(Давоми. Боши ўтган сонда)
Рус тилидан
Олим ОТАХОН
таржимаси
ХI
Ўша ёзмоқчи бўлаётган китобим, маъносини ифодалаш у қадар зарур бўлмаган барча сўзлар тушириб қолдирилгани туфайлими, тасаввуримда узундан-узун телеграммадек туюларди. Имло хатоларини кўриб бериш учун жўнатишганда қайта ўқимадим, шу боис бу уринишим қанчалар муваффақиятли чиқди, билмайман. Мазкур китоб, янглишмасам, шу чоққача ёзган асарларимга қараганда ҳарқалай табиийроқ чиққандек, аммо унинг баъзи ерлари бўш-баёв ёзилган, бунинг устига грамматик хатолар ҳам етарлича бўлса эҳтимол.
Ўшандан буён яна бир қанча асарлар ёздим. Гарчи тажрибали, моҳир адибларнинг (руҳан тетик, жисман заиф!) ижодини тинмай ўқиб, улардан таъсирланиб, ўрганиб юришдан бироз чекланган бўлсам-да, доимо имкон қадар яхшироқ, гапиришга арзигулик даражада ёзишга ҳаракат қилардим. Ўз имкониятларим чегарасини аниқлаб олганим важидан, назаримда, шу имконият доирасида мукаммалликка эришишдек ягона тўғри йўлни танлагандим. Мендан ҳеч қанақа ҳассос адиб чиқмаслигини билардим. Сўз бойлигим ночор, таъбир жоиз бўлса, қашшоқ эди, энг ёмони, ҳар қанча уринмай, буни деярли ўзгартиролмасдим. Кўнгилдагидек мажоз топишим қийин кечарди, хаёлимга ўзига хос, эсда қоларли ташбеҳлар келавермасди. Юксак шоирона хаёллар, тасаввурнинг поёнсиз дунёси, афсуски, менга насиб этмагандек эди. Бошқа ёзувчи, шоирлардаги бундай фазилатларини кўриб ҳавасим келар, шунингдек, уларнинг мураккаб ижодий йўлига ҳамда асарларининг ғоясини йўргаклаган беназир, ва шу билан бирга ғалати, чийратма тилига қойил қолардим. Таассуфки, бунақа “бадиий инжулар”ни инкишоф этишга қурбим етмас, қўлимдан келмайдиган бу уринишлар эса мени чарчатиб қўярди. Бошқа томондан, зийрак кузатувчилик қобилиятидан Худо мени сиқмаганди, бу йўлда унча-мунча адиб ҳам олдимга тушолмасди, назаримда, бошқаларнинг эътиборидан четда қолган, соддароқ айтганда, ўзгалар сезмаган, кўрмаган нарсалар менинг нигоҳларимдан қочиб қутулолмасди. Кўрганларимни аниқ-равшан баён қилиб бериш қўлимдан келарди. Мен мантиқан фикр юритардим, нафис, ғайриоддий сўзлар топиб ишлатишга алоҳида қобилиятим йўқлигини айтмаса, ҳар ҳолда, сўзларнинг жаранги (мусиқийлиги)ни эшита олардим. Ҳеч қачон ўзим хоҳлаган даражада яхши ёза олмаслигимга кўзим етарди, бироқ туғма камчиликларимдан имкон қадар халос бўлиб ижод қилишдан умидимни узмасдим. Узоқ мушоҳадалардан сўнг аниқлик, соддалик ва оҳангдорликка эришишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим. Санаб ўтилган бу бадиий хислатлар, мен уларга берган тартиб бўйича аҳамият касб этади.
Ёзганларини катта қийинчиликлар эвазигагина тушуниш мумкин бўлган ёзувчилар зардамни қайнатарди. Ҳар қандай фикрнинг беҳад нозик маъноларини мутлақо равшан ифодалаб бериш мумкинлигига ишонч ҳосил қилиш учун буюк файласуфларнинг китобларини ўқиш кифоя. Мен Юм назариясининг мағзини чақиш осон эмаслигини яхши тушунаман, айрим жумлалар мазмунини ҳар қандай саводхон одамнинг тушуниши эса бошқа масала, аммо фалсафа бобида етарли тайёргарликка эга бўлмасдан, асарнинг асосий маъносини ва сертармоқ мундарижасини англаш имконсиз. Инглиз тилида Берклидек нозик ёза олиш ҳар кимнинг қўлидан келавермайди. Ёзувчилар иккита сабабга кўра – бирлари бепарволик туфайли, бошқалари атайин тушунарсиз ёзади. Кўпчилик одамлар фикрини қиёмига етказиб тушунтириб беролмайди, бунинг сабаби – улар аниқ-равшан ёзишни ўрганиш учун заҳмат чекишга қунт қилмаганлигидан. Бунақа тушуниб бўлмайдиган мубҳамлик замонавий файласуфлар, олимлар ва ҳатто мунаққидларнинг асарларида ўқтин-ўқтин учраб туради. Кейингиларига одам чинданам ҳайрон бўлади. Зоҳиран, бундай қараганда, бир умр адабиёт оламининг дарғалари асарларини ўқиб, улардан ўрганиб юрган кимсалар, сўз нафосатини, нозиклигини бошқаларга қараганда чуқурроқ ҳис қилишлари лозимдек, улар фикрларини чиройли бўлмаса ҳам, лоақал тушунарли ифодалаб беришлари керакдек туюлади. Шунга қарамай, уларнинг асарларида шундай ғализ жумлалар учрайдики, азбаройи уларни тушуниб олиш учун бир неча марта ўқиш лозим бўлади. Баъзан муаллиф нима демоқчи бўлаётганини тахмин қилишдан бошқа иложингиз қолмайди, негаки айтмоқчи бўлган гапи қолиб, бутунлай бошқа нарсани ифодалаётган бўлади.
