи қўлини узатиб, қизчанинг пешонасини силади-да, алланималар деб дуо қилди. Ҳалиги аёл қизчани етаклаб одамлар ичида йўқолди. Менинг чиройли аячам ифорли рўмолчаси билан кўзларини артаркан, аллақандай ғазалми, маталми, айтиб қолди.

Ўлимнинг элчиси келди,

Қочайлик боғу бўстонга.

Қочган билан қутулмайсан,

Томоша қил гўристонга.

Менинг назаримда, пахмоқ соқол “дада” эмас, онам айтиб берган эртаклардаги дев эди. Бирдан мени ваҳима босди: дадам ҳам укам иккимизни сотиб юборса-я! Яна ҳиқиллаб йиғлай бошладим. Шундай йиғладимки, ҳатто нафасим чиқмай қолди. Чиройли аячам яна мени айланиб-ўргилиб юпата бошлади:

– Анаву одамларга қараб туринг, агар йиғлайверсангиз, дадангиз ўтиб қолса, кўрмай қоласиз.

Мен дадамни кутишдан бошқа иложим йўқлигини тушундим ва умидвор бўлиб, ғужғон ўйнаётган одамларга қарай бошладим. Шу пайт қоп орқалаган дадамнинг юзи кўринди.

– Да-да-а-а! – чинқириб юбордим мен. У қопни ташлаб юбориб, мени бағрига босди. Кўзёшидан ҳўл бўлган соқоллари юзимга тегди. Дадам мени қоп устига ўтқазиб яна орқалаб олди. Менга дадамнинг елкасига чиқишимга ёрдамлашган чиройли аячам орқамиздан хиноли бармоқларини силкитиб қолди. Унинг сурмали кўзлари қалбим тубига мангу муҳрланди.

Яна ҳаммадан баланддаман. Пастда эса турли-туман, эркак-аёл башаралар оқмоқда. Хотирамнинг олис бурчакларида эса ҳамон юзлари ярқираган, ияклари янги чиққан ойга ўхшаш қизчанинг тақдири ҳақидаги ўйлар симиллаб қалбимни оғритиб туради.

 

“Янги она” ҳикояти

Бир куни уйимизга бир қанча аёллар йиғилишди, турли-туман ош-овқатлар пиширишди. Шом пайти яна бир тўп меҳмонлар келишди. Онам ўлгач, гўристондек ҳувуллаб қолган уйимиз яна гавжум бўлиб қолгани мени қувонтирди.

– Онанг келди, – деди кимдир менга шипшиб.

– Тирилибдими?

– Ҳа, тирилибди.

Мен уйга отилдим. Бир уй хотинлар орасида, бурчакда бир аёл катта рўмол ёпиниб ўтирар, укам Маҳбуба эса унинг қучоғида, мунчоқ кўзлари севинчдан чарақлаб турарди. Аёлнинг юзлари худди онамникидек нурли, бўйи бастлари ҳам худди онамдек. Фақат овози бошқача, қандайдир хирқироқми-ей. Унинг исми ҳам бошқача, Сарвинисо экан.

– Тирилиб келдингизми?! – дедим елкаларига осилиб. Чунки онам айтган эртакларида ўлганлар ҳам тирилганини бир неча марта эшитган эдим.

– Ҳа, тирилиб келдим.

– Нега исмингиз Исторахон эмас?

– Менга фаришталар бошқа исм қўйдилар.

Биз онамизнинг исмини ўзгартирган фаришталардан бироз хафа бўлдик. Мен ҳам, синглим ҳам онамиз тирилиб келганига қаттиқ ишондик. Фақат Турғун акам ишонмади. Уни Турсун акам тўй куни онамнинг қабри устидан топиб келибди.

Янги онам келиб, уйимиз чароғон бўлиб кетди. Ош-овқатларимиз пишириғлиқ, ўрин-жойимиз тўшалган. Онам кийимларимизни ювиб, сочларимизни ўриб, қўшниларнинг айтишича, “гулдек қиз” қилиб қўйибди. У бирор ёққа борса, бизни ҳам етаклаб олиб кетарди. Файзиободга етгунча онамизнинг икки ёнида сакраб, йўл четидаги ёввойи гуллардан териб, яйраб кетардик. Сарвинисо онамиз икки марта турмушга чиққан, туққан фарзандлари турмаган экан. У сира бизни сўкиб-силтамас, қушдек эркин эдик. Яна “Жамила життак”, “Райҳон пучуқ” каби ўйинларимизни бошлаб юбордик.

