Ҳазрат Алишер Навоийнинг асарларини ўқир экансиз, бутун инсоният, алалхусус, Шарқ олами, ватанимиз, халқимиз, динимиз, маданият, адабиёт, санъатимиз, урф одатларимиз билан боғлиқ атамалар, сўзлар, тарихий ва афсонавий сиймоларнинг исмлари, улар бошидан кечирган воқеаларга ишоралар, жуғрофик ва этник номлар, коинот ва замин, наботот ва ҳайвонот, қўйингки, ҳар икки дунё ва хаёлот оламидаги жонли ва жонсиз хилқатлар, кўнгилнинг нозик кечинмалари, руҳнинг тинимсиз изланишлари ифодаси бўлиб келган сўзлар, таърифлар, ташбеҳлар, рамзу тимсоллар ҳар саҳифа, ҳар байтда учрайди.
Тушумда лаълию рухсоридур, уйғотманг мани, гар худ,
Масиҳо бирла Юсуф бошим узра етсалар ногаҳ.
Бу байтнинг мазмунини тушунишни истаган киши Юсуф ва Зулайҳо ҳақидаги кўҳна достондан, Исо (а. с.) билан боғлиқ ривоятлардан оздир – кўпдир хабардор бўлиши керак. Устоз Ботирхон Акрам Алишер Навоийни “Фасоҳат мулкининг султони” деб атаганлар: “Фасоҳат – шеърий нутқ гўзаллиги, унинг хос, инжа қонун қоидалари. Шоир сўз мулкининг заршунос хазинаси (хазиначиси), улуғ ҳаками ва подшоси… Мир Алишер Навоий “Фасоҳат мулкининг соҳибқирони”дир”. Дарҳақиқат, ҳазрат назм санъатининг ҳамма воситаларидан моҳирона фойдаланиб, қалам сурганлар, бу санъатни янги ифода воситалари билан бойитганлар. Бу зотнинг асарлари фалсафий мушоҳада, ҳикмат, руҳий инкишоф даражасидаги кучли, теран, тоза мазмуннинг фавқулодда гўзал, ҳайратбахш бир тарзда ифода этилгани билан қимматлидир.
Маълумки, Алишер Навоий ҳазратлари Шарқ оламида VIII асрдан эътиборан ярала бошлаган ҳамда бу зот яшаган замонларга келиб ўзининг айни етуклик даврини бошидан кечириб, беназир самаралар бераётган буюк ҳаракат, таълимот, фалсафанинг – тасаввуфнинг йирик намояндаси эдилар. Устоз Нажмиддин Комилов “Тасаввуф” китобида Навоий асарларида учрайдиган ишқ, май, майхона, харобот, соқий, соғар, қадаҳ, хум, сингари истилоҳ – тушунчалар, рамзий тимсолларнинг маъноси ҳақида сўз юритиб, шундай хулосага келадилар: “Тасаввуф таълимотини яхши билмай туриб, Алишер Навоий дунёқараши ва адабий меросини барча мураккабликлари, фалсафий теранлиги билан тўлиқ ҳолда тўғри, ҳаққоний ёритиб бериш мушкул”.
Юқоридаги сатрларни ўқиган ёшлар: “Сизлар ҳар қадамда бизни мумтоз маданиятимизни суймайди, мумтоз адабиётимизни ўқимайди деб маломат қиласиз. Лекин, шундай асарларни биз тугул, ана, катта одамлар ҳам, устозларимизнинг ўзлари ҳам тушунишга қийналадилар. Адабиётшунос олимларнинг битта байт устида соатлаб баҳс суриб ўтирганларини кўрганмиз. Навоийни ўқигимиз келади, лекин ўқисагу, тушунмасак, нима қилайлик!” дейиши мумкин.
