“Туркча айтмоққа моҳир эрди”

Ҳусайний ғазалиёти XV аср охири XVI асрнинг бошларидаги ўзбек шеъриятида ўзига хос саҳифани ташкил этади. Алишер Навоий “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида Ҳусайн Бойқаро шоирлик маҳорати, ижодий меросининг айрича хусусияти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтган: “Абулғози Султон Ҳусайн Баҳодирхон… ўз шариф табъ ва латиф зеҳнларидин дағи, агарчи ҳам форсий демакка қодир ва ҳам туркча айтмоққа моҳир эрди, аммо аслий табъ иқтизоси ва шоеъ такаллум муносабати адоси била туркий девон тадвиниға майл қилдилар ва дилпазир абёт ва беназир ғазалиёт тартиб бердилар” Ҳусайний ғазаллари мавзуси, асосан, ишқийдир. Бунда шоир маъшуқанинг бетакрор чиройи, лутфу назокати, ишқнинг ҳаётбахш файзи, ошиқнинг турли-туман руҳий кечинмаларини ўзига хос ва мос тарзда ифодалашга эришади. Айниқса, бадиий тасвирда фикрнинг тадрижий такомилига жиддий эътибор беради. Натижада, ҳар бир ғазал ошиқнинг муайян ҳолатдаги ички туйғуларининг ихчам, лўнда бадиий ифодасидек кўзга ташланади. Ҳусайний ғазалларини кузатсак, шоир деярли барча шеърий санъатлардан унумли фойдаланганлигини кўрамиз. Айниқса, ташбеҳ, тазод, тажнис, муболаға, ружу санъатлари шоир ғазаллари мусиқийлиги ҳамда поэтикаси қудратини оширишда алоҳида ўрин тутади.

Шоир тасвирланаётган нарса ёки ҳодисанинг моҳиятини теранроқ, чуқурроқ очиб бериш мақсадида улар ўртасидаги бирон бир ўхшаш, монанд жиҳатини қиёслайди. Натижада, ташбеҳ санъати санъаткорга ўз мулоҳазаларини ёрқин ва ўта таъсирчан ифодалашда чексиз имконият беради. Ҳусайний бир ғазалида “жаннат равзаси ичида сарву гул кўрмоқчи бўлсанг, гулшанни куйига тушиб, қад бирла рухсорига боқ” деса, қуйидаги байтда бутун бир ўхшатиш силсиласини яратган. Натижада, фикр ғоятда образли чиққан.

 

Икки қошингнинг хаёли муттасил кўнглимдадир,

Бир диловардекки, солмиш икки ё қурбон аро.

Сарву сунбул бирла гул васфидурур ул сафҳада,

Қадду зулфу оразинг ёди била очсам китоб[1].

 

Шеършунослар Шарқ адабиётида ташбеҳнинг тўққиз тури мавжудлигини таъкидлашади. Шулардан уч хил ташбеҳ Ҳусайний ғазалларида кўп учрайди.

  1. Ташбеҳи тафзил. Бунда шоир бир нарсани ўзгасига ўхшатади, сўнг эса ундан қайтиб, ўхшатилган нарсани ўхшалгандан устун қўяди:[2]

 

Оразингни ой десам, эрмас муважжаҳ, негаким,

Ойнинг офатлиғ кўзгу рухсораи гулфоми йўқ.

Ғунчани оғзинг десам, найлай анинг гуфтори йўқ,

Сарвни қаддинг десам, нетай анинг рафтори йўқ.[3]

 

Лирик қаҳрамон ёрининг юзини ойга ўхшатай деса, иложи йўқ, чунки ой нурининг қаърида қора доғи бор. Маъшуқанинг қаддини сарвга қиёслай деса, бунда ҳам мантиқ заиф. Сарв маъшуқадек хиром этиб, ошиқни ўзига ром қилолмайди.

  1. Ташбеҳи музмар. Бунда шоир бир нарсани иккинчи нарсага ўхшатади. Аммо, зоҳиран шундай иш тутади, гўё унинг мақсади ўхшатиш эмас, балки бошқа нарса. Ҳақиқатда эса фикрининг замирида ўхшатиш ётади:[4]

 

Ул қаду ҳажридин ўлсам, безаб гулбарг ила,

Тупроғимнинг боши узра сарв экиб, майл айлагил.[5]

 

  1. Ташбеҳи мўъкад. Бунда ўхшатилган ва ўхшалган нарса эга ва кесим тарзида келади. Шунинг учун бу ўхшатиш ҳам ёпиқ ташбеҳ сирасига киради:

 

Хат бинафша, зулф сунбул, чашм насрин, чеҳра гул,

Не раёҳин бирла топмиш зеб ҳуснинг гулшани.[6]

 

Шоир ўз шеърларида ўхшатишнинг бутун бир силсиласини яратишга муваффақ бўлган. Бу ҳолат Ҳусайний бадиий маҳоратининг алоҳида кўзга ташланиб турадиган хислати ҳисобланади. Натижада, бир байтда, одамлар бошидаги соябон булут ошиқ оҳидан чиққан тутунга ўхшатилса, иккинчисида, маъшуқанинг лаби – оби ҳаётга, лаъли бадахшонга, Исо нафасига, наботга, жаннат чашмасига, ризвонга ўхшатилиб, байтларда ранг-баранг ўта кучли тасвир яратилади.

Ҳусайнийнинг Мавлоно Лутфий ғазалига ўхшатма тарзда, устоз анъанасини давом эттириб яратган машҳур “Устина” радифли ғазалида ҳам ажиб бир лавҳа кузатилади:

 

Тишлари устида ҳар ким лаълини кўргач деди:

“Барги гулдурким, тушубтур дурри макнун устина”.

