ЖАҲОН АДАБИЁТИНИ ЎРГАНИШ – НИҲОЯСИЗ ЙЎЛ

(“Ўзбекистонда Мустақиллик даври маънавияти
ривожида “Жаҳон адабиёти”
журнали­­нинг­ ўрни ва аҳамияти” мавзуидаги халқаро
илмий-амалий анжуман учун
СЎЗ)

Азиз дўстлар, хонимлар ва жаноблар, муҳтарам анжуман қатнашчилари!
Бугун Сизларни “Жаҳон адабиёти” журналининг ташкил топганига 20 йил тўлиши муносабати билан ўтказилаётган халқаро илмий-амалий конференцияда кўриб турганимиз ва қутлаш имкониятига эга бўлганимиздан бағоят хурсандмиз ва Сиз, азизларга, шодлигимизни бирга баҳам кўраётганингиз учун ташаккур билдирамиз. Айниқса, анжуманимизга лутфан келиб ўтирган ҳурматли элчилар, дипломатик корпус вакиллари, журналистларга алоҳида раҳматларимиз.
Барчангизнинг хабарингиз бор, бугун Ўзбекистонни-азалдан китоб ва китобхонлар юрти бўлган табаррук диёрни яна том маънода зиёли мамлакатга айлантириш устувор сиёсат бўлиб қолди. Яқинда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV Қурултойида мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев юртмиз ёшларининг жисмоний ва маънавий етуклиги борасида сўз юритар экан “биз фарзандларимизнинг онги, дунёқараши асрлар давомида синовдан ўтган, юксак маънавият хазинаси бўлган жаҳон ва миллий адабиётимиз асосида эмас, балки қандайдир шубҳали, зарарли ахборотлар асосида шаклланишига бепарво қараб туролмаймиз”, деб таъкидлади.
Дарҳақиқат, бу фикрлар Ўзбекистоннинг Мустақилликка эришган илк даврларидан то ҳозирга қадар давлат сиёсатининг энг муҳим масаласи бўлиб келаяптики, айнан шу мақсадларда 1997 йили “Жаҳон адабиёти” журнали таъсис этилди ва у ҳозирга қадар ана шу мақсадларни кўзлаб, яшаб, фаолият юритиб келмоқда. Журналимизнинг биринчи Бош муҳаррири, устоз Озод Шарафиддинов мазкур нашр тонгидаёқ буюк олмон адиби Ҳерман Ҳессенинг “Жаҳон адабиёти кутубхонаси” эссесини таржима қилиб, журналда чоп эттирар экан, унинг қуйидаги фикрларини янги нашр учун концептуал-методологик асос сифатида белгилайди:
“Таълимга, яъни маънавий ва руҳий баркамолликка интилиш аллақандай маҳдуд бир аъмолга олиб борадиган изтиробли йўл эмас, балки онгимизнинг кенгайишини мустаҳкамлайдиган қувончли ҳодисадир. Чинакам таълим ҳам чинакам маданият каби бир вақтнинг ўзида ҳам истакларнинг рўёбга чиқиши, ҳам янги интилишларга турткидир. У чексизлик сари саёҳатдир, коинот сари уйғунликдир, вақтдан ташқари бўлиш иштиёқидир. Ана шундай таълимга олиб борадиганлар ичида энг муҳими – жаҳон адабиётини ўрганишдир, кўпгина халқларнинг ёзувчилари ва мутафаккирлари асарлари ичида бизга ўтмишдан туҳфа бўлиб қолган фикрлар, ҳикматлар, тажриба, рамзлар, хаёллар ва аъмолларнинг ҳудудсиз хазинасини изчиллик билан бобма-боб ўзлаштиришдир. Бу йўл ниҳоясиздир…
Ўқишдан мақсад ҳаётнинг жамики ранглари ва жилолари қалбингда акс-садо бермоғига эришмоқ, инсоният юрагининг тепишига ҳамоҳанг бўлмоқдир. Китоб ўқиш бизни аталадай суюлтириб юбормаслиги, балки сафарбар қилмоғи лозим, бизнинг калламизни ҳаёт тўғрисидаги бўлар-бўлмас икир-чикирларга, маъносиз гапларга тўлдириб ташламоғи, бизни сохта таскинлар билан овутмоғи керак эмас, балки аксинча, ҳаётимизга янада юксакроқ, янада тўлароқ маъно бахш этмоғи лозим? (“Жаҳон адиб­лари адабиёт ҳақида” Тошкент 2010, 3-5 бетлар)
Бинобарин, китобхон “бурч йўлидан эмас, ишқ йўлидан юрмоғи лозим”.
