Италия кино санъати ҳақида сўз кетар экан, албатта, биринчи ўринда неореализм оқими, Федерико Феллини кўз ўнгимизда гавдаланади. Ундан кейин эса беихтиёр хаёлимиз Италия кинокомедияси томон кетади. Йигирманчи асрнинг 60-90 йилларида итальян комедиялари бутун дунё бўйлаб томошабинларни қизиқтириб қўйди десак, муболаға бўлмайди. “Фириб”, “Қийиқнинг қуйилиши” ва “Девона ошиқ” каби комедия жанрига мансуб фильмларни қайта-қайта кўриб, завқланмаган томошабин топилмаса керак. Ушбу фильмлар ўзига хос услуб ярата олиб, мухлислар қалбидан жой олган биргина актёр образи орқали ёдда қолган.
Италия мусиқа ва кино санъатининг ёрқин намояндаси Адриано Челентано 1938 йили 6 январь куни Италиянинг Милан шаҳрида камбағал оилада дунёга келади. Юлдузларнинг ҳазилими ёки инъомими бу кун Италияда ҳазил ва ўйинлар байрами сифатида нишонланади. Ёшлигидан хушчақчақ ва шу билан бирга ўта масъулиятли Адриано 12 ёшида оиланинг молиявий қийинчилиги сабабли соатсозга шогирд тушиб, устахонада ишлай бошлайди. Аммо санъатга қизиқиши табиатида акс этаверади. У ўша йиллари машҳур бўлган америкалик комик Жерри Льюисга тақлид қилиб, ён-атрофдагиларни кулдиришга муваффақ бўлади. Укасининг иқтидорини кузатиб юрган Адрианонинг катта опаси укасини тақлид маҳалида расмга олдириб, ўхшаш қиёфалар кўригига юборади. У кўрикда биринчи ўринни эгаллаб, юз минг лира пул мукофоти билан тақдирланади.
Опасининг уриниши зоя кетмайди. Ўсмир ёшдаги Адриано ўзининг қизиқишига ўйиндек эмас, балки жиддий ёндашиши кераклилигини тушуниб етади. Биргина мукофот туфайли ўзига ишончи ортган йигитча “Rock Boys” рок гуруҳига қўшилади ва ўзи яратган мусиқий композицияларини ижро эта бошлайди. 1957 йили Адрианонинг ижодий фаолиятида кескин бурилиш содир бўлади. Миланда ўтказилган “Биринчи Италия рок-н-ролл фестивали”да “Rock Boys” гуруҳи билан иштирок этиб, барча қатнашувчи гуруҳлардан фарқли ўлароқ, инглиз тилида эмас, она тилида “Ciao ti dirо” (Мен сенга “чао” дейман) қўшиғини ижро этади. Ёш ижодкорнинг бу жасорати эътиборсиз қолмайди. Адриано гуруҳи билан ушбу фестивалда биринчи ўринни қўлга киритади.
Адриано Челентано санъатга кириб келар экан, у нафақат ўз иқтидори, балки ватанпарварлик хислатлари билан ҳам ажралиб турарди. У хориж санъаткорларига тақлид қилгани билан ижодда ўз она тилини устун қўяр ва ўзига хос услуб яратишга ҳаракат қиларди. Бу эса итальян халқига хуш ёқар ва хориж мамлакатларида қизиқиш уйғотарди.
1966 йилда Сан-Ремодаги мусиқа фестивалида Адриано Челентано томонидан ижро этган “Глюклик йигит” номли қўшиғи мактаб дарсликларига киритилиб, ўқувчиларни табиатни асрашга чорлов вазифасини бажаришда хизмат қилиб келди. Сиёсий-ижтимоий мазмундаги бу қўшиқ оддий бир миланлик йигит ҳақида бўлиб, бутун дунё бўйлаб янгради. Адрианонинг ушбу қўшиғи дунёнинг йигирма икки тилига таржима қилиниб, одамларнинг атроф-муҳитга бўлган муносабатини ижобий томонга ўзгартиришга муваффақ бўлди.
