Устоз меҳри

Бу чархи дунда яшаган, яшаётган ва яшайдиган ҳар бир инсон бетакрордир. Лекин сизга учраганларнинг ҳар бирига ҳам кўнглингиздан жой беравермайсиз ёки улар ҳам сиз каби йўл тутади. Сиз ўзингиз учун уларни кашф этасиз, улар эса сизни ўрганади.

Устоз, олим, публитсист, спортсевар, Ёзувчилар, Журналистлар ижодий уюшмалари аъзоси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, “Олтин қалам” миллий мукофоти совриндори Сайди Умировни илк бора журналистика факултетининг кўпчилик талабалари қатори пахта мавсумида, кенг далаларда таниганман.

Меҳнат куни тугагач, кечки овқатдан сўнг уюштирилажак ижодий кечаларда мушоира бўларди. Домланинг “энг яхши шеърларни газета-журналларга етказамиз”, деган гапи илк таассурот сифатида ёдимда қолган. Маълум вақт ўтгач, Сайди ака сабоқдошларимизнинг радио тўлқинларида майин мусиқа фонида узатилган туркум шеърларини кассетага ёздириб, ётоғимиз(барак)да уйқу олдидан “Романтика” магнитофонида қўйиб эшиттиргани ваъдага вафо рамзи сифатида ҳамон ёдимда.

Таниқли журналист, шоир ва ёзувчилар билан гулхан атрофидаги учрашувларда айтиладиган ҳар бир ибратли сўз биз – бўлғуси журналистлар фикрининг ривожланишига туртки берарди. Шундай давраларда Сайди аканинг ўрни алоҳида бўларди. Гоҳ бирор журналист ижодининг бетакрор қирралари ҳақида гапириб талаба-журналистларга сабоқ берар, гоҳида ўша даврнинг машҳур футбол шарҳловчилари Николай Озеров ёки Коте Махарадзе образига кириб, даврани қизитарди.

Факултетда ўқиш бошланганда юқори курс талабаларидан қайси домланинг маърузаси фойдали эканлиги албатта суриштирилар ва ҳар бир домлага ўзига хос баҳо бериларди. Улар Сайди аканинг маърузасини тинглаш ва у берган адабиётларни албатта ўқиш кераклигини таъкидлашарди. Бу устознинг ҳар бир давр журналистикасини мунтазам кузатиши, ўрганиши, яхшиларини саралаб талабаларга илиниши, домлалар тилида айтганда, маърузасининг мисолларини, адабиётлар рўйхатини доимий янгиланиб бориши билан кўзга ташланарди. Вақти келганда биз ҳам анъанага кўра кейинги курсларга устоз ҳақида ана шу маълумотларни етказганмиз.

Сайди ака талабаларнинг ҳақиқий дўсти. Имкони борича ёрдамини аямайди. Буни унинг жуда кўп шогирдларидан эшитганман. Камина ҳам УСТОЗнинг МЕҲРИ, ДЎСТлигидан баҳраманд бўлган. 1992 йилнинг апрели. ТошДУ журналистика факултетини тугатиш арафасидамиз. Якуний давлат имтиҳонини топшириб, факултет фоесида баҳоларимиз эълон қилинишини кутаётган эдик. Имтиҳон бўлиб ўтган аудиториядан Сайди ака шитоб билан чиқди-да, “Ҳалимжон, бир дақиқага келасизми”, дея мени ўзи томон чорлади. Юзида жаҳли чиққанда пайдо бўладиган қизиллик.

– Ука, биз домлаларингиз анча тортишдик, диплом ишингиз аъло эди, афсуски, давлат имтиҳонида баҳоингиз тўрт бўлиб қолди, ука. Сиз, хафа бўлманг, хўпми, – деди юпатиб.

Ерга урса, осмонга сапчийдиган давримиз, қолаверса, истиқлол арафасида яралган эркин муҳит эмасми, ўқиш жараёнида курсимизга сабоқ берган, тўғрироғи бера олмаган бир неча домлани “дарсдан қувган” биз талабалар учун бу табиий ҳол эди.

– Домла, раҳмат сизга, лекин тўрт ҳам ёмон баҳо эмаску, асосийси, ёзишни ўрганиб олдикку, қўяверинг, – дея гўё тўрт олган Сайди акани юпатган бўлиб, “доно”лигимни кўрсатганим бор гап.