Биз айтамизки, бурч албатта, муқаддас туйғу, аммо бурчдорлик ҳисси мажбурият эмас, муҳаббат билан амалга ошса у керак самара беради, изчиллик, узвийлик кашф этади.
“Жаҳон адабиёти” журналининг бугунги жамоаси ҳам 20 йил аввал белгиланган бош маслакка изчил амал қилиб келаяпти. Ўша мезонлар билан ўтмиш ва бугунги жаҳон адабиёти намуналарига ёндашаяпти ва саралаяпти. Акси ҳолда китоб оламининг ҳозирги чексиз уюми орасида ҳар қандай ўқирман карахтланиб қолиши аниқ.
Шу маънода ўтмиш адабиётку маълум, аммо бугунги адабиёт қай аҳволда, унинг мавзу мавозалари, меъёру сарҳадлари қандай, йўл-услуб-тутумлари, воситалари қанақа, таъсир доираси, мавжудлик орбиталари қаерда каби қатор саволлар туғилиши табиий.
Биз олди-қочди, ур-йиқит саргузаштлар, хаёлий талотўплар, мужмал ишқий-шаҳований лаззатпарастлик майлларини қўзғовчи маънавий банг ва оғулардан йироқмиз ва бу тоифа битиклардан батамом парҳездамиз. Бироқ кўз ўнгимизда жаҳон адабиёти ва санъатининг ажабтовур янги қиёфалари бўй кўрсатяптики, буларни дарҳол илғаб, аниқ ташхис қўйиш, дабдурустдан осон эмас.
Улуғ Гётенинг “ҳар бир санъат асарида, хоҳ катта ё кичик бўлсин, барча воқеалар моҳиятга бориб тақалади” деган фикрини хотирга олиб айтадиган бўлсак, бизга аён ҳақиқатлар шуки, антик дунёдаги улуғ Гомердан бошлаб адабиёт “Одиссея” ва “Илиада”лар мисолида инсоният илк маданий даври кечмишларининг бадиий солномалари ўлароқ, эпик бадиий тафаккурнинг маҳобати билан ҳайратлар уйғотди. Ундан Юнон ва Рим адабиётининг беназир адабий ёдгорликлари – миф, афсона, шеър, достон, драмалари воситасида инсоний эҳтиросларнинг қудратини намоён этди.
Ўрта асрлар башариятнинг Ренессанс отлиғ Уйғониш паллаларида инсон барча юксаклигу қабоҳати билан тарих майдонларига чиқиб, у не ҳолга тушмасин, муруввату инсонсеварлик билан олам ва одам давом этмоғи, умргузаронликнинг маънавиятга йўғрилган юксак кўринишларида улуғлашиб бормоғи лозимлигидан нақл этувчи роман, драма, достонлар шодалари дунёга келди. Уйғониш ўз ортидан маърифатга бўлган чексиз иштиёқни пайдо этди, инсоният ўз нажотини маърифатда кўрди. Табиийки, маърифатли жамият ва маърифатли, ўқимишли инсон ғояси адабиёт ва санъатнинг белгиловчи йўналиши бўлиб қолди.
XIX ва ХХ юз йилликларнинг тус-қиёфаси мамлакатлар ва жамиятларнинг дунёистарлик ва дунётопарлик кайфиятидаги ёвузлашув, ёвқурлашув моҳиятини намоён этган ва шунга қарши курашган уйғоқ, изтиробли адабий намуналари билан устувор хусусиятини намоён этди. Адолат, ҳақиқат, руҳоният, яъники бори маънавий ақидаларнинг ғорат бўлмаслиги, инсон ҳайвоний моҳиятига қайтиб қолмаслиги хавотирлари бу юз йилликлар адабий-бадиий тафаккурининг тадрижи бўлди. Айни чоғда қайдир гўшаларда маънавий-ахлоқий ақидаларнинг таназзули руҳий бўшлиқ кайфиятларининг кучайишига, ҳаёт, яшамоқ бу мавжудлик ва беъманиликдир деган тушкун туйғуларга етаклади. Қайлардадир сохта ақидаларга кўр-кўрона эргашиш тизгинсиз эҳтиросларни оловлантириб, вайронкор инқилобларга олиб келган бўлса, қайлардадир инсон узлатга чекиниб, ўзи билан ўзи андармон ҳаётдан безди ва ундан сунъий равишда узилиш, йўқ бўлиш майлларини бадиий сўз қатларига жо этди. Адабиёт ҳаётни тасдиқлаш эмас, балки уни инкор этиш йўлларида кезинди.