Адриано Челентано дунёда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бефарқ бўлмаган санъаткор сифатида ўз юртида ва хориж мамлакатларида танила бошлайди. У мусиқа санъатидан ташқари, кино санъатида ҳам ўз маҳоратини намоён этади. У илк бор кадрда “Қутурганлар” (1958) номли америка бадиий фильмида қўшиқ ижро этиб гавдаланади. 1959 йилда экранга чиққан “Мусиқа автомати ва болалар” номли фильмидаги ижроси унга кино оламида омад келтиради. У ҳатто, Федерико Феллинининг “Ширин ҳаёт” фильмида ҳам рок қўшиқчиси ролини ижро этишга мушарраф бўлади.
1969 йилга қадар кичик ролларни ижро қилиб келган Адрианога режиссёр Пьетро Жеримининг “Серафино” номли фильми оламшумул машҳурлик келтиради. Унда яратган образи учун Италиянинг “Энг яхши эркак роли дебюти” соврини билан тақдирланади. “Серофина” фильми режиссёри Адриано Челентанонинг маҳорати ҳақида гапирар экан, шундай деган эди: “У яратган образ халқ комедияси қаҳрамони билан ҳамоҳанг бўлиб, бир вақтнинг ўзида ҳам содда ва доно, ҳам очиқкўнгил ва муғомбирдир. У тасвирга олиш майдончасида шунчалик ишонч билан ишлайдики, кино санъати ва саноатини ҳар томонлама ўрганишга ҳаракат қилади. Назаримда, у яқин орада ўзи режиссёрлик фаолиятини бошлайди.” Кўп ўтмай, бу гаплар ўз тасдиғини топади. У режиссёр сифатида “Миландаги супер ўғрилик” (1965), “Юппи-ду” (1975), “Телба Жеппо” (1978) ва “Жуан Луй” (1985) номли фильмларни суратга олади. Аммо уларнинг барчаси унга режиссёрлик соҳасида муваффақият келтирди, деб бўлмайди.
Улкан иқтидор эгаси Адриано Челентано ижодий фаолияти давомида олти юзга яқин қўшиқ куйлаб, қирқдан ортиқ фильмларда роль ижро этди. Унинг меҳнати бир қанча Италия ҳамда халқаро танловларда юқори даражада тақдирланди. Йиллар ўтса-да, у томондан роль ижро этилган фильмлар ойнаижаҳондан тушмай келмоқда.
Шу ўринда “Фириб” фильмида яратган роли ҳақида тўхталиб ўтсак. Ушбу фильм режиссёр Сержо Корбуччи томонида 1976 йилда суратга олинган бўлиб, фирибгарлар тўғрисида ҳикоя қилади. Унга машҳур актёрлар Энтони Куинн, Коринн Клери ва Адриано Челентано жалб қилинганлиги фильм томошабинларнинг энг севимли кино асарларидан бирига айланишига сабаб бўлди. “Фириб” фильмида Адриано фирибгарлардан бирининг образини гавдалантирган бўлиб, у экранда талқин қилиниб келган ўғри образларидан буткул фарқ қилади. Унинг қаҳрамони ҳарчанд ўзини айёр, уддабурон қилиб тутишга уринмасин, барибир кўнглидаги соддалик, меҳр-оқибатлилик панд бериб қолаверади. Режиссёр томонидан томошабинларга етказмоқчи бўлган мушкул вазиятга тушиб қолган, ёзилмаган қонунлар туфайли яхши ҳаёт учун ўз билганича курашмоқчи бўлаётган инсоннинг қиёфаси актёрнинг қойилмақом ижроси орқали очиб берилган. Актёр ўзига хос пластикаси орқали ёрқин характер яратиб бера олган. Адриано Челентанонинг ҳаракати, юриш-туришидаги ўзига хослик томошабин диққатини тортади ва шу билан бирга ўчмас таассурот қолдиради. Актёрнинг пластикасидаги топилмаси меъдага тегмас ва ғашни келтирмаслиги билан эътиборга молик. Чунки бундай вазиятларда олтин меъёрни топиш катта маҳорат талаб этади. Томошабинни кулдираман деб ғашига тегиш ҳолатлари комик актёрлар ижросида кўп учрайди. Аммо Адриано Челентано бундан истисно дейиш мумкин.