Гоҳо ёзувчи ўзи айтадиган фикрига унча ишонмайди, бунга ишончи комил эмас. Ё уддасидан чиқолмайди, ё ялқовлиги туфайли фикрини ҳам хаёлида пишитиб олмаган бўлади. Бунақа чалкаш фикрни аниқ-тиниқ ифодалаш эса, турган гапки, мумкин эмас. Бунинг сабаби – адибларнинг ёзишга ўтиришдан олдин ўйлаб олиш ўрнига, ёзаётганларида ўйлай бошлашлари бўлса керак. Қаламдан фикр туғилади. Бунинг хавфли томони шуки, ёзувчи доим ундан эҳтиёт бўлиши керак, қоғозга тушган фусункор сўз жодуга ўхшайди, у сеҳрлаб қўяди. Кўз билан кўриш мумкин шаклга кирган фикр моддийлашдими, тамом, унинг маъносини англаш қийинлашади. Бироқ бунақа мавҳумлик осонлик билан атайин қилинган ноаниқликка айланади. Аниқ фикрлашга ноқобил айрим ёзувчилар асоссиз равишда ўзларининг фикрларини анчайин маъноли деб ҳисоблашга мойил бўладилар. Улар фикрларим фавқулодда теран ва қамровли, шунинг учун уларни дуч келган одам тушуниб кетадиган тарзда ифодалаш мумкин эмас, деб мақтанишни яхши кўрадилар. Шунақа ёзувчиларнинг бутун фожиаси – ўзларининг аниқ фикрлашга ноқобил эканликларини хаёлларига ҳам келтирмасликларида. Шу ўринда, боя айтиб ўтганимиздек, яна қоғозга тушган – моддийлашган сўзнинг сеҳр-жодуси таъсир ўтказади. Ваҳоланки, етарлича тушунилмаган ибора, жумла аслида бағоят ифодали ва сермаъно фикрнинг инъикоси, дея одам ўзини осонгина ишонтириши мумкин. Бу эса таассуротларини азалий мавҳумликда қоғозга тушириш одатини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Улардан яширин маъно излаб топадиган овсарлар ҳамиша топилган, топилади. Атайлаб тушуниксиз ёзишнинг яна бир тури борки, буниси аввалгисидан ҳам ўтиб тушади, у гўё назокатли услубга буркангандек кўриниш касб этади. Муаллиф омманинг фаҳми етмаслиги учун ўзининг ғоясига мавҳумлик либосини кийдиради. Шу тариқа, гўё бир қанча қалтис тўсиқларни енгиб ўтолган мумтоз кишиларгина сирли боққа кира олади. Бироқ бунақа мавҳумлик нафақат оҳангжамадан, балки калтабинликдан ҳам дарак беради. Зеро, давр шамолларида не кўйларга тушмайди у. Агар асар маъносиз сўзлар бўтқасига ўхшаган бўлса, Давр уни ҳеч ким ўқимайдиган кераксиз сўзлар уюмига айлантириб қўяди. Гийом Аполлинер изидан бормоқчи бўлиб, ҳийла-найранглар қилган француз ёзувчиларининг деярли ҳаммаси шундай қисматга дучор бўлишди. Баъзан бундай бўлиши ҳам мумкин: Вақт теран ва ҳаққонийдек туюлган асарларни ўткир, кўзни қамаштирувчи нури билан ёритади, ана шунда бу ғалати сўз ўйинлари замирида жўн, арзонгаров фикрлар яширингани маълум бўлади. Малларменинг шеърлари, айримларини айтмаса, ҳозир ҳамма учун тушунарли, унинг бир вақтлар оммани ҳайратга солган ғоялари ниҳоятда оддий, сийқа эканлигини сезмаслик мумкин эмас. Гўзал иборалари бор, бироқ ўша замонлардан буён ҳаммага маълум бўлган шоирона фикрлар унинг шеърлари учун манба бўлиб хизмат қилган.
ХII
Соддалик – равшан ёзишчалик рўйирост кўриниб турувчи фазилат эмас. Мен ҳамиша шунга интилганман, чунки дабдабали, серҳашам тилда ёзиш қўлимдан келмайди, таъбир жоиз бўлса, бунга ноқобилман. Бошқа ижодкорларнинг шундай ёза олишларига ҳавас қиламан, лекин яшириб нима қилдим, жуда тез кўнглимга уради, ҳазм қилишга қийналаман. Рескинни бир саҳифа ўқисам, дилим яйрайди, қойил қоламан, йигирма бетдан кейин меъдамга уради, толиқаман. Жумлалар равон, таҳсинга лойиқ сифатлашлар, ўзаро боғланган шоирона ташбеҳлар, ибораларга салмоқ ва салобат бахш этувчи эргаш гаплар, бир маромда мавжланаётган тўлқинлардек улуғвор оҳанг – буларнинг ҳаммаси қандайдир юксак туйғуларга йўғрилган. Шу тахлит бирлашиб уйғунлик касб этган сўзлар ажиб бир мусиқа сингари кўнгилни ром қилади. Одамда ақлий эмас, кўпроқ ҳиссий таассурот уйғотади, гўзал сўзлар бу ибораларнинг маъносини ўйлаб, мулоҳаза қилиш заруриятидан халос қилади. Натижада, сўз ўйинларига маҳлиёлик мазмун ҳақида қайғурмасликни келтириб чиқади, бу эса ўз-ўзидан бутунлай асарнинг асосий меҳвари бўлган ғояни англаш, тушуниш истагини йўққа чиқаради. Фикрсизлик назарияси пайдо бўлади. Бироқ сўзлар шафқатсиз мустабид, улар ўзлари ифодалаётган маънонинг қуввати билан белгиланади, маъно йўқолдими, тамом, сўзлардан, умуман, адабий матндан узоқлашиб кетасан. Фикр тарқоқ ҳолга келади. Бунақа усулда ёзиш ўзига муносиб мавзуларга эҳтиёж сезади, ҳатто шуни талаб қилади, арзимаган нарсалар ҳақида дабдабали усулда ёзиб бўлмайди. Ундан Томас Браунчалик ҳеч ким маҳорат билан фойдалана олмаган, лекин у ҳам доимо шу тузоққа тушишдан сақланолмаган. “Гидриотафия” – “Хок солинган кўзачанинг дафн этилиши” китобининг сўнгги бобида инсон қисмати барокко адабиётининг дабдабали тилида баён қилинганки, ҳар жиҳатдан услубга мувофиқ – тилла узукка олмос кўз қўйгандек. Насрда шундай гўзал саҳифалар яратилганки, бизнинг адабиётда унинг олдига тушадигани йўқ, бироқ у кўзчалар қандай топилганини ҳам худди шундай дабдабали усулда берадики, бунинг таъсир кучидан (ҳеч бўлмаганда мен шундай деб ўйлайман) асар ҳам қолмайди, демак, ўқувчига бу фожиали лавҳалар таъсир қилмайди. Замонавий ёзувчи оддийгина суюқоёқ хотиннинг ҳеч бир жиҳати билан эътиборга арзимайдиган йигит тўшагида ётган-ётмаганини баландпарвоз услубда, бунинг устига тантанавор оҳангда баён қилиб берса, ҳақли равишда энсангиз қотади.