– Сиз, барибир, Беҳбудий ҳақидаги диплом ишингизни номзодлик ишига айлантиришингиз керак, – дея яна шитоб билан аудиторияга кириб кетганди. Ўшанда ўқишни “беш” баҳога битириш келажакда аспирантурага ўқишга кириш учун енгиллик бериши ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаган эканмиз. Аммо Сайди ака комиссия аъзолари билан талабанинг беши учун курашгани замирида фақат талабани ҳимоя қилиш эмас, бошқа эзгу мақсад ҳам бўлганини кейин англаб етдим…

Талабалик давридаёқ таҳририятда ишлаб юрганимиз боис ўқиш тугагани билинмади, амалиётга шўнғиб кетдик. Орадан уч ой ўтар-ўтмас домла каминани излаб “Оила ва жамият” газетаси таҳририятига кириб келди.

Ука, факултетимиз учун аспирантурага ўрин беришди. Сизни таклиф қилгани келдим. Диплом ишингизни давом эттиринг. Қатағонга учраган боболаримиз хизматини сизларга ўхшаган ёшлар илмий жиҳатдан асослаб беришлари керак, – дея тадқиқот аҳамиятини бафуржа тушунтирди.

“Илмдан кўра амалий журналистика кўнглимга кўпроқ ёқади” сингари гапларим унчалик ишончли чиқмади шекилли, домла “иккаласи билан ҳам шуғулланаверасиз”, деди-да суҳбатга нуқта қўйди. “Ҳужжатларни тайёрланг”, деди. Расмиятчиликка нўноқлик қилдим чоғи ўзи ҳам ёрдам берди. Имтиҳонларни қандай топшираётганимни суриштириб турди… Қисқаси “Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг публитсистик ва муҳаррирлик фаолияти” мавзусидаги диссертатсиянинг дунёга келишида устозлар Маҳмуд Саъдий, Бойбўта Дўстқораев қаторида Сайди Умировнинг ҳам хизмати беқиёс деб биламан. Ваҳоланки, у собиқ талабаси ишлаётган таҳририятга келиб, аспирантурага ҳужжат топширишга кўндириши шарт эмасди. Қолаверса, Беҳбудий ҳақидаги диплом иши совет мафкураси сабаб маърифатпарвар боболарнинг ҳаёти ва ижодини тан олмаган, дарсларида бот-бот ўзининг манқуртларча муносабатини кўрсатган бошқа бир домламизга қарши ўлароқ, таъбир жоиз бўлса “қасдма-қасд” ёзилган бўлиб, келажакда уни номзодлик диссертатсиясига айлантириш мақсади йўқ эди.

Шу ўринда устоз фақат талабани эмас, у амалга ошириши керак бўлган тадқиқотни, ўз-ўзидан боболар қолдирган меросни тиклашни, шу йўналишдаги илмни ривожлантиришни биринчи навбатда ўйлаган, деган хулосага келасан. Негаки, олим тадқиқот, унинг жамият учун заруратини ўзи босиб ўтган йўл орқали чуқур англайди.

С. Умиров ўз вақтида “Характер ва шароит тасвирида бадиий деталнинг роли (Абдулла Қаҳҳор прозаси асосида)” мавзусида номзодлик диссертатсиясини ёқлаган. Абдулла Қаҳҳорнинг кутилмаганда диссертатсия ҳимоясида иштирок этиши, кейинчалик тадқиқотчи ҳақида бетакрор шоиримиз Абдулла Ориповга айтган фикри кўпчиликка маълум: “Бу бола яхши нарса ёзибди, кичик қисмнинг катта аҳамиятини кўрсата билибди”. Ўта талабчан Абдулла Қаҳҳорга бир нарсани маъқул келтириш нақадар мушкул бўлганлигини уни билганлар кўп бора айтишган.

Сайди ака ёш тадқиқотчилар – бугун филология фанлари доктори ҳисобланган Ёқутхон Маматованинг, фаолиятини тележурналистикага бағишлаган Гуландом Тоғаеванинг номзодлик ишларига илмий раҳбарлик қилган.

Талаба-журналист кимга эргашади? Чиройли маъруза қиладиган ўқитувчигами? Назарий жиҳатдан пухта дарс ўтадиган олимгами? Назарияни амалиётда қўллаб сабоқ берадиган устозгами? Журналистиканинг машаққатли йўлига ишонч билан қадам қўйган талаба, албатта, ёзишни ўргатадиган устозни танлайди.

Сайди Умиров талаба эргашадиган, яхши кўрадиган публитсист домла. Сайди аканинг журналистика факултети ўқитувчилари борасидаги қуйидаги фикри ҳам шогирдлари тилида доим янграб туради.