Адриано “Фириб” фильмидаги роли учун “Энг яхши актёр” номинациясида Италиянинг Миллий кино соврини “Давид ди Донателло” билан мукофатланади.
Итальян актёрининг бутун дунёда миллионлаб мухлис орттиришига “Қийиқнинг қуйилиши” фильмида ижро этган роли сабаб бўлди дейиш мумкин. Ушбу фильм итальялик режиссёрлар Кастеллано ва Пипололар томонидан 1980 йилда тасвирга олинган. “Қийиқнинг қуйилиши” фильми У.Шекспирнинг “Қийиқ қизнинг қуйилиши” пьесасининг ўзига хос талқини бўлиб, унда гап йигитнинг қуйилиши ҳақида кетади.
Адриано бу асарда ўжар, қўпол, хушмуомалаликдан йироқ бир йигит образини яратган. Аммо автомобиль носозлиги сабабли тасодифан уйига келиб қолган соҳибжамол йигитнинг ҳаётини ўзгартиришга муваффақ бўлади. Гўзал қиз образини италиялик актриса Орнелла Мути талқин қилган. Ушбу комедия тўғрисида матбуотларда қуйидагича фикр билдирилган эди: “Челентанонинг қаҳрамони баджаҳл, аёлларни ёмон кўрадиган, чидаб бўлмас феъли билан машҳур. Орнелла Мути ижросидаги соҳибжамол Лиза бу йигитнинг феълига қизиқиб қолади. Йигитнинг уйига келиб қолиб, ўзининг мустаҳкам ирода соҳиби эканлигини исботлаб, унинг қалбини забт этади.”
“Қийиқнинг қуйилиши” комедиясида Челентано томонидан талқин қилинган образ шуниси билан эътиборлики, жаҳлдор, аёл зотидан нафратланувчи, қўпол йигит, аслида, кўнгли нозик ва соддалиги туфайли юрагини жароҳатлардан сақлаш мақсадида ўзини “бадфеъллик” девори билан ўраб олган шахс қиёфасини усталик билан гавдалантирган. Актёрнинг қўпол ҳаракатлари унинг беғубор нигоҳлари билан ҳамоҳанг тарзда амалга оширилгани томошабинга қаҳрамоннинг ички дунёсини намоён қилиб туради. Натижада, бу бадфеъл йигит томошабинда нафрат уйғотиш ўрнига илиқ муносабат шакллантиради. Актёрнинг истеъдоди унинг хатти-ҳаракатлари ва айниқса, кўз қарашлари сохта эмаслигида ва болаларга хос соддадилликни ифода эта олишида намоён бўлади.
Адриано Челентано мусиқа санъати оламида, кино дунёсида, телевидениеда ҳамда дунё ва ўз юртининг ижтимоий ҳаётида, хайрия ишларида фаол қатнашди. У нафақат иқтидорли санъаткор, балки атроф-муҳитда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бефарқ бўлмаган инсондир. Жорий йил январь ойида серқирра ижодкорнинг 80 йиллиги Италия ва бошқа мамлакатларда кенг нишонланди. Адриано Челентано ҳозирда кексайиб қолганлигига қарамай, ижодини фаол давом эттирмоқда.
Нодира ҚОсимова
тайёрлади.
2018/1
Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
https://jahonadabiyoti.uz/2018/04/17/%d0%b0%d0%b4%d1%80%d0%b8%d0%b0%d0%bd%d0%be-%d1%87%d0%b5%d0%bb%d0%b5%d0%bd%d1%82%d0%b0%d0%bd%d0%be/