Янаги йилга Сарвинисо онамиз чақалоқ туғди. Бизга ҳамроҳ бўлсин, дея унга “Ҳамрохон” дея исм қўйдилар. Дадам уни жуда кичкиналиги учун “Ҳамроча” деб суярди. Лекин бу севинчларим ҳам узоқ давом этмади. Мени Баҳринисо холам уйига олиб кетди. Онам ўлаётиб: “Мақсудани сизга топширдим”, – дея васият қилган эмиш.

Баҳринисо холам чиройли, боғчали ҳовлида, нақшинкор уйда бир ўзи турарди. Ўғли Мирзаомон ака шаҳарда ошпазлик қилади. Хотин-болаларини ҳам у ерга олиб кетган. Нега онамнинг васияти у ўлгач, икки йилдан сўнг холамнинг эсига тушиб қолди? Чунки мен бу вақтда учинчи синфга ўтиб, анча дастёр бўлиб қолган эдим.

Кичкина, бежирим дарвозаси олдида бир туп оқ ўрик бор. Дарвозадан то айвонга етгунча кичкина йўлакча. Йўлакчанинг икки томонига райҳону жамбиллар экилган. Ора-сира қип-қизил хино гуллари чўғдек товланади. Йўлакчадан ўтган одамнинг этакларига гулу райҳонлар суйкалиб, орқангиздан тебраниб қолади. Бир уй ва даҳлиздан иборат, олди айвонли баланд иморатнинг барча хари ва вассаларига ранг-баранг нақшлар солинган. Ажойиб қайрилма қошга ўхшаш токчаларга турли-туман биллур ва чинни идишлар терилган. Холам доимо ҳовлини ёғ тушса ялагудек қилиб ярақлатиб ўтиради. Айвоннинг олди узумзор. Ҳовлининг ўртасидан кичикроқ ариқ ўтган. Айвондан тушиб, узумзор ўртасидаги йўлакчадан борсангиз, ариқча лабидаги супачага борасиз. Шу ерда ариқчага кўндаланг қилиб тахтача қоқилган. Тахтача устидан шаффоф сувлар ойнадек ярқираган шовва ҳосил қилиб оқади. Шовванинг сувига қўлимни тутсам, “ойна” синади, қўлимни олсам, яна ўша ойна пайдо бўлади. Мен бу ариқча бўйида ярқироқ сувларга маҳлиё бўлиб узоқ қолиб кетар ва холамдан дашном эшитардим. Ариқнинг ҳар икки томонида ним пушти, тукли шафтолилар пишади. Куз келганда эса нақ чиннидек келадиган олтин тусли беҳилар сувга қараб эгилади. Мевалар қаторига экилган жаннат бўйларини таратгувчи қизил гулларнинг сояси зилол сувлар соясида афсонавий бир чаман пайдо қилган.

Ана шу чиройли ҳовлида мени каттакон бабоқ хўроз кутиб олди. Эгнимдаги қизил кўйлагимни кўрибоқ, менга ташланди. Уришқоқ хўрозлар қизил матони кўрса, қонни қўмсаб, ғазабланар экан. У учиб келиб, икки оёғи билан кўксимга бир тепган эди, райҳонлар ичига йиқилдим. Хўроз устимга чиқиб олиб, юзу кўзларимни чўқий бошлади. Холам тинмай ҳой-ҳойлаб хўрозни урар, у парво ҳам қилмай, мени чўқилашда давом этарди. Оппоқ булутлар ўрлаган мовий осмон остида, гулзор бир ҳовлида хўрознинг мен билан жанги қанча давом этди, билмадим, кичкина дарвозадан дадам ҳаллослаб кириб келди. У аҳволни кўрди-ю, шартта ёнидаги жанақуш пичоғини чиқариб, хўрозни ушлади-да, калласини узиб отиб юборди. Калласиз хўроз худди тирикдай елпиғич қанотларини ёзиб, йўлакча бўйлаб бироз учиб борди-да, сабзипояга бориб тушди. Дадам мени кўтариб, ариқча бўйига олиб борди. Юз-кўзларимни ювди. Холам хўроз чўқиган ерларимга қозонкуя босди.

Дадам холам билан узоқ тортишди.

– Менинг шу гўдаклардан бошқа садарайҳоним бормиди, опа? Оқмозорга оқ чироқ, кўкмозорга кўкчироқ ёқиб буларни зўрға топганман.

