“Олмон Шекспири”­ ёхуд абадийлик тантанаси

Буюк немис шоири Фридрих Шиллер 1759 йил 10 ноябрда сартарош, ҳаммомчи, жарроҳ, табиб Каспар Шиллер хонадонида 7 йиллик уруш айни авжига чиққан пайтда “уруш фарзанди” бўлиб дунёга келади. Унга она қорнидаёқ ўғил бўлса, Фриц деб исм қўйишни ният қилишади. Бироқ, у Фридрих I га қарши жанг пайтида туғилгани учун (душманлигига қарамасдан), унга шу исмни қўядилар. Фрицнинг болалиги Лорхда ўтади. Ўқиш, ёзишни шу ерда ўрганади. Лорх диққатга сазовор тарихий обидаларга бой жой бўлиб, Фриц атроф-муҳитни, тарихий воқеликларни болалигидан шоирона идрок қила бошлайди. Ёшликдаги пишиб етилмаган хаёллари кейинчалик теранлашиб бориб, муҳит ва замон колорити унинг трагедия, драмаларида ўз аксини топади.

Фриц болалигидан лотин тили ва грек тилларидан бошланғич сабоқ олади. Саккиз ёшида эса Людвигсбургдаги мавқеи баланд лотин мактабига қабул қилинади. У ўн ёшга тўлмасданоқ Штутгартда давлат имтиҳонини муваффақиятли топшириб, лотин, грек ва қадимги яхудий тилларига ихтисослашган юқори синфга ўтказилади.

Фриц ўша пайтлардан жўшқин шеърлари билан атрофидагиларнинг эътиборини торта бошлайди.

Шиллерлар оиласи черковда ўтказиладиган фортепьяно концертлари, мусиқа назарияси бўйича маърузалар, адабиёт ҳақидаги суҳбатларда доим қатнашиб турарди. Бу бўлажак шоирнинг ижодий ўсишига ўз таъсирини кўрсатади. Кейинчалик Фриц черковнинг бундай тадбирларида ўз шеърлари билан фаол иштирок эта бошлайди, эътирофларга сазовор бўлади. Унинг шеърлари илк бор ўн етти ёшида “Оқшом”, “Швабия журнали”да эълон қилинади.

У Людвигсбургдаги мактабни битиргач, Карл Евгенийнинг “Карлсшуле” (“Қуллар плантацияси”) ҳарбий академиясида таҳсилни давом эттиради. Фрицнинг бу ерда француз тили, математикадан ўзлаштириши бироз сусайган бўлишига қарамай, грек тилини юқори даражада чуқур эгаллайди. Тарих, антик адабиёт, немис классик ёзувчиларининг асарлари, Шекспир ижоди, Клопшток ва Гёте асарлари билан яқиндан танишади. Эзоп масалларидан таржималар қилади.

Академияни тугатгач, Штутгарт гарнизонида полк врачи бўлиб ишлай бошлайди, адлия ва табобат илми билан шуғулланади. У бу фаолияти билан қаноатланиб қолмай, ўзини ҳамиша адабиёт дунёсига дахлдор сезади. Шиллер Шекспир ижодидан драматургияни ўрганган бўлса, Вольтер, Дидро, Руссо, Лессинг, Гёте асарлари унинг дунёқарашининг шаклланишига, бадиий тафаккурининг бойишига хизмат қилган. Айниқса Гёте билан дўстлашуви унинг ижодкорлик салоҳиятига катта таъсир кўрсатган.

Шиллернинг драматургик фаолияти “Қароқчилар” романтик драмаси билан бошланади. Бу пайтда Шиллер ўн саккиз ёшда эди. Асар 1782 йилда Маннҳайм театрида илк бор саҳна юзини кўради. Пъеса кейинроқ Париж театрида ҳам саҳналаштирилади. Шиллернинг “Генуяда Фиесконинг фитнаси” – биринчи тарихий драмаси эса “Қароқчилар”дек муваффақиятли чиқмайди. 1784 йилда “Луиза Миллер” драмаси нашр қилинади ва Франкфуртда театр директори Далберг таклифига кўра “Макр ва муҳаббат” номи билан саҳналаштирилади.

У 1790 йилда отасининг яқин биродарларидан бирининг қизи Шарлотта фон Ленгфельдга уйланади. Улар Карл, Эрнест, Каролина, Эмилия исмли тўрт фарзанд кўрадилар.

Шиллер “Musen-Almanach” журналини ташкил қилади. Ўша даврда шоирнинг “Шодликка”, “Горн садолари”, “Шундай ёқимлики”, “Пролог”, “Муҳаббат тантанаси”, “Қўшиқ қудрати”, “Ҳаёт поэзияси”, “Асоратдаги Пегас”, “Метафизик”, “Даҳо”, “Замин тақсимоти”, “Умид”, “Ҳеро ва Леандр”, “Қўлқоп”, “Рыцарь Тогенбург” сингари бетакрор шеърлари ва балладалари ёзилади. Германиядаги 30 йиллик уруш тафсилотлари ифодаланган “Валленштайн” трилогияси Ваймар театрида саҳналаштирилади. Пьесалари ўз даврида яратилган юксак асарлар бўлгани учун ҳам немис мунаққидлари Шиллерни “Олмон Шекспири” деб атайдилар.

