“Шоирлик руҳнинг баланд парвозидан туғилади” дейишади. Хўш, шоир ким? Шеър нима? Асар қандай пайдо бўлади? Истеъдоднинг кўз очиши нималарга боғлиқ? Ўтган асрнинг 70-йилларидаги авлодлар ва бугунги кун шоирларининг сўзга ва даврга муносабатида нималар яққолроқ кўринади?..
Ўзбекистон халқ шоири Омон МАТЖОН билан суҳбатимизда шу каби саволларга жавоб излашга уриндик.
– Омон ака, Хоразмнинг Боғолон қишлоғида туғилгансиз… Табиийки, Боғолонда ўтган болалигингиз хотиралари, умуман, ота-боболарингиз ёди хаёлингизда жонланиб турса керак?
– Хоразм қават-қават тарихга эга. Бу теп-текисликлар ва қумтепаликлардан иборат замин бир пайтлар фақат чўққилардан иборат бўлгандек гўё. Хоразмнинг ҳар бир гўшасида “Боғолон” каби ўзига хос номга эга гўшалар анчагина. Боғолон “Баландликдаги жой” дегани. Суриштирувларимга кўра, катта бобом Ферузхон саройида амалдор бўлган, сўнг Гурланга кўчиб келган. Мактабга олти ёшимда ўжарлик қилиб, Гулсара опамга эргашиб борганман. Чунки онадан уч ёшда етим қолгач, опамга боғланиб қолгандим. Опам жуда чиройли ёзар, кўп китоб ўқирди. Мен ҳам опам нима қилса, шуни такрорлаганман. Мактабда ўзимча шеърлар ёзиб юрардим. Деворий газеталар чиқарардим.
– Болалик даврингиздаги қайси хотиралар ёқимли ҳиссиёт бахш этади?
– Гитлер уруш бошлангач, тўққиз кундан кейин Москвада ғалабани нишонлаймиз, деган экан. Шукурки, бундай бўлмади. Бироқ мактабда 80 фоиз болалар сағир эди: оталари урушда ҳалок бўлганди. Уларга қараб туриб, отам борлигидан қувонардим. Кўчаларда юрганимда отамнинг қўлидан маҳкам ушлаб олардим.
– Ижодкор халқи борки, саёҳатга ўч бўлади. Сайёҳ Омон Матжон саёҳатларни ижодга қай даражада кўчира олди?
– Мени саёҳатлар шоир қилган, деб ўйлайман. Французлар “Парижни уч марта кўрмаган киши шоир бўлолмайди” дейишганидек, мен ҳам Парижга уч марта бордим. Ўқувчи пайтимдаёқ “40 ёшга тўлгунча, албатта, дунёнинг ярмини кўришим керак”, деб орзу қилардим.
Бир гал ҳамроҳларим билан ўн қаватли “Беларус” кемасида Финландиядан йўлга чиққанмиз. Англия, Португалия, Испания ва қатор мамлакатлардан ўтиб, охири Туркияга келдик. Мўғулистонга бордим, Гоби саҳросини кўрдим. Доим сафарга чиққанимда ўзбек нонини олиб кетардим. Ўша саҳрода юрганимда нон еб ўтирсам, бир мўғил ҳайрон бўлиб қаради. Нон нималигини сўради. Айтиб бердим. Сўнг татиб кўриб, “бундай тансиқ таомни ҳеч қачон емаганман”, деб айтди. Қайтишимда Гоби саҳросидан иккита тошча олиб келганман. Оддий тошлар, аммо саҳродаги саёҳатимдан эсдалик-да…
– Сизни шоир деб аталишга лойиқ этган ҳақиқий маънодаги шеър завқини қачон ҳис этгансиз?
– Ҳарбий хизматни Германияда ўтаганман. Ҳарбий қисмимизнинг катта кутубхонаси бор эди. Азбаройи мутолаани севганимдан тушуниб-тушунмай китоблар ўқийверганман. Уч йил тинмай ўқидим. Ёзмасдан шоир бўлиб бўлмагани каби ўқимасдан ҳам шоир бўлолмайди одам. Менингча, нафақат шоир, ўқимасдан ҳеч бир одам ҳеч ким бўлолмайди. Шу тахлит шоир – ким, шеър – нима, деган саволларга жавоб топа бошладим. “Шеър – шоирнинг юраги етиб, ақли етмаган нуқталардан бошланади”, дейди шоир Матназар Абдулҳаким. Ана ўша нуқталарда туғилаётган шеърлар мени гоҳ мавҳум изтиробларга, гоҳ мислсиз шодликларга ошно этарди. Дард исмли шеърлар туғиларди. Бир хизматдошим қайтаётиб, шеърларимни ўзи билан олиб, “Шарқ юлдузи” журналига ташлаб кетган экан. Ўша пайтда журнал муҳаррири таниқли ёзувчи Шуҳрат 1965 йил июн сонида “Солдат ўйлари” сарлавҳаси билан шеърларимни чоп эттирган. Отам ўша журнални Германияга жўнатган. Уни кўриб, анча вақт ҳаяжонланиб юрганман. Ана шу ҳаяжон билан изма-из тарзда ҳақиқий ижод завқи уйғонган бўлса ажаб эмас.