Холам эса:

– Истора менга васият қилган. Мақсуда – сизга, деган. Унинг арвоҳини чирқиллатманг! Ўшанда раисдан қўрқиб Куйган ёрга кетмаганингизда, у ўлмас эди! – дея бобиллаб, дадамга сўз бермади.

Ниҳоят, дадам нимани ўйлади, билмадим, рози бўлди. Кетаётиб мени кўтариб ўпди-да:

– Уйимизга тез-тез бориб туринг, бувим, – деди. Дадам мени ҳам укамни ҳам “бувим” деб суярди.

– Нега бизни қизим демай, “бувим” дейсиз? – деб сўрасам,

– Мен онам тирик бўлса-да, унинг меҳрига тўя олмаганман, – дер эди у.

Дадам кетгач, Баҳринисо холам мени умуман уйимизга юбормади. Укаларимни соғиниб, уйимизга бораман, десам, холам мени қўрқитди:

– Сен у ерга борма. Даданг сени Ориф девонанинг онасига қиз қилиб берар эмиш.

Мен даҳшатга тушдим. Сочлари елкасига тушган мажнуннамо девона йигитни кўча-кўйда кўриб қолсам ҳам қўрқардим. Онамнинг қабрига Мастура опам олиб борганда, кичкинароқ қабр устида “Яхшисини олиб, ёмонини қўясанми, Худо?” – дея шаккоклик билан йиғлаётган аёлни кўргандим. Унинг ақлли ва чиройли қизи уч кун қорни оғриб ўлибди. Холамнинг айтишича, мени ўша ўлган қизнинг ўрнига қиз қилиб берармишлар. Гўдак бўлмасам, шу гапга ишонаманми, шундай меҳрибон дадамни йиғлатаманми? Шу воқеани эсласам, ҳали-ҳали дилим қонайди.

Дадам даладан вақтли қайтиб, атайлаб мени кўргани келибди. Дарвоза олдида турган эдим. Мени қучоқлаб кўтариб олди-да:

– Нега бизникига бормаяпсиз, бувим? – деди.

– Сиз мени Ориф девонанинг онасига қиз қилиб бериб юборар эмишсиз-ку!

– Сизга бу гапни ким айтди?

– Холам, – деб жавоб бердим.

Дадамнинг кўзларидан ёш қуйилиб, соқолларидан силқий бошлади. Мени етаклаб холамнинг олдига олиб кирди. Роса бақир-чақир қилишди. Лекин дадам мени олиб кетмади. Бу вақтда холам қаттиқ бетоб бўлиб қолганди. Дадам жуда инсофли-иймонли киши эди. Холамни бетоб ҳолида ёлғиз қолдиришга виждони йўл қўймади.

…Олти ой ўтгач, холам эллик уч ёшида оламдан ўтди.

Рўза чиққач, тезда биринчи ҳайит келди. Лекин мени иккинчи ҳайитгача ҳам олиб қолдилар.

Бир кун чархпалак ёнида катта пақирга сув тўлдираётган эдим, дадам келиб қолди. Сув ташийвериб уст-бошим шалаббо эди.

– Қизим, шунча сувни нима қиласан?

– Бочкага қуяман.

– Қани ўша бочка?

– Ана!

Дадам мўйлабини тортқилай бошлади. У, одатда, асабийлашса шундай қилар эди.

– Ҳаҳ, аттанг! Мен мактаби тугаса келади, ўқитувчиси жавоб бермапти, дейишса, ишониб юраверибман-а! Йиғиштир нарсаларингни!

Ниҳоят, 1962 йилнинг баҳорида 4-синфнинг охирги чорагида ўзимнинг мактабимга қатнай бошладим. Қандай яхши! Ўзимнинг қишлоғим, ўзимнинг кўчаларим, ўзимнинг уйим, ўзимнинг мактабим, ўзимнинг синфим, ўзимнинг синфдошларим, ўзимнинг ўқитувчиларим, ўзимнинг сарвиқомат теракларим, ўзимнинг бадбуриш толларим, ўзимнинг бўтана сувлар оққувчи анҳорим…

Инсоннинг ҳаёти тўкис бўлиши учун Ватан керак, Ватанжон керак! Мен бу ҳақиқатни тўққиз ёшимдаёқ англаб етганман.

 

Мақсуда ЭРГАШЕВА

 

“Шарқ юлдузи”, 2014–4

https://saviya.uz/ijod/nasr/alanga/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x