Кўнглингизда шундай савол уйғонганининг ўзи муҳим, чунки унинг ортида шу адабиётни ўқишим керак, деган яхши ният бор. Мана шу ниятни эҳтиёт қилинг. Фақат, бунинг учун кўнглингиздаги ўктам ният, мен шу адабиётни ўқишга мажбурман, дея ўзни зўрлаш, оғир мажбурият устига эмас, бу – менинг адабиётим, менинг мулким, бойлигим, уни не-не буюк бобокалонларим кўз нури, қалб қўрини тўкиб мен учун, фақат мен учун яратганлар, уни қанча кўп ўқисам, шунча кучлироқ, қудратлироқ, бойроқ бўламан, ўқимаслигим отамдан қолган бойликни хор қилиш, исроф этиш бўлади, дея юрак-юракдан англаб, ҳис этилган бурч устида етилса, маънавий қувват топасиз!
Улуғларимиз томонидан яратилган асарлар жаҳондаги камдан-кам миллатга насиб қиладиган ноёб, туганмас хазинадир ва агар унинг калитини топишга ожизлик қилсак, ундаги Кўҳинурдек ноёб олмосу гавҳарларни чин соҳиби бўлиб фойдалана билмасак, маънавиятимизни тўкис дейиш мумкинми?!
Бугун ҳаракатга киришсангиз, ўн кун-ўн беш кун, бир ойдан кейин ҳамма нарсани тушунишдек натижага эришиб қолмайсиз. Бироқ, бу ўринда ҳаракатнинг бошлангани, собитлиги, аҳднинг қатъийлиги муҳим. Ҳазрат билан ҳар куни лоақал ярим соат суҳбат қуришнинг ўзи яхши натижа! Ҳеч ким сизни шошилтираётгани йўқ, бу – кейин нима бўларкин, деб ўқиладиган “олди-қочди” китоб эмас. Дам олиш, эрмак учун ўқиладиган нимарса эмас. Чаламуллолар ҳар ойда биттадан ёзиб ташлаётган рўмонларни ўқиш бошқа, янги билимлар олиш, руҳу дилни парвариш қилиш, олам ва одам олдида турган мангу саволларга жавоб излаш, юксалиш бошқа. Бу ўринда мутолаа жараёнининг ўзи муҳим, бу – ана шундай сокин, оҳиста, мушоҳада билан олиб бориладиган, тушунганини, мушоҳада қилиб топганини шуурга дарж этиб, кўнгилга сингдириб кетиладиган интеллектуал мутолаа.
Дастлабки даврларда ғазаллар, байтларнинг усти қабатидаги фикрларни англашга ҳаракат қилинг. Шунинг ўзи ҳам талаб водийсида бораётган йўлчи кўнгулга олам-олам завқу нашида бахш этади. Чунки, бу фикрлар бениҳоят чиройли, ёрқин, таъсирлидир, ҳамда беҳад гўзал, нафис бир тарзда ифода этилгандир. Завқ ола билиш, қўшимча билимлар ҳосил қилиб, комиллик касб этиб бориш, ҳайрат ва нашъалар туйиш билан муҳаббат пайдо бўлади, муҳаббатнинг қаршисида эса ҳар қандай заҳмат – машаққат ҳечдир.
Шеърият санъатининг, фасоҳатнинг ҳазрат қўллаган рангин воситаларига аҳамият беринг, кўнглингизга айниқса манзур бўлган ширин ўхшатиш, нафис ташбеҳ, хаёлотнинг фавқулодда гўзал самаралари, ҳасбу ҳолнинг инжу изҳорларини ҳам дафтарингизга кўчириб олинг, кейин қайта-қайта ўқиб туринг, овоз чиқариб ўқинг, тилингизда таъми қолсин. Қарабсизки, шоҳбайтлар ҳофизангизга муҳрланиб қолади, давраларда нуктадон, зарифсўз соҳиби сифатида эътибор топасиз.