Серҳашам услуб яратиш учун истеъдод зарур экан – ахир, бу ҳар кимга ҳам насиб этавермайди, соддалик бўлса, туғма хусусият эмас. Унга эришмоқ учун темирдек интизом зарур. Билишимча, бизнинг тилимиздагина насрнинг алоҳида тури – purple patсhни яратишга тўғри келган. Башарти, у ҳаддан зиёд ўзига хос бўлмаганда эди, бунга ҳожат қолмасди. Инглиз насри тили содда эмас, аслида у ҳашамдор. Аммо ҳар доим ҳам бунақа бўлмаган. Шекспир насридан кўра шиддатлироқ, чўрткесар ва жонлироқ услуб йўқ, лекин унутмаслик лозим, бу оғзаки нутққа мўлжаллаб ёзилган диалог. Биз Шекспир Корнель сингари ўз пьесаларига сўзбошини қандай ёзган бўларди, билмаймиз. Эҳтимол, бу муқаддималар Елизаветанинг номаларига ўхшаш ғализ, ғайритабиий чиқармиди. Лекин ундан аввалроқ ижод қилган, дейлик Томас Мор насрини оладиган бўлсак, у дағал ҳам, бежамдор ҳам, тумтароқ ҳам эмас. Ундан инглиз тупроғининг ҳиди келиб туради. Ўйлашимча, қирол Иаков Библияси инглиз насрига зарар етказган. Мен унинг гўзаллигини инкор қиладиган даражада нодон эмасман. У жуда улуғвор. Бироқ Библия – шарқона китоб. Унинг образлилиги бизга бутунлай бегона. Бу муболағалар, бу ширали мажозлар руҳимизга тўғри келмайди. Менимча, Библия узоқ пайтгача инглизларнинг кундалик, ҳаттоки ягона мутолаа қилинадиган китоби бўлгани касри бу. Библиядаги сўз бойлиги, оҳангдошлик, баландпарвоз иборалар миллатнинг қон-қонига сингиб кетди. Оддий, тоза инглиз тили ҳар хил, бўлар-бўлмас бежама зийнатлардан туғилди. Ўзининг кўркини йўқотди. Бефаросат инглизлар яҳудийларнинг пайғамбарларига ўхшаб гапираман деб, тиллари танглайига ёпишгудек бўлди. Афтидан, бунга инглизларнинг табиатидаги қандайдир ўзига хос аломатлар: балки аниқ мушоҳада юритишга ноқобиллик ёки чиройли, ялтироқ сўзларга болаларча маҳлиё бўлиш ёки бунақа жимжимадор безакларга туғма ишқибозлик ва муҳаббат сабабдир – билмадим. Лекин битта нарсага ишончим комил, ўшандан буён инглиз адабий тили ортиқча сўзбозлик иллати билан курашиб келади. Вақти-вақти билан бамисли Драйден асарлари ёки қиролича Анна ҳукмдорлик қилган даврда яшаган адибларнинг ижодидаги каби тилнинг бурунги қудрати қарор топган бўлса-да, кўп ўтмай яна Гиббон ёки доктор Жонсоннинг юзаки, дабдабали услуби босиб кетарди. Хэзлитт тадқиқотлари, Шелли мактублари, Чарльз Лэмнинг энг яхши асарларидаги тил эвазига инглиз насри яна соддаликка эришса – де Квинси, Мередит, Карлейль ҳамда Уолтер Патернинг китоблари шу фазилатни йўққа чиқарарди. Дабдабали услуб, табиийки, оддийликка нисбатан одамни лол қолдиради. Бу ҳам етмагандек, аксар кишилар одамларни ҳайратга солмайдиган услуб умуман услуб эмас, деб ҳисоблайдилар. Шунақалар Уолтер Патерни ўқиб, тасаннолар айтадилар-у, Мэтью Арнольд бадиҳасини ўқиш у ёқда турсин, ҳатто унинг ўз фикрларини нақадар нозик, гўзал ва табиий ифодалаётганини сезмасликка ҳаракат қиладилар.
