Буюк бобокалонимиз — амир ва саркарда Амир Темурнинг шахсияти, тарихи, ҳарбий салоҳияти, халқлар ҳамда давлатлар ўртасида тутган ўрни, дипломатик алоқалар, муносабатларни жорий этишдаги фаоллиги тўғрисида жуда кўплаб тарихий, бадиий, илмий асарлар, рисолалар, публицистик мақолалар ёзилган. Шубҳасизки, Темур ҳақида ёзилган катта асар ёки кичик мақола бўлсин, ҳар бирида даҳонинг шахсиятига Искандар Зулқарнайн, Юлий Цезарь, Хорун ар-Рашид, Мамун сингари тарихда ўчмас из қолдирган йирик давлат арбоби, моҳир саркарда, илм-фан, маданият ҳомийси сифатида баҳо берилади ва шу нуқтаи назардан шахсий фикрлар билдирилган.
Мамлакатимизда “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти томонидан 2001 йилда “Амир Темур сабоқлари” номли рисола чоп этилиб, унда 1999 йил 23 декабрда ўтказилган “Амир Темур ва унинг марказлашган давлат тузиш йўлидаги буюк хизматлари” мавзусидаги илмий-амалий анжуман материаллари эълон қилинган эди. Рисоланинг охирги саҳифасида Буюк Соҳибқирон ҳақида чоп этилган асарларнинг библиографияси берилиб, 1999 йилнинг охиригача бу кўрсаткич 8950 тага етганлиги ҳақида қизиқарли маълумот бор эди. Ушбу ахборотга тиниқ манба сифатида таянадиган бўлсак, ўтган 17 йил мобайнида Темурийлар тарихига оид ёзилган асарларнинг сони мингдан ортиб кетганини тахмин қилиш қийинчилик туғдирмайди. Азалдан Амир Темур ва Темурийлар шахсиятига кўплаб муаррихлар, темуршунослар, шарқшунослар, ёзувчи ва шоирлар мурожаат қилишган. Улар орасида нафақат туркийзабон, форсийзабон, балки европаликлар ҳам бор эди.
Бироқ гуруч курмаксиз бўлмаганидек, кейинроқ ёзилган тарихий, бадиий, тадқиқий асарларда айрим ўқувчини иккилантириб қўядиган маълумотларга ҳам дуч келамиз. Узоққа бормай, бошқа тарихий воқеликларни солиштирмай, бевосита Темурнинг шажараси, яъни бобосидан бошлай қолайлик. Амир Турағайнинг отаси Баркул баҳодирнинг исмини манбаларда Бурқул, Беркул, Барғилой шаклларида аталганини кўрамиз. Турағайнинг ўзини эса Тарағай баҳодир, Муҳаммад Тарағай, амир Турағай каби сифатлар билан қўлланганига гувоҳ бўламиз.
Бу ерда Тарағай атамасини темуршунослар топоним ёки уруғ, улус, аймоқ номи билан изоҳлагани кўзга чалинмайди. (Назаримиз тушмаган бўлса, газетхонлардан маъзур тутишини сўраймиз). Турағай эса отанинг ёлғиз ўғли бўлган. Туркийлар урфига кўра ёлғиз ўғил фарзанд кўрганлар солувлик учун (турақол, турағай, яшайқол маъноларида) исмлар қўйишган, деган маълумотлар манбаларда қайд этилган. (С. Тошкандий, “Темурнома”; П. Равшанов, “Темурнинг ёшлиги”) каби асарларда. Темурнинг онаси Тегинабегим Моҳ ҳам манбаларда турлича: Текина, Такина хотун, ҳатто Е. Березиковнинг “Темурўғлоннинг туғилиши” рисоласида Некия деб номланганига шоҳидмиз. Унинг отаси Убайдуллоҳ ибн Маҳмуд Маҳбубийни аксарият китобларда Бухорода “шариат қозиси” бўлган дейилса, айрим муаллифлар садр-аш шариа(ат) шаҳарнинг бир даҳасида муллалик қилган, деб ёзади.
Амир Темурнинг туғилиши тўғрисидаги фактларда ҳам баҳсли маълумотлар мавжуд. Айрим адабиётларда учрайдиган баёнларда илмийликдан кўра бадиий муболағалар, ривоятомуз фикрлар мўллигини кўрамиз. “Зафарнома”, “Темурнома”, “Темур ўғлоннинг туғилиши” каби асарларда Тегинабегим Моҳ кундоши Йўқун хотуннинг суиқасдидан омон қолиб, Жоку барлоснинг хонадонида фарзандли бўлади дейилса, Дониш Насафий “Буюк Темур” романида Ҳожи Барлоснинг хиёнатидан чўчиб, қочиб кетаётганда далада — шоликор деҳқоннинг овлоқ кулбасида жорияси кўмагида юмшоқ кул устида кўз ёрийди, деган фикр илгари сурилади. Ҳ. Сатторийнинг “Ҳазрат Соҳибқирон”, F. Жўранинг “Туронлик Соҳибқирон Амир Темур” сингари қатор асарларда Кешдан 15 чақирим наридаги Хўжа Илғор қишлоғида туғилганлиги эътироф этилади. Таниқли тарихчилар Шарафуддин Али Яздий: “Каши дилкаш вилоятида…” деса, Ибн Арабшоҳ: “Кешга қарашли Хўжа Илғор (Хўжаи илғор бўлиши ҳам мумкин)да туғилди”, деган маълумотни келтиради. Заҳириддин Муҳаммад Бобур эса “Темурбекнинг зоду-буду кешлик”, дея аниқ нуқта қўяди.
