Булбул

(татар халқ эртаги)

 

Қадим замонда бой савдогар бўлиб, унинг турли мамлакатлардан келтирган қимматбаҳо буюмлари жуда кўп эди. У қаерга бормасин, эсдалик учун бирор яхши нарса олиб қайтарди-да.

Савдогарнинг уйида бир булбул бор эди. У кумушдан ясалган катта ва чиройли қафасда яшарди. Савдогар ундан ҳеч нарсани аямасди. Хизматкор булбулга ҳар куни – тонгда, тушликда ва оқшомда садаф идишда сув ва энг сара донлардан олиб келарди. Булбул ғам-ташвишсиз, фаровон яшарди. Куйлашда унга етадигани йўқ эди.

Савдогар унинг қувноқ сайрашини эшитиб, “У эркинликдан кўра менинг уйимда бахтлироқ яшаяпти”, деб ўйларди.

Бир куни савдогар бошқа мамлакатга сафарга отланибди. Бундан хабар топган булбул савдогардан илтимос қилибди:

– Хўжайин, мендан доим яхшилигингизни аямадингиз. Яна бир илтимосимни бажарсангиз. Сиз ҳозир менинг юртимга кетяпсиз. У ердаги анор боғида қариндош-уруғларим яшайди. Уларга саломимни етказиб, ҳеч нарсадан нолимасдан соғ-саломат яшаётганим ҳақида хабар берсангиз.

– Яхши, айтганингдек қиламан, – деди савдогар ва йўлга тушди.

У манзилга етиб келиб, молларини сотиб бўлгач булбул айтган боғни излашга тушди. Узоқ йўл юриб, ниҳоят, ғоятда чиройли бир боққа дуч келди. Боғда сон-саноқсиз гуллар очилиб ётарди. Ён-атрофдан эса ёқимли, муаттар ҳид тараларди. Қаерга қараманг, ҳамма жойда – ҳатто дарахтларнинг ҳар бир шохига қўниб олган булбуллар жарангдор овоз билан қўшиқ куйлашарди. Улардан бири шундай нола билан сайрардики, бефарқ тинглай олмасди.

– Мен излаётган қушлар шулар бўлса керак, – деб ўйлади савдогар ва дарахтга яқинлашиб қичқирди:

– Ҳой, булбул! Менинг уйимда сенинг уканг яшайди. У сенга ва барча яқинларига салом йўллашимни, ўзининг соғ-саломат, беташвиш яшаётганини айтиб қўйишимни сўради.

Бу сўзларни эшитган булбул худди ўқ егандай ерга таппа қулади. Савдогар нима қилишини билмай қолди. Қуш қанотларини кенг ёйиб, оғзини очганча қимир этмай ётарди.

“Эҳ, бекор унга укаси ҳақида эслатдим, – ўйлади савдогар. – Укасини соғиниб, куюниб ётганга ўхшайди… Энди пушаймондан фойда йўқ”.

Савдогар ерда ўлиб ётган қушни олиб узоқроқдаги майсанинг устига ирғитди.

Булбул эса ерга тушган заҳоти тирилиб, пир этиб учиб дарахтга қўнди-да, шохдан-шохга ўтиб сайраганича, боғ ичига кириб кетди.

– Тўхта, қаерга кетяпсан? – қичқирди савдогар. – Ахир, уканг сендан хабар келишини кутяпти!

Лекин булбул унинг гапига қулоқ солмади, шўхчан куйлаганча қалин барглар орасида ғойиб бўлди. Савдогар уйга хафа бўлиб қайтди.

– Хўжайин, яқинларимдан бирор хабар келтирдингизми? – сўради ундан булбул.

– Қариндошларингга сен ҳақингда ҳамма гапни айтдим, лекин улардан ҳеч қандай хабар келтиролмадим. Афтидан, улар сен ҳақингда эшитишни исташмади. Акангга сен тўғрингда сўзлаб бердим, у эса қулоқ ҳам солмади ва ўзини шундай ўлганга солиб олдики, мен унинг ўлганига паққос ишондим. Уни ердан олиб, майсазорга ирғитдим. Шунда у тўсатдан тирилиб, узоқларга учиб кетди.

Буни эшитган булбул чуқур қайғуга чўмди. Кун бўйи ҳеч нарса емади, ичмади, ҳатто овоз ҳам чиқармади. Савдогар уни қутқариб қолиш учун кўп ҳаракат қилди. Лекин фойдаси бўлмади.

Эрталаб емиш олиб келган хизматкор булбулнинг қафасда ўлиб ётганини кўрди. Савдогар сайроқи қушидан айрилганига қаттиқ куйинди. Афсусланишдан фойда йўқлигини сезиб, хизматкорни чақирди ва қушни уйдан узоқроққа ташлаб келишни буюрди. Хизматкор уни олиб девор ташқарисига олиб чиқди ва ахлатхонага ирғитиб юборди.

Булбул ерга тушиб улгурмасдан жонланди ва қувноқ қўшиғини куйлаб боғ устида айлана бошлади.

– Менга ажойиб маслаҳат олиб келганингиз учун раҳмат, хўжайин! – деб қичқирди ва ўз ватани томон учиб кетди.

 

Рус тилидан Миржалол МАДВАЛИЕВ таржимаси

 

“Гулхан” журналининг 2018 йил 4-сонида чоп этилган.

https://saviya.uz/ijod/nasr/bulbul/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x