Услуб, бу – инсоннинг ўзидир, деган жумла жуда машҳур бўлиб кетган. Ушбу ҳикмат шунчалар кўп маънода ишлатиладики, шундан деярли ҳеч нимани англатмайди. Гёте инсон сифатида қайси асарларида кўпроқ намоён бўлади – назокатли лирик шеърларидами ёки қўполдан-қўпол асарларидами? Хэзлитт-чи? Бироқ, менимча, инсон феъли инжиқ бўлса, у шак-шубҳасиз мавҳум ёзади, агар унинг феъл-атвори миянғи бўлса, ёзганлари ҳам инжиқ, жиззаки, агарда унинг идроки, қабул қилиш қобилияти ўткир бўлса ва буюмлар юзлаб бошқа буюмларни эслата олса, у ҳолда, ўзини идора қилиш қолиб кетиб, ёзганларини ўхшатишлар ва метафоралар билан бежаб ташлайди. Яқин орада тилга қўшилган янги сўз бойликлари билан сархуш юрган XVII аср адибларининг баландпарвоз услуби билан бетайин назариянинг қурбони бўлган Гиббон ва доктор Жонсоннинг дабдабали услуби ўртасида катта фарқ бор. Доктор Жонсон ишлатган сўзларнинг ҳар бири менга ҳузур бахш этади, чунки у гапнинг кифтини келтириб ёзиш билан бирга дилбар услуб соҳиби ва бамаъни ижодкор эди. Кўра-била туриб, бунақа дабдабали услубда ёзмаганда эди, унинг олдига тушадиган ёзувчи бўлмасди. У соф, яхши маънодаги инглиз тилини қадрлай биларди. Драйден насрини ишнинг кўзини биладиган биронта мунаққид жиддий равишда мақтамаган эди. У Драйден санъатининг моҳияти – теран фикрга равшан ифода топа билишда, дея таърифлаган эди. “Таржимаи ҳол”ларидан бирини эса шундай якунлаган эди: “Кимки қўпол бўлмаган, нафис, лекин кўзни қамаштирмайдиган, табиий инглизча ҳижо топишни истаса, кеча-кундуз Аддисон асарларини ўқисин”. Лекин ўзи перони қўлга олар экан, мақсади ўзгариб қоларди. Дабдабали услубни улуғвор дея ҳисобларди. Улуғворликнинг биринчи белгиси, бу – табиийлик ва соддаликдан иборат эканини англаш учун унга таълим-тарбия етишмасди.
Баркамол наср тарбия туфайли вужудга келади. Шеъриятдан насрнинг фарқи шуки, у тартибга келтирилган санъатдир. Шеърият, бу – барокко. Барокко – фожиавий, поёнсиз, сир-синоатлар услуби. У – тартибсиз. У теранлик билан ҳурлик талаб қилади. У бамисли пўртана, олов, чақмоқ, ибтидоси йўқ интиҳо. У теранлик, ҳурлик ва зийраклик! Менга ҳамон барокко даврининг носирлари – Библияга эътимод қилган қирол Иаков, Томас Браун, Гленвиллар – йўлидан адашган шоирлар бўлиб туюлади. Наср, бу – рококо. У нафақат қудрат, балки дид, нафақат илҳом, балки изчиллик, мантиқ, фақатгина салобат эмас, балки аниқлик талаб қилади. Шоир учун шакл – баайни жилов билан сувлиқ, уларсиз, агар цирк устаси бўлмасангиз, отда юролмайсиз, лекин носир учун бу шасси – усиз машинангиз йўқ дегани.
Мазмундор наср тарбия кўрган одамнинг суҳбатига монанд бўлиши керак, дейишади. Қачон ширин суҳбат қилинади, қачонки турмуш ташвишларидан озод бўлинса! Уларнинг ҳаёти иложи борича хавф-хатарсиз, беғалва, хотиржам бўлмоғи, хаёлини бузмаслиги лозим. Улар кўпроқ дунё моҳиятининг такомилига аҳамият беришлари даркор. Улар хушмуомалаликни қадрлашлари, ўзларининг ташқи қиёфаларига аҳамият беришлари, бировларни зериктириб қўйишдан истиҳола қилишлари, ҳаддан зиёд шодумон ҳам, ҳаддан зиёд жиддий ҳам бўлмасликлари, доимо меъёрни сақлашлари, завқ-шавққа танқидий кўз билан қарашлари керак. Мана шу наср учун беҳад қулай, кўнгилдагидек ҳолат. Мана шу замонамизнинг энг баркамол носири – Вольтерни дунёга келтирди. У бамисли ўз-ўзидан эришгандек туюлаётган камолотга бизнинг ёзувчилар, эҳтимол, инглиз тилининг шоирона хусусиятига кўра эриша олгандирлар.
Улар равон услуби, ғоянинг шакл билан мувофиқлиги, ифоданинг равшанлиги бўйича буюк французларга тақрибан ижод қилганлари боис таҳсинга сазовордирлар.
XIII
Мен инглиз насри ҳақида анча-мунча китоблар ўқиганман, бироқ уларнинг нафи тегмаган, деса ҳам бўлади. Уларнинг аксари мужмал, назарий жиҳатдан хом ва бадхоҳлик билан ёзилган эди. Фаулернинг “Жонли инглиз тили луғати” китоби ҳақида бундай деб бўлмайди. У юксак даражада фойдали китоб. Одамнинг ҳар қанча қалами ўткир бўлса ҳам бу китобдан кўп ўрганса бўлади. Уни ўқиш мароқли. Фаулер соддаликни, жиддийлик ва фикрчанликни яхши кўради. Оҳангжама қилишни ёқтирмайди. У турғун бирикмалар – тилнинг негизи, деб ҳисобларди, жарангдор ибораларни қадрларди. У мантиқ, изчилликка кўр-кўрона амал қилмас ва ҳамиша биринчи ўринда чандирдек қаттиқ грамматик тўсиқлар аро жонли тилга йўл беришга тайёр турарди. Инглиз тилининг грамматикаси ҳаддан зиёд оғир, грамматик жиҳатдан бехато ёзиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Ҳатто Генри Жеймсдек ижодкорлар орасида ҳам кам учрайдиган, грамматик қоидаларни ҳавас қиларли даражада биладиган саводхон ёзувчи гоҳо бепарволикданми, шундай хатоларга йўл қўяр эдики, ҳар қандай мактаб муаллими ўқувчининг иншосида шунақа хатоларни кўрса, аччиқланар эди. Грамматикани билиш керак, ғализ жумлалар тузгандан кўра, орфографик хатога йўл қўйган маъқул, бироқ грамматика нари борса жонли қоидага солинган оғзаки нутқ эканини унутмаслик лозим. Ягона мезон, бу – жонли тилдир. Ҳар қандай жиддий, тартиб билан тузилган жумладан кўра, мен оқар сувдек равон ва табиий жумлани афзал кўраман. Инглиз ва француз тилларининг битта фарқи, француз тилида грамматик қоидаларга амал қилинган ҳолда самимий ёзса бўлади, инглиз тилида эса бунга доим ҳам эришиш амримаҳол. Инглиз тилида ёзишнинг қийинлиги шундаки, жонли сўзлашувнинг овози босма – қоғозда ёзилган ёзув устидан гўё ҳукмронлик қилади. Мен услуб муаммолари ҳақида жуда кўп фикр юритганман ва бунга анча меҳнатим сингган. Ёзганларим ичида тузатишга кучим етмаган саҳифалар кам учрайди, минг зўр берганим билан тузатолмай қўл силкиб қўйганларим эса ҳаддан ташқари кўп. Мен ўзим ҳақимда Жонсон Поп хусусида айтганидек: “У жумлаларни ҳеч қачон лоқайдлик билан тузатмасдан ташлаб кетмайди, тузатмай ўтиб кетган чоғларида ношуд бўлганидан шундай қилади”, – деёлмайман. Мен хоҳлаганимча эмас, қўлимдан келганича ёзаман.
