Абдилдажан Акматалиев, академик (Қирғизистон) Чингиз Айтматов ижодида инсон ва космос муносабатлари

Бир вақтлар қирғиз шоири Жўмарт Бўканбоев: “Шундай вақт келадики, қирғиз адабиёти юрт ҳудудидан чиқиб, Европа бўйлаб, дунё бўйлаб қадам ташлайди, дунё адабиётининг кичик бўлса ҳам, муносиб бир таркибий қисми бўлиб қолади”, деган, шунга ишонган эди. Кўриб турибмизки, у ҳақ бўлиб чиқди. Лекин ўша пайтларда бу шеър муаллифининг орзу-умидларини кўплар шоирнинг шунчаки хаёли деб ўйлаганлари аниқ. Орадан бор-йўғи бир неча йил ўтди ва шоирнинг орзулари Чингиз Айтматов мисолида рўёбга чиқди. Қирғиз адабиёти адабий Олимп сари шиддат билан кўтарила бошлади. Ҳаққоний, аччиқ ва айни пайтда, некбин бадиий сўз қитъалар оша турли тилли китобхонлар юрагида акс-садо топди. Айтматовдек истеъдод эгасини тарбиялаб вояга етказган халқ бахтиёрдир.
Улуғ замондошимизнинг “Кассандра тамғаси” романини мутолаа қилар эканман, қадим замонлардан бери тириклик ва ўлим, инсон ва жамият тўғрисида айтилиб келинаётган халқ донишмандлиги намуналарини эсладим. Уларнинг кўпи ёзувчи асарлари бағрига сингиб кетган. Адиб ҳаётнинг мураккаб қирралари хусусида фикр юритар экан, бир мамлакат ёки бир миллат миқёсида эмас, жамики олам, Инсоният ва Космик фазо миқёсида, улар ўртасидаги муносабатларнинг тадрижий эволюцияси ва тақдири хусусида тафаккур қилади. Ҳадсиз фазодан туриб, Ер юзида умргузаронлик қилаётган миллат ва элатларнинг фавқулодда юз бериши мумкин бўлган экстремал ҳолатларда ўзини қандай тутишларини кузатади. Космос муаллиф учун чек-чегараси йўқ бўшлиқ бўлибгина қолмай, айни пайтда Инсон руҳининг беқиёс бойлиги ҳамдир. Сир-синоатли само Айтматов учун вақт ва кенглик тушунчаларидан холи бўлган дунё эмас, у энг аввало инсон ақл-заковати юксалиши мумкин бўлган мангу пурвиқор чўққи.
Айтматовни файласуф ёзувчи сифатида инсоннинг ўзлигини идрок этиши жараёни, унинг туб моҳияти, жамиятни тараққий эттириш қонунлари ва тафаккур тадрижи, инсон ҳаётида генетикага оид назария­ларнинг аҳамияти, инсон психологиясига биокимёвий ва мутаген методлар ҳамда мендализм ва дарвинизм концепцияларининг таъсири, эмбрионнинг она қорнида ривожланиши, бу ривожланишнинг социал-психологик, фалсафий-ахлоқий ва маънавий-эстетик аҳамияти масалалари қизиқтиради.
Кассандра тамғаси – эмбрионнинг туғилишдан, бу дунёга қадам қўйишдан бош тортиши натижасидир. У ўзининг бу қарорини ошкора қилади. Бу тамға инсониятнинг келажаги қандай бўлишидан огоҳ этиши мумкин. Борди-ю у туғилса, унинг ердаги ҳаёти ўзига эмас, биосфера ва геосферага боғлиқ бўлади. Бу огоҳликка бепарво бўлиш Инсон ва Космик фазо тақдирига, демакки, бутун олам тақдирига бепарво бўлиш демакдир. Бу тўғрида адибнинг ўзи ўзбек олими О.Файзуллаев билан суҳбатида шундай дейди: “Одамзотга берилган эзгулик ва ёзузлик энергиясини ҳеч ким ўзгартира олмайди. Уларда тенглик миқдори мавжуд. Лекин, муҳими шундаки, инсонга энергиядан ташқари ақл-фаросат, ўйлаш ва хулоса чиқариш имтиёзи берилган. Бу имтиёз туганмас абадийлик характерига эга. Агар инсон омон қолишни истаса, тамаддун чўққиларини эгалламоқчи бўлса, у ўзидаги ёвузлик устидан ғалаба қозониши керак. Бу – бизнинг инсон сифатидаги бош мақсадимиз бўлмоғи зарур… Одамзот шундай йўлни тутмай ўз тарихида жуда кўп нарсаларни йўқотган”.
Асар воқеалари бир неча кун ичида содир бўлади. Американинг “Трибюн” газетасида ўзини “само роҳиби” деб атаётган рус олими Филофейнинг Рим Папасига мактуби эълон қилинади-ю, бутун жаҳон оёққа туради, одамлар жунбушга келади. Олис фазодан туриб ердаги ҳаёт, одамлар, авлодлар, зурриётлар тақдирига аралашаётган кимсани лаънатлайдилар. Филофейни ерда туриб қўллаб-қувватлаган футуролог олим Роберт Борк шафқатсизларча ўлдирилади.