“Журналистика факултети домлалари уч тоифага бўлинади: 1) ёзиш-чизишни биладиган; 2) бу ишни нари-бери, ҳаминқадар, чала-чулпа қиладиган; 3) ёзиш-чизишдан умуман йироқ, фақат “назарий” тайёргарликка эга одамлар”.

Бор гап. Буни биринчи бўлиб талабалар англаб етадилар, ҳар бир домлага муносабат ҳам шундан шаклланади. Сайди ака ёзиш-чизиш борасида ҳанузгача журналистика факултетлари ўқитувчиларию талабаларига ибрат, намуна бўлиб келмоқда.

Сайди аканинг қандай ёзишини унинг устози, сўз заргари, ўайбуллоҳ ас-Салом ёзиб қолдирган фикр билан кўрсатиб бермоқчимиз.

“Муаллиф соядан қочади, нурга талпинади… Доим яхшилар сафида юрган, олижанобликни мадҳ этган. Бироқ, на илож, жамият фақат яхшилардан таркиб топмаган-да. Ажабким, у ёмонларда, ашаддий бадбину бадтарин кимсаларда ҳам эзгулик изларини кўришни истайди. Яна ҳайратким, яхшиларнинг ҳам яхшиларини топиб ёзади. Кўнгли, ўзи юрак-юрагидан ҳурмат бажо келтирган инсонлар, энг сара асарлар ҳақида яйраб ёзади. Уларни ўз мавқеидан туриб қайта кашф этади. Самимият-ла чунонам тўлиб-тошиб ёзади… Ёзмаса туролмайдиганлар хилидан”(Яхшиликшунос//”Ёзувчи” газетаси, 1998 йил 4 феврал).

Сайди ака жамиятда юз бераётган ўзгаришларни мунтазам кузатиб, тезкор ёзиб, муносабат билдирадиган публитсистдир. Буни газеталар раҳбарлари доим таъкидлашади. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида Журналистика ва оммавий коммуникатсия воситалари университетини ташкил этиш зарурати ҳақида гапирганди. Мазкур фикрга муносабат билдираётган мутахассислар асосан ахборот асрида янгилик етказиш муаммолари билан чегараланиб қолаётганликлари, ваҳоланки, яланғоч маълумот тарқатиш келажакда публитсистик таҳлилга эҳтиёжни вужудга келтириши, шу боис янги ташкил этиладиган дорилфунунда, албатта, публитсистика ривожига хизмат қиладиган кафедра очиш, тадқиқотлар қилиш зарурати хусусида Сайди Умиров ўз фикрларини ёзаётганини айтиб қолди. Ҳолбуки, аксар журналистлар янги очилажак университет ҳақида йўл-йўлакай гапиришдан нарига ўта олмаяптилар. Ўз фикрига эга бўлиш, асосийси, уни қоғозга тушириш барчанинг қўлидан келадиган иш эмас.

Сайди Умиров ёзганларини тўплаб “Дорилфунунлар тақдиримда”, “Маънавият мулкига саёҳат” ва “Сеҳрли ва меҳрли сўз” номли салмоқли китоблар нашр эттирганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Академик Бахтиёр Назаров “публитсистик триада” деб атаган бу китоблардан нафақат зиёлилар, кенг жамоатчиликка, балки журналистика факултетлари талабалари публитсистикадан хрестоматия сифатида фойдалансалар бўлади.

Сайди ака ёзиш билан бирга шогирдларини фаолликка ундаб яшайди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида публитсистика йўналиши бўйича йиллик ҳисоботда эксперт сифатида иштирок этган устоз йиғилишдан сўнг “Ўзбекистон” радиоканалига интервюсидан бир парча эшитсангиз кифоя.

– Публитсистика – журналистиканинг чўққиси. Унга етишиш учун ижодкор ҳам ҳаётий, ҳам маҳорат нуқтаи назаридан тажриба тўплайди. Ўтган йили анчагина сермаҳсул йил бўлгани, газета ва журналларда ёзувчи ва шоирларнинг кўплаб публитсистик материаллари берилгани, китоблари чоп этилгани яхши албатта. Бироқ ютуқлар ўзимизники, лекин муаммоларимизни ким кўтариб чиқади? Президентимиз Шавкат Мирзиёев тиббиёт, ички ишлар ходимлари фаолияти ҳақида танқидий мулоҳазалар билдирди. Бу мавзуларда публитсистик чиқишлар, журналист суриштирувлари йўқ ҳисоб. Бугунги публитсистларимизда маҳорат ҳам, жасорат ҳам етишмаяпти. Публитсистика мавжуд муаммоларни очиб бериш ва уларни бартараф этишда барчани сафарбар қилувчи қудратли куч эканини ижодкорларимиз унутмасликлари даркор.