Фаулер эса сўз оҳангига қулоқ солмайди. У гоҳо оҳангдорлик олдида оддийликдан воз кечса бўлаверишини тушунмайди. Менимча, бироз сунъий ё эскирган ёки ҳатто дилтанг сўзни, магарки яхшироқ жаранглаётган бўлса, жумлага изчиллик, маҳзунлик бағишлаётган сўз ўрнида қўллаш мумкин. Бироқ изоҳ бериш зарурга ўхшайди: бунақа сўзларнинг бемалол баҳридан ўтавериш мумкин, лекин зинҳор-базинҳор фикрнинг аниқ ифодаси эвазига эмас. Мавҳум ёзишдан кўра ёмонроқ нарса йўқ. Равшанликни рад қилиб бўлмайди, оддийликка эса фақат ширасиз бўлиб қолибди, дея эътироз қилиш мумкин. Худди жингалак улама соч таққандан кўра, кал бўлиб юриш афзаллигидай. Бироқ оҳангдорликнинг ўзига яраша хатарли жиҳати бор: у осонгина бир хилликдан иборат бўлиб қолади ёки шуни касб этади. Жорж Мур ижодини бошлаган пайтда тили қашшоқ эди, худди учи тўмтоқ қаламда нарса ўрайдиган қоғозга ёзилгандай туюларди. Шундай бўлса-да, секин-аста оҳангдор инглиз тилида қойилмақом қилиб ёзадиган бўлди. У бора-бора сокин, руҳсиз жумлалар ёзишга ўтдики, шунчалар ўзига маъқул келганидан бу усулдан воз кечолмасди. У бир хилликдан сақланишни хаёлига келтирмади. Унинг жумлалари тошлоқ соҳилга урилаётган тўлқинлар сингари бир маромда эди – аллаларди, афсуски, бу оҳангдорлик китобхон эсидан жуда тез чиқиб кетарди. Улар шу даражада хушоҳанг эдики, азбаройи дағалроқ, мана шу ипакдак майин оҳангларни бузадиган аллақандай кескин, бадҳазм, тумтароқ нимагадир зарурат борлиги сезилиб қоларди. Бундан қандай сақланиш мумкин – билмайман. Эҳтимол, китобхонлардан кўра сенинг ўзингда шу ўзгармас, бир хил оҳангли жумлаларга муносабат бўлиши керакдир, ана ўшанда, сенинг ўзинг китобхонлардан аввалроқ жонингга тегарсан, аммо ўзинг топган сермазмун воситалар кутганингчалик самара бермаётганини вақтида сезиш жуда-жуда қийин. Доктор Жонсон айтганидек: “Кимдир кун келиб ўз услубига зўр ғайрат ва интилиш билан эришади. Аммо охир-оқибат камдан-кам ҳоллардагина етарлича эркин ёза олади”. Мэтью Арнольд услуби амалга оширмоқчи бўлаётган мақсадларга қанчалик мувофиқ бўлмасин, очиғини айтишим шарт, у хуш кўрган, унга маъқул усуллар кўпинча менинг асабимга тегарди. Услуб адибнинг ўзи учун бир умрга узил-кесил ясаб олган қуроли – ҳар хил ишларни бажаришга қодир инсон қўллари эмас!
Агар аниқ, оддий, хушоҳанг ёзиш мумкин бўлсайди, бу мукаммаллик касб этарди: бу Вольтерга ўхшаб ёзиш бўларди. Ваҳоланки, таъсирли ёзиш ортидан қувиш хавфли эканини биламиз: у Мередитнинг диққинафас, зерикарли машқларига олиб келиши мумкин. Маколей билан Карлейлларнинг ҳар бири ўзига яраша ижодкор, бироқ бу фақатгина бебаҳо хусусияти – табиийлиги туфайлидир. Уларнинг ёрқин таъсирчанлиги диққат-эътиборни бир ерга тўплашга халал беради. Уларнинг шу хусусияти ўзларига бўлган ишончни йўққа чиқаради. Агар бир одам қатъий равишда омоч билан ер ҳайдаш, эгат очишни ният қилиб, қадамда темир чамбаракни судраганча унинг устидан сакраб юраверса, унинг эгат очишни ният қилганига ишониш мумкинми? Йўқ, албатта. Яхши услуб машаққатли меҳнатга зўр берганликнинг оқибати экани сезилмаслиги керак. Нимаики ёзган бўлсангиз, бахтли тасодиф маҳсули бўлиб кўрингани маъқул. Францияда биронта ёзувчи Колеттдан яхшироқ ёзолмаса керак, у шунчалар енгил, ўйнаб ёзгандек таассурот қолдирадики, ўқиган одам унинг заррача бўлсин қийналганига ишонгиси келмайди.