Бора-бора ХХI асрга ўта бориб жаҳондаги адабиёт, санъат икки тусда ўзини яққолроқ намоён эта бошлади: худбинлашган тафаккуру феъл-табиат ҳамда ёлғон ақидаларга кўр-кўрона сажда қилиб ётган қаламравлик. Ҳозирги жаҳон адабиётида очиқ кўринаётган ана шу номарғуб манзара инсониятни гиёҳвандлик, терроризм, фаҳш,яланғочлик, “оламон маданияти” каби турфа тубанликлар акс этган шоу томошалар дунёсига олиб кириб, уни маънан карахт аҳволга солиб қўяяпти. Тўғри, бундан буткул фарқли, унга зид соғлом куч ва адабиёт ҳам бор, шубҳасиз. Аммо бу куч тобора заифлашиб бораётгандек таассурот уйғотади. Адабиётнинг, санъатнинг соғлом сафарбарлик, ҳушёр нигоҳ, некбин туйғулар тарбияловчиси бўлиб келган бир неча минг йиллик тус-қиёфа ва анъаналарини шубҳа остига қўяётгандек туюлади.
Шу ўринда гарчи анча аввалроқ айтилган бўлса-да, буюк олмон файласуфи Ҳегелнинг “Дунё тарихи Шарқдан Ғарбга қараб бошланади, чунки Европа дунё тарихининг интиҳоси, Осиё эса ибтидосидир” деган умидбахш фикрлари халоскор шаббода мисол бот-бот хаёлингдан эсади ва уни алҳол эслатгинг келаверади. Ибтидога қайтиш майллари ниш урмоғи нажоткор туйғу ўлароқ бўй кўрсатади.
Мана шу маънода “Жаҳон адабиёти” журнали ўз маёғини йўқотмай ўзбек ўқирманлари-китобхонларини ҳамиша соғлом, юксак ва гўзал бадиий ижоднинг зилол сувларидан баҳраманд этмоқ йўлида изланяпти, интиляпти. Бу, албатта, осон кечаётгани йўқ.
Бугунги анжуман бизнинг изланиш ва интилишларимизга ташхис қўйиб, муносабат билдириш билан бирга замонавий жаҳон адабиётининг манзаралари, йўналишлари борасида фикрлар майдони бўлмоғи керак. Бу, ўз навбатида, бугунги глобал дунё манзараларида ўз йўлимизни тўғри, маъқул бир алпозда давом эттиришимиз, айни чоғда миллий ўзбек адабиётининг бугуни ва эртанги аҳволи, ривожи учун ўта муҳимдир. Ўзбек адабиёти катта адабиёт, буюк адабиёт. Унинг улуғлари бор, буюклари кўп. У ҳамиша халқ билан бирга, халқнинг дили ва тили бўлиб келган. Замону тузумлар ўзгариши, турли эврилишлар, албатта, безиён, беиз ўтмайди. Гарчи йўл-йўриғимиз аниқ бўлса-да, вақти-вақти билан уни тафтиш этиб туриш кейинги тараққиёт учун муҳим омил. Шу маънода бугунги мураккаб глобал дунёга чуқур кириб бораётган ўзбек адабиёти қай йўл-йўналишни танлайди, яъни фақат ўз майлларининг ҳукмронлигини маъқул биладиган худпараст инсон учун курашадими ёйинки қандайдир ғалат, чучмал ғоя ва ақидаларнинг, шамол оқимига қараб ўзгарувчи кайфиятларнинг маддоҳи-дастёрига айланадими, ёки бўлмаса, мамлакат ва жамиятнинг ёруғ машъали, тафаккурнинг, маънавиятнинг яловбардори бўладими, деган саволларни қўйиб, унга аниқ жавоблар беришимиз, нелардан ибратланиб, қандай бадиий мўлжаллар белгилашимиз учун мазкур нуфузли анжуманимиз росмана илмий-амалий майдон бўлиши керак.

Шуҳрат Ризаев

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2017/11/15/%d0%b6%d0%b0%d2%b3%d0%be%d0%bd-%d0%b0%d0%b4%d0%b0%d0%b1%d0%b8%d1%91%d1%82%d0%b8%d0%bd%d0%b8-%d1%9e%d1%80%d0%b3%d0%b0%d0%bd%d0%b8%d1%88-%d0%bd%d0%b8%d2%b3%d0%be%d1%8f%d1%81%d0%b8%d0%b7-%d0%b9/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x