DO`STLARGA ULASHING:
Ҳайитметов Абдуқодир Ҳожиметович (1926.27.5, Данғара тумани Қиёлиқум қишлоғи — 2005.7.5, Тошкент) — адабиётшунос олим. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1978), филология фанлари доктори (1965), профессор (1970).
Ўрта Осиё университетининг шарқшунослик факултетини тугатган (1949). Ўзбекистан Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтида кичик (1953-57), катта илмий ходим (1957—67), директорнинг илмий ишлар бўйича ўринбосари ва бўлим мудири (1967—70; 1971—98), илмий маслаҳатчи (1998—2003), етакчи илмий ходим (2003 йилдан) бўлиб ишлаган.
Абдуқодир Ҳайитметовнинг адабий-илмий фаолияти 50-йилларда ҳикоя ва мақолалар ёзиш билан бошланган. Кейинчалик у фақат илмий тадқиқот ишлари билан шуғулланган ва унинг илмий фаолияти, асосан, буюк ўзбек шоири Алишер Навоий ижодини ўрганишга бағишланган. Абдуқодир Ҳайитметов «Алишер Навоийнинг адабий-танқидий қарашлари» (1959), «Навоий лирикаси» (1961), «Навоийнинг ижодий методи» (1963), «Шарқ адабиётининг ижодий методи тарихидан», «Навоий даҳоси» (1970), «Ҳаётбахш чашма» (1974), «Навоийхонлик суҳбатлари» (1993) каби асарлари билан навоийшунослик фанини янги босқичга кўтарган.
У 500 га яқин илмий мақолалар, монография ва рисолалар эълон қилди, «Ўзбек мумтоз адабиёти тарихи»нинг академик нашрини тайёрлашда раҳбар ва ҳаммуаллиф сифатида жонбозлик кўрсатди, улуғ аждодларимиз ҳақидаги «Алишер Навоий», «Абу Райҳон Беруний» каби ҳужжатли филмларни яратишда фаол иштирок этди.
Абдуқодир Ҳайитметов ёш олимларнинг меҳрибон устози, яқин маслаҳатгўйи эди. Унинг раҳбарлигида 30 га яқин докторлик ва номзодлик диссертациялари ҳимоя қилинди.
Абдуқодир Ҳайитметов илмий фаолиятининг муҳим қисмини ўзбек мумтоз адабиёти тарихини яратиш билан боғлиқ ишлар ташкил этади. Унинг илмий раҳбарлиги ва бевосита иштирокида ўзбек тилида 5 жилдли (1977—80), рус тилида 2 жилдли (1991-92) «Ўзбек адабиёти тарихи» яратилган. Бундан ташқари, олим 4 жилдли «Ўзбек адабиёти» мажмуаси, 3 жилдли «Ўзбек поэзияси антологияси», Алишер Навоийнинг 15 ва 20 жилдли асарлар тўпламларини тузишда фаол иштирок этган. Навоийнинг «Ҳайрат ул-аброр» ҳамда «Фарҳод ва Ширин» достонларининг насрий вариантларини тайёрлаб нашр этган.
Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1967, 1992). «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирланган (2003).