Tarjimai hol
Ҳажвий адабиётнинг атоқли ва истеъдодли намояндаси Неъмат Аминов ўзбек адабиёти ривожи олдидаги хизматлари учун 1987 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Ойбек номидаги мукофотига сазовор бўлган.
Неъмат Аминовнинг кўпгина ҳикоялари поляк, болгар, румин, чех, рус, украин, белорус, тожик, туркман, озарбойжон, грузин, қалмиқ, шунингдек, мўғул, афғон, уйғур, урду тилларига таржима қилинган.
Ҳажвий адабиётимизнинг атоқли ва истеъдодли вакили Неъмат Аминов 1937 йил 17 июлда Бухоро вилоятининг Ромитан туманида, темирчи оиласида туғилган.
Ўрта мактабни тугатгач, Файзулла Хўжаев номидаги Бухоро педагогика институтининг тарих-филология факультетида таҳсил олган (1954-1959).
Неъмат Аминов меҳнат фаолиятини Бухоро вилояти радиоэшиттириш қўмитасида суҳандонликдан бошлаган. 1973 йил Тошкентга – “Муштум” журналига ишга таклиф этилади ва 1985 йилгача шу журналнинг масъул котиби бўлиб ишлайди. 1989 йилда “Шарқ юлдузи” журналида бош муҳаррир ўринбосари вазифасини бажаради, сўнг “Муштум” журналига бошчилик қилади, республика “Маънавият ва маърифат” жамоатчилик марказини бошқаради.
Неъмат Аминов 2005 йил 18 октябрда вафот этган.
Унинг дастлабки ҳажвий ҳикоялари 1965 йилда “Устоз, аълам” номи билан “Муштум” журналида босилиб чиқилган.
Адибнинг биринчи ҳикоялар тўплами – “Икки пуллик обрў”, бошқа асарлари “Қирқ учинчи почча” (1970), “Лабиҳовуз ҳандалари” (1977), “Чинорлар қўшиғи” (1984), “Елкасиз полвон” (1986), “Ўғри мушукча” (1987), “Қаҳқаҳа” (1987), “Яллама ёрим” (1988), “Чол боланинг эртаклари” (1990).
Неъмат Аминов ҳақида сўз бораркан, унинг “Ёлғончи фаришталар” (1976-1984) номли йирик сатирик асари ёдга тушади.
Адиб ўзбек адабиёти ривожи олдидаги хизматлари учун “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” унвонига сазовор бўлган (1992).