– Бугун ижодкор ёшларнинг биринчи китоблари чоп этилишига давлатимиз ва устозлар ғамхўрлик қилишяпти. Сизнинг илк китобингиз нашр қилиниши қай тарзда кечган? Ундан кўнглингиз тўладими?
– Самарқанд Давлат университетида устозларим Нуриддин Шукуров, Воҳид Абдулла, Ботир Валихўжаевдан таҳсил олганман. “Шалола” адабий тўгарагини тузгандик. Ўқишим тугагач, устозимнинг саъй-ҳаракатлари билан 1969 йили нашриётга мусаҳҳиҳ ёрдамчиси бўлиб ишга кирганман. Ҳолбуки, у пайтларда нашриётга ишга кириш у ёқда турсин яқинига бориш ҳам қийин эди. Бир ойдан сўнг Москвага малака ошириш учун ўқишга жўнатишган. 1970 йилда шу нашриётда биринчи китобим – “Очиқ деразалар” чоп этилган. Баъзан шоирнинг ёшлиги, ғўрлиги, муҳаррирнинг эътиборсизлиги сабаб илк китобда анча-мунча ғализликлар ўтиб кетади. Бироқ мен биринчи китобим “Очиқ деразалар”дан ҳамиша миннатдорман: мени чин сўз йўлига етаклагани, ҳисларимни битта китоб билан иҳоталаб қўймагани, асл Дарддан маҳрум этмагани учун…
– Бизда Ғарбдан фарқлироқ шеърнинг оҳангдорлигига эътибор беришади. Бу борада сизнинг фикрларингиз қандай? Шеърларингизнинг ҳофизлар томонидан ижроси сизни қаноатлантирадими?
– Ҳа, тилимизнинг ўзи шунақа ширали ва оҳангга бой тил, деб ўйлайман. Навоийнинг ғазалларини ўқиб кўринг-чи, куйи ўзи билан-ку, ахир! Шундай экан, шеърларимизнинг оҳангга бойлигини мен ғарб ё шарққамас, тилга дахлдор деган бўлардим.
Бу уйга кўп марта Отажон Худойшукуров, Ортиқ Отажонов, Олмахон Ҳайитова келган. Отажоннинг ўзи ҳам, кўнгли ҳам, феъли ҳам дарёдек кенг, жўшқин эди. Деярли барча шеъримни қўшиқ қилиб айтган. У созини чертиб, қўшиқ айтишни бошлаганида дилим ором оларди. Унга аталган битта шеърим ҳам бор. Асли бу шеърнинг ёзилиши тарихи бошқачароқ. Хивани босиб олишганидан сўнг, бу кўҳна шаҳар тарихига оид ҳужжатларни ёндириб юборишган, қолганларини эса дарёга оқизишган. Шулар “Учинчи дарё” шеъримга сабаб бўлган:
Бу нима? Қандайин сирли овоз бу,
Ерданми, кўкданми келар бу садо?!
Наҳот, тупроғимда кўзга ташланмай
Оқиб ётган бўлса учинчи дарё!
Отажон буни ўқиб, “Шу шеърни менга бағишланг”, деди. Китобларимга “Отажон Худойшукуровга” деб киритдим. Асли Отажоннинг ўзи ҳам бир дарёдек одам эди, раҳматлик…
Улардан кейин ҳам, чамамда, ёшлар шеърларимни қўшиқ қилиб айтишяпти.
– Шеърларингизга Хоразм шеваси сўзлари усталик билан сингдирилган… Шева ва диалектларнинг шеърга сингдирилишини қандай баҳолайсиз?
– Шева ва диалект тилимизнинг бир бўлаги аслида. Бу менинг изоҳимсиз ҳам ўтмиш адабиётида ўз ифодасини топиб бўлган. Турколог олим Мурод Ажининг “Дашти қипчоқ ёвшани” асарини ўқисангиз тилимизнинг, миллатимизнинг тарихи биз ўйлагандан ва биз билгандан ҳам қадимийроқ эканига амин бўласиз.