Шундай туғма ижрочилар бор, аксари пианиночилар бунга тинимсиз меҳнат эвазига эришилади, дейди, мен ёзувчилар орасида ҳам шундай бахти кулиб боққанлар борлигига ишонаман. Колеттни ана шундайлар тоифасига мансуб, дея тасдиқлашга мойилман. Мен ундан бир куни шу тўғрими, деб сўрадим. Во ажабо, у баъзан эрталабдан тушгача тиним билмай тер тўккани билан бир саҳифагина ёзишга муяссар бўларкан. Осон ва енгил ёзгандек таассурот қолдиришга қандай эришиши муҳим эмас. Мен, айтайлик, шунга эришсам ҳам, фақатгина машаққатли меҳнат эвазига ёлғиз қийналишлар орқали эришаман. Камдан-кам ҳоллардагина тўғри фикр, шунингдек, ҳаққоний ва чайналмаган сўз ёки ибора қоғозда осонгина акс этиб қолиши мумкин.
XIV
Қаердадир ўқигандим, Анатоль Франс фақатгина ўзи тан берган XVII асрда яшаб ўтган ёзувчиларнинг тил бойлиги ва усулларини ўзлаштиришга интилар экан. Чинданам шундайми, билмайман. Услубида оддийлик, ҳаётий оҳангдорликлар, таъсирчанлик етишмаслигининг сабаби шундандир балки. Бироқ ёзувчи кўнглидагини, айтиш лозим бўлган гапларни айтмаса ёки ёзмаса, бундай оддийлик сохта, қалбаки бўлади. Ўз замонасининг услубида ёзиш шарт. Тил яшайди ва шу билан бирга ўзгариб боради, ўтмиш замондагиларга ўхшаб ёзишга ҳаракат қилиш фақатгина сунъийликка олиб келиши мумкин. Услубнинг жонли бўлиши ва замонавийликка эришиш учун, гарчи бугун авжи расмга киргани билан ўн икки йилдан кейин унутилиб кетиши мумкин бўлган сўзни ҳеч иккиланмай ишлатганман. Асарнинг умумий қиёфаси етарли даражада жиддий ва қатъий бўлса, маҳаллий ёки вақтинчалик қийматга эга тил меъёрларидан фойдаланишга монелик қилмайди. Мен қийшанглайдиган ёзувчидан кўра, беадаб ёзувчини афзал кўраман. Ҳаётнинг ўзи беадаб, бузуқ, шу ҳаётни ёзувчи акс эттиришга ҳаракат қилаётган экан, шундай бўлмоғи табиий, адиб ойдаги ёки бошқа сайёралардаги ҳаётни тасвирлашга бел боғламаган-ку!
Назаримда, биз инглиз адиблари, америкалик ҳамкасбларимиздан кўп нарсани ўрганишимизга тўғри келади. Зеро, Америка адабиёти қирол Иаков Библиясининг зарарли таъсиридан узоқ бўлган, шу билан бирга биздагидек ёзиш услублари маданий ҳаётимизнинг бир қисмига айланганидек эски дарғаларнинг ижоди Америка ёзувчиларига жуда кам даражада таъсир кўрсатган. Ўзларининг услубларини яратаётганларида улар балки ўйламасдан, ихтиёрсиз равишда атрофларида янграган жонли тилдан намуна олишга интилгандирлар; ана шу услубнинг энг гўзал намуналарида ҳаққонийлик, ҳаётийлик ва куч-қудрат баралла намоён бўлади, унинг олдида бизнинг маданиятлироқ бўлиб кўринган адабиётимиз нимжон, тинкаси қуриган адабиёт бўлиб қолди. Қайсидир даврда репортёрлик қилган аксар америкалик ёзувчиларга бу соҳа жуда катта фойда берган. Ўзининг газетадаги фаолияти давомида улар лўнда, ўткир ва таъсирчан тилда ёзиш машқини олдилар, бизда эса бундай тажрибага панжа орасидан қараларди. Аждодларимиз Библияни қандай ўқиган бўлса, ҳозир биз газетани шундай ўқиймиз. Газета жуда арзон. Биз учун тажриба мактаби вазифасини бажариши лозим бўлган ёзувчилар эса ҳамон бунга эътиборсизлик билан қараяптилар. Чунки бу – тўппа-тўғри кушхонадан келаётган хомашёдек гап, агар биз ёзувчилар қон ва гўнг ҳиди бор, деб ундан юз ўгирсак, номаъқул бузоқнинг гўштини еган бўламиз. Нима бўлган тақдирда ҳам бу кундалик прозадан бўйин товламаслик лозим. Аммо услуб жиҳатдан ҳамма даврдаги матбуот бир хил бўлади. Худди барча материалларни бир киши ёзаётгандек, у қиёфасиз. Унинг таъсирига ўзгача мутолаани қарши қўя билиш керак. Бунинг битта йўли бор: мунтазам равишда бошқа адабиёт билан алоқада бўлиш шарт, фақат у ҳаддан зиёд узоқ ўтмиш адабиёти бўлмасин. Ана ўша адабиёт сиз учун бамисли ўз услубингиз ва идеалларингизни таққослаш, бугунги кун ёзувчиси бўлатуриб унга интилиш имконини беради. Шу маънода Хэзлитт билан кардинал Ньюмен сингари ёзувчилар мен учун маёқ вазифасини ўтади. Мен уларга тақлид қилган эмасман. Хэзлитт баъзан керагидан ортиқ дабдабали ёзарди, баъзан унинг Виктория даври готик услубига монанд латофати сийқаси чиққандек ёки эскиргандек таассурот уйғотарди. Ньюмен эса баъзан баландпарвоз ёзишда меъёрни унутарди. Бироқ икковида тенгсиз саҳифалар бор. Вақт асарларининг тилига унчалик таъсирини ўтказмаган – улар шу замонда яратилгандек эди. Хэзлитт жуда ишонарли, баланд руҳда, ғайрат билан ёзарди, унинг асарларидан ҳаёт ва қудрат уфуриб турарди. Жумлаларида у яхши билган майдакаш, жанжалкаш, ўшшайган, бадхулқ инсон акс этарди. (Ахир, бизнинг ботиний менимиз ўша ночор, бир умр қоқилиб-суқилиб юрадиган одам каби нореал эмас-ку!) Ньюмен, бу – нафосат, бу мусиқа – гоҳ енгил, гоҳ залворли; бу тилнинг мафтункорлиги, олийжаноблиги ва хилма-хил тимсолидир. Улар иккови мумкин қадар аниқ-равшан ёзишарди. Уларнинг оддийлиги талабчан дидларига мос даражада оддий эмасди. Бу жиҳатдан улар, назаримда, Мэтью Арнольддан орқада эдилар. Иккаласи ғаройиб даражада мавзун жумлалар тузишга моҳир эди, уларни ўқиган китобхоннинг кўзи қувнарди. Иккови табиатан жуда нозикфаҳм эдилар. Кимки уларнинг тил соҳасидаги фазилатларини замонавий услуб билан бирга қўшиб ўрганса ёки унга тақлид қилса, ундан аълороқ ёзадиган одам топилмасди.