Табдиллардан фойдаланинг. Ҳазратнинг “Хамса” туркумидаги достонлари асл матн ва ҳозирги ўзбек тилидаги насрий баён шарҳлар, изоҳлар қўшиб чоп этилган… Бугунги кунда у кишининг ғазалларини ҳам шарҳлар, изоҳлар қўшиб чоп этмоқдалар. Аввал аслиятни ўқийсиз, кейин насрий баён билан танишасиз. Ҳам Навоийнинг олтин қалами яратган мўъжизалардан баҳраманд бўласиз, ҳам матнни ўзлаштиришингиз осонроқ кечади. Ушбу усул шуниси билан афзалки, кундан-кунга, ойдан – ойга ўтган сайин насрий баёнга камроқ мурожаат қиладиган бўлиб борасиз.
Ҳаракат давом этар экан, бора-бора тагмаъноларни, иккинчи, учинчи қабатларда мужассам бўлган суфиёна мазмун-моҳиятни тушуниш истаги ҳам туғилса, шояд.
Яна зарур адабиётларни топиб ўқийсиз, “сўраб-ўрганиб” олим бўласиз. Бу миқёсларни инкишоф этган киши муаззам бир фалсафадан, юксак инсоний идеаллар таълимотидан воқиф бўлади. Устоз Нажмиддин Комил бу таълимот моҳиятида халқ қалбидан жой олган инсонпарварлик ғоялари, улуғ адибларга илҳом берган Софлик, Ҳақиқат, Гўзаллик, Камолот идеаллари ётишини таъкидлаган эди. “Ҳазрат Навоий таърифлагандай, деб ёзади аллома, тасаввуф хилофу ихтилофи бўлмаган, риё ва манманлик, даъвою таъмани инкор этадиган бир улуғ таълимотким, у инсон зийнати, тийнатини покловчи обиҳаётдир”.
Алишер Навоийни ўқиш, тушуниш сизга ўз навбатида нафақат ўзбек, балки бутун шарқ мумтоз маданияти ва адабиётини тушуниш учун кенг йўл очади. Алишер ҳазратлари раҳнамо бўлиб, сизни қутби киром валийлар, ёзганлари “чарх авроқига зийнат” бўлгудек шоирлар яшайдиган ўлкага олиб борадилар. Бир юртким, унинг ҳар гўшасида ҳақиқат ва адолат, яхшилик ва жўмардлик, гўзал хулқ ва адаб каби эзгу фазилатлар борасида суҳбатлар бардавомдир. Бу юртнинг булбуллари юрагингизнинг тилини биладилар, унинг нечук орзу-армонлар билан яшаётганидан бохабарлар, шулар ҳақида куйлай оладилар. Томирингиз уларнинг томирига уланганини ҳис этасиз, қалбингиз улар қалбида кечган жараённи давом эттиради.
Юртбошимиз: “Ота-боболаримизнинг асрлар давомида тўплаган ҳаётий тажрибалари, диний, ахлоқий, илмий қарашларини ўзида мужассам этган нодир қўлёзмаларни жиддий ўрганишнинг даври келди”, деганида ҳам айни шу ҳақиқатни назарда тутган эди.
Ҳазрат Алишер Навоий миллатимиз пешонасига битган улуғ бахт, ҳақ таолонинг бизга ато этган тенгсиз марҳаматидир. Бу зотнинг борлиги мушкул дамларда бош уриб боргудек, руҳий мадад, таскин, ишонч, қувват топгудек қутлуғ остонанинг, пешонамизни силайдиган устознинг, илкимиздан тутиб йўлга соладиган раҳнамонинг, дуогўй пирнинг мавжудлигидир. Ҳазратнинг суҳбатларига боришдан эринманг, бу суҳбатлардан ҳар кун баҳраманд олинг. Сиз Навоий сиймосида қайси миллат ва эътиқодга, қайси юрт ва даврга мансублигидан қатъи назар, ҳар қандай одам таҳсинлар айтиб таъзим қилиши тайин бўлган файзу фазилатлар соҳиби бўлмиш комил инсонни, идеал инсонни, иймон эътиқодли, порсо зотни, билимларининг миқёси ақл бовар қилмас даражада кенг донишманд алломани топасиз.
