ФАРҒОНАДА АДАБИЁТ КУНЛАРИ

Жорий йилнинг 3 август куни Президент Ш.Мирзиёев бир гуруҳ адабиёт, санъат ва маданият ходимлари билан учрашиб, соҳаларнинг ривожи, халқимиз, айниқса, ёшлар маънавиятига кенг қамровли таъсири, юртимиз номини дунёга танитишдаги аҳамияти хусусида атрофлича суҳбат ўтказди. Бу учрашув миллат маънавияти, маърифати тақдирига бефарқ бўлмаган кишининг руҳида кўтаринкилик, ғурур ва ифтихор туйғуларини тўлқинлантирди десак, хато бўлмас.
Учрашувдан кейинги маданий ва адабий тадбирлар юртимизнинг барча ҳудудларида юксак савияда ўтказилаётганлиги ҳам фикримиз исботи бўла олади. Очиқ мулоқотдан ҳеч қанча вақт ўтмай, яъни 8 – 10-август кунлари Фарғона вилоятида ўтказилган адабиёт кунлари маърифатга ошно кўнгилларни бирлаштирди. Анжуман ва тадбирларда юртимиз ва қўшни Қирғизистондан ташриф буюрган адабиёт, санъат ва маданият ходимлари иштирок этдилар.
8 август – адабиёт кунларининг биринчи куни – Қўқон шаҳри шоиру ёзувчилар, адабиётшунос олимлар ва санъат аҳли билан гавжум бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши, 24 майдаги “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ўзбек мумтоз адабиётининг йирик намояндаси Умархон Амирий таваллудининг 230 йиллиги, Зиёвуддин Ҳазиний таваллудининг 150 йиллиги, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Абдулла Қаҳҳор таваллудининг 110 йиллиги, Йўлдош Сулаймон таваллудининг 80 йиллиги, Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан пойтахтдан ва республикамизнинг турли вилоятларидан келган меҳмонлар “Ўрда” мажмуига ташриф буюриб, “Китоб байрами”да иштирок этдилар. Ёш ижодкорлар томонидан тайёрланган саҳна кўриниши, мушоира, мумтоз қўшиқлар уларга кўтаринки кайфият улашди.
Амирий ҳаёти ва ижодига бағишланган илмий-ижодий анжуманни вилоят ҳокими Ш.Ғаниев очди.  Унда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммадали Аҳмедов, Ўзбекистон Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти ўзбек мумтоз адабиёти бўлими бошлиғи, филология фанлари доктори Иброҳим Ҳаққул, Тошкент давлат шарқшунослик институти профессори Боқижон Тўхлиев, Ўзбекистон халқ шоири Энахон Сиддиқова, Қўқон давлат педагогика институти доценти Зебо Қобилова ва бошқаларнинг Амирий ҳаёти ва ижодига бағишланган маърузалари тингланди.
Шоирнинг таваллуд кунига муносиб туҳфа сифатида 2 қисмдан иборат шоир девони биринчи марта тўлиқ ҳолда чоп этилди. Уни нашрга тайёрлашда З.Қобилова ва О.Давлатовларнинг хизматларини алоҳида таъкидлаш жоиз. Лирик турнинг ўнга яқин жанрларидан иборат мазкур девон янги тадқиқотлар учун муҳим манба вазифасини ўташи шубҳасиз.
Театр жамоаси томонидан Амирий ва Нодира ҳаёти, шеърияти асосида тайёрланган “Назм қуёши” номли спектакль томошаси анжуман иштирокчиларида катта таассурот қолдирди. Меҳмонлар Амирий ва Нодира дафн этилган “Даҳмаи шоҳон”ни зиёрат қилдилар. Илмий-назарий анжуман материаллари тўплам ҳолида чоп этилди. Анжуман адабиётшуносликдаги янги йўналиш – амирийшуносликка қўйилган муҳим қадам бўлди.