XV
Гоҳо-гоҳо ўзимга, мабодо, ҳаётимни бошдан-оёқ адабиётга бахш этганимда, яхшироқ ёзармидим ёки йўқми, дея савол бераман. Бир замонлар, аниқ эслолмайман неча ёшда эканман, ҳаётга бир марта келар эканман, иложи борича ҳаётнинг барча лаззатларидан тотиб кўришга қарор қилгандим, фақат ижод қилишнинг ўзи менга камдек туюларди. Мен ҳаётимни шундай дастур асосида йўлга қўйишим керакки, унда ижод асосий ва энг муҳим ўринни эгалласин, дея ўйлардим. Ҳаётда кўп нарсалардан бенасиб эдим. Бўйим паст эди, тенгдошларимга нисбатан чидамли бўлганим билан жисмонан заиф, тортинчоқ ва нимжон эдим: мен инглизларнинг ҳаётида жуда муҳим ўрин тутадиган спортга ишқибоз эмасдим. Булардан бири сабаб бўлибми ёки туғилишдан шунақа эдимми – мен мана шулар боис беихтиёр одамлар билан чиқишиб кетолмасдим. Мен турли давраларда ҳар хил инсонларни кўнглимга яқин олиб юрган бўлсам-да, умуман одам исини ёқтирмасдим. Илк бор танишганданоқ дўст бўлиб кетадиганлар тоифасидан эмасдим. Йиллар давомида бегоналар билан муомала қилишга тўғри келиб қолганда одамохун, дилбар шахсдек таассурот қолдиришни ўргандим, бироқ биринчи кўришганда ҳеч ким, ҳеч қачон кўнглимга ўтирмасди. Янглишмасам, ҳаётимда бирон марта бўлсин, вагонда ёки кемада нотаниш кишилар билан қадрдонлардек гаплашиб кетмаганман. Саломатлигим кўтармаганлигидан ўзимга ўхшаганлар билан ичкилик ичиб, маишат қилмаганман: кўпчилик сингари ширакайф бўлиб ака-ука тутинадиган даражага етай деб қолганимда негадир ошқозоним оғриб қолар, кўнглим жуда ёмон беҳузур бўла бошларди. Буларнинг бари оддий одамлар тугул, ижодкор учун ҳам яхши одат эмасди. Амаллаб, муомала қилиб кетишга тўғри келарди. Мен ўзим танлаган ҳаёт йўлидан четга чиқишни истамасдим, эҳтимол, яшашнинг бундай қоидалари номукаммалдир, бироқ мен бундан ортиғини ўша пайтда зиммамга ҳам ололмасдим, зеро, табиатимга ҳам тўғри келмасди.
Арасту табиатда фақатгина инсонга хос хусусиятлар нималардан иборат эканлигини аниқлаш мақсадида жуда кўп тажриба ўтказган, кузатган, хулосалар чиқарган ва шундай фикрга келган: инсон ўсимлик сингари барқ уриб ўсишга, мавжудот каби ҳис қилишга мойилликдан ташқари, у онгли хилқат, демакки, унинг ўзига хос, ягона вазифаси – ақлий фаолиятдир. Шундан келиб чиққан ҳолда у одамзод мана шу уч шаклдаги фаолиятнинг ҳаммасини баробар эмас (ҳолбуки, мантиқ шуни тақозо этади), балки ўша, фақат ўзига тааллуқлисини ривожлантиришга ҳаракат қилмоғи керак, деган хулосага келади. Файласуфлар ва ахлоқшунослар вужудга беписандлик билан муносабатда бўлишган. Улар жисмоний лаззатнинг ўткинчилигига доим урғу берганлар. Бироқ лаззатланиш, ҳаттоки қисқа вақт давом этган тақдирда ҳам барибир – лаззатланишдир. Гарчи бир дақиқадан кейин бадан муздеккина таъсирни сезмай қолиши маълум бўлса ҳам, жазирама иссиқда сувда чўмилиш – роҳат, салқин ичимликлар ичиш – роҳат. Негаки, оқ нарса вақт ўтгани билан янада оқроқ бўлиб қолмайди. Ўша пайтларда мен ҳиссиётларимиз бахш этган барча ҳузур-ҳаловатдан баҳраманд бўлиш кераклигини ҳаётий дастуриламалимнинг бир қисми деб ҳисоблардим. Мен орзу-ҳавас билан яшашга, ҳар қадамда ҳузур-ҳаловат бахш этувчи неъматларнинг қадрига етишга интилардим. Бундай ҳаёт кечириш мўътадилликнинг зерикарли одатларга айланиб кетишига йўл қўймайди. У толиққан жисмингизга тетиклик, қувват бағишлайди ҳамда хотиржамликка асос бўлади. Кўпинча, одамнинг бадани яйраганда у руҳан ўзини енгил ва масрур сезади, бу юлдузлар тоғ чўққисидан эмас, балки кир ўранинг ёқасидан қараганда янаям ёрқинроқ кўринганга ўхшайди. Жинсий муҳаббат – дунё лаззатларининг энг таъсирлисидир. Мен борлиқ ҳаётларини шунга бағишлаган эркакларни кўрганман, ҳозир улар кексайиб қолишган, бироқ ҳамон ҳайрон қоламанки, улар ҳаётнинг қадрига етиб, унинг мағзини чақиб, яхши яшаганмиз, деб ҳисоблашади. Табиатан инжиқ бўлганим учунми, имкониятим бўлгани ҳолда менинг бундай ҳузур-ҳаловатга ортиқча ҳушим йўқ эди. Мен бу соҳада чегарадан чиқмасдим, чунки бу нарсалар кўнглимни ололмасди.