Туғилган санасида ҳам хилма-хиллик мавжуд. Рус муаррихи М. Иванин 1333 йил 7 май, француз шарқшуноси Л. Лянглэ 1336 йил 7 май, “Зафарнома”ни 1997 йилги нашрида академик Р. Рахмоналиев 1336 йил 8 апрель, академик В. Бартольд ҳамда рус профессори Т. Грановскийлар 1336 йил 9 апрелда туғилган, деган маълумотларни келтиради. Мамлакатимизда Ўрта Осиё тарихининг билимдонлари ҳисобланган академиклар: В. Бартольд, И. Мўминов, Б. Аҳмедовлар келтирган далилларга асосланиб бўлса керак, 9 апрелда Ҳазрат Соҳибқироннинг туғилган кунини нишонлаш урфга кирган.
Яна бир “қизиқ” маълумот: Турағай баҳодир дастлаб Қадақ хотунга (“Зафарнома”), Йўқун хотунга (“Темурнома”. Аслида иккиси бир аёл) уйлангани рост. Лекин Турағай баҳодир бу никоҳдан фарзанд кўрмаганлиги ҳақида манбаларда қайдлар учрайди. Иккинчи аёли Тегинабегим Моҳдан Темур дунёга келади. Бироқ, баъзи манбаларда “Тегинабегим Темур 2 ёшлигида, бошқаларида 22 ёшида вафот этади”, дейилади. Лекин Ҳофизу Абру ва бошқа бир қатор тарихчи-ю, адиблар Турағай баҳодирнинг Суюрғатмиш, Оламшайх, Жўғи исмли ўғиллари, Қутлуғ Туркон оқа, Ширинбика оқа исмли қизлари бўлганини эслатишади.
Хуллас, қайд этилгани каби маълумотлар Темур ва Темурийлар ҳаёти акс эттирилган манбаларда етарлича учрайди. Бундай “хилма-хиллик”нинг моҳиятини бизнингча икки хил изоҳлаш мумкин: биринчиси, китоб муаллифлари Соҳибқирон тўғрисидаги маълумотларни тиниқ манбаларга солиштирмасдан мустақил фикр баён этган бўлиши мумкин. Иккинчиси, юқорида таъкидланганидек, асарларни бир тилдан иккинчисига ўгиришда йўл қўйилган эътиборсизлик туфайли рўй берган бўлса ажабмас, деган фикр хаёлимизга келади.
Нима бўлгандаям, Соҳибқирон тўғрисида ёзилган сон-саноқсиз китобларни у шахсга бўлган кенг жамоатчиликнинг эҳтироми, деб тушунмоқ керак. Гап шундаки, бу китобларнинг аксарияти ўқувчиларнинг қўлида. Китоблар эса — миллатнинг маънавий бойлиги ҳисобланади.
Фикримиз интиҳосида рус мутафаккири Николай Бердяевнинг: “Тарих том маънодаги афсонадир”, деган эътирофини эслаб, мухтасар қилмоқчимиз. Бизга қарийб етти юз йил наридан бўйлаётган Ҳазратнинг сурат ва сийратига доир чизгилар неча бор сайқалланиб, неча бор “ғижим”лангани рост. Шу жиҳатдан бир таскин ила овунамиз. Соҳибқирон ҳақида ёзилган минглаб асарларни ҳар қандай ақли комил шахс ҳам тўла таҳлилий мутолаа қилиб чиқишга эҳтимол вақти етмас. Шундай экан, бошқа улуғлар каби Ҳазрат Амир Темурнинг шахсини ёритаман, деб айрим муаллифлар асли қозиғи бўш “ҳақиқат”ларга таяниб иш тутганини табиий ҳол, деб қабул қиламиз, холос. Лоақал, мамлакатимизда Темур ва Темурийлар тарихига оид ёзилаётган асарлар Республика Ёзувчилар уюшмаси ёки бошқа масъул маҳкамалар қошидаги бадиий кенгашларнинг назаридан ўтказилиб чоп этилганида, баъзи бир ғализликларга барҳам берилган бўлармиди?..
https://saviya.uz/ijod/publitsistika/amir-temur-haqida-qozigi-bosh-haqiqat-lar/