Шиллер “Мария Стюарт” трагедиясини 1800 йилда ёзиб тугатади. Шекспирнинг “Макбет” трагедиясини немис тилига ўгиради. 1802 йилда “Орлеан қизи” трагедияси дунёга келади. Шундан сўнг драматургнинг “Мессиналик келин”, “Вильҳельм Телль” каби драмалари яратилади. Шиллер рус тарихидан олинган сохта шаҳзода Дмитрий тақдирини ёритишга киришади. Бироқ асарни тугатиш Шиллерга насиб этмади. Асарнинг биринчи пардасини тўла, иккинчи пардасининг уч кўринишинигина ёзишга улгурган адиб 1805 йилнинг 12 майида 45 ёшида вафот этади. Гёте бу драмани ниҳоясига етказишга уриниб кўради, бироқ кейинчалик ниятидан қайтади.

Шиллернинг шуҳрати Ўзбекистонга ўтган асрнинг бошларида етиб келди. Унинг асарларини Шамсиддин Шарафиддинов – Хуршид биринчилардан бўлиб ўзбек тилига ўгирди. 70-йилларда “Қароқчилар” драмаси Асқад Мухтор таржимасида ҳозирги Миллий Академик драма театри саҳнасида узоқ вақт ўйналди. Режиссёр Баҳодир Йўлдошев ва унинг авлоддош актёрлари номини элга танитган дастурий спектакль бўлиб жаранглади. 80-йилларга келиб, Шиллер адабий меросини ўрганишда Ўзбекистонда янги давр бошланди. Шоир ижоди бўйича изланиш ва таржималар қилиш изчил тус олди. Таржимон ва тадқиқотчиларнинг сафи кенгайди. Эркин Воҳидов, Омон Матжон, Муҳаммад Алилар томонидан унинг шеърлари ўзбек тилига таржима қилинди. Шоирнинг 250 йиллигига бағишлаб,”Жаҳон адабиёти” журналида бу таржималардан намуналар эълон қилинган.

Шиллер ижодининг ўрганилишини Ўзбекистонда 3 босқичга бўлиш мумкин. Биринчи босқич 1920–1950 йилларни ўз ичига олади. Бу даврда икки тенденция кўзга ташланади. Биринчиси, Шиллер асарларининг илк бор ўзбек тилига таржима қилиниши, саҳнага қўйилиши билан характерланади. Иккинчи босқич 1960–1990 йилларни қамраб олади. Мазкур босқичда Шиллернинг драматик, трагик ва поэтик асарлари таржима қилиниши билан ажралиб туради.

Учинчи босқич Мустақиллик даврига тўғри келади. Ўтмишда шоир ижодидан билвосита (рус, татар, озарбайжон) таржималар қилишга, асарларини саҳналаштиришга эътибор қаратилган бўлса, бу даврга келиб асл нусхадан таржима қилина бошланди. Драматург ижоди юзасидан маърузалар қилишга, илмий ва оммабоп характердаги мақолалар, рисола ва монографиялар яратишга эътибор қаратилди.

Шиллернинг маданий ҳаётимизга кириб келиш тарихи ўзбек профессионал театри ва драматургиясининг шаклланиш арафасига тўғри келади. “Макр ва муҳаббат” Ҳамза номидаги театр жамоасининг таклифига кўра, К. Яшин ва М. Ҳаким томонидан русча М. Михайлов вариантидан қайта таржима қилинган. Асар 1939 йилда лотин алифбосида нашр қилинган. 30-40 йиллар ўзбек театр тарихида Шекспир ва Шиллер даври бўлган. Халқ Шекспир ва Шиллер асарларини томоша қилиш учун театрларга интилган. Бугунги кунга қадар Шиллернинг “Қароқчилар”, “Макр ва муҳаббат”, “Мария Стюарт” сингари асарлари саҳналаштирилди. “Қароқчилар” ўзбек саҳнасида қарийб 100 йилга яқин вақт мобайнида яшаб келмоқда. Илк бор 1920 йилларнинг бошларида режиссёр Маннон Уйғур томонидан саҳнага қўйилан бўлса, 1955 йил режиссёр А. О. Гинзбург, 1974 йилда эса Б. Йўлдошев саҳналаштирган. Самарқанд давлат рус драма театрида “Орлеан қизи” драмаси асосида спектакль яратилди. 2009 йилнинг 27 сентябрида Тошкентдаги Гёте институти Немис академик айирбошлаш хизмати раҳбарлигида асарнинг янгича талқини немис тилида ўзбек саҳнасига чиқди. Спектакль ЎзДЖТУ талабалари томонидан “Илҳом” театрида немис тилида ижро этилди.

Шиллер жаҳон адабиётида ижтимоий-фалсафий ва бадиий-эстетик тафаккур камолотига улкан ҳисса қўшган сўз санъаткоридир. Нобель мукофоти совриндори Ҳ. Ҳессе Шиллер ижоди масаласида тўхталиб: “… инсон сифатида унинг руҳи ҳамда ҳаёти мен учун ғоятда ардоқли ва улуғ ҳодисадир”, деган эди. Айни чоғда айтмоқ жоизки, Шиллер ижодининг кўп қирралари ҳали очилмаган, унинг талайгина асарлари ўзбек тилига таржима қилинмаган. “Дон Карлос” пьесаси, “озодлик мадҳияси” бўлиб янграган “Вилҳельм Телль” драмаси, фалсафий ва лирик руҳ билан йўғрилган шеърияти, элегиялари, хатлари, бугунги кун ўқувчиси учун ниҳоятда муҳим бўлган эстетикага оид ишлари ўз тадқиқини кутмоқда.

 

Ровияжон АБДУЛЛАЕВА,

филология фанлари номзоди

 

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2013–11

https://saviya.uz/hayot/mashhurlar-hayoti/olmon-shekspiri-yoxud-abadiylik-tantanasi/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x