Филофей ким, унинг Рим папасига мактуби нима ҳақда эди? Маълум бўладики, уни бир вақтлар ўз туққан онаси (отасининг кимлиги номаълум) совуқ қиш кунларидан бирида болалар уйи эшигига ташлаб кетади. “Ўшанда, – эслайди Филофей, – қалин қор эди. Мен ўша субҳи содиқ пайтини эс-эс биламан десам, бунга ҳеч ким ишонмайди, албатта. Наилож, тўғрисини гапираман. Ўшанда қулоғимга онамнинг қадамлари остида қорнинг ғарч-ғурч овози эшитилган. Ёдимда, онам ўша қиш куни, каллайи саҳарда шоша-пиша қадам ташлар эди. Эсимда, у безовталаниб мени бағрига босар, дам-бадам сесканиб чўчиб тушар эди, онам юрагининг қўрқинч аралаш гупиллаб урганини менинг нораста танам сезар эди…”
Етимхонада чақалоққа Андрей Андреевич Крильцов деб ном беришади. У Руза шаҳрининг чеккасидаги Малеевка қишлоғидаги болалар уйи­да тарбияланади. Ўқишни битиради, билимини қунт билан оширади ва иқтидорли биолог олим бўлиб етишади. Фанда кутилмаган кашфиётлар қилади. “Менинг омадим чопди, – дейди у ўз мактубида, – бу соҳада манфаатдор ташкилотлар ёрдами ҳам чакки бўлмади, лекин бу ҳақда алоҳида гапирамиз, мен бўлсам, муваффақиятлардан илҳомланганимдан, шиддат билан, куч тўплаган қовоқ арига ўхшаб, фан пайкали устида парвоз қилар эдим; мен кашфиётдан-кашфиётга учиб, олдинлари ҳеч кимга маълум бўлмаган фикр-ғоялар шовқинидан гангиб юрар, ана шу соҳада абадийлик сир-асрорининг муаллифи – Оллоҳ таолонинг ўзини ҳам орқада қолдиришга тайёр эдим. Мен илмий экспериментлар доирасида бўлса-да, ота-оналар хоҳлашадими-йўқми, кимнинг ёруғ дунёга келиши, қандай туғилиши, қандай ота-оналардан туғилишини шахсан ўзим ҳал қилар эдим, уларнинг уруғларидан нима ярата олишимни билишса эди…”
Гапнинг лўндаси, биолог олим Андрей Крильцов илмий изланишлар борасида ақл бовар қилмайдиган даражага етишади. Уни партия марказқўмига таклиф этишади, “Сизнинг кашфиётингиз, таъбир жоиз бўлса, қўлбола биологиянинг кашфиётлари – бу одам табиатига чуқур кириб бориш, аслида эса инсон шахсини қайта қуриш, шахснинг келиб чиқишини, жамиятдаги ўрни ва ролини ўзгартириш, кейинчалик эса сунъий туғиладиганлар матрицасига асосан бутун инсониятни қайтадан яратиш имконияти демакдир…” деб, унинг олдига вазифа қўйишади: “Бутун дунёда коммунизм ғалаба қозониши учун бизга ота-онаси номаълум, сунъий етиштирилган иксзурриётлар керак. Иксзурриётлар феномени сиёсий жиҳатдан ҳайрон қоларли даражада порлоқ истиқболга эга. Бу шундай ўткир куч бўладики, у биздан фарқли ўлароқ, орқа-олдига қарамасдан, қўрқинч ва шубҳа нима эканлигини билмасдан бутун дунё­да коммунизм ғалабаси учун курашади. Оила ва бошқа қариндошлик алоқаларини эски, зўравонлик дунёсининг қолдиқлари сифатида худди ана шу иксзурриётлар тарих ахлатхонасига улоқтиради… Болалар сунъий йўл билан, ота-оналарсиз бунёд этилади, тегишлича тарбия қилинади… Иксзурриётларнинг шубҳасиз афзалликлари шундаки, улар… коммунис­тик байналмилалнинг зарбдор кучи бўлиб қолади ва худди ана шу одамлар ғарбга ҳал қилувчи зарба беражак!”
Олим тегишли ташкилотларнинг ҳомийлигида турли жиноятлари учун узоқ йилларга қамоқ жазосига ҳукм қилинган маҳкумалардан танлаб олиб, иксзурриётларни етиштириш ишини бошлаб юборади. Вақти келиб, халқаро экспедиция таркибида космосга парвоз қилади, илмий кузатувлар дастури якунлангач, ерга қайтишдан бош тортади. Чунки олис фазода туриб ўзининг нима иш қилиб қўйганлигини аниқ тасаввур этади. Иксзурриётлар ўзларига оид бор ҳақиқатни англаб етишлари, ёруғ оламга нима мақсадда, ким томонидан ва қай тарзда келтирганликларини тушуниб қолишлари мумкин. Ана ўшанда бу насл-насабсиз авлодда исён руҳи уйғониб “бу тўнғиз қўпгур” дунёга ўт қўйиш истаги пайдо бўлмасмикин? Филофей орбитал станция ичига ўрнатилган махсус лаборатория имкониятларидан фойдаланиб, яна бир даҳшатли ихтиро қилади: ҳомиладор аёллар қорнидаги зурриётлар ўзлари ҳақида товуш-белги бераётганлигини аниқлайди, ҳомилалар билан махсус нур орқали алоқа ўрнатади. Улар исёнини тинглайди: “Эрким ўзимда бўлганида туғилгандан кўра туғилмасликни афзал кўрардим. Яшашни истамайман, дунёга келишни хоҳламайман. Борди-ю мени туғилишга мажбур этсалар, унда менинг тақдирим пешонамга ёзилганидек бўлади. Ўйланглар, ҳал қилинглар, энг аввало онам ҳал қилсин…”
Филофейнинг ихтироси шундаки, ҳомила ўзининг аянчли тақдиридан хабардор! У ёруғ оламда не-не адолатсизликларга, азоб-уқубатларга дуч келишини, ота-онаси, ота-онасининг ота-оналари, ўтмиш аждодлари қилган фаҳш, қабиҳ ишлар, гуноҳларнинг мантиқий маҳсули ўлароқ, ўзи ҳам шу қабиҳ ишларга қўл уришини, бундай аянчли тақдир унинг қонида, ирсиятида борлигини билади. Билади ва шунинг учун ҳам талвасага тушиб чинқиради. Ҳали туғилмаган бундай боланинг онаси пешонасида ана шу чинқириқ белгиси – холтамға пайдо бўлади.
