Зумрад диёр

“Қадимий ва табаррук Шаҳрисабз замини ғоят қутлуғ маскандир. Жаҳон маданияти бетимсол намояндаларининг зуваласи мана шу тупроқдан олинган. Хисрав Деҳлавий, Мирзо Бедил, Мирзо Ғолиб каби алломаларнинг ота-боболари худди шу жойда камол топганлар. Лекин бу эл-юртни бутун жаҳонга машҳур этган, шубҳасиз Соҳибқирон Амир Темур бобомиздир”.

Ислом КАРИМОВ

 

Гуллаб яшнаган бу дилкаш ва гўзал Шаҳрисабзга, ҳар гўшасида оққан зилол сувига, ганжу хазина тупроғига, бир муносиб фарзанд сифатида Соҳибқирон Амир Темурнинг беқиёс меҳру эътибори тушгани каби Юртбошимиз Ислом Каримов ҳам бу юртни алоҳида суйиб-ардоқлайдилар. Шу маънода 2014 йил 20 февралда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида объектларни қуриш ва реконструкция қилишга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳисор – қўрғонли тоғ, ҳаммаёғи тошдан, ровоғу пештоқ, кунгирали минорсимон чўққилар бисёр, арчалари самоларга санчилган тиғдор, ҳамиша қорли, Мангу музликлари абадий ётар. Ғилон чашмасинда юзини чаяр, пари-пайкарлар, анҳор, шодлигидан шаршара бўлар. Кешнинг қадим кўчасида ҳуркак оҳудай, бир дилбар қиз намоён бўлар. Кешни машҳур қилган гўзаллар, бу ҳақда кўп битилган байту ғазаллар. Олис болаликда қишлоқ тўйида, йигитлар саф тортиб, ўзидан ортиб, тунда гулхан ёқиб, айтарди қўшиқ. Жўр бўларди фақат кафту бармоқ, номи “Бешқарсак”:

 

Шаҳри Кешнинг қўрғони

Миндим жийрон йўрғани.

Қушдай учиб борамиз,

Омонгулни кўргани.

 

Патила сочига тол баргак таққан, дириллаб сакраган қўзи-улоқдай, тошни ёриб чиққан булоқдай, уч-тўрт қизалоқ, кўнглини ҳушлаб, бир-бирин қўлини ушлаб, айланиб, шайланиб, айтишар қўшиқ:

 

Ҳажия, ҳажия наматдак,

Паст қўрғонинг баланддак.

Оқсаройни оқ тоши,

Янгамнинг қалам қоши.

Оҳ, қанийди улғайсам,

Оқсаройни бир кўрсам.

 

Ою кун ўтиб, бир куни ўсмир чоғимда орзум ушалди. Уч-тўрт жўрам билан пою пиёда Оқсаройни кўргани бордим. Ўҳ-ҳў, маҳобатли қўрғон, бўйлашгани осмон ва лекин томини олдириб қўйган, қўш девор. Кимдир сўйлаб берди гўё афсона. Қирқ метрлик бино томида зилол сув пуркаб, ишлаб турган зумрад фаввора.

Ёмондан ҳам из қолар экан. Интиқ кўнглимизга санчилди тикан. Ҳеч кимга кўрсатмай тўрт қатор шеър ёздим ўзимча:

 

Бир-бирига етолмаган

Икки ошиқ-маъшуқдай

Қўлларини чўзиб қолган

Оқсарой деворлари.

 

Оқсарой, яшил деворда оят-ҳадислар, Жаҳонгир бобомизнинг дил сўзларини ўзида жамлаган, бутун оламни лолу ҳайрон қолдириб ҳамон гул-гул яшнаб турибди. Ўша машҳур қарор туфайли ўтган йилнинг февралида улкан бунёдкорлик, қайта қуриш ишлари бошланиб кетди.

Эҳ-ҳэ, бундайин мисли кўрилмаган шиддат, бунёдкорлик, керак бўлса дунёнинг бирор буржида ҳеч ким кўриб кузатмаган. Аслини олганда бизнинг мамлакатда давлат ва халқнинг бирдамлиги оқибатида эришилган ютуқлар, жаҳонга кўз-кўзласа арзийдиган Ўзбекистон мўъжизалари санаганинг сари баракаси ортиб боради. Биргина Қашқадарёнинг ўзида бунёд этилган “Шўртангаз кимё заводи”, Ҳисор қўйнидаги Новвот тоғ кони, Калий заводи, осмонўпар тоғдан қичқириб ўтаётган, марказдан шамолдай елиб келаётган поездлар, тоғларни тешиб ўтаётган йўллар ҳақида ҳар қанча ёзса ҳам оз. Ўша тонгда Шаҳрисабз тумани ҳокими Фахриддин Норов қабулида бўлиб, муддаони айтгач, у киши бизга туман маҳалла хайрия фондининг раиси Баҳодир Маматовни ҳамроҳ қилиб жўнатди. Баҳодиржон билан тўппа-тўғри шаҳар марказидаги Қурилиш марказига йўл олдик. У жойда қурилиш бўйича мутахассис Фарҳод Ҳалимов билан учрашиб керакли маълумотларни олдик.