Навоий билан мулоқотлар чоғида ўзингизни қийнаган ҳамма саволларга аста-секин жавоб оласиз: ҳазратнинг асарлари ҳаётнинг ҳамма жабҳалари бўйича, бутун дунё ва ҳар битта инсон учрамоғи мумкин муаммолар бўйича сабоқ, маслаҳатлар, йўл-йўриқлар берадиган беназир мактабдир, дорилфунундир.
Бу дорилфунуннинг сабоқлари ҳамма замон ва макон учун баравар қимматли, умуминсоний табиатга эга. Шунинг учун ҳам, жаҳон афкор оммаси Алишер Навоийни тарих майдонга чиқарган энг буюк даҳолардан бири сифатида ҳурмат, эҳтиром этади ва аллақачон унинг ҳаёти ва ижодини жиддий ўрганишга киришган. Дунёнинг турли мамлакатларига шоирнинг ҳайкаллари ўрнатилган, асарлари кўплаб тилларга таржима қилинган, янги ва янги таржималар, тадқиқотлар пайдо бўлмоқда.
Олимлардан бири айтганидек, бадиий тафаккур ва шеъриятнинг серқирралиги нуқтаи назаридан олганда жаҳон адабиётида Навоийга тенг келадиган бирор сиймо йўқ. Улуғ бобомиз ҳақида ўзимизнинг дунёнинг таниқли ижодкорлари, мунаққидлари кўп таъсирчан, кўнглимизни фахру ифтихорга тўлдирадиган эътирофлар изҳор этганлар. Ижозатингиз билан улардан бир нечасини ёдингизга солсам.
Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек: “У чинакам шеър сиҳрбози! У ҳар қандай ўжар фикрни, руҳнинг энг ингичка, энг тутқич бермас жилваларини, юракдаги ҳисларнинг мавжланишларини сўз орқали ажойиб ёрқин тажассумлантирар, қатрада дарёни мавжлантирар, учқунда қуёшларни айлантирар, ишқдан ҳаёт ясар, оддий ҳаётдан эса улуғ, тийран афсоналар тўқур… У мингларча йилги маданиятни, асрларнинг фикр бойлигини қамраган шоир эди. Унинг шеърий даҳоси араб, эрон, ва туркий халқларнинг санъат, фикр заминига чуқур илдиз отиб, унинг абадий кучидан гуллаган эди”.
Италян олими Р. Зипполи “Навоий ўз ижодида бутун Шарқ шеъриятини мужассам қилиб, турли халқларнинг орзу армонларини ифода эта олган шоирдир. Италия адабиётида Навоийни фақат Данте билан тенглаштириш, балки ундан баландроқ қўйиш мумкин”.
Франтсуз шоири Луи Арагон: “Навоий жаҳон шоирлари орасида туриб, баралла овоз билан ўз ғазалларини ўқимоқда. Замонанинг энг буюк шоирлари – чилилик Неруда, кубалик Гилен, испаниялик Алберти, филаделфиялик Лонгфелло, ватанидан ғурбатда яшайдиган Нозим Ҳикмат ва Незваллар бу зот қаршисида тиз букадилар. Навоийнинг адабий мероси дунё халқлари қалбида асрлар давомида яшаб келди ва бундан кейин ҳам яшайверади”.
Бундай эътирофларни ўқир экансан, маълум бир халқнинг жаҳон тан олиб, таҳсин олиб турган шоирини ана шу халқнинг ўзи ўқиб, тушуниши керакми-йўқми, деган мавзуда баҳслашиб ўтириш ортиқчалигига қайта-қайта амин бўласан.
Лутфулло МАҲМУД
“Ҳуррият”дан олинди.
https://saviya.uz/ijod/adabiyotshunoslik/navoiyni-tushunish/