Филофей махсус нур орқали бундай тамғали аёллар бутун дунёда тобора кўпайиб бораётганини, унинг фазодан туриб йўллаётган сўроқларига туғилишдан бош тортаётган кассандра-эмбрионлар тобора кўпроқ жавоб қайтаришаётганини аниқлайди. Ва ўз ихтиросидан ўзи даҳшатга тушиб, Ерга халоскор қидириб мурожаат этади. Токи аҳвол шундай экан, унинг олдини олиш, пешонаси азалдан шўр ҳомилалар тақдирини ҳал қилиш лозим! Ўша чинқираётган зурриёт умрини сунъий равишда тугатиш учун ҳомилани олиб ташлаш керак! Аммо бу – Яратган Эгамнинг иродасига қарши чиқиш, тирикликнинг мангу барқарорлигига раҳна солиш деган гап. Лекин туғиладиган гўдакнинг аянчли тақдирини кўриб-билиб туриб, хотиржам юравериш-чи? Бунинг ўзи ҳам жиноят эмасми?!
Ўз ихтиросидан ўзи жунбушга келган Филофей Рим Папаси орқали бу саволни бутун инсоният олдига қўяди. Унинг асл фожиаси мана шу саволдан бошланади. Чунки одамлар – Оталар ва Оналар уни рад этишади. Топган ҳақиқатига қўшиб лаънат ботқоғига отишади. Уни тушунган биргина олимни мажақлаб ташлашади. Қўлларига тош, темир, дуч келган нарсани ушлаб Роберт Борк хонадонига бостириб келаётган ваҳший оломон орасида пешонасида холтамғаси бор аёллар ҳам кўринади. Улар “қорним – меники, ҳеч кимнинг аралашишига ҳаққи йўқ”, деб қичқирадилар. Филофей, гарчанд бугун инкор этилган муаммо эртага яна пайдо бўлишини билса-да, лаънатланган ҳақиқат тўла ҳақиқат бўла олмаслигини англаб етади. У Оламнинг мангу жумбоғи – одамнинг оламга муносиблик учун кураши самараларини тушунгандай бўлади. Ва, албатта, ўзини ўйлайди. Ким эди? Ташландиқ бир бола. Отаси ким эканлиги номаълум. Эҳтимол, буларнинг ҳаммаси унинг ҳам пешонасига ёзилган, қон-қонига аввалдан сингдириб қўйилгандир? Эҳтимол, туғилмасидан олдин у ҳам она қорнида талвасага тушиб чинқириқ белги бергандир? Эҳтимол, ўша аёз куни етимхона эшиги олдига ташлаб кетган онаси пешонасида ҳам холтамға бўлгандир?
Демакки, буларнинг ҳаммаси – азалий қисмат. Ундан тониб, қочиб қутулиб бўлмайди. Унинг умри, ихтиролари ердан узоқда, само бўшлиқларида интиҳо топиши керак. У ўзига мана шундай интиҳо ҳукмини ўқийди. Орбитал станциядаги барча ҳужжатларни, тадқиқот натижаларини, кассандра-эмбрионлар сирини йўқ қилиб, Ер билан ўтказган телемулоқоти сўнггида очиқ фазога сакраб, бўшлиққа сингиб кетади.
Кўриниб турибдики, асарда адибнинг фалсафий-мантиқий мушо­ҳадалари бадиий-фантастик тафаккур тарзида ифода этилган. Лекин Филофей фалсафасида ўзига хос ҳақиқат ҳам бордай кўринади: эмбрионларнинг чинқириғига қулоқ тутилса, аянчли тақдири аввалдан маълум, туғилиши билан ахлатхоналарга ташлаб кетиладиган қанчадан-қанча болаларни қутқариш мумкин бўлармиди! Гитлер каби диктаторлар туғилмасмиди! Мафия деган офат, гиёҳвандлар, муттаҳам ўғрилар, гангстерлар, одамкушлар туғилмасмиди! Балким, бу йўл инсониятнинг жаҳолат, зулм устидан қозонадиган ғалабасини яқинлаштирармиди!
Борк Филофейнинг мурожаатига дастлаб эътибор бермайди. Аммо у ёшлигида сунъий интеллектларни яратиш ғоясини қўллаган ягона олим эди, шу боис уни Кассандраларнинг тақдири тинч қўймайди. Айтматов Борк образи орқали замонавий фикрлайдиган, тараққийпарвар, адолатпарвар олим тимсолини яратади. Аммо муаллиф кимнинг томонида эканлиги маълум эмас. Асосий қаҳрамон эса – воқеалар ривожланаётган, оломон жунбушга келаётган марказ. Боркнинг илмий, инсоний принциплари унинг яқин таниш, мамлакат президентлигига номзодини қўйган Оливер Ордок билан қилган суҳбатидаёқ маълум бўлади. Ордок Филофей назариясини хотиржам эшитади, уни навбатдаги илмий ихтиролардан бири сифатида қабул қилади, бошқаларга ўхшаб ваҳимага тушмасликни айтади. Боркнинг Филофейни қўллаб-қувватлашини асар муаллифи психологик жиҳатдан ҳам ғоят ишонарли тасвирлаган. Айтматовнинг фикрича, Боркнинг катта ҳаётий тажрибаси, олимлик салоҳияти Филофей назариясига холис кўз билан қараш имконини беради. У юзага келган вазият хусусида жамоатчиликни хабардор қилиш зарур, деб ҳисоблайди. Мақоласида Инсон тушунчасини ижтимоий, фалсафий, биологик, психологик ва ахлоқий нуқтаи назарлардан асослаб беради. Филофей назариясининг илмий асосда эътироф этилиши