Бундан бор йўғи икки-уч йил бурун шаҳар маркази, тарихий обидаларига олиб борадиган йўллар тор ва қисқа, шаҳарликларнинг турар жой бинолари, ҳовлилари ҳам ҳамин қадар эди. Собиқ иттифоқ даврида қадимий бинолар ночорлигидан зўр-базўр турарди. Шаҳар ичидаги тарихий обидалар оҳори ўчган, кўпчилиги таъмирталаб бўлиб қолган эди.

Бугун-чи, қисқа вақт ичида аввало шаҳар марказини ўраб турувчи қадимий қалъа атрофида “Кичик халқа йўли” ётқизилди. Қалъа деворлари рамзий тарзда 1,5 км. гача тикланди. Оқсарой биносидан Кўкгумбаз мачити охиригача 82 гектар боғ барпо этилди. Шаҳардаги ободончилик ишларини “Кичик халқа” йўли билан қўшиб ҳисобласак, боғнинг умумий майдони 117 гектарни ташкил қилади. Майдоннинг кун чиқиш тарафидан кун ботиш тарафигача ҳадемай электромобиллар қатнай бошлайди. Қанчадан қанча оилалар янги уй-жойларга кириб олганидан боши осмонда. Шаҳарнинг “Ипак йўли” кўчасида кенгайтириш эвазига бузилган иморатлар ўрнига элликдан зиёд уч қаватли турар жой бинолари қуриб битказилди. Қалъа ичидаги икки-уч қаватли биноларнинг биринчи қавати шаҳар меҳмонлари ва сайёҳлар учун хизмат қиладиган ҳунармандлик дўконларига айланади. Имкон даражасида бу уйларга ҳунарманд усталар, зардўз, каштачиларни жойлаштириш мўлжалланмоқда.

Қалъа ичида бунёд этилган тарихий обидалар барчаси жиддий таъмирдан чиқарилган. Марказдаги Чорсу деҳқон бозори бутунлай янгидан қурилди.

Абдушукур Оғалиқ мадрасаси таъмирланиб Ислом Маданияти Марказига, Чубин мадрасаси тарих музейига, Коба мадрасаси миллий мусиқа асбоблари музейига айлантирилди.

XV асрда бунёд этилган ҳаммом қайтадан барпо этилди. Кулоллик чойхонаси чирой очди. Дорут-тиловат, Дорус-саодат мажмуаларига кирувчи Шайх Шамсиддин Кулол, Гумбази Саййидон Жаҳонгир мақбараси, Кўкгумбаз, Ҳазрати Имом мачитлари асл ҳолига келтирилиб таъмирланди. “Ҳовузи мардон”, “Сардоба” бинолари қайта тикланди. Шаҳарнинг ўзида мавжуд меҳмонхоналардан ташқари тўртта хусусий меҳмонхона, иккита санъат ва мусиқа мактаблари қурилмоқда. Санъат саройи, Тарих музейи қад ростламоқда.

Энг асосий эътибор, шаҳарнинг ўз номига муносиб сабза – яшил шаҳар эканлигига қаратилди. Қишин-ёзин ям-яшил туриши учун ташкил этилган янги боққа Белгиядан 32 минг тупдан зиёд дарахт кўчатлари, ажойиб гуллайдиган бутасимон гуллар туваги билан олиб келиниб, экиб кўкартирилди. Улар орасида каштан, дуб, липа, қайрағоч, япон беҳиси, лола дарахтлари, ер бағирлаб ўсадиган бутасимон ўсимликлар, тоғ арчаси, магнолия, жасмин, вегелла, зирк, настарин каби ноёб бутасимон ўсимликлар ҳам бор. Ўтган йил уларнинг кўпчилиги гулга кирди.

Тасбеҳ донасидай ўтади йиллар, кунба-кун ободдир ошиқ кўнгиллар, Оқсарой пойида гуллар арғувон, уни ҳидлаб туйсанг бегумон. Атир пуркаб ётар ҳаммаёқ, бошдан-оёқ чорбоғ. Ошиқ булбулларга тўлганин кўринг. Гилам дўппи талаш бўлганин кўринг. Меҳмон келиб кетса етти иқлимдан, ҳарчандки, санаса ўзни билимдон, ҳайратдан ёқасин ушлаб, барча армонларни орқага ташлаб, сўнгра зиёрат қилса Соҳибқиронни, кўнгли тўлиб қайтар ҳар сайёҳ. Биз эса толедан миннатдор авлод, Ватан мадҳиясин ҳар дам қилиб ёд. Темур бунёд этган Турон салтанат, яна балқиб турса қандай бахт. Тошга ёзган каби ям-яшил ёзув, Оқсарой тоқида яшнаб турибди: “Шубҳанг бўлса, куч-қудратимизга, Биз қурдирган иморатга боқ”. Дунё келиб кўрсин, лол қолиб турсин.

Дунё тургунча турсин Ватаним – томиримдан уланган жоним.

 

Ғози РАҲМОН

 

“Шарқ юлдузи” журнали, 2016–1

https://saviya.uz/ijod/publitsistika/zumrad-diyor/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x