Миртемир замонавий ўзбек шеъриятининг ривожланишига салмоқли ҳисса қўшган ардоқли лирик шоирдир. У миллий мумтоз адабиётимизнинг барҳаёт анъаналарини, халқ оғзаки ижодини чуқур ўрганиб, ўзлаштириб, ўз шеърларида уларни ижодий давом эттирди, ҳозирги ўзбек адабиётини бойитди.
Шоир шеърларида туйғу, ҳиссиёт бўртиб туради. У гоҳ тарих саҳифаларини варақлаб, ота-боболарининг улуғвор ишларидан ҳайратга тушади. Гоҳи бу ҳайратлари ўз замонасининг мард, танти инсонлари билан мулоқотлардан шеърларга кўчади. Шоирнинг ижодидаги бош мавзу нима деб сўралса, юртга, табиатга ошиқлик, болалик хотираларига садоқат, ўз халқидан фахрланиш, уни чин дилдан севиш ва ардоқлаш деб айтиш мумкин. Миртемир шеърларида бу мавзулар кўпинча бирикиб, омухталашиб келади. Бир шеърнинг ўзида ҳам табиат гўзаллиги, ҳам хотиралар, ҳам ифтихор туйғуси ва яна ҳаётга муҳаббат каби тушунчаларнинг ифодаланишини кўриш мумкин.
* * *
Нечоғлик хокисор эдингиз, устоз,
Ялангтўш, меҳнаткаш, қалам деҳқони.
Қадим Туркистоннинг танти ўғлони,
Покиза эдингиз мисли оқ қоғоз.
Сизнинг армонингиз яшар қоғозда,
Балки, у бўйлагай асрларни ҳам.
Во дариғ, мана шу сатрларни ҳам
Ёзсам бўлмасмиди Сиз тирик чоғда…
Абдулла Орипов
Шоир ҳар бир асар устида кўп ва самарали меҳнат қилар. Шу сабабли ҳам Миртемирнинг шеърлари чуқур ғоявий мазмундорлиги, бадиий юксаклиги билан ажралиб туради. У халқ жасоратининг илҳомбахш куйчиси сифатида кенг шуҳрат қозонган.
Комил Яшин
Миртемир ҳақида ўйлаш ва унинг муборак хотирасини ёдга олиш ҳам қувончли, ҳам қайғулидир. Шунинг учун қувончлики, Миртемир улкан шоир, жонажон дўст, тенги йўқ дилкаш инсон эди; шунинг учун қайғулики, қалбимизга жуда қаттиқ таъсир қилган бу кулфат ҳали унутилган эмас. Биз Миртемирни ҳамиша машҳур қаламкаш салафлари қаторида барҳаёт, деб биламиз. У биз учун Ғафур Ғулом, Ойбек, Шайхзода ва ўзбек адабиётининг катта авлодига мансуб бошқа санъаткорлар билан ёнма-ён туради.
Чингиз Айтматов
Миртемирнинг поэтик таржима санъатини ривожлантиришдаги хизмати – бутун бир жамоанинг меҳнатига тенг.
Асқад Мухтор
Миртемир ўз шогирдларининг дўсти эди…
…Миртемир ўз ижодининг бошидаёқ новатор шоир сифатида майдонга чиққан эди ва умрининг охиригача шу йўлда собит қолди.
Эркин Воҳидов
Дўстим Миртемир гўзал инсон, истеъдодли шоир эди.
Миртемир адабиётда ҳамон яшаётган сиймолардан биридир. Биз уни ҳамиша ҳурмат ила, муҳаббат ила ёд этамиз.
Сулаймон Рустам
Устоз ўзини қанчалик камтарликка олмасин, хокисорликка олмасин, барибир ҳар бир ҳаракатида, феъл-атворида, мулоқотларида шеърларидай самимийлиги, ўктамлиги сезилиб, билиниб турар эди.
Тўра Сулаймон
Миртемир ака шеър заргари. У сўзни мисқоллаб ўлчайди, ёзадиган гапини етти эмас, етмиш ўлчаб, бир кесади. Бу ойдай аниқ нарса.
Саъдулла Сиёев
Турсунмуҳаммаднинг минг тўққиз юз ўнинчи йилнинг буғдой пишиғида туғилган ўғли Миртемиршо аталиб яшайверди. Турган гапки, ўшанда ҳеч ким бу норасида келгусида ардооғли халқ шоири, Миртемир деб ном таратган эъзозли эл ўғли бўлиб етишишини башорат қилмаганди, албатта. бироқ шундай бўлди: ўша оила, ўша қурама қишлоқ, ўша қадим Туркистон табиати ва одамлари Миртемирнинг болалигини, дунёга, эзгуликка, яхшиликка ташна покиза қалбини, гўзал туйғуларини ардоқлади, улғайтирди.
Отаёр
Миртемир ўзининг нозик табиати ва ҳассос қалби билан ҳақиқий шоир эди. Шунинг учун ҳам у бутун умри мобайнида Шеъриятга – Гўзалликни, Нафосатни, Латофатни куйлаш санъатига содиқ қолиб, инсон қалбининг нафис манзараларини тасвир ва талқин этган.
Наим Каримов
Миртемир домла шоирнинг, санъаткорнинг жойи ҳамиша халқ ичида, илҳоми ҳамиша ўқувчилар билан бўлган дийдорлашувдан қуйилиб келади, деган ҳикматли гапга қаттиқ амал қилувчи ва шунга ташвиқ этувчи эди.
Муҳаммад Али
“Ёшлик”, 2018/5
https://saviya.uz/hayot/mashhurlar-hayoti/xalq-yuragidagi-shoir/