унинг олимлик тақдиридаги энг муҳим муаммолардан бири эди. Шу боисдан ҳам Айтматов Борк образини шунчаки Филофей фазовий назариясини қўллаб-қувватловчи олим сифатида эмас, илмий тафаккурнинг ҳар қандай юксалишларига тайёр инсон сифатида тасвирлайди. Чунки Боркнинг узоқ йиллик илмий изланишлари, эришган ютуқлари назарий жиҳатдан уни Филофей назариясига яқинлаштириб қўйган эди. Тақдири Филофей тақдирига ўхшаб ҳам кетарди. На турмуш ўртоғи, на ёлғиз қизи уни бу тақдирдан узоқлаштира олмасди. У аллақачон бошини кундага қўйиб бўлганди. Ҳаётнинг асл моҳияти, инсон тақдири, туғилиш ва ўлим, диний эътиқод, саховат ва ёвузлик, ҳайвонот дунёсидан то космик фазодан келаётган огоҳлик белгиларигача – ҳаммаси мақоласида ўз аксини топган эди: “Кассандра тамғаси ўзларининг сиёсий манфаатларидан келиб чиқиб бизни ишонтиришга уринаётган баъзи воизлар айтишаётганидек, уятли иш ёки хўрланиш эмас, авваллари ҳеч ким воқиф бўлмаган, ногаҳонда юзага қалқиб чиққан, глобал масштабли фалокат ҳақидаги огоҳлик қўнғироғи, бутун инсоният тақдирини ҳал қилишга қодир социал-маиший ҳодисадир. Филофейнинг ихтироси онгимиз генетик жиҳатдан таназзулга учрагани, неча асрлардан бери дунёвий руҳ идеалларига қарама-қарши яшаётган инсоннинг айби билан издан чиққанидан далолат беради. Фожиа шундаки, биз, сайловолди йиғилишида яққол кўринганидек, кассандра-эмбрионлар туғилишни, яшашни хоҳламаётганлари сабабини англашдан ўзимизни олиб қочмоқдамиз. Яшаш иштиёқининг сўниши жаҳон цивилизациясининг сўниши демакдир. Бу ҳолат ҳаёт чироғи абадий сўнади, деган гап. Яъниким, ҳаётнинг сўниш-сўнмаслиги ўзимизга боғлиқ. Буни эмбрионлар ҳис этиб, хавотирларини ҳомиладор оналарнинг пешоналарида пайдо бўладиган тамғахол сифатида бизга маълум қилмоқдалар… Бу тамғадан эмас, генетикамизда пайдо бўлаётган эсхатологик ўзгариш сабабидан қўрқишимиз керак. Биз жуда катта хатога йўл қўймоқдамиз. Филофей бузғунчи эмас, у фазовий авлиё”.
Таассуфки, жамият Боркни тушунмади. Унинг шаъни, инсоний ғурурини таҳқирловчи варақалар пайдо бўлди. Оломон уни янчиб, мажақлаб ташлади. Бу фожиа одамлар ўз тақдирларини жиноят, аёвсизлик, ахлоқсизлик, масъулиятсизлик билан боғлагани боис содир бўлди. Меҳр ўрнини жоҳиллик эгаллади. Айтматов қаҳрамонлари яна бир бор тақдирнинг оғир имтиҳонига дуч келдилар. Бу имтиҳон асар қаҳрамонининг ўлими билан ҳам якун топгани йўқ. Адиб ўз ўқувчисини аввал бошданоқ мана шундай оғир имтиҳонга руҳан тайёрлаб келди ва натижада, ўқувчи уни шундай бўлиши лозимдай қабул қилди. Боркнинг ватанпарварлиги, илмий фаолияти, ижтимоий фаоллиги, ростгўй ва хақпарастлиги мана шундай оғир фожиага олиб келди.
Оливер Ордокнинг маънавий олами Роберт Борк ва Энтони Юнгернинг оламидан фарқ қилади. У ўз манфаати учун ҳамма нарсадан воз кечишга тайёр. Унинг буқаламунлиги сайловчилар билан учрашувда яққол намоён бўлади. Боркнинг фикрларидан хабардор бўлгач, сайловдаги шахсий манфаатидан келиб чиқиб, сиёсий олибсотарликни бошлаб юборади. Айтматовнинг ушбу қаҳрамони кўз ўнгимизда маънавий олами заиф, сиёсатда узоқни кўра олмайдиган бир кимса сифатида намоён бўлади. Имкониятни ўз фойдасига ҳал қилиш учун сайловчиларга қарата Филофей муттаҳам бир одам, у генетика бўйича тадқиқотлар ўтказаётганини айтади, у аслида бизнинг маънавий оламимизга тажовуз қилмоқда, ўзимизга, цивилизациямизга бўлган ишончни сўндирмоқда, деган баландпарвоз гапларни айтиб, оломонни жунбушга келтиради. Шовқин-сурон авжига чиқади. Бу ҳолатдан унумли фойдаланиш мақсадида Ордок сайловчиларни Филофей ва Бордокдан ўч олишга чақиради. Оломон уни президент қилиб сайлашга ваъда беради. Бир қарашда ёлғон рост устидан, жаҳолат эса эзгулик, меҳр-оқибат устидан ғалаба қозонгандай бўлади. Бу ҳаётда фақат зўравонлик, ёлғон, фирибгарлик, маккорлик, сотқинлик ва хиёнатгина яшаб қолади, деган фикрга ҳам борасан. Аммо Энтони Юнкер каби инсонлар бор экан, ҳаёт майиб-мажруҳлик ботқоғига ботмайди, аксинча, у йиллар, асрлар ўтгани сари гўзаллашиб бораверади. Юнкер ўзининг ҳаётий принципларидан келиб чиқиб, Оливер Ордок билан алоқаларини узади, Борк ва Филофей ишининг давомчисига айланади.
