Матназар Абдулҳаким 1948 йилнинг 20 февралида Урганч туманидаги Қоровул қишлоғида туғилди. Россия Федерацияси Таганрог давлат педагогика институтида таҳсил олди. Ҳарбий хизматдан сўнг Урганч туман рўзномасида бўлим мудири, мактабларда рус тили ва адабиёти муаллими бўлиб ишлади. Журналистика билан шуғулланди. 1982–1997 йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимида адабий маслаҳатчи, 1997 йилдан умрининг охиригача Хоразм Маъмун академиясида илмий ходим бўлиб ишлади.
Илк шеърларини бошланғич синфларда ўқиб юрганида ёзди. Дастлабки тўплами “Тиниқ тонглар” 1982 йилда чоп этилди. Шундан сўнг “Фасллар қўшиғи” (1986), “Қор қўшиғи” (1990), “Мавж”, “Ёнимдаги дарёлар”, “Қорачиқдаги дунё” (1994), “Ойдинлик”, “Бир қучоқ гул” (Хоразмча шеърлар, 1997), “Иймон туҳфаси” (1997), “Ёлғиз япроқ” (1999), “Ялдони ёритган нур” (таржимон талқинлари, 2-китоб, 2001), “Жавзо ташрифи” (2008), “Кўприк” (2009) каби китоблари босилиб чиқди.
Матназар Абдулҳаким бадиий таржима билан ҳам шуғулланиб, Шайх Нажмиддин Кубро, Шайх Мажидиддин Бағдодий, Паҳлавон Маҳмуд, Мирзо Абдулқодир Бедил каби шоирларнинг рубоий ва ғазаллари, шунингдек, бошқа қатор халқлар шоирларининг шеърларини ўзбекчага ўгирди. “Ким агар озоддур!”, “Табаррук ташриф”, “Жамолинг менга бас” каби таржима китоблари ҳам унинг қаламига мансуб.
Хоразм диёри инсониятга туҳфа этган буюк мутафаккир, шоир, жавонмардийлик (футувват) тариқатининг йирик намояндаси Паҳлавон Маҳмуднинг “Ҳақ файзи” рубоийлари мажмуи Матназар Абдулҳаким таржимасида 1999 йилда босилиб чиқди. У Муҳаммад Ризо Огаҳийнинг “Кўнгил кўзлари” деб номланган ғазаллар тўпламини ҳам форсийдан ўзбекчага ўгирди.
Матназар Абдулҳаким хассос шоир, таржимон, айни пайтда солиҳ тадқиқотчи ҳам эди. Закий олимнинг “Ялдони ёритган нур”, “Муборак муштаракликлар”, “Халоскор дард”, “Истиқлол риёзати”, “Сиймода акс этган сиймо”, “Ақлдаги қудрат – қудратдаги ақл” сингари илмий танқинлари таржималарининг яратилиши тарихига, ижодий жараён психологиясига бағишланган.
Матназар Абдулҳакимдир бугунги бадиий-фалсафий лирикамиз ривожига муносиб ҳисса қўшган шоирлардан бири. Унинг тўртлик, ғазал, сонет, туркум шеърлари ва достонларидаги ҳикматга йўғрилган қарашлари мазмунан теранлиги боис ўқувчилар меҳрини қозонган.
“Ўзбек адиблари” (С. Мирвалиев, Р. Шокирова. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 2016) китобидан.
https://saviya.uz/hayot/tarjimai-hol/matnazar-abdulhakim-1948-2010/