Хоразмга келадиган бўлсак, у қадимги Юнонистонга ўхшаб тарих қатларида қолиб кетгандек. Асли хоразм шеваси йўқолиб бўлди ҳисоб. Фақат шевага оид луғатлардагина дурдона сўзлар қолди. Ҳатто шу луғатларни топишнинг ўзи ҳам даргумон. Бу ҳақда кўп бора ўз фикрларимни айтганман.
– Рус шоири Евгений Евтушенко шеърларингизни рус тилига ўгирган экан. Барибир ўтган асрдаги адабий алоқалар бизни ҳавасимизни келтираверади…
– У пайтларда ҳамма мамлакатларда, менингча, шеър даври, адабиёт мавсуми бўлган. Одамлар табиатан шеър кайфиятида яшашган. Шундай экан, адабий алоқалар шитоб билан ривожланмай иложи йўқ эди. Бироқ ўйлайманки, бугунги адабий ҳамдўстликлар ҳам маромида. Қайси маънодаки, чет мамлакатларда чоп этилаётган ўзбек ёзувчи ва шоирларининг асарлари шунчаки қулоққа айтиладиган гап эмас.
Евгений Евтушенко ҳақида гапирсам, у шеърларимнинг руҳини тез англаб оларди. Ўзбек тилини нозик ҳис қиларди. Шеър ва таржимоннинг диди бирлашган жойда яхши таржима пайдо бўлади, менингча. Евтушенко мен учун гўзал шоир, дидли таржимон ва ажойиб дўстдир.
Москва яқинида худди бизнинг Дўрмонга ўхшаб Переделкино деган ёзувчилар уйи бор эди. Ўша жойда Колонний залда “Чарли Чаплин ўлди” деган шеъримни таржима қилиб ўқиб берган. Шундай ўқиганки, ўзим ҳам таъсирланиб кетганман.
– Ижодкор асар ёзиш учун илҳом келишини пойлаб ўтириши шартми? Сиз шеър ёзилгунча ва ёзилгандан кейинги ҳолатни қандай яшайсиз?
– Ёзиш ва яратиш ақлга бўйсунмайди. Ижодкор ички оламида мингта “чиғириқ”дан ўтиб, дард ва қувончининг қоғозга тўкилиш жараёнини биз шартли равишда “илҳом” деб атаймиз. Чунки ҳали биронта ижодкор илҳом парисини ҳам, илҳом девини ҳам учратганича йўқ. Эҳтимол, ўта сезувчан, ҳар бир нозик туйғулару ножоиз муносабатларга нисбатан жаранглаб акс-садо бергувчи шоирнинг юраги илҳомнинг ўзидир. Қаттиқ севувчан, тез оғиринувчан, ёнидан эсиб ўтган шабадани ҳам томирлари орқали ўтказувчи шоирнинг инжа юраги илҳом парисининг айнан ўзи.
Мен ҳар доим йўлда, саёҳатларда, сафарларда ўқиб-ёзардим. Алишер Навоийнинг “Хамса”сини ҳам шундай саёҳатлар давомида мутолаа қилиб ўрганганман. Ундан таъсирланиб ёзилган “Минг бир ёғду” ҳам йўлда туғилган. Зулфия таваллудининг 100 йиллигига атаб намойиш этилган “Садоқат” либреттоси ҳам ана шундай саёҳатларим маҳсули.
– Шеърларингизнинг эртанги умри ҳақида ўйлаганда хаёлингиздан қандай ўйлар кечади?
– Шеър умри шоирнинг хаёллари қоплаб ололмайдиган даражада чексиздир, эҳтимол. Кўнгилга, шеърга қайтиш ҳеч вақт оммавий тус олмайди. Шеър ҳам, кўнгил ҳам алоҳида ҳодиса. Шеърнинг умри ўқувчининг, хос ўқувчининг кўнгил иплари билан маҳкам боғланган бўлади. Давомли китобхоннинг меҳри ва ҳайрати шеър учун абадият яратиб бера олур. Агар дунёда шеърни, бадииятни ҳис қилувчи битта одам яшар экан, демак, шеърингиз ҳаётдир, унинг юраги уриб турибди…
Гўзалой МАТЁҚУБОВА
суҳбатлашди.
“ЎзАС”дан олинди.
https://saviya.uz/hayot/suhbat/sherimning-yuragi-urib-turibdi/