Филофей назариясининг Америка газетасида эълон қилиниши бир мамлакатда эмас, бутун дунёда одамларни оёққа турғизади. Наҳотки ота-она ҳали дунёга келмаган мурғак фарзандидан воз кечса? Кассандра-эмбрионлар фарёд қилишни тўхтатмасалар, Ер юзида инсон зоти аста-секин йўқ бўлиб кетади-ку! Кассандралар бутун дунёни эгаллаб олсалар, унда инсониятнинг тақдири нима бўлади? Филофейга ишониш мумкинми? Атом қуроли ёвуз фанат-диктаторнинг қўлига тушиб қолса-чи? Водород бомбасини яратган академик Сахаров ўз ихтиросидан воз кечганининг боиси, эҳтимол, шундадир? Цивилизация эришган бугунги ютуқлар инсон келажагини интеллектуал “Рим клуби” модели асосида қуришга қодирми? Бу каби саволлар ер юзининг кўплаб мамлакатларида кучли ҳайқириққа айланади. Филофейга қарши намойишлар, митинглар ташкил этила бошланади. Нима қилиш керак? Инсон ҳуқуқи деган тушунча нима бўлади? Конституция нима бўлади? Демократик давлат деганлари шуми? Одамларнинг шахсий ҳаётига аралашиш мумкин эмас!
Социализим. Капитализм. Демократия. Ёзувчи намойишчилар ҳола­тини худди кино экранида бир-бир ўтаётгандек тасвирлайди: демократлар, консерваторлар, фиделчилар, саддамчилар, ленинчи-сталинчилар, гитлерчилар, байналмилалчилар, миллатчилар, нафақачилар, ёшлар, урушга қаршилар ва уни ёқловчилар. Қуролланиш пойгаси тарафдори урушга қарши бўлган митингчини калтакламоқда. Бошқаси ёш қизчани ўлдириб, жасадини ёқиб юбориш ҳаракатида. Ҳеч ким ҳеч нарсага жавоб бермайди. Масъулиятсизлик авж олган, ахлоқсизлик кучайган пайтлар. Қаёққа қарама, бош бошдоқлик, анархия.
Романда халқаро “Иссиқкўл” форуми образи яққол кўзга ташланади. Форум иштирокчиларининг инсон тақдири тўғрисидаги фикрлари бир-бирига мос келиб, жаҳоннинг ўзига хос интеллектуал жамиятини барпо этишганидек, роман қаҳрамонлари ҳам бугунги мураккаб муаммоларни идрок этишда ҳамфикрдирлар. Янгича тафаккур, ошкоралик, дунёнинг келажаги, уруш ҳаракатларига нисбатан муросасизлик, инсон онги эволюцияси, халқаро муносабатлар этикаси ва фалсафаси, таълим ва тарбия, ер юзида тинч-тотув ҳаётни, умуман, цивилизацияни сақлаб қолиш – бу масалалар Иссиқкўл форумида кенг муҳокама қилинди. “Кассандра тамғаси” асарининг бош ғояси Чингиз Айтматовнинг форум йиғилишларида сўзлаган нутқларининг мантиқий давоми десак, муболаға бўлмайди.
1978 йили генетика муаммоларига доир Москвада ўтаётган халқаро конференцияда “Комсомольская правда” газетаси мухбири биология фанлари доктори Л.Киселёвга шундай савол билан мурожаат этади: “Баъзи биологларнинг фикрича, инсон саховат ва зулм, алтуризм ва қўрқув, наф­рат ва қувонч генлари билан бирга туғилади. Бу хусусда генетика инженерлари нима дейишади?” Ўшанда таниқли олим саволга аниқ жавоб қайтармай, “Энди, бу – жуда мураккаб масала, ундай бўлиши ҳам мумкин, бундай бўлиши ҳам мумкин. Саволингизга нейробиолог, нейрогенетик олимлар жавоб берганлари маъқулроқ”, дейди. “Кассандра тамғаси” асарида Чингиз Айтматов бу саволга аниқ жавоб қайтаргандай бўлади.
Савол туғилиши мумкин: Андрей Крильцов нега энди ўзини Филофей деб атайди? Романни мутолаа қилганда бу савол ҳам ойдинлашади. Маълум бўладики, Филофей ХУI асрнинг биринчи ярмида Псков-Елизаров монастрида яшаган тарихий шахс, ёзувчи, “Москва – учинчи Рим” сиёсий назариясини яратган шахс. У тўғрисидаги маълумотлар кам, аммо Филофейнинг псковликларга ҳамда Москва князи учинчи Василийга, шоҳ Иван тўртинчига йўллаган мактублари сақланган. Уларда Филофей псковликларнинг одатий ҳаёти, турмуш тарзи ҳақида ёзади, Псковнинг Москва князлигига қўшилиши ва княз ваколатларининг чексизлигини маъқуллайди. Шу билан бирга, умумфалсафий масалалар хусусида фикр юритиб, инсоният тақдири юлдуз ва сайёраларнинг ҳаракатига боғлиқ, деб ҳисоблайдиган астрологлар (шу ерда Мирзо Улуғбекни эслаб ўтмасликнинг иложи йўқ) мавқеи яна мустаҳкамланаётганини танқид қилади. Демакки, Филофей номи олим Крильцовга жуда мос тушади.
Инсон баъзида саховат ва жаҳолатни бир-биридан ажрата олмай қолади. Намойишчилар Роберт Боркни ўлдиришади. Филофей бўлса одамлар уни тушунмаётганларидан дарғазаб бўлиб, очиқ космосга ўзини отади. Борк ва Филофей фожиаси ўзини океан соҳилига уриб нобуд бўлаётган китлар фожиасига ўхшаб кетади. Филофей океан сувларида сузиб бораётган китларни биринчи марта кўрганидаёқ, ичи-ичидан бир ҳақиқатни сезгандай, яқинлашиб келаётган фалокатдан узоқлашиш учун китлар билан бирга сузаётгандай бўлади. Бу жонзотлар тўфон, гирдоб, зилзила ёки тайфунни олдиндан сезиб, одамларни огоҳ қилиш учун жонларини гаровга қўяётганга ўхшайди. Балким улар бундан-да даҳшатли қўрқувни сезиб, шундай қилишаётгандир? Баъзи афсона-ривоятларга кўра, китлар бир вақтлар одамларнинг қўриқчилари бўлишган. Шундай бўлса, улар одамларни фалокатдан огоҳ қилишни генларида сақлаб қолган бўлишлари мумкин?
Бошқа бир тахмин ҳам мавжуд. Китлар одамларнинг еру кўкни, океан сувларини зарарли ва заҳарли чиқиндиларга тўлдираётганига нисбатан исён қилаётгандирлар балким? Мифология Чингиз Айтматов ижодида муҳим ўрин эгаллайди. Адиб ўз асарларида улардан унумли фойдаланади. Баъзи бир афсоналар қисса ва романларига шу қадар уйғунлашиб кетганки, уларни бир-биридан ажратиш қийин. Бунинг боиси, Айтматов келтирган афсоналарнинг мағзида маълум ҳақиқат ҳам ётади.
Антик адабиётда, хусусан, юнон мифологиясида Кассандра образи машҳур бўлиб, у тақдир маъбудаси саналади. Тангри Аполлон гўзал ва оқила Кассандрага муҳаббат изҳор қилади. Аммо Кассандра унинг севгисини рад этади. Бундан ғазабланган Аполлон, гарчи Кассандрага келажакни башорат қилиш истеъдодини инъом этган бўлса-да, “Сен айтадиган башоратларга одамлар ишонмасин”, деб уни дуойибаъд қилади. Кассандра Троя шаҳрининг вайрон этилишини аввалдан айтади, аммо одамлар унинг бу сўзларига парво қилмайдилар. Чингиз Айтматов қатор асарларида инсониятни яқинлашиб келаётган маънавий, иқтисодий ҳалокатлардан огоҳ этади. Бу огоҳлик, айниқса, адибнинг “Қиёмат”, “Қулаётган тоғлар” каби асарларида яққол кўринади. Шундай бўлса-да, инсоният бу огоҳликларга зарур даражада эътибор бермоқда, деб айтиш қийин.
“Кассандра тамғаси”да Горбачёвдан бошқа яна бир неча тарихий шахс­ларнинг номлари келтирилади: Сталин, Мао, Гитлер, Саддам, Каддафи, Фидель. Аммо ушбу асар тарихий роман эмас. Номдор шахсларни эслаш, ўтмишда содир бўлган воқеаларнинг тафсилотларини келтириш асарда тарихийлик касб этмайди. Бадиий адабиётда шартлилик деган принцип мавжуд. Бунинг маъноси шуки, ёзувчи ҳаётдан ижодий ғояни олади-да, уни ўқувчиларга содда ва тушунарли тарзда етказиш учун воқеалар сюжетига бадиий безак беради.
“Кассандра тамғаси”даги воқеалар совет тузумининг ниҳояси – ўтган асрнинг 90-йиллари мамлакатда юз берган воқеаларни ёдга солади. Албатта, Андрей Крильцов-Филофей, Роберт Борк, Энтони Юнгер, кассандра-эмбрион, иксзурёд ёзувчининг ижодий фантазияси маҳсули. Бир вақтлар совет тузуми идеологияси Тансиқбоев, Собитжон каби иксзурётларни яратиш учун бутун имкониятини ишга солган бўлса, эндиликда табиатга қилинаётган чексиз зуғум, экологик муҳитнинг издан чиқиши, ядро қуроллари синовлари, бунга қўшимча, тўйиб овқат емаслик, тоза ичимлик суви ичмаслик оқибатида ҳар куни дунё мамлакатларида қанчадан-қанча болалар майиб-мажруҳ туғилмоқда, туғуруқхоналарга ташлаб кетилмоқда. Қонли можаролар туфайли болалар етим-есирга айланмоқда.
Бугун тиббиёт шу даражада ривожландики, эндиликда болаларни сунъий равишда етиштириш ҳам осон иш бўлиб қолди. Бу ҳақда ўйлаганингда ёдингга ўз онасига ўқ узган манқурт Дўнанбой келади. Илмий тафаккур инсон фароғати, бахт-содати, тинчлик-хотиржамлик учун эмас, Дўнанбой каби манқуртларни яратишга хизмат қилишини тасаввур қилиш нақадар оғир.
Яқинда газеталарда “Марҳум отадан туғилган бола” сарлавҳали мақола эълон қилинди. АҚШда истиқомат қиладиган 22 ёшли Пэм Маресканинг турмуш ўртоғи никоҳ тўйларининг ўн олтинчи куни автоҳалокатда оламдан ўтади. Воқеа жойида етиб келган тиббиёт ходимлари биринчи бўлиб, жонсиз танадан эркаклик уруғини оладилар ва махсус идишда сақлашга қўядилар. Мутахассислар уни бўлажак она қорнига жойлаштириш учун тайёргарлик кўрмоқдалар…” Бошқа бир гуруҳ олимлар ҳомилани космик парвоз пайтида ҳосил қилиш устида бош қотирмоқдалар. Бу уринишнинг тарихи узоқ…
1903 йили машҳур фазошунос олим Э.Циолковский “Шундай вақт келадики, космик фазода туғилган миллион-миллион янги одамлар Ой, Марс ва Венера бўшлиқларини тўлдирадилар”, деб ният қилган эканлар. “Янги одамлар” иборасига машҳур олим қандай маъно юклаганини тахмин қилиш қийин. 1965 йили олимлар уч кишилик экипаждан иборат “Восход” космик кемасини парвозга тайёрлашади. Илмий режага асосан космонавт аёл Людмила Токарева ва унинг турмуш ўртоғи парвоз чоғи қўшилиб, ҳомила ҳосил қилишлари кўзда тутилган эди. Аммо бош конструктор Королёвнинг вафоти сабаб, бу режа амалга ошмай қолади, чунки унинг ўрнига тайинланган Глушко бундай синовларни тўхтатади. Шунга қарамай, 1973 йили синовлар яна давом эттирилади. Аммо, орадан кўп ўтмай, космик фазода ҳомила ҳосил қилиш учун аввало сунъий гравитация яратиш зарурлиги маълум бўлиб қолади. 1982 ва 1984 йиллари парвоз пайтида космонавтлардан олинган уруғ кейинчалик уларнинг аёллари бачадонига жойлаштирилади, аммо бундан ҳеч қандай натижа чиқмайди. Совет олимлари бу борада боши берк кўчага кириб қоладилар. Бундан фойдаланган америкаликлар енг ҳимариб, еру кўкда ишга киришадилар. 1984 йили “Рокуэлл” фирмаси ишлаб чиқарган мослама ёрдамида космик кема ичида сунъий гравитация ҳосил қилинади. Космонавтлар Йудит Резник ва Роберт Маллэйн “оламшумул тарихий” тажрибани амалга оширадилар. Уларнинг баданларига ёпиштирилган “датчик”лар тажриба чоғи ҳар иккови организмида юз бераётган ўзгаришларни (юрак уриши, тана ҳарорати, босим, қон айланиши, нафас олиш ва бошқаларни) ерга тўхтовсиз жўнатиб туради. Кема ерга қўнар экан, аҳволи ёмонлашган Резникни зудлик билан “Эдвард” авиа­базаси госпиталига жойлаштиришга тўғри келади. Таассуфки, кўплаб фазогирларнинг жасоратли парвозлари оилавий муносабатларда бутундай бошқача натижаларга олиб келади. Космий учишларда иштирок этган 8 аёлнинг бирортаси ҳам кейинчалик фарзанд кўрмайди… Бу ҳолат “Кассандра тамғаси”да юз берадиган воқеаларнинг барчаси соф фантас­тика эмаслигидан далолат эмасми?!
Бугун медицина ҳомила етти ҳафталик бўлганидаёқ, унинг соғлиғи тўғрисида тўла ва аниқ маълумот бера олади. Замонавий аппаратлар ёрдамида она қорнидаги чақалоқнинг соғлиқ билан боғлиқ баъзи муаммолари тўғриланиши, яъни ҳали туғилмаган болани даволаш мумкин. Аммо инсоннинг дунёга келиши билан боғлиқ мураккаб жараёнга асоссиз, тажриба тариқасида аралашув, бу билан илмий пойгада ютиб чиқишга уриниш ўта ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. Буни унутмаслик керак.
Жаҳон адабиётида башоратчи Кассандра мавзусига кўп бор мурожаат қилинган. Гомернинг “Илиада”, Эсхилнинг “Агамемнон”, Еврипиднинг “Гекуба” асарларини олайлик. Эсхил трагедиясининг сюжети қуйидагича: Агамемнон ўн йил давом этган, кўп қон тўкилган, одамларнинг бошига оғир кулфатлар солган, шаҳарларни вайрон қилган Троя урушидан ғалаба билан қайтади. У ғалаба учун севимли қизи Игифенияни қурбон қилишгача боради. Агамемноннинг хиёнаткор хотини Клитемнестра гуноҳини яшириш учун эрининг йўлига гилам поёндозлар тўшаб кутиб олади. Аммо… юрагида эри билан бирга урушдан қайтаётган гўзал асира Кассандрага нисбатан нафрат оловланади ва Агамемнонни ўлдиришга чоғланади. Кассандра Аполлон томонидан ўзига берилган башоратгўйлик имкониятидан фойдаланиб, саройдаги зиёфат чоғи мудҳиш жиноят содир бўлиши, Агамемнон ва ўзи ўлдирилиши ҳақида хабар беради Аммо ҳеч ким унга ишонмайди. У жунбушга келади, аммо зиёфатга боришдан воз кечмайди.
Француз ёзувчиси Ла Колпредданинг “Кассандра”, Шиллернинг “Кассандра”, Ликофронднинг “Кассандриада”, Жуковскийнинг “Кассандра” асарларида, немис ёзувчиси Криста Вольфнинг повестида бу фожиа турлича ракурсларда очиб берилган. Гомер ва Эсхил асарлари орқали ўқувчи Кассандранинг фожиали тақдиридан хабардор бўлса, К.Вольф ва Чингиз Айтматовда грек мифологиясини бугунги кун муаммолари билан боғлаш бирламчи аҳамият касб этади. Айтматов асаридаги Кассандра она тимсолида якка бир инсоннинг ҳам, бутун инсониятнинг ҳам аянчли тақдиридир.
Роман ҳақида дунё матбуотида сон-саноқсиз мулоҳазалар, бир-бирига зид фикрлар, эътироф ва раддиялар эълон қилинди. “Литературная газета” Б.Евсеев ва В.Коркиннинг мазмунан бири иккинчисини инкор этувчи мақолаларини (1995 йил, 25 январь) эълон қилди. Б.Евсеев шундай ёзади: “Социалистик реализм пайтида Айтматов деярли эркин санъаткор эди. Нисбатан сўз эркинлигига эришилган пайтда эса у капиталистик реализм йўлини танлаганга ўхшайди. Негаки, “Кассандра тамға”си, шубҳасиз, ғарблик ўқувчига мўлжалланган… Бу роман билан Айтматов миллий адабиётимизнинг қуриб битаёзган томирларидан бирини узиб ташлади, дейиш мумкин”.
Танқидчининг фикрига, умуман олганда, қўшилиш мумкин. Аммо Айтматов совет замонида ҳам социалистик реализм принципларига мос келмайдиган асарлар ёзганини унутмаслик керак. “Соҳил бўйлаб чопаётган олапар” фикримизга мисол бўла олади. “Кассандра тамғаси” боис уни капиталистик реализм ёзувчисига айлантириш эса тўғри эмас. Асар воқелиги бошқа бир мамлакатда кечса, қаҳрамонлар бошқа миллатдан бўлсаёқ ёзувчи ҳам бошқа дунё вакили бўлиб қолмайди. Тўғри, роман ғарблик ўқувчига ҳам мўлжалланган. Бироқ асар воқелиги асосида умуминсоний манфаатлар ётиши баҳс-мунозараларда юзага келаётган кўплаб саволу эътирозларга, жумладан, “Айтматов адашди ва кеч қолди, илмий фантастика олтмишинчи йиллардаёқ шаклланиб бўлган, 90-йилларнинг ўрталарига келиб, бу жанрга қайтишдан фойда йўқ, фалсафий-бадиий эссечилик даври ўтди”, дегувчиларга (масалан Р.Арбитманга) жавоб бўла олади.
Роман ёзилганига кўп йиллар бўлди. Аммо баҳс-мунозара ҳамон давом этмоқда. Ўқувчиларнинг ҳар янги авлоди асарни ўзича қабул қилади. Адиб айтмоқчи бўлган бош фикрни ўзича идрок этади. Бунда уларга Филофейнинг очиқ фазога сакрашдан аввал станция бортидаги компьютер хотирасида қолдирган ушбу мактуби ёрдамга келиши шубҳасиз:
“Вақтимнинг куйиб кулга айланишига саноқли онлар қолди. Шу боис видолашув мактубимни компьютерда теришга ошиқаяпман. Ниҳоят, яна ғаройиб ҳодисанинг гувоҳи бўлдим: Ерда тағин янги кун туғилиш учун ёруғ кунни тун зулмати ямлаб ютаётир. Мана сизга мангуликнинг зоҳирий оқими, мана сизга вақтнинг аёний поёнсизлиги. Бироқ орбитадан кузатадиган шахснинг қисмати битди.
Коинот миқёсида инсон умри пашшанинг умридай гап. Бироқ инсонга тафаккур ато қилинган. Шу нарса унинг умрини узайтиради. Лекин акси ҳам бўлади. Кескин қисқартиради ҳам. Кун билан туннинг алмашиниши сирини неча марталаб беихтиёр кузатганман. Ўшанда ўзимга охирги нуқтани ўзим қўяман деб сираям ўйламаган эдим. Энди менинг куним битди, гуноҳкор ҳаётимнинг охирги куни, менинг учун қиёмат куни етди. Ҳар қандай кишининг ҳаёти билан боғлиқ барча нарсалари каби, менинг қиёмат куним ҳам ўзим билан бирга кетади. Мен қиёмат кунимни ўзим белгиладим, аянчли имтиёзим ҳам, инқирозим ҳам шунда.
Мана шу сатрларни битиб бўлгач, насиб қилса, космик матбуот конференциясида сўзга чиқмоқчиман. Шундан сўнг ҳаёт билан видолашиб ўз жонимга қасд қиламан. Менинг ўзимга чиқарган ҳукмим шундоқ. Мен турмушнинг қонун-қоидаларини буздим. Мен миллионлар нафратига йўлиқдим. Роберт Боркнинг ўлимига мен айбдорман. Мен боши берк кўчага кириб қолганман. Мен даф бўлишим, ҳаётдан кўз юмишим лозим. Бошқа йўл йўқ.
Ўлим олдидан нафас олиб тўймайсан, дейишади. Лекин мен пировардида ҳамма гапни очиқ айтиб олмоқчиман. Ердаги лаънати ҳаётнинг, жонингга тегиб бўлган бу дунёнинг сендан кейин қандай бўлишининг нима аҳамияти бор? Сенга барибир эмасми? Тўнғиз қўпмайдими? Бироқ ўз қўлим билан ҳозирлаган ажалим олдидан мени ваҳима босмоқда – одамлар нима бўлади, Кассандра тамғаси ҳодисасини эртанги кун кишиларининг ақл-идроки, қалби қандай қабул қилади? Нима бўлганда ҳам, лаънатланган ҳақиқат ҳақиқат бўла олмайди. Бугун инкор этилган муаммо эртага яна пайдо бўлади, бундай қутулиш ҳечам мумкин эмас.
Менинг кун-соатим битди. Бундан тониб бўлмайди. Орқага йўл йўқ. Одамлар, мен сизларга тавба-тазаррумни қолдираётибман. Бундан сиз кейинчалик ўзини самовий роҳиб деб эълон қилган каминанинг ким эканини, насл-насабимни, умримни қандай ўтказганимни, нима ишлар қилганимни, машъум кашфиётим – Кассандра тамғасининг сир-асрорини қандай билиб олганимни тушуниб етасиз…
Видолашар эканман, яна икки оғиз сўзим бор. Космосдалигимда менинг онгимда мислсиз кечинмалар, хаёл-фикрлар жўш урди. Нима учун шундай бўлди – билмайман сабабини. Ҳар сафар космосдан булутлар пардаси орқали ерга боқар эканман, таҳсинлар ўқийман: ё Раббим, қандай буюк бир самовий хилқат Ер ўзи. Қуёш ҳам инсоният маскани бўлмиш Ер учун яратилган бўлса ажаб эмас, йўқса буларнинг ҳаммаси на керак? Дунё инсон учун керак – одам унинг асл моҳиятини тушуниб олиш учун яратилган, шу боис ҳам дунё турибди. Бўлмаса бутун бошли галактикаси нимага керак, акс ҳолда на мазмуни бор, на мундарижаси бор дунёсининг? Худо ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин! У одам учун зарур, шунинг учун ҳам у Худо, шунинг учун ҳам у барҳақ! Лекин инсон шу коинотга, дунёвий қонунларга муносибмикан? Ана шу улкан очунга арзирмикин? Оламнинг жумбоғи ана шунда!
Бас, кунпаякун бўлиш фурсати етди. Саноқли дақиқалар қолди. Кўп ўтмасдан ўзимни улоқтираман, станциядан очиқ фазога шўнғийман. Ердан узоқда. Бениҳоя узоқда. Ва бутунлай гум бўламан.
Мени афв этинглар”. Филофей.
Роман муаллифи бу мактубга қирғиз халқ қўшиқларидан олинган қуйидаги сатрларни эпиграф қилиб олишининг ўзи кўп нарсани англатади:

“Отам ким?” деб сўрашса,
“Шамолдан бўлдим”, дер эмиш.
“Онанг ким?” деб сўрашса,
“Тумандан бўлдим”, дер эмиш.

Рус тилидан А.Мелибоев таржимаси

2020/3

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x