Холининг ҳар дам хаёли телба кўнглумда эрур,

Зоғлар андоғки ғавғо қилди Мажнун устина.

Айтқай сарв узра гул пайванд қилмиш боғбон,

Кимки кўрса оразинг ул қадди мавзун устина.

Янги ой анинг саманди наълидан келди нишон,

Ул қуёш рахшин магар секретти гардун устина.[7]

Санъаткор бир лавҳанинг ўзида ўхшатиш, қиёс, тадриж, ғулу санъатларидан ғоятда моҳирона фойдаланиб, лафзнинг изчиллигига, мантиқий асосланишига эришган. Сарвга гул пайванд этилиши, яъни гулюзли сарвқад ёрни гул уланган сарвга ўхшатиш, Ҳусайнийга хос тасвир усулидир.

Ҳусайний лирикасида баракали қўлланган санъатлардан яна бири тазод санъати. Шоир ижодий ниятидан келиб чиқиб, бир-бирига зид тушунчаларни ифодалайдиган сўз, бирикма, баъзан номларни қўллаш орқали шеърда ўзига хос фикр жозибадорлигини яратишга муяссар бўлади, поэтик юксакликка эришади. Шуни ҳам айтиш керакки, айрим ҳолларда зид тушунчалар бир-бирини инкор этмайди, балки зид тушунча мухолиф фикрни тасдиқлайди. Масалан, ёрнинг ўқи (киприги) ошиқ қалбини пора этса, лаъли (лаби) уни тирилтиради. Ҳусайнийнинг қуйидаги байтлари бу фикрни қувватлайди:

 

Навбаҳор ўлди очилмас, ваҳки, айшим гулбуни,

Ғам хазони елидин соврулди сабрим хирмани.

Бир ачиғ сўз бирла жонимни қилибсен талхком,

Хаста жонимнинг иложи бир шакарханд айлагил.[8]

 

Тазодда қарама-қарши қўйиб тасдиқлаш асосий хислат. Юқоридаги байтларда ошиқ навбаҳор келса ҳам, бахтим гули очилмади, бир аччиқ сўз билан жонимни оғритдинг, энди бир шакарханд билан уни хурсанд қил, демоқда. Демак, маъшуқанинг аччиқ, дағал сўзи ошиқни абгор этса, ширин каломи руҳини шод қилади.

Ҳусайн Мирзонинг ғазалларида тажнис санъатидан ҳам ҳар хил муносабатлар билан фойдаланганлиги, шоир ғазаллари лексик қатламининг бой ва ранг-баранг эканлигини тасдиқлайди. Қуйидаги байт “тажниси хат”га мисол бўлиб, унда ёзувда бир хил, талаффузда ўзаро фарқ қиладиган “аёғ” сўзи икки маънода ишлатилган.

 

Чун Ҳусайний юз аёғ хуноб кўзидан тўкар,

Сен дағи еткур аёғ бу чашми гирён устина.[9]

 

Ҳусайн Бойқаро бир ғазали мақтаъида ҳам сўз ўйини қилиб, тажнис санъатининг ажойиб намунасини яратади:

 

Чун Ҳусайний тавба синдурди, муғанний туз наво,

Ҳам “Ҳусайний” пардасида, соқиё, сен бода суз!

 

Шоир биринчи мисрада ўз тахаллусига ишора қилаётган бўлса, икинчи бандда куй номини қўллаб, тажнис санъатидан унумли фойдаланган.

 

Фурқатингда йўқ эди, жисмимда жон, жонимда тоб,

Кўзда хуноб эрдию ғамгин кўнгилда печу тоб.

 

Байтдаги қофия бўлиб келган сўзлар, яъни биринчи мисрадаги “тоб” сўзи “ҳарорат”, “иссиқлик” маъносида, иккинчи бандда эса, “печ” калимаси билан барга қўлланилиб, “тўлғониш” мазмунини ифодалаган. Бу мисоллар Ҳусайнийнинг моҳир сўз саррофи, шеърда фақат туркийча тажнисларни қўллаган сўз устаси эканлигини кўрсатадиган далилдир.

 

Ҳуснигул ЖЎРАЕВА

 

“Шарқ юлдузи” журнали, 2015–5

 


[1] Шоҳ ва шоир. Ҳусайн Бойқаро. Рисола. Девон.  – Тошкент: Шарқ, 1995. -Б. 32.  

[2] Исҳоқов Ё. Сўз санъати сўзлиги. – Тошкент: Зарқалам, 2006. -Б. 86.

[3] Шоҳ ва шоир. Ҳусайн Бойқаро. Рисола. Девон. – Тошкент:  Шарқ,   1995. -Б. 73-74

[4]  Исҳоқов Ё. Сўз санъати сўзлиги. – Тошкент: Зарқалам, 2006. -Б. 87

[5] Шоҳ ва шоир. Ҳусайн Бойқаро. Рисола. Девон. – Тошкент: Шарқ, 1995. -Б. 40.

[6] Девони Ҳусайн Бойқаро. – Кобул: Аз нашриёти муассасаи “Табъи китоб”,  1968. -Б.190.   

[7]  ЎзР ФА ШИ. Қўлёзма, Инв № 1942. -Б. 37.

[8] Ўзр ФА ШИ. Қўлёзма. Инв № 6967.-Б. 41а.

[9] ЎзР ФА ШИ. Қўлёзма, Инв № 6967. -Б. 138а. 

https://saviya.uz/ijod/adabiyotshunoslik/turkcha-aytmoqqa-mohir-erdi/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x