Кўпчилик одамлар ҳаёт ҳақида енгил-елпи ўйлашади, ўйлаб ўтиришмайди ҳам – улар далада эсган шамолга ўхшайди. Улар болаликдан ўзларини қуршаб олган муҳит ва тирикчилик зарурати орқасида тўғри яшашга ўрганиб қолган бўлишади. Бу “дастур” уларга ташқаридан, ҳаёт томонидан мажбуран ўтказилган. У бошқалар онгли равишда ўйлаб, мулоҳаза қилиб, ўзлари учун жорий этган яшаш тарзи сингари тўла-тўкис, мукаммал бўлиши мумкин. Лекин ижодкорнинг шароити ўзгача, санъаткорнинг яратувчилиги ёки у яратган бадиий асарларнинг қийматини кўкларга кўтариш учун бундай деётганим йўқ, асло. Оддийгина, санъат соҳасининг одами бўлганим учун шундай деяпман. Таърифлаш учун бундан ортиқ сўз тополмадим. Ижодкор – жуда баландпарвоз, бунинг устига китобий, ҳаётда кам ишлатиладиган сўз. Уста – қониқарсиз. Дурадгор ҳам уста, гарчи тор маънода оладиган бўлсак, у ҳам ижод қилади, бироқ аслини олганда, у энг истеъдодсиз, ҳаддан зиёд нўноқ қаламкаш даражасида ҳам эркин ижод қила олмайди. Санъаткор маълум пайтларда кўнгли тусаганини қилиши мумкин. Бошқа соҳа вакилларини, масалан, шифокор ёки ҳуқуқшуносни олайлик, улар ўз фаолияти мобайнида касблари доирасидан ташқарига хоҳлаган тақдирда ҳам чиқиб кетолмайдилар. Уларни касб-корлари қонунияти чеклаб қўяди, у ёки бу қоидаларга, тартиб-интизомга амал қилишга мажбур бўладилар. Ҳа, айтганча, фақатгина жиноятчи ҳеч кимдан маслаҳат сўрамай, кўнгли тусаган ишни қила олади.
Ёшлик чоғимданоқ ўз олдимга қандай яшашни белгилаб олганман. Эҳтимол, табиатимдаги тартиб-интизомга қатъий амал қилиш майли, балки ўзим учун кашф этган ҳақиқатлар шунга мажбур қилгандир. Бунақа ният нуқсонлидир – у самимиятни барбод қилиши мумкин. Тирик одамлар билан адабий қаҳрамонлар орасидаги жиддий тафовутлардан бири шундан иборатки, тирик одамлар ташқи таъсирга тез берилувчан бўладилар. Кимдир: “Мавҳум фикр юритадиган одам – бошқалар ўз-ўзидан ишонадиган нарсалардан ишониш мумкин бўлмаган сабабларни топадиган одам”, деган эди. Шундан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, ҳаётда биз ўзимизнинг қилиқларимизни (амалларимизни) оқлаш учун фикрлаш, муҳокама қилиш лаёқатимиздан фойдаланмоқчи бўламиз. Таъсирга қарши бормаслик ҳам шу дастурга киради. Фикри ожизимча, бунақа дастурнинг жиддий камчилиги у доим эртанги кун билан яшашга мажбур қилади. Мен бунақа камчилигим борлигини анчадан буён билардим ва ундан қутулишга доим беҳуда уринардим. Ўзгалар фикрини доим инобатга олганман. Мен номуносиб, арзимаган мақсадлар учун қанчадан-қанча қурбонлар берганман, чунки одамларнинг қалбига оғриқ етказишга ботинолмаганман. Мен ўйламасдан иш қилардим. Менинг виждоним азобланарди. Шу сабабли ўзимнинг баъзи бир ишларимни ҳалигача унутолмайман. Ёшлигимда мен жуда бесабр одам эдим. Эсимда, кимнингдир “мунофиқлик, бу – айбнинг эзгуликка тўловидир” деган танбеҳини эшитиб, анчагача жаҳлим чиқиб юрганди. Чунки мен одамзод ўз айбини беркитмаслиги керак, деб ҳисоблардим. Мен юксак ҳалолликка, мардликка, ҳаққонийликка интилиб яшардим. Мени инсоннинг ожизлиги эмас, балки унинг қўрқоқлиги қийнарди, ҳеч қандай имо-ишоралару ҳийла-найрангларга тоқат қилолмасдим.
Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
https://jahonadabiyoti.uz/2017/11/23/%d1%81%d0%be%d0%bc%d0%b5%d1%80%d1%81%d0%b5%d1%82-%d0%bc%d0%be%d1%8d%d0%bc-1874-1965-%d1%81%d0%b0%d1%80%d2%b3%d0%b8%d1%81%d0%be%d0%b1/