Устоз Сайди акани илк бора пахта мавсумида кашф этганим ҳақида айтиб ўтгандим. Футбол Сайди аканинг энг яхши кўрган спорт тури эканлигини ҳам ўшанда англаганман. Ўзи ҳам бинойидек ўйинчи – ҳужумчи. Пахта майдонларининг чет жойларидан тўп суриш учун жой танлар, эрталаб футболчи-талабаларга “Яхшилаб теринглар, тушдан кейин футбол ўйнаймиз”, дея бирма-бир огоҳлантириб чиқарди. Собиқ совет даври пахта сиёсатининг тазйиқларидан қўрқмасдан бизни футболга олиб чиқар, ўша текис майдоннинг икки четида, эгатлар туташган ўқариқлардан чиққан катта кесаклардан дарвоза ясалар, ўзи ўйновчи-мураббий мақомида тўп сурарди. Камина ҳам талаба устознинг жамоасида дарвозабонлик қилган. Бир икки ўйин-машғулотлардан кейин журналистика факултети термасини тузиб, қўшни колхозларда пахта тераётган бошқа олий таълим муассасалари футбол жамоаларини мусобақага чорларди. У бугун ҳам, саксон ёшига қарамасдан, талабаю ҳамкасблар билан футбол ўйнашни канда қилмайди.

Ишхонам (“Бошланғич таълим” журнали таҳририяти) Матбуотчилар кўчаси, 32-уйда жойлашган. Қаватимизда “Ўзбекистон овози” ва “Голос Узбекистана” газеталари таҳририяти жойлашган. Унинг бош муҳаррири Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Сафар Остонов узоқ вақт “Спорт” ва “Ўзбекистон футболи” газеталарига ҳам раҳбарлик қилган. Спортни яхши тушунади.

Бир куни эрталаб ишхонага кираётсам, Сайди ака қават йўлагида ўзининг машҳур “походка”сида у ёқдан буёққа юрибди. Жаҳд билан юрибди. “Тинчликмикан, ё Сафар ака мақоласини бермадимикан”, деган гап лип этиб хаёлдан ўтди. Кеча газета чоп этилган шекилли, “Ўзбекистон овози”нинг эшиги ёпиқ.

Устозга яқинлашиб, кўришганда билдимки, қўлида қоғоз тахлами – мақоласини олиб келган кўринади. Юзида бир қадар ҳорғинлик, кўзларида жаҳл аралаш безовталик. Кўп вақтдан буён уни бу алфозда кўрмаганим учун “тинчликми домла?”, дедим.

Маълум бўлдики, туни билан ухламай мақола ёзиб, эндигина таҳририятга кириб келган жойида дуч келган эканман. Қалбдаги ғалаён қоғозга тушса-да, фикрининг ярми қолиб кетган шекилли, чала сўрашгунча гапира кетди.

– Бир ўйлаб кўринг, нима етишмаяпти буларга? Ҳукумат шунча шароит яратиб бераётган бўлса, янги стадионлар, катта-катта маошлар… бу ёқда ишқибозлар тинимсиз қўллаётган бўлса. Инсоф ҳам керакда… Шуларни ёздим, э-э, хафа бўлишса бўлар, лекин ўйлаб кўришсинда энди…

Стадиону ишқибозларни эшитиб, домланинг кеча футбол бўйича юртимиз терма жамоасининг ўз майдонимизда жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлдан бой бериб қўйгани учун жиғибийрон бўлаётганини англадим. Тунда асабим бузилган бўлса-да, эрталаб ишга келгунча унутибман. Устоз, ҳақиқий фидойи ишқибоз сифатида нафақат унутмаган, ухламасдан дардини тўкиб, ўйинчилару мураббийларни инсофга чақириб, уларнинг ғурурини қўзғаб мақола ёзибди! Бу сингари безовталик замирида, албатта, эзгуликка интилиш бўлади.

Сайди аканинг шахматга ҳам ишқибозлиги бор. Ижодкор шахматчилар даврасида тезкор ўйини, мусобақалар ташкил этишини кўп бора эшитганман, кўрганман. Кейин билсам, маҳалласида ҳам фаол экан.

Сайди Умиров бугун муборак ёшда бўлса-да, ёзишда, изланишда, соғлом турмуш тарзида барчага намуна бўлиб келмоқда. Ижодингизга, умрингизга барака, Устоз!

 

Ҳалим САЙИД

 

“Ҳуррият”дан олинди.

https://saviya.uz/ijod/publitsistika/ustoz-mehri-2/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x