Чиндан ҳам Умархон Амирий яшаб, ижод қилган даврда Қўқон ва унинг атрофида кўплаб адабиёт ва санъат намояндалари етишиб чиқди. Бу давр маданий ҳаётини Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Ҳусайн Бойқаро, Заҳириддин Бобур каби илм-маърифатни қўллаб-қувватловчи ҳукмдорлар салтанатига қиёслаш мумкин. Ўзбек адабиёти тарихида, айниқса, Ҳусайн Бойқаро даври Алишер Навоий ва унинг атрофига бирлашган ижодкорлар туфайли ўзининг “олтин давр”ини бошдан кечирди. Умуман, бундай жараёнлар жаҳон адабиётида ҳам кузатилади. Масалан, рус адабиётида “олтин давр” XIX асрда,  “кумуш давр” эса XIX аср охири XX аср бошларида  рўй берди. Рус адабиётининг “олтин давр”ида  Н.В.Гогол, И. Бунин, А.П.Чехов, И.С.Тургенев, Ф.М.Достоевский, Л.Н.Толстой сингари ижодкорлар яшаган бўлса, “кумуш давр” Валерий Брюсов, Фёдор Сологуб, Иннокентий Анненс­кий, Александр Блок, Максимилиан Волошин, Андрей Белый, Константин Бальмонт, Анна Ахматова, Николай Гумилёв, Марина Цветаева, Вячеслав Иванов, Борис Пастернак, Георгий Иванов каби жаҳон адабиётида ўз овозига эга шоир ва ёзувчиларни етиштириб берди.
Куннинг иккинчи ярмида меҳмонлар “Жомеъ” мажмуасида Абдулла Қаҳҳор таваллудининг 110 йиллигига бағишланган илмий-ижодий анжуманда иштирок этдилар. Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо, адабиётшунос олимлар Иброҳим Ҳаққул, Шуҳрат Ризаев, Отабек Жўрабоев ва бошқаларнинг адибнинг ижод маҳорати, асарлари юзасидан билдирилган фикрлари, театр жамоасининг Абдулла Қаҳҳор асарлари асосида тайёрлаган саҳна кўринишлари Қўқон аҳлида фахр ва ифтихор туйғусини янада ўстириб юборди.
9 август – Адабиёт байрами Учкўприк тумани Кенагас қишлоғидаги Зиёвуддин Ҳазинийнинг мақбараси зиёрати билан бошланди. Шоирнинг уй-музейида шеърият кечаси билан бошланган илмий-адабий анжуманни Энахон Сиддиқова олиб борди. Унда сўзга чиққан Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо, адабиётшунослар Шуҳрат Ризаев, Отабек Жўрабоевлар Ҳазиний ижоди ҳақида қимматли фикрларни билдирдилар.
Кунинг иккинчи ярмида меҳмонларни Ўзбекистон туманининг Ойдинбулоқ қишлоғи аҳли кутиб олишди. “Яхшиларнинг яхшиси” дея ном олган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, ҳассос шоир ва драматург Йўлдош Сулаймон ҳаёти ва ижодига бағишланган ижодий анжуман ҳақиқий байрамга айланиб кетди. Шоирнинг севимли шогирди Иқбол Мирзонинг устози ҳақидаги хотиралари, Шуҳрат Ризаев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ашурали Жўраев, Ҳулкар Ҳамроева, Отабек Жўрабоевларнинг драматург тўғрисидаги фикрлари, “Қалдирғоч” адабий тўгарагининг ижодий чиқишлари, шоир шеърларига басталанган куй-қўшиқлар адабий анжуманга файз бағишлади.
10 август куни Олтиариқ тумани марказий Маданият саройида Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон таваллудининг 70 йиллигига бағишланган адабий анжуман олиму шоирларнинг қутлови, шоир асарларига чизгилар олтиариқликларни янада руҳлантириб юборди. Ёш ижодкорларнинг шоирга бағишлов шеърлари, Анвар Обиджон шеърларига басталанган куй-қўшиқлар мароқ билан тингланди. Адабиёт байрамининг якуний қисми Ислом Каримов номидаги вилоят Театр-концерт саройида ўтказилиб, бу анжуман ҳам Анвар Обиджон таваллудига бағишланди.
Фарғонада ўтказилган уч кунлик Адабиёт байрами барчанинг кўнглида ўчмас из қолдирди.

Мунисжон Ҳакимов,
Ўз РФА Алишер Навоий номидаги
ўзбек тили, адабиёти ва фольклори
институти илмий ходими

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2017/12/19/%d1%84%d0%b0%d1%80%d2%93%d0%be%d0%bd%d0%b0%d0%b4%d0%b0-%d0%b0%d0%b4%d0%b0%d0%b1%d0%b8%d1%91%d1%82-%d0%ba%d1%83%d0%bd%d0%bb%d0%b0%d1%80%d0%b8/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x