Улкан денгизни ёдга солиб юборадиган мовий кўл йилдан-йилга эни ва бўйига кенгайиб боряпти. Шу сабаб кўпчилик уни “Оролнинг укаси” ҳам дейди. Илгаридан бир-биридан унча узоқ бўлмаган Арнасой, Тузкон ва Айдар кўллари мавжуд. 1969 йили қиш ниҳоятда серёғин бўлиб, баҳорда қўшни Қозоғистоннинг Чордара сув омборига Сирдарёдан қуйиладиган обиҳаёт кўпайиб, уни тоширган ва сувнинг йигирма беш минг кубометрдан зиёдроғи Арнасой кўлига оқизиб қўйилган. Табиийки, бунча сув атиги ўн минг гектардан сал зиёд ҳудуддаги кичик кўлга сиғмай, уни кенгайтириб, Айдаркўл билан бирлаштирган. Айнан ўша йили Айдаркўл ўрнидаги бутун-бутун овуллар, қўра-қўтон ва қўй, йилқи уюрлари сув остида қолиб кетди.
Айдаркўлда сув лиммо-лим бўлиб, қирғоқларидан тошай деб турарди. У орқали Чордарадан оққан сув бу кўлни ҳам тошириб, Тузкон кўли билан бирлаштирган. Шу тариқа учта кўл ягона Арнасой тизимига айланган. Бугунги кунда икки юз ўттиз минг гектар майдонни эгаллаган кўлга дренаж ва зовурларнинг оқова сувлари ҳамда Оқбулоқ ва Қили ариқларининг зах сувлари ҳам келиб қўшилади.
Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, бир маҳаллар жуда машҳур бўлган қадимги тузкон тор бўғоз Айдаркўл билан қўшилганини билиб оламиз. Аслида мазкур Тузкон Жиззах вилоятидан 50-60 чақирим шимоли-ғарбда, Нурота тоғ тизмаларининг бир тармоғи – Писталитоғдан беш-ўн чақирим шарқда жойлашган. Узунлиги йигирма етти, эни ўн уч чақиримга чўзилган кўл воҳани туз билан таъминлаб турган. Икки юз минг пуд туз Бухоро амирлигига сотилган. Тузли тоза балчиқлар соғлиқ учун фойдали бўлган. Маҳаллий халқ ундан даво топган. Буни қаранг, бугунги кунда ҳам Сирдарёдан обиҳаёт олиб турадиган Чордара сув омбори вақти-вақти билан ўз сувларидан Айдаркўлни ҳам баҳраманд этиб турар экан. Табиий қудратдан яралган кўлнинг қулочи тобора кенгайиб, сатҳи, узоқ-узоқларга қадар чўзилиб бормоқда. Бир учи Жиззахнинг Арнасойи ҳудудидан бошланса, иккинчи бир учи қўшни Навоий вилоятининг Нурота, Конимех туманларининг поёни йўқ яйловларига қадар бориб етади.
Айдаркўл қирғоғида туриб қуёшнинг заррин нурларининг ялтираб, кўзни олаётганига узоқ тикилишни ёқтираман. Катта сувлик инсонга улкан куч бағишлайди. Сув бироз шўр, тахир. Шунинг учун бу сув экин-тикинга ярамайди. Улкан кўл устида балиқлар ирғишлаб сакраши, қушлар чуғур-чуғур этиб осмону фалакда чарх уриши кишига бир олам завқ-шавқ улашади. Руҳиятингиз осойишта тортиб, асабларингиз дам олади. Ҳатто, бир гал қирғоқдаги қумлоқда она жайрон болаларини қаторлаштириб эргаштириб юрганига ҳам гувоҳ бўлганман. Бўри, тулки, шоқол, бургут, турна, лайлак, тасқара сингари ҳайвону қушлар ўз насибасини, ризқини топиб ейди. Айдаркўл кўпдан-кўп жониворларни боқади, қорнини тўйғизади.
Кўлнинг ичкарисидаги оролчалар, қамишзор ва тўқайзорларда тўнғиз, қуён, бўрсиқ каби ҳайвонлар, қирғовул, каптар, ўрдак, лойхўрак сингари ноёб паррандалар кўп учрайди. Сув спорти, қармоқда балиқ овлаш, туяда сайр қилиш, кўп каютали катер, бир неча моторли қайиқда сузиш, қумга кўмилиб даволаниш истагида юрган маҳаллий ва хорижий сайёҳлар у ердан аримайди.
Кўлда табиий қора балчиқ сероб. Ундан ўтган аср бошларида боболаримиз расамади билан фойдаланиб келган экан. Боболар удумига содиқ қолган бир неча сиҳатгоҳлар ҳам бугунги кунда кўлдан олинаётган ана шу қора балчиқ ёрдамида беморларни даволаяпти.
Хуллас, Айдар – Арнасой кўллар тизими жойлашган ҳудудларда бўлиб, унинг бир ёни кўл, бир ёни чўлга туташиб кетган сўлим ва ораста масканларини кезсангиз, кўнглингиз равшан тортади.
Улуғбек Жумаев
https://saviya.uz/turfa-olam/aydarkol-qizilqum-dengizi/