Аҳолига сифатли ва арзон нархда дори воситалари етказиб берилади

  • Энг асосий устувор вазифа – «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастурини амалга ошириш, «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун» деган олижаноб ғояни изчиллик билан ҳаётга татбиқ этишдан иборат.
  • Бу ислоҳотларнинг асосий мақсади – аҳоли учун муносиб ҳаёт даражаси ва сифатини таъминлашдир.
  • Айнан ана шу энг муҳим вазифалар иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг асосий йўналишлари ва устувор вазифаларига жиддий ўзгартиришлар киритиш учун пойдевор бўлиши керак.
  • Ҳаётнинг ўзи ва халқнинг талаблари бизнинг олдимизга амалий ечимини топиш лозим бўлган янги ва янада мураккаб вазифаларни қўймоқда.
  • Макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш ва иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини сақлаб қолиш, жумладан, Давлат бюджети барча даражада мутаносиб, миллий валюта ва ички бозордаги нарх даражаси барқарор бўлишини таъминлаш – энг муҳим устувор вазифамиздир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат МИРЗИЁЕВнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасидан.

Бугунги кунда муаммоларни ўрганиш ва таҳлил қилишдан асосий мақсад аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, бунинг учун ҳар соҳада иқтисодни ривожлантириш, имкони борича импорт товарлар ўрнини ўзимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар эвазига тўлдириш, айниқса экспортни мукаммал даражага олиб чиқиш – ислоҳотлардаги энг муҳим стратегиялардан бирига айланмоқда.

Мамлакатимиз фармацевтика бозорида фаолият юритиб келаётган, аҳоли ва даволаш-профилактика муассасаларини дори воситалари билан таъминлашда ўз ҳиссани қўшаётган улгуржи-чакана корхоналардан бири «Дори-дармон» акциядорлик компанияси ҳам айнан мана шундай стратегияга асосланиб, ўтган йил давомида ўз олдига қўйган бир қанча вазифаларни бажарди.

Мисол учун, умумий товар айланмаси 2016 йилда 811,4 млрд сўм (2015 йилга нисбатан 119,3 фоиз ортиқ), улгуржи савдо 571,3 млрд сўм (ўсиш 119,9 фоиз), чакана савдо 240,1 млрд сўмни (ўсиш 117,8 фоиз) ташкил этди.

Импорт ўрнини босувчи фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 20,1 млрд сўмга етказилди. Шу жумладан, Самарқанд шаҳрида «Интегра ДД» МЧЖда инфузион эритмаларни ишлаб чиқарувчи янги линия ишга туширилди, бу яна 20 турдаги дори воситаларини ишлаб чиқариш бошланди демак. Навоий шаҳрида «Авиценна» МЧЖда 10 турдаги дори воситаларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Доривор ўсимликлардан сироплар, настойкалар ва спиртли эритмаларни ишлаб чиқариш лойиҳаси бўйича ускуналар келтирилиб, монтаж қилинди.

2017 йилда импорт ўрнини босувчи фармацевтика маҳсулотларига алоҳида эътибор берилмоқда ҳамда режамизга кўра, ишлаб чиқариш ҳажми 19,5 млрд сўмга етказиш белгиланди.

Айтиб ўтиш жоиз, ҳозир республикамизнинг барча ҳудудларида компаниямизга тегишли 1416 та дорихона муассасалари фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 76 фоиздан ортиғи қишлоқ жойларда, шу жумладан 758 таси ҚВПларда жойлашган. Дорихоналаримизда 2,494 млрд сўмлик стерил ва ностерил дори воситалари тайёрланади.

Қишлоқ жойларда аҳолини сифатли ва арзон нархдаги дори воситалари билан таъминлаш ишларини янада яхшилаш мақсадида «Дамас» автомобилларида қўшимча 50 кўчма дорихона шахобчалари ташкил қилинди, яъни, бундай дорихона шахобчаларининг сони 100 тага етди. 2017 йили эса 140 тага етказилади.

Ўтган йили юртимиз бўйлаб 129 та ижтимоий дорихоналар ташкил қилинган бўлса, жорий йилда яна 70 та ижтимоий дорихоналар ташкил этиш режалаштирилган.

Компаниямизнинг расмий сайтида «Компания бошқарув раисининг виртуал қабулхонаси» ишга туширилди. Бундан мақсад, аҳолининг талаб ва таклифларини узлуксиз равишда ўрганиш, таҳлил этиш ҳамда эҳтиёжга яраша муҳим дориларини ишлаб чиқаришга жорий этишдан иборат.

Ҳаммамизга маълум, ҳозир кунларда барча ташкилотларда дори-дармон воситаларига нарх белгилаш тизимини такомиллаштириш ва назоратни кучайтиришга доир чора-тадбирлар кўрилмоқда. Дориларни арзонлаштириш мақсадида хориждан келтириладиган дори воситалари ёки хом ашёларга тендер эълон қилинди. Бундан мақсад аҳолини сифатли, самарали, энг муҳими, нархи арзон дори-дармон воситалари билан таъминлашга эришиш. Ички бозорни мамлакатимизда ишлаб чиқарилган дори-дармон воситалари билан тўлдириш. Айниқса маҳаллий хом ашё, жумладан доривор ўтлар асосида дори-дармон воситалари ишлаб чиқаришни кўпайтириш, яъни фармацевтикада маҳалийлаштиришни кенгайтириш ва чуқурлаштириш, шунингдек, уларни тиббиёт амалиётига жорий этишдан иборат.

Бизнинг компаниямизда ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан дори воситалари ва тиббий буюмлар нархлари кўриб чиқилди ҳамда чегараланган (муайян) нархлар белгиланди. Аҳоли бу борадаги маълумотлар билан бемалол компания сайти орқали танишишлари, фикр билдиришлари ёки дорихоналарнинг «Истеъмолчилар бурчаги»га жойлаштирилган хабарлардан билиб олишлари мумкин.

Ўйлаймизки, жорий йилда ҳам «Дори-дармон» компанияси мамлакатимиз аҳолиси саломатлигини янада мустаҳкамлашга масъулият билан хизмат қилади, зеро инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун, бу эса ҳаммамизни янада самарали ҳамда сифатли меҳнат қилишга чорламоқда.

Оқилжон ХОДЖИМЕТОВ,
«Дори-Дармон» акциядорлик компанияси